04.11.2024 15:05
4638
Жозе Моуринио — Истанбулдаги ҳаёт, сэр Алекс билан яширин учрашуви ва Премер-лигага қайтиш ҳақида

«Фенербаҳче» бош мураббийи Жозе Моуринио «Sky Sports»нинг YouTube саҳифасида Истанбул клубидаги фаолияти, Португалия ва Англия миллий жамоаларидан бўлган таклифларни рад этгани ҳақида гапириб берди.

Жозе, Истанбулдаги янги уйингда ўтириб, нималарни ҳис қиляпсан?

— Зўр. Истанбул — ажойиб шаҳар. Мен Европада яшайман ва ҳар куни Осиёга машғулотлар учун бориб келаман. Кўприк Истанбулнинг Европа ва Осиё тарафидаги қисмларини боғлаб туради. Аслида, кўприк орқали нариги қирғоққа ўтиш жуда катта воқелик эмас. Бу худди Лондонда яшаб юрган кезларим Кобҳэмга «Челси» билан машғулот ўташ учун боришимдек. Агар қайсидир кун кўприкда қандайдир воқеа содир бўлиб, уни кесиб ўтиш имкони бўлмаса, қайиққа ўтираман ва 10 дақиқада соҳилга етиб бораман. Яна 10 дақиқа юрсам, машғулот майдонидан чиқаман. Сўнгги икки ҳафтагача ҳаммаси ажойиб кечаётганди, бироқ энди турк қиши яқинлашмоқда ва барчаси бироз қийинлашади.

Агар ўқиётганларимиз тўғри бўлса, сен фақат уйингда вақт ўтказар экансан, уни тарк этмас эмишсан. Шу ҳақида гапириб бера оласанми?

— Яхшиямки, рост гапларни ёзганларини ўқибсизлар, алдашлари ҳам мумкин эди. Мен фақат газли ичимликлар, баъзида кола ичиб тураман, лекин улар мени алкоголга муккасидан кетганга чиқаришлари ҳам мумкин эди. Медиа баъзида машғулотлар борасида қандай ишлаётганингни назардан четда қолдиради. Баъзан тунги соат 1да машғулот базасини тарк этиб, тонгда яна ҳаммадан аввал у ерга қайтишим, айрим кунлари ўша ерда қолишимга ҳам тўғри келади. Бу — нормал ҳолат.

Сен эришган ютуқлар ва мана бундай кошоналарда яшашинг билан бирга ғалабаларга бўлган очликни қандай умумлаштиришга эришасан?

— Мен мағлубиятга учрашим мумкин эмас. Ютказсанг, ўша ерда тўхташинг керак. Бир воқеани ўзимнинг ёш ассистентларимга доим айтиб бераман. «Реал»далигимда «Олд Траффорд»га, адашмасам Чемпионлар Лигаси чоракфиналига боргандик. Катта беллашув эди. Сэр Алекс мени ўз офисига таклиф этганди. Бир-биримизга рўбарў келган ҳолда иккимиз ҳам ўзимизни сокин тутишга ҳаракат қилардик, лекин аслида ичкарида ундай эмасди. Ундан сўрагандим: «Сер Алекс, йиллар, ёш ўтиши билан иштиёқ ўзгарадими?». У эса менга кулиб, йўқ деганди. Дарҳақиқат, ҳиссиётлар ўзгармайди. Ва менимча, бу — яхшилик аломати.

Сенда ажойиб футболчилар гуруҳи бор экан, машғулот майдонингда бўлдим. Мураббийлар штабининг бир-бирини тушуниш даражаси ҳам ажойиб.

— Қоидалар ишимизни қизиқарли қилиб қўйган. Жамоада фақат 14 нафар легионер ҳаракат қилиши мумкин. Бир учрашувда 20 нафар футболчини майдонга туширсанг, улардан 12 нафари легионер бўлиши мумкин, холос. Ярим таркибдан кўпроқ футболчилар — туркияликлар, қолганлари — хорижликлар. Бу ўзига хос баланс тақдим этади ва мураббий сифатида ўзаро алоқа назоратини қўлдан чиқармайсан. Сенда академиядан етишиб чиққан туркиялик йигитлар бўлади: улар клуб нимани англатишини билади, миллий менталитетни яхши ҳис қилади. Бошқа тарафда турли хил тажрибаларни бошидан ўтказган легионер футболчилар ҳам бор. Менинг штабимда ҳам португаллар, италянлар ва туркияликлар жам бўлганмиз. Бундай ишлаш қизиқарли, клуб жуда катта.

Билмадим, Англияда «Фенербаҳче»нинг қанчалик катта клуб эканлигини тасаввур қила олишадими, лекин бу жамоанинг ушбу мамлакатнинг ўзида 35 миллион мухлиси бор. Дунё бўйлаб ҳам қанчадан-қанча турк миллатига мансуб «Фенербаҳче» мухлислари бор. Баъзи сабабларга кўра, нега клуб 10 йилдан бери чемпионликни қўлга кирита олмаётганини айта олмайман. Яхши президент, ажойиб мухлислар жамоаси, кўплаб мураббийлар ва юлдуз футболчилар келиб кетган, бироқ кубок келмаган. Бироқ бу ҳақида гапиришни хоҳламайман.

Сўнгги 12 та беллашувда бир марта мағлуб бўлдинг. Худди «Манчестер Юнайтед»даги даврингдагидек ўйин кўрсатмоқдасиз. Бу таркибдаги ўйинчилардан келиб чиқиб қилинаётган ишми?

— Биз мавсум аввалида «Лилл» майдонида ютказиб қўйдик. Лигада эса «Галатасарой»га қарши баҳсда ютқаздик. Бу ўйинда ғолиб бўлган жамоа худди дунёнинг энг яхшиси, мағлуб эса энг ёмон жамоасига айланадигандек. Аслида эса ундай эмас. Италия, Португалия, Испанияда ҳам дербилар шундай. Англияда ҳам дербилар муҳим, бироқ бошқа давлатларникидан бироз фарқ қилади, буёғи — маданий қадриятларга бориб тақаладиган масалалар. Туркия лигасида ҳозирда 19 та жамоа иштирок этади. Бу дегани, ҳар турда кимдир дам олади. Дербидан кейинги турда бизнинг навбатимиз эди ва бу бўшлиқ мағлубият кайфиятини янада ошириб юборди.

Мисол учун, «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинимиздан жуда хурсандман, чунки мураббий сифатида машғулотда тайёрлаган ишингни майдонда кўришни хоҳлайсан, аммо доим ҳам бундай бўлавермайди. Худди ўзингни яхши ишлай олмаётгандек ҳис қиласан. Тайёргарлигимиз кучли кечганди ва йигитлар ҳам майдонда борларини беришди. Лигалар ва жамоалар ўртасидаги фарқни ҳам инобатга олиш керак. Биз уларга юқори зоналарда босим қилмоқчи эдик. Рэшфорд ва Гарначо каби футболчилари бор жамоага қаршу бу — катта таваккал, лекин натижа учун шундай қилишимизга тўғри келди. Орқа чизиқда ҳимояда ўйнай олмаслигимизни билардик, чунки бу ҳар ҳафта қиладиган ишимиз эмас. «Манчестер Юнайтед»га қарши бундай ўйнаш бизнинг қадриятларимиз ва фалсафамизга мос келмайдиган иш бўларди. Уларда жуда ажойиб таркиб бор, «билд-ап» (build-up — паслар орқали рақиб босимини ёриб ўтиш жараёни) орқали ўйнашга ҳаракат қилишади. Биргина Далот ҳам қанот ҳимоясида, ҳам марказда, ҳам ҳужумчи ортида пайдо бўлиши мумкин. Ва у таркибдаги ягона ажойиб футболчи эмас. Бу жамоанинг тактик маданияти ҳам яхши шаклланган. Лекин мен учун кийим алмаштириш хонамизда ўз футболчиларимнинг натижадан норози кайфиятда ўтирганларини кўриш ажойиб бўлди. Одатда, сен «Манчестер Юнайтед»га қарши беллашувда очко олсанг, хурсанд бўлишинг керак.

Сен бу клубда анча томошабоп футбол қуряпсан…

— Ҳа, бу — биз хоҳлаётган нарса. Биз яна кўпларни ҳайратда қолдиришга қодирмиз. Мен «Реал» билан бир мавсумда 105 та гол ургандим, дунё эса менинг жамоамни ҳимоявий, қарши ҳужумларда ўйнашини айтганди. Бундай гапларнинг аҳамияти йўқ.

«Манчестер Юнайтед»да ишлари юришмаган футболчилар, хусусан, Фред бу ерда ажойиб ўйин намойиш этяпти…

— Улар — яхши даражадаги футболчилар. Улар ўз тажрибалари билан жамоамнинг муҳим бўлаги бўлишмоқда. «МЮ» хоҳламаган футболчилар уларга қарши беллашувда рақиб футболчиларидан яхшироқ ҳаракат қилишини кўриш ёқимли. Уларнинг ўйини биз учун кўп нарсани англатади. Сўнгги ҳафтада ҳимояда мажбурий ўзгаришлар қилишимизга тўғри келди, боиси, жуда яхши бир чап қанот ҳимоячимиз хочсимон пайларини узиб олди. Яна бир чап қанот ҳимоячимиз Костич эса УEФАда рўйхатдан ўтказилмаган. Ўнг қанот ҳимоячисини чапга, марказий ҳимоячини ўнгга тушириш орқали ҳимоя чизиғида бироз «паззл» ўйнашимизга тўғри келди. Бироқ амалладик ва бу мураббийга яхши ҳиссиётлар тақдим этади.

Бу жамоа билан қаергача бора оламан, деб ўйлаяпсан?

— Кеча шу масалада клубдагиларга ҳазил қилгандим. Биласанми, мен ҳеч қачон аутсайдер клубни бошқариш учун Премер лигага бормайман. Менинг Европа борасида ўз низоларим бор. Мен ҳалигача тан олмайдиган мағлубиятни қабул қилиб олдим. Бу ҳалигача оғриқ беради. «Лилл»га қарши 90+4-дақиқада белгиланган пеналтини VAR кўрди, мен ҳалигача у жойдан пеналти топа олмаяпман. Куни кеча стадиондаги барча сингари пеналти сўраб қичқираётганимда, ҳеч кимни ҳақорат қилмаган бўлсам ҳам, менга қизил карточка кўрсатишди.

Биламан, бу — мен ҳеч қачон юта олмайдиган кураш. Мазлумга яна зулм ўтказиш — адолатсизлик, кейинчалик ҳаммасини нолдан бошлашнинг имкони йўқ. Сен Месси бўлсанг ҳам, 18 ёшли кеча футбол ўйнай бошлаган бола бўлсанг ҳам, қонунлар сен учун бир. Худди шундай, Анчелотти бўлсанг ҳам, ёки бошқа кимдир — қоидалар бир хил амалда бўлиши шарт. Мана шу — мен хоҳлаётган нарса, қандайдир алоҳида муносабат кўрсатишларини хоҳлаётганим йўқ.

Сенга Англия миллий жамоаси бош мураббийлиги роли таклиф этилдими? Музокара ўтказдингми?

— Йўқ, ҳеч нарса бўлмади. «Челси»ни биринчи марта тарк этган вақтим Англиядан таклиф столим устида бўлган. Ҳозир бундай таклифни ўйлаб кўрармидим? Йўқ.

Португалиядан бўлса-чи?

— Португалиядан ҳам 3 марта таклиф олганман ва барчасида рад этганман. Бир кун келиб, балки ушбу жамоани бошқарарман. Энергиямни кўриб турибсизлар-ку, менга ўйинлар керак. Қандай қилиб ойига биттагина учрашув билан яшашим мумкин?! Бир кун келиб Португалия ёки ўзимни боғлиқ ҳис қилган қайсидир миллат жамоасини бошқариш, Жаҳон Кубоги ва Еврода ўйнаб кўриш иштиёқи бор, бироқ ҳозир ўз ишимни севаман.

Футбол мухлислари билан бу борада фикримиз муштарак: АПЛ — сенинг футболдаги уйинг. Сенинг бу борадаги фикринг қандай?

— Англияда 3 та клубда ишладим, «Челси»да икки маротаба. Ва ҳар гал ишимни севиб бажарганман. Ижтимоий жиҳатдан мен кўплаб гўзал шаҳарларда яшашга муваффақ бўлдим: Истанбул, Рим, Мадрид, Милан… Лекин оилам Лондонда яшайди, у ер — менинг уйим. Бир кун қайтишим керак. Лекин гапларимни нотўғри талқин қилишингизни истамасдим, бу мавсум ва кейингиси якунлангунича ҳеч ким мени «Фенербаҳче»ни тарк этишга мажбур қилолмайди.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар