10.11.2024 12:54
1288
Теглар
Жароҳатлар, омадсизлик ёки Эдегорга боғланиб қолиш. «Арсенал»даги муваффақиятсиз даврнинг асосий сабаблари нимада?

Микел Артета Чемпионлар Лигасида «Интер»га (0:1) қарши кечган беллашувни ўзи бошқарувидаги жамоанинг катта жамоаларга қарши шу пайтгача ўтказган қарама-қаршиликлари орасида энг яхшиси, деб атади. Бироқ Миландаги мағлубият «тўпчилар»нинг муваффақиятсиз сериясини яна бир ўйинга чўзиб беришдан бошқа ҳеч нарсани исботлагани йўқ.

«Челси»га қарши Премьер лиганинг муҳим ўйини олдида турган «Арсенал» кетма-кет иккинчи учрашувда гол уролмай мағлубиятга учради. Жамоанинг АПЛ чемпионлиги йўлидаги вазифаси кун сайин қийинлашиб боряпти. Кетма-кет учта беллашувда ғалаба қозона олмаган Артета шогирдлари пешқадам «Ливерпул»дан 10 очкога ортда бормоқда. Чоршанба оқшомида «Жузеппе Меацца»да мағлубиятга учраган «тўпчилар»нинг Европадаги мағлубиятсиз серияси ҳам барҳам топди. Хўш, жамоада нима нотўғри кетяпти?

Шунчаки омадсизликми?

Артета жамоасининг мағлубиятини икки бор пеналти масаласида чиқарилган хато қарор билан изоҳлади ва бу фикрда бироз жон бор. Микел Меринонинг қўлига тўп тегган вазиятда испаниялик яримҳимоячининг ўша йўналишдан қўлини тортиб қолиш имконияти нолга тенг эди ва агар бу вазият Премер-лигада содир бўлганда, катта эҳтимол билан 11 метрлик зарба тақдим этилмасди. Бошқа бир вазиятда худди шу Меринонинг ўзи яна бош қаҳрамон ролида, аниқроғи, жабрдийда образида намоён бўлди. Габриэл Мартинелли томонидан қанотдан узатилган тўпга бошини қўйган футболчига тўпга чиқишда тоза ўйнай олмаган Ян Зоммер мушт туширди, бироқ VAR ушбу контактни пеналти бериш учун етарли деб ҳисобламади. Бу мавзу ҳақида учрашувдан кейинги матбуот анжуманида гапирар экан Артета қуйидаги фикрларни билдирди: «Бизга мавсум аввалида бундай вазиятларда пеналти берилмаслиги айтилганди. Бу аниқ. Бугун эса вазият бошқача бўлди. Хўп, майли. Улар пеналти беришга қарор қилишди. Бироқ агар бу пеналти бўлса, Меринонинг бошига мушт тушган вазият 1000 фоизли пеналти бўлиши керак. Мана шу вазиятлар фарқни белгилаб берди ва уларни қабул қилиш жуда оғир».

«Интер»дан учралган мағлубият «Арсенал»нинг мавсум аввалидан бери йўлиққан муваффақиятсизликларининг навбатдаги, ҳозирча охиргиси, холос. Деклан Райснинг «Брайтон»га, Леандро Троссарнинг эса «Сити»га қарши беллашувда вақтни чўзиш важи билан майдондан четлатилиши, Вилям Салибанинг «Борнмут»даги четлатилиши, «Ливерпул»га қарши беллашувда бекор қилинган гол… «Тўпчилар»нинг шикоят қилишига етарлича асос вазифасини ўтовчи вазиятларнинг бир қанчаси содир бўлишга улгурган. Юқорида саналган қарорларнинг барчаси талқинни талаб этувчи ҳолатлар эди ва уларнинг барчасида «Арсенал»нинг зарарига қарор чиқарилган. Демакки, Микел Артета муваффақиятсиз серияда омадсизликни рўкач қилишга ҳақли.

Жароҳатлар баҳона бўла оладими?

Бир пайтлар жароҳатлар макони сифатида мазах қилинадиган «Арсенал» сўнгги вақтларда бу тамғадан халос бўлганди. 2022/2023 йилги мавсумда Салибанинг узоқ вақтга сафдан чиқишини истисно этганда, лондонликларнинг катта жароҳатлардан четда юришгани сўнгги мавсумдаги катта муваффақиятларнинг асосий факторларидан эди. Бу мавсум эса барчаси яна чаппасига кетяпти. Эдегор Миландаги мағлубиятли ўйинда сентябрдаги жароҳатидан кейин биринчи марта майдонга тушди. Риккардо Калафиори ва Такеҳиро Томиясу ҳам узоқ муддатли жароҳатларни бошдан ўтказиб қайтишди. Букайо Сака ҳам ўтган ойнинг катта қисмини лазаретда ўтказди. Шунингдек, Габриэл Магаляес, Бен Уайт, Юрриэн Тимбер, Габриэл Жезус, Мерино ва Райсда ҳам мавсум давомида жароҳатлар кузатилди.

Мана шуларнинг ўзи ҳам йўқотишлар Микел Артетанинг мавсумини қанчалик оғирлаштираётганини кўрсатиб турибди. Шундай экан, испаниялик мутахассис ҳам жароҳатдагилар, хусусан, сардор Эдегорнинг қайтиши билан жамоанинг ўз формасига қайтиб олишидан умид қилаётган бўлса, ажаб эмас.

Эдегорга ўта боғланиб қолган жамоа

Дарҳақиқат, Мартиннинг йўқлиги клуб учун катта йўқотиш бўлди ва бу натижаларда акс этиб турибди. Сўнгги беллашувларда, хусусан, Миландаги баҳсда «Арсенал»га ҳужумдаги кескинлик етишмаяпти. Сўнгги баҳсда улар Ян Зоммер дарвозаси томон нақ 20 марта зарба беришди. 2006 йил ЦСКА Москвага қарши беллашувда 23 та гол билан якунланмаган зарба йўллаган «тўпчилар» учун бу иккинчи энг ёмон кўрсаткич бўлди.

Эдегорнинг жамоа ўйинига ижобий таъсири — инкор этиб бўлмайдиган факт. 2021 йил августидан бери лондонликларнинг ғалаба кўрсаткичи у майдонда бўлган учрашувларда ўртача 65,60 фоизни ташкил этган бўлса, норвегиялик яримҳимоячи жамоасига ёрдам бера олмаган баҳслардаги ғалабали ўйинлар улуши 47,10 фоиздир. У бор ўйинларда ўртача 2 та гол урилган бўлса, Мартинсиз ўйинларда ўртача 1,8 тадан тўп киритилган.

Яна такрорлаймиз, «Интер»га қарши баҳсда нимадир «Арсенал»ни хурсанд қилган бўлса, бу — Эдегорнинг атиги 5 дақиқага бўлса-да майдонга қайтгани. Унинг қайтиши, дарҳақиқат, катта воқелик ва катта эҳтимол билан уни «Челси»га қарши ўйинда ҳам майдонда кўрамиз. Артета ҳозирги муаммоли вазиятда эҳтиёт чоралари ҳақида ўйлаб ўтирмаса ҳам керак.

Ҳужумдаги муаммолар

Ҳақиқатан ҳам «Арсенал» «нерадзурри»га қарши беллашувда устунлик қилди ва буни статистикалар тасдиқлайди. Аммо уларнинг ҳужумларида ранг-баранглик етишмади. Беллашув мобайнида лондонликлар нақ 46 маротаба жарима майдонига кросс амалга оширишди. Бундан ташқари, 13 та бурчак зарбасининг айтарли ҳеч бири миланликлар дарвозасига жиддий хавф солмади. Кай Ҳаверцнинг ўйинида аниқ пасайиш бор. Сўнгги 6 учрашувда 1 та гол урган ҳужумчи мавсумнинг дастлабки 10 ўйинида 6 бор дарвозаларни ишғол қилганди.

Юқоридаги график орқали кўриб турибсизки, Кайнинг xG борасидаги кўрсаткичлари ҳам анча паст ва голлар сонидаги пасайиш ўз-ўзидан тушунарли: унга камроқ вазият яратиб берилмоқда. Буни Габриэл Мартинеллининг ўйинидаги қийин давр билан ҳам изоҳлаш мумкин. 2022/2023 йилги мавсумда 15 та гол ва 6 та ассист қайд этиб чап қанотни ўз номига хатлаб олган бразилиялик вингер, айниқса, бу мавсумда ўз ўйинини топиб олишга қийналяпти. Мавсумнинг ҳозиргача бўлган қисмида у жами 2 та гол ва яна шунча ассист амалга оширди. Клубнинг ўз йўлига тушиб олиш масаласи Габининг сўнгги йиллардаги формасини қанча тез тиклай олишига ҳам боғлиқ.

Ҳужумчи керак эди(ми?)

«Арсенал»да нафақат майдонда, балки ташқарида ҳам катта воқеалар содир бўлмоқда. 5 йиллик фаолиятидан сўнг Эду клубни тарк этмоқда. Жамоанинг собиқ яримҳимоячиси Райс ва Эдегор каби бир қатар катта номларни «Эмирейтс»га олиб келди. Шу билан бирга маоши фойдасидан баландроқ бўлган Пер-Эмерик Обамеянг ва Месут Ўзил каби футболчиларни кетказишга муваффақ бўлди. Бироқ унинг ёзги кампанияда жамоага страйкер олиб кела олмагани муваффақиятсизлик эдими?Ҳозирги натижалар бу саволга «ҳа» деб жавоб бермоқда. Гарчи ўтган мавсум 91 та гол уриб, клуб рекордини янгилаган бўлишса ҳам, «Арсенал»га яққол 9-рақам кераклиги рад этиб бўлмайдиган эҳтиёж эди. Ёз бўйи Александр Исак, Бенямин Шешко ва Виктор Гёкереш каби ҳужумчилар билан номи боғланган клуб якунда биргина Раҳим Стерлингни ижарага олиш билан чекланди. У эса ҳозиргача 8 та беллашувда майдонга тушиб, Лига Кубогида 1 та гол уришга муваффақ бўлди, холос. Демак, ёзда клуб ҳужумчи олиши шарт эди, мавсумни сақлаб қолиш учун ҳали ҳам кеч эмас.

Сафар ўйинларидаги муваффақиятсизликлар

Бир нарса аниқ: «Арсенал»нинг мавсум стартидаги тақвими доим қийин кўринади. Дастлабки 11 та турда «тўпчилар» «Астон Вилла», «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити», «Нюкасл», «Челси» каби клубларнинг уйида, «Ливерпул» билан эса ўз майдонида ўйнаши кераклиги белгиланганди. Бу давр ичида «ПСЖ»ни уйида қабул қилиб, «Интер» майдонига сафар қилиш муаммони янада чигаллаштирди. Тақвимдан келиб чиққан ҳолда, «Арсенал» мавсумнинг ҳозирги пайтгача бўлган қисмини у қадар ёмон ўтказмаганини айтишимиз мумкин. Лекин «Нюкасл» ва «Борнмут»дан учралган мағлубиятлар уларнинг омадсизликларини бўрттириб кўрсатилишига сабаб бўляпти. «Интер»дан учралган мағлубият билан «Арсенал» кетма-кет бешинчи бор Чемпионлар Лигасининг меҳмондаги баҳсида ғалаба қозона олмаяпти ва уларнинг 4 тасида гол ҳам ура олмаган.

Энцо Мареска қўл остида қайта тикланаётган «Челси»ни енгиш билан Артета шогирдлари ўзларининг қайтганини расман эълон қилишлари мумкин бўларди. Мана шу жиҳатдан ҳам якшанба оқшомидаги беллашувнинг қадри баланд.

Sky Sports маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар