19.11.2024 20:07
16830
Теглар
«Ўз ишимни қиляпман». Катанец қийин шароит, пеналти, мураббийлар алмашинуви, гуруҳдаги вазият ҳақида гапириб, ОФКга мурожаат қилди

КХДР – Ўзбекистон (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида бош мураббий Сречко Катанец ва ўйин қаҳрамонларидан бири Ўткир Юсупов иштирок этди. Жамоа устози сафарда қийин ғалабага эришилгани ҳақида гапириб, ОФКга ўз эътирозларини билдирди.

«Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи бўлимда яхши ўйнадик, имкониятларга эга бўлдик, рақибларда эса вазият бўлмади. Афсуски, кўплаб имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлим бошида Бобур Абдухолиқов яхши имкониятни бой берди. Бу гол бўлганда ўйин енгил ўтиши мумкин эди.

Албатта, жамоа ҳимояланаётганда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Жарима майдони ичида йўқ жойдан тўп қўлга тегяпти ва бу пеналтига сабаб бўлди. Лекин бахтимизга Ўткир Юсупов пеналтини қайтарди ва биз керакли натижага эришдик.

Менимча, 90 дақиқа бир хил яхши ўйнайдиган жамоалар бўлмаса керак. Яна бир нарсани инобатга олиш керак – бугун қийин шароитларда ўйнадик. Биринчи навбатда бу – юқори намлик, шунингдек Ўзбекистон ва Лаос орасидаги вақтдаги фарқни ҳам инобатга олиш керак. Қолаверса, Қатар билан ўйин охиридаги гол жамоанинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказмай қолмади. Шунга қарамай, улар ўзларига келиб олишди.

Эсдан чиқармайлик, биз бир қатор етакчиларсиз ўйнадик. Тан олишим керак, уларнинг ўрнига майдонга тушган футболчилар ўзларини жуда яхши кўрсатишди.

Шу ўринда ОФКга мурожаат қилмоқчи эдим. Биз энг аввало ўйинчиларнинг соғлиғини ўйлашимиз керак. Бундай майдонда тўп суриш учун уларнинг соғлиғи учун жудаям хавфли. Бундан ташқари, машғулот майдонимиз ҳам бундан баттароқ эди. Шунинг учун, футболчиларнинг соғлиғи ҳақида кўпроқ ўйлашларини сўраган бўлардим.

Мен фақат ўз ишимни қиляпман. Шу ўринда, йигитларга ҳам раҳмат дейман, мени қўллаб-қувватлашаётгани учун. Аввалги мураббийлар алмашинувлари ҳақида вазиятдан хабардор эмасман, қарор раҳбариятники бўлган. Ҳозирги ҳолатимизга келадиган бўлсам, ҳолатимиз яхши. Биз мавжуд 18 очкодан 13тасини қўлга киритдик. 6 ўйин ўтди ва бизни яна 4 баҳс кутиб турибди ва унда 12 очко олишга интиламиз. Йигитларга ҳозирдан айтиб келаман – кураш охиригача давом этади. Йўлланмани эртароқ ҳал қилиб қўямиз деган хаёл бўлмаслиги керак, охиригача курашиш лозим. Албатта, йўлланмани эртароқ қўлга киритишни истаймиз, бу зўр бўларди. Аммо охиригача курашамиз. Бу осон бўлмайди, агар асосий таркиб ўйинчилари ўйинларда қатнаша олмаса», - дейди Сречко Катанец ўйиндан кейин.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар