23.11.2024 14:36
2823
Теглар
«Насаф» Станоевич билан хайрлашиши кутилмоқда. Унинг ўрнига Ратиньо кўзланган

Ўзбекистон чемпиони «Насаф» келаси мавсумда Элит Чемпионлар лигасида иштирок этиши боис таркибни кучайтириш ишларини бошлаб юборган.

Tribuna.uz манбасига кўра, Қарши клуби айни дамда Суперлига жорий мавсумида ўзини яхши кўрсатган бир қатор футболчиларга қизиқиш билдирмоқда. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва клуб раҳбарияти таркибни кучайтириш учун номларни аниқлаб олишга улгурган. Бердиев энг аввало майдон маркази ва ҳужум чизиғини кучайтирилишини истамоқда.

Шу мақсадда «Насаф» «Динамо»нинг аксарият ўйинчиларига қизиқиш билдирмоқда. Мураббийлар ушбу жамоа етакчиларининг ўйин услуби «Насаф»га мослиги сабабли уларни таклиф қилмоқчи. Улар орасида Ратиньо – асосий трансфер мақсадларидан бирига айланган. Клуб жамоа билан шартномаси тугаётган 36 ёшли Марко Станоевич ўрнига айнан самарқандликлар яримҳимоячисини таклиф этмоқчи.

«Динамо» бразилиялик 26 ёшли яримҳимоячини мавсум бошида эркин агент сифатида Бразилия қуйи чемпионатларидан таклиф этган бўлса-да, Журани Франсиско Феррейра таянч яримҳимоясидаги ажойиб ўйинлари ва голлари билан ПФЛ томонидан Суперлига-2024 рамзий жамоасига киритилди. Ушбу легионернинг «Динамо» билан 2025 йил охиригача шартномаси бор, шу боис «Насаф» уни трансфер қилишига тўғри келиши мумкин.

Аввалроқ, Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида 2025 йилда жамоа олдида катта мақсадлар борлиги сабаб таркиб жиддий кучайтирилиши ва трансферлар рўйхатида «Динамо» ўйинчилари ҳам жой олганини тасдиқлаганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар