08.11.2024 14:21
2301
Ван Дейк — янги давр ҳимоячилари, Слот қўл остидаги ўзгаришлар ва мураббий бўлиш эҳтимоли ҳақида

Рио Фердинанд ўз YouTube саҳифасида футбол олами машҳурлари билан интервюларни давом эттирмоқда ва унинг бу галги суҳбатдоши «Ливерпул» етакчи ҳимоячиси Виржил ван Дейк бўлди. Қуйида ушбу суҳбатдан эътиборга молик қисмларнинг таржимасини тақдим этамиз.

Рио: «Бу сафарги суҳбатни ҳамкасбим — ҳимоячи Виржил ван Дейк билан қилишга қарор қилдим. Албатта, биз ўйнаган даврлар бошқа-бошқа, у мендан ёшроқ ва шунинг учун яхшироқ ташқи кўринишга эга, сочи ҳақида эса бундай дея олмайман. Хуллас, менинг олдимда «Роллс-Ройс»нинг (Фердинанднинг лақаби) янги версияси ўтирибди. Жаноб Виржил ван Дейк, аҳволлар қалай? Олдимга келаётганингда сенга қараб, анча озғин эканлигингдан ҳайрон бўлдим, оғайни».

Виржил: «Йўқ, мен ўзимни яхши ҳис қиляпман, яхши формада бўлиш учун кўп ишлайман. Жароҳат олган йилимни истисно қилганда, жамоада энг кўп ўйин ўтказадиган футболчиман. Шундай экан, менинг ҳаётимда соғлом бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун эса, яхши ейишинг ва яхши дам олишинг керак. Буни назорат қилиш учун атрофимда кичик гуруҳ йиғилган. Юқори даражада қолишни хоҳласанг, сенга шундай инсонлар керак бўлади. Жамоамда ошпаз, фитнес мураббийи ва шифокор бор. Улар менга жуда катта ёрдам беришади».

Рио: «Хўш, янги мавсум, янги мураббий. Арне Слот «Энфилд» дарвозаларидан кириб келганидан бери нималарни ўзгартирганини ҳис қилдинг?»

Виржил: «Унинг жамоа қандай ҳужум қилиши ва қандай ҳимояланиши борасида аниқ ғоялари бор. Биз кўп ишлаймиз, кўп гаплашамиз, видеотаҳлиллар асосида ўрганамиз. Кўп жабҳаларда яхши ишлаяпмиз, бироқ ривожлантиришимиз керак бўлган томонларимиз ҳам бор. Ҳозирча барча унинг қўл остида мароқ билан шуғулланмоқда».

Рио: «Унинг принциплари қандай. Шу ҳақида озгина гапириб бера оласанми?»

Виржил: «Бизнинг ўйинимизни кўрсанг, бутунлай бошқача услубда ҳаракат қилаётганимизни тушунасан. Ҳозирги услубда биз рақибларга мослашиш масаласида анча очиқ жамоага айланганмиз. Тўп билан ўйнашга интиламиз, бироқ тўпсиз ҳам рақиб ўйинига мослашишга ҳаракат қиляпмиз, чунки қарши тарафдаги жамоанинг ҳам ўз қуроллари бор. Баъзи жамоалар 3 ҳужумчининг барчаси билан прессинг қилади, баъзи жамоаларда фақат биргина ҳужумчи босимга боради. Уларнинг барчасига ўзига хос услубда ёндашиш керак. Машғулотларда мана шу жиҳатлар устида ишлаяпмиз ва ҳимоявий тарафдан биз кўпроқ «қуруқ ўйин»лар ўтказмоқчимиз».

Рио: «Биламиз, сен кучли, тезкор футболчисан ва жуда кўплаб елкама-елка курашларда ғалаба қозонасан. Сен бундай курашларга ўзинг хоҳлаб кирасанми ёки ўзингга қолса четроқда туриб, фақат мажбур бўлган ҳолингда шундай қиласанми?»

Виржил: «Мен ёқтирадиган нарса — қолганлардан тезроқ фикрлаш. Мисол учун, рақиб ҳимоячиси тўп билан бўлган ҳолатда сен қўриқлаётган ҳужумчи ўнг елканг тарафда бўлса, демак, тўп унинг оёғига етказиб берилиши мумкин. Шунинг учун ҳам, вазиятни олдиндан ўқий олиш муҳим ва шу тахлит сен қийин вазиятларга тушиб қолмайсан. Ва шу билан бир қаторда, сенинг доим ҳам воқеаларни тўғри тахмин қила олишинг кафолатланмаган. Қачондир қийин вазиятга тушиб қолсанг, бунга тайёр бўлишинг даркор. Албатта, сўнгги сонияда бериладиган подкатлар, бирга-бир ҳолатда қолиб кетган ҳолда хавфни бартараф этиш ёқимли. Бироқ агар бундай саросимали вазиятнинг олдини олиш имкони бўлса ва мен бунга муваффақ бўлсам, шундан ҳам хурсанд бўламан ва мана шундай ўйнаш менга кўпроқ ёқади. Албатта, бу жуда ҳам кўп ишлашни талаб қилади. Жуда кўплаб вазиятларда сен кераксиз метрларни югуриб ўтишингга тўғри келади. Лекин эҳтимолий хавфни ақлни ишлатган ҳолда бартараф этган маъқул. Бироқ барчаси жисмоний курашни тақозо этса ҳам, бунга тайёрман».

Рио: «Мана нима учун сен Каррага (Жейми Каррагер) ўхшаб ҳадеганда «Энфилд» чимига ўзингни отавермасдан, оёқда тик турасан (кулади). Виржил, янги даврда қанот ҳимоячилари ҳужум вақтида марказ футболчиларига қўшилиб ўйнашмоқда, бу сенга ва сенинг позициянгга қандай таъсир кўрсатади?»

Виржил: «Ўтган мавсумда Трент шундай ўйнашни бошлаганда мен ҳимоя учлиги орасида марказдан ўрин олдим. Сенда бироз кенгроқ майдон бўлади. Ҳа, рақиб қанотларда бўшлиқларга эга бўлади, бироқ баъзида ўрин алмашиш орқали уларни тўхтатиш мумкин. Умуман, ҳар қандай вазиятда сен позициянгга мослашасан. Чунки биз буни энг аввало ҳужумни яхшироқ ташкиллаштириш учун қиламиз. Ҳозирги футболда мослашувчан бўлишга мажбурмиз. Мисол учун, Трент — жуда яхши футболчи ва позиция танлаш масаласида анча ақлли ўйнайди. Уни тўп билан яхши позицияларга очилиб бориши учун ҳаракат қиламиз».

Рио: «Доим шундай ўйлайсанми? Яъни тўп билан яхши ўйнайдиган жамоадошларингга имконият яратиб беришга ҳаракат қиласанми?»

Виржил: «Албатта, ахир ўйинни ютишни хоҳлайман. Бунинг учун эса барчанинг энг яхши хислатларидан фойдаланишимиз керак. Трент, Жота ва Гакпо каби футболчилар бирга-бир вазиятларда рақибларни алдаб ўтиб кета олади ва уларга бундай вазиятларга чиқишга шароит яратиб бериш керак. Барчамизнинг мақсадимиз — ғалаба қозониш, демак, шундай ишлашимиз шарт».

Рио: «Мен ўйнаган даврда биргина вазифам ўзимга бириктирилган ҳужумчини тўхтатиш эди. Ҳозирги давр ҳимоячиларида эса айтаётганингдек, майдонда қилинадиган ишлар анча кўпайиб кетди. Ҳимоячи сифатида биз олганимиздан кўпроқ тактик кўрсатмалар ва маълумотлар оляпсизлар, буни қандай бошқарасан?»

Виржил: «Бугун биз — ҳимоячилар тўп назорати ва билд-апда фаол иштирок этяпмиз. Мисол учун, дарвозабон тўпни тепиб юбориш ўрнига уни биз билан ўйнаяпти. Биз эса бўшроқ турган яримҳимоячини қидирамиз ва менимча, бу яхши. Чунки бу сенга ижодкорлик қобилиятини ҳам беради. Лекин бунда сен рақиб нима қилаётганига ҳам эътибор қаратишинг керак. Мисол учун, «Ипсвич»га қарши ўйинда уларнинг ҳужумчилари жуда юқори зоналарда таваккал эвазига бўлса ҳам прессинг қилишди. Лекин биз уларнинг бундай услубига олдиндан тайёрланганимиз учун вазиятдан чиқиб кета олдик. Шунга ўхшаш ҳоллар кутилмаганда юз берган тақдирда, майдоннинг ўзида уларни муҳокама қилиш ва дарҳол реакция кўрсата олиш талаб этилади.

Рио: «Бундай ҳолларда майдондаги кўрсатмаларни сен берасанми?»

Виржил: «Бу — ҳамманинг масъулияти. Трент ҳам айтиши мумкин. Лекин биз ҳимоячилар, асосан, майдонни кенгроқ ракурсдан кўриш имкониятига эгамиз ва кўпроқ биз шерикларимизга вазиятни тушунтирамиз. Ўйин давомида турли вазиятлар бўлади ва барчасида ўзига хос ёндашув билан вазиятга мослашиш талаб этилади. Сен ҳозирда шунчаки ўз ўйинингга эътибор қаратиш билан футбол ўйнай олмайсан».

Рио: «Сени бир неча йилдан бери кузатиб келаман ва ҳар йил сенинг жамоадошларингга кўрсатмалар беришинг ҳамда қўл ҳаракатлари билан уларни йўналтиришингда янгиланиш, яхшиланишни кўраман. Бу табиий равишда шаклланганми ёки ушбу жиҳатни ўстириш устида ҳам ишлайсанми?»

Виржил: «Менимча, бу — табиий равишда келадиган нарса. 17 ёшлигимда «Виллем II» ёшлар жамоаси сардори бўлганман. Секин-асталик билан ўзимда лидерлик сифатларини шакллантира бошладим. «Гронинген»даги иккинчи мавсумимда ҳам сардорлик қила бошлагандим. «Саутҳэмптон»да ҳам иккинчи мавсумимдаёқ сардор этиб тайинлашган. Менимча, мен ушбу ролга мос келадиган футболчиман ва бундан жуда ҳам хурсандман. Лекин боғич тақмай майдонга тушсам ҳам, ўша Виржил бўлиб қолавераман. Менинг бақиришларим жамоани яхшилаш мақсадида ва гол ўтказмаслик учун амалга оширилади. Етакчилик фақат бақириш билан амалга оширилмайди, сен жамоадошларингга ўрнак ҳам бўла олишинг керак. Менимча, сен масъулиятни бўйнига оладиган инсон бўлиб туғилишинг ва гуруҳ орасида гапиришдан тортинмаслигинг керак».

Рио: «Мана шу бақиришларинг билан ким биландир жанжаллашиб қолган пайтларинг бўлганми?»

Виржил: «Биласанми, бу бақир-чақирлар фақатгина жамоа манфаати учун. Ҳамма ҳам майдонда нимадир нотўғри кетаётганини сезса, шерикларига бу ҳақида қандайдир шаклда хабар бериш, ҳатто у бақириш бўлса ҳам, имкониятига эга бўлиши керак. Албатта, бу ҳурмат доирасида бўлиши керак. «Энфилд»да шунчаки гаплашишнинг имкони йўқ. Кимдир сенинг гапингдан ранжиган бўлса, буни муҳокама қилиб олишга доим вақт бўлади. Фақат майдондаги 500та камера қаршисида эмас (кулади)».

Рио: «Қайси ўйинларга алоҳида тайёргарлик билан тушасан ва кимлар сенга энг кўп муаммо туғдиради?»

Виржил: «Албатта, «Сити» ва «Арсенал»га қарши беллашувларга. Уларга қарши доим қийин бўлган, айниқса, ўтган мавсум оғир ўтди. Бир сонияга чалғисанг ёки тойиб кетсанг, дарҳол жазоланасан. Премер-лиганинг жозибаси ҳам шунда: энг яхши ҳужумчиларга қарши ўйнайсан. Ва бу йилдан яна Чемпионлар Лигасига қайтдик. Мана шундай ўйинлардан роҳатланаман ва улар менинг оёғимни ердан узишимга йўл қўймайди.

Рио: «Қайси ҳимоячига қараб, мана шу йигит жуда яхши ривожланяпти, деб айтасан?»

Виржил: «Табиийки, Виллиам Салиба ҳақида шундай дейиш мумкин. Жуда яхши ривожланмоқда ва биринчи галда хаёлимга келиши ҳам бежиз эмас. Мен унинг ёшида ҳозирги даражасига яқин ҳам эмасдим. Менга бошқа ҳимоячилар ўйинларини кузатиш ва улардан нималарнидир ўзлаштириш ёқади. Ҳар қандай ёшда ўрганишдан тўхтамаслигинг керак».

Рио: «Сен ўзингни бошқа ҳимоячилар, хусусан, ўтмишдагиларга солиштириб турасанми?»

Виржил: «Бундай солиштиришларни ёқтирмайман. Сен, Каннаваро, Малдини каби ҳимоячилар ҳам ўз даврингиз учун кучли бўлгансиз. Сизларнинг 10-20 йил аввал қилган ишларингизни бугунги футболдаги натижаларга солиштиришдан мантиқ кўрмайман. Ўтмишдаги футболчиларни ўз давридаги ишлари учун ҳурмат қиламан».

Рио: «Сен билан бир даврда ўйнашни истаган бўлардим. Менимча, сенинг кўрсаткичларинг ўша давр ҳимоячилариникига тўғри келарди ва яхши ҳимоячи бўла олардинг деб ўйлайман».

Виржил: «Мен ҳам шундай деб ўйлайман (кулади)».

Рио: «Сен менга ўхшаган футбол экспертларининг кўрсатувларини кузатиб борасанми? Эсимда, мен футбол ўйнаган давримда бундай экспертлар доим жаҳлимни чиқарарди».

Виржил: «Жаҳлингни чиқарган одамларнинг ишини давом эттиришингни қара, оғайни (кулади). Мисол учун, мен ҳеч қачон бу ишни қилмасам керак, деб ўйлайман. Чунки мен ҳаммага нисбатан ҳурматни сақлашни ёқтираман, экспертлардан эса баъзида низоли вазиятларга аралашиш ва уларни яратиш ҳам талаб этилади. Акс ҳолда, барчаси зерикарли тус олишини биламан. Ёш футболчиларга улар жиддий таъсир қилиши мумкин, бироқ ёшинг ўтган сари бундай гапларга эътибор бермасликка ўрганасан. Кимлардирнинг фикрида сен ўтган ўйиндагидан ёмонроқ ўйнаган бўлиб чиқасан, кимлардир сени зўрларнинг зўри деб атайди. Бундай фикрларни ўзгартира олмайсан, шундай экан, уларга эътибор қаратмайман».

Рио: «Менинг ҳаётимда оила жуда муҳим ўрин тутган ва улар — мен эришган барча ютуқларимнинг бунёдкори. Сенинг ҳолатингда қанақа?»

Виржил: «Албатта, муҳим, энг асосий фактор деган бўлардим. Токи мен шимолга кўчиб ўтиб, аёлимни топгунимга қадар онам менинг иккинчи бўлагим бўлиб, ҳар лаҳзада менинг олдимда бўлган. Яхши кунми ёки ёмон, чунки ҳаётда кўп ёмон кунлар бўлади, у доим мени қўллаб-қувватлаган. Мени ўйинларга олиб бориб, қайтиб олиб келарди. Мағлубиятга учрасам, олға интилишга ундарди. Ҳозир эса ўзим отаман. Одамлар мени футболчи сифатида билади, бироқ уйга борсам, мен ота Виржилга айланаман ва мана шу — ҳаётдаги энг муҳим нарса. Мен дунёдаги энг яхши иш билан шуғулланаман, ўз ҳоббийим билан яшайман. Алал оқибат, футболда абадий қола олмайман, менда умрим охиригача қолувчи мақом — 4 нафар ажойиб фарзандларнинг отаси эканлигим».

Рио: «Хўп, эксперт бўлиб ишламайман, дединг. Мураббийлик-чи?»

Виржил: «Бунга ҳам йўқ деб келаман. Чунки футболчилик фаолиятим сабаб оилам жуда кўп қийналади. Лекин футболдан 1-2 йил дам олганимдан сўнг нималар ҳақида ўйлай бошлашимни билмайман. Шундай экан, ҳеч қачон «ҳеч қачон» демайман, барчасини вақт кўрсатади. Бир нарса аниқки, мен футболга нимадир қайтаришни хоҳлайман. Ёш болаларнинг футболдаги ҳаракатларини томоша қилишни ёқтираман. «Ливерпул» академиясига ёшларнинг ўйинларини томоша қилишга бориб тураман. Менинг боришим болаларга ёқишини биламан. Чунки «Виллем II»да ўйнаб юрган кезларимда, 8-9 ёш эдим, 2-3 нафар асосий жамоа футболчилари биз билан машғулот ўтказишга келишганди ва ҳалигача ўша воқеани эслайман. Болаларга мана шундай қувонч бағишлашни яхши кўраман. Саволингга қайтсам, келгусида футболда нимадир қилишни хоҳлайман, аммо айнан нима қилишни ҳозирча билмайман, бунга ҳали кўп вақтим бор».

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар