05.11.2024 18:58
787
Теглар
Суперлига 23-турида ҳакамлар фақат битта хато қилган – Ҳожимирзаевга қасддан зарба берган футболчи четлатилмади

Суперлига 23-тури якунига кўра, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. 

Бу беллашувларда жами 5 та баҳсли вазият юзага келди ва фақат «Қизилқум» - «Динамо» учрашуви бош ҳаками Навоий клуби фойдасига қўпол хатога йўл қўйган, дейилади ЎФҲ маркази баёнотида.

1-вазият. «Пахтакор» - «Андижон» тўқнашуви: мезбонларнинг голи

«Пахтакор» - «Андижон» учрашувининг 15-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очди. Бош ҳакам Никита Мустафин мазкур ҳолатда фол йўқлигини қайд этди ва голни инобатга олди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур вазиятда тўп ҳужумчининг қўлига эмас, ҳимоячининг тиззасига теккан. Шу сабабли, голни бекор қилиш учун асос йўқ. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

2-вазият. «Олимпик» - «Навбаҳор» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Олимпик» - «Навбаҳор» учрашувининг 35-дақиқасида мезбонлар рақиб посбони хатосидан сўнг қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда дарвозабон 10-рақамли футболчига қўполлик ишлатиб, уни тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Найим Қосимов мазкур эпизодда фол қайд этиб, нуқтага ишора қилди ва наманганликлар вакилига сариқ карточка кўрсатди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда посбон рақибига нисбатан қўполлик ишлатган. Пенальти белгилаш учун асос етарли. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

3-вазият. «Қизилқум» - «Динамо» қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.

«Қизилқум» - «Динамо» учрашувининг 68-дақиқасида мезбонларнинг 8-рақамли футболчиси самарқандликларнинг 21-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Иброҳим Исмоилов футболчига сариқ карточка кўрсатди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан хато қилган. Футболчи бутсасининг таг қисми билан қасддан рақибига зарба берган. Бу каби ҳолларда қизил карточка кўрсатилиши лозим. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини нотўғри, деб ҳисоблади.


4-вазият. «Нефтчи» - «Бунёдкор» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Нефтчи» - «Бунёдкор» учрашувининг 80-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп мезбонларнинг 20-рақамли футболчисига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Достон Раҳмонов мазкур эпизодда тўп қўлга тегмаганини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда видеотакрорлардан кўриш мумкинки, тўп футболчининг қўлига эмас, қорин қисмига теккан. Пенальти белгилаш учун асос мавжуд эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

5-вазият: «Металлург» - ОКМК ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Металлург» - ОКМК учрашувининг 90+2-дақиқасида мезбонларнинг 9-рақамли аъзоси жарима зарбасини ижро этди ва зарбадан сўнг тўп олмалиқликларнинг 22-рақамли вакилига тегиб, майдонга қайтди. Бош ҳакам Рустам Лутфуллин қўл билан ўйин йўқлигини ва қоидабузарлик ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳаками ҳолатга аралашиб, хато қилган. Тўп ҳимоячининг қўлига тегмаган. Шу боис, комиссия бош ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди ва уни тўғри, деб топди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар