22.11.2024 15:44
4090
Теглар
Бергкамп, Роберто Карлос, Пирло, Канселу – «Интер»даги фаолиятини эслаш қийин бўлган 11 футболчи

«Интер»нинг машҳур кўк-қора либосларини дунё футболининг не-не юлдузлари киймаган. Улар шу қадар кўпки, баъзиларининг ростдан ҳам Миланнинг ушбу жамоасида ўйнагани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган бўлиши мумкин. Қуйида мана шундай машҳурларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Андреа Пирло

Нафақат итальян, балки дунё футболи юлдузи, «Милан» билан Чемпионлар Лигасини ютган, Италия миллий жамоасида 116та учрашув ўтказган Андреа Пирло мана шу таърифларнинг барчасига эришишдан олдин «Интер» асосий таркибига киришга уриниб, 3 мавсум ҳаракат қилган. Алал оқибат, у атиги 40та учрашувда «нерадзурри» либосини кийган ва 1999/2000 йилги мавсумда «Режжина»га ижарага ҳам бериб юборилган. Кейин эса «Милан»га кўчиб ўтган футболчининг бундан буёғига ёзган ҳикояси нақадар улуғворлигини яхши биласиз.

Роберто Карлос

1995 йилнинг ёзида бразилиялик афсона «Астон Вилла» билан шартнома имзолашга яқин келган, аммо якунда «Интер» билан битим тузганди. Дебютидаёқ 30 метр масофадан амалга оширган жарима зарбаси билан «Виченса» дарвозасини ишғол қилган Карлос қандай даражадаги футболчи эканини бутун Европага кўрсата олганди. 1995/1996 йилги мавсумда 34та беллашувда иштирок этиб, 7та гол уришга эришган бўлсада, ўша вақтдаги мураббий Рой Ҳожсоннинг ундан вингер сифатида фойдаланиши сабаб бу жамоада ўрнаша олмаган. Келгуси ёздаёқ «Реал» уни харид қилган ва Испания пойтахтида чин дилдан роҳатланиб ўйнай бошлаганди. Уни ушбу клуб орқали танишимиз ҳам бежиз эмас.

Деннис Бергкамп

1995 йилдан 2006 йилгача бўлган 11 йиллик фаолияти орқали Деннис Бергкамп барчани ўзининг нозик дидли футболи билан ошуфта этган. Бу давр ичида 120та гол урган «учмас голланд» 3 бор Премьер лига чемпионлигини қўлга киритган. У «Аякс»да ҳам Эредивизия, Нидерландия кубоги ва УЭФА Кубоги баҳсларини ютиб бериши эвазига афсона мақомига эришган. Аммо бу икки юлдузли давр орасида у «Интер»да ҳам 2 мавсум ўтказишга улгурган. «Илонлар» сафидаги дастлабки мавсумда 18та гол урган ва УЭФА Кубоги олтин медалларига эга чиққан футболчи келгуси мавсум 26та ўйинда қатнашиб, 4та гол ура олган, холос. Бироқ бу унга Арсен Венгернинг эътибор қаратиши учун етарли бўлган.

Эдгар Давидс

Фаолияти давомида Чемпионшипда «Кристал Пэлас» таркибида ўйнаш, «Барнет» клубининг ўйновчи-мураббийи бўлиш каби ғалати қарорлар чиқариб турган. «Барселона» ва «Тоттенҳем»даги фаолиятлари орасида унинг «Интер» либосида 23 маротаба майдонга тушганини эса кўпчилик эслайверамаса керак. «Интер» билан 3 мавсумга мўлжалланган шартнома тузган Эдгар бир йилдан кейин «Тоттенҳем» таклифи асосида миланликлар билан шартномасини бекор қилган.

Леонардо Бонуччи

«Милан»да бир мавсум ўйнаб қайтиш орқали кўпчиликни ҳайрон қолдирган «Ювентус» афсонаси 10 йиллар давомида Кьеллини ва Бардзали билан даҳшатли ҳимоя учлигини ташкил этганди. Бироқ бундан ҳам қизиқроғи, бу йигит фаолиятини «Интер»да бошлаган. 4 мавсум давомида атиги 4та баҳсда иштирок эта олган ҳимоячининг «қора-кўклар» таркибида ўйнаганини ёдингиздан кўтарган бўлсангиз, ўзингизни айбситиб юрманг.

Диего Форлан

«Манчестер Юнайтед»даги у қадар омадли кечмаган мавсумдан сўнг, 2004-2011 йиллар мобайнида «Вилярреал» ва «Атлетико»да Европанинг энг хавфли ҳужумчиларидан бирига айланганди. Бу икки клубда ўтказган 7 йил ичида уругвайлик ҳужумчи 155та гол уришга муваффақ бўлганди. Жаҳон Кубогидаги ўйини таъсирини унутмаган «Интер» 2011 йилнинг ёзида ҳужумни у билан кучайтиришига ишонди. Аммо Форлан Милан жамоасида 20та ўйинда иштирок этиб, атиги 2та гол ура олган, холос. Кейинги йилларда Бразилия, Япония, Уругвай ва Ҳиндистонда ўйнаган Диего ҳозирда профессионал теннис фаолиятини олиб боряпти.

Рикарду Куарежма

Сўнгги 20 йилликда ҳафсалани пир қилишда Рикарду Куарежмадан ҳам ўтадиган футболчи бўлганми?! Ҳа, у буткул йўққа чиққан футболчи эмас, бироқ бундай иқтидор билан у анча каттароқ марраларни забт этиши керак эди. «Порту», «Барселона» ва «Челси» каби клублардаги фаолиятини кўпчилик эслайди. Бироқ 2008-2010 йиллар оралиғида «Интер» ҳам унга имкон бериб, истеъдодини юзага чиқаришига умид боғлаганди. Ўз ҳамюрти Жозе Моуринио ҳам унинг меҳнаткашлик даражасини анча паст баҳолаган ва уни майдонга туширмаслигига айнан мана шу жиҳатни рўкач қилган. 2 йил ичида у «нерадзурри» таркибида 32та беллашувда ўйнаган.

Лукас Подолски

Кўпчилигимиз Лукас Подолски ва Мирослав Клозенинг Германия миллий жамоасида қанчалик хавфли ҳужумчи бўлганлиги, аммо клублари учун бу қадар фойдали бўла олмаган даврларини яхши эслаймиз. Хусусан, Подолски ўзининг клублар миқёсидаги энг яхши даврларини «Кёлн»да ўтказган, бироқ «Бавария» ва «Арсенал» каби клубларда ўзининг энг яхши даражасини намойиш эта олмаган. 2015 йилда «Интер» сафида 18та учрашув ўтказиш билангина якунланган ижара даврини эса аксар футбол мухлислари сезмай ҳам қолган бўлса керак.

Диего Годин

Уругвайлик афсонавий ҳимоячининг фаолияти ҳақида ўйлаганда, даставвал, унинг Испаниядаги фаолияти кўз ўнгимизга келади. У «Вилярреал»да 3 мавсум ўйнаган, кейин эса «Атлетико»га ўтиб, жамоа юрагига айланган ҳамда Европа Лигаси ва Ла Лига каби тарихий титулларни ютишга кўмаклашган. Жанубий Америкага қайтиш олдидан эса у Италияда озгина вақт тўп тепди. У «Интер»да атиги мавсум ўйнаган ва умумий ҳисобда 36та учрашувда майдонга тушган. Кейинги фаолиятини эса «Каляри»да давом эттирди.

Жоау Канселу

Жоау Канселу фаолияти давомида Европанинг қатор гранд клубларида ўйнашга улгурди: «Ювентус», «Бавария», «Манчестер Сити», «Барселона». Унинг «Интер»даги фаолияти юқорида саналган клубларда ўйнашидан олдин юз берганди. У «илонлар» билан 28та беллашувда ўйнаган, кейин эса Туринга йўл олган.

Эшли Янг

Эшли Янг ўйнаган жамоалар ҳақида ўйлаганда «Интер» сизнинг саноғингизда охиргилардан бўлиб янграйди, агар бу даврни эслай олсангиз. Албатта, «Интер» мухлиси бўлмасангиз. «Жузеппе Меатсса»да 18 ой ўйнаган инглиз қанот ҳимоячиси миланликлар билан Скудеттони ютган ва ўша мавсумда у 26та баҳсда майдонга тушган.

Squawka маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар