«Пахтакор» - ОКМК ўйинидан (0:2) кейин мезбон жамоа бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
«Бундай вазиятда футболчиларни руҳлантириш жуда қийин. Бўшлиқни тўлдириб бўлмайди, айниқса мавсум охирида. 1-бўлимда вазиятларимиздан гол урганимизда ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Ахмоқона голларни ўтказиб юбордик. Бу футбол. Мағлубият билан ҳаёт тўхтаб қолмайди, олдимизда яна ўйинлар бор.
Драган Черан, Сардор Собирхўжаев таркибда йўқлиги нима билан боғлиқ? Футболчилар масаласидаги саволлар менга эмас. Мавзуни ёпамиз. Машғулотлар бўйича ҳеч кимга эътироз йўқ, ҳамма яхши меҳнат қилди. Қолаверса, Алижонов ҳам миллий жамоадан қайтгани сабаб таркибда йўқ эди. У иккита ўйинда тўлиқ ўйнади, узоқ сафар қилди. Абдуллаевга ҳам таътил беришни хоҳлагандик, аммо бунинг имкони бўлмади.
Жамоада икки ой кўринмаганим? Ижодий танаффус қилдим. Тушунинг, биз ҳам давлат ташкилотидекмиз. Ҳа, бетоб ҳам бўлгандим. Ҳозир эса соғломман.
Драган Черан Максим Шацких билан зиддиятга борганми? Мени билган одамлардан сўранг, жанжалкаш инсон эмасман. Ҳеч ким билан зиддиятга бормаганман. Қарор менга боғлиқ бўлганида, бундай ишлар бўлмасди. Вақти келса, ҳаммасини билиб оларсиз. Ҳеч ким билан урушмаганман.
Мавсум якунлари? Барча муаммоларда мени айблаб бўлмайди. Ўтган икки ой давомида жамоада йўқ эдим. Мавсум аввалида бошқача вазифалар қўйилганди, кейин эса ўзгарди. Кейинги йили эса ҳаммаси бошқача бўлади.
Мухлисларнинг «Максим аут» деб бақиргани ҳақида? Шамол қайси томондан эсаётганини жуда яхши тушуниб турибман. Улар мухлис бўлиб қолаверишсин. Бу ерга Траппатони ёки Карло Анчелоттини чақиринг, нима бўлишини кейин кўрамиз», - дея Шацкихнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.