03.11.2024 13:08
3050
Теглар
«Совринли ўринлар учун курашишни истардик, аммо...» – Абрамов Қаршидаги ғалаба, Ҳожимирзаев ва пеналтилар ҳақида

«Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов «Қизилқум» устидан эришилган ғалабадан кейин Қаршида матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Ўйинда тезкор гол ургач, баҳс кўп нарса ваъда бераётгандек кўринган бўлса-да, аслида оғир ўтди. Афсуски, таркибдаги муаммолар барибир ўз сўзини айтмай қолмаяпти. Деярли ҳар ўйинда оддий вазиятларда тўп ўтказяпмиз. Бугунги пеналтини ҳам ўзимизга яратдик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам йигитларга раҳмат дейиш керак, курашиб ғалабага эришишди. Захирамиз унчалик катта эмаслиги ҳам таъсир қиляпти. Айниқса, жароҳатлар сабаб майдон марказида ўзимиз истаган ўйинни қура олмаймиз. Рақобатчи жамоани мағлуб этиш муҳим эди, мухлисларга ҳам келиб, қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат. Қолган уч турда ҳам яхши ўйинлар билан мавсумни якунлаб, келаси йил ҳақида ўйлаш керак.

- «Динамо» ўтган тур «Насаф»га қарши кучлироқ ўйнаб ютқазганди, бугун деярли тенгкурашда ғалабага эришди. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Чинданам, бугун энг яхши ўйинимиз бўлмади. Аммо биз ўтган 3та ўйинда тенгкурашиб, мағлуб бўлдик, омад ҳам етишмаганди. Бугун ҳам пеналтидан гол ўтказгач, йигитларда ишонч сезилмади. Қолаверса, «Қизилқум» биз учун ёқимсиз ўйин таклиф қилди ва шунга мослашишга мажбур эдик. Шу боис ўзимизга унча хос бўлмаган ўйинни кўрсатдик. Бу рақибни кучини тўғри баҳолаб ўйнадик, улар ўтган тур «Пахтакор»ни мағлуб этишганди. Натижага ўйнаб, ғалаба қозониш муҳим эди биз учун.

- Про лигадан Суперлигага чиққач, бир қатор ўйинчиларни таклиф этдингиз ва мавсум якунида бу ўйинчилар ишончингизни неча фоиз ҳамда қай даражада оқлашди?

- Селекция жараёни шундайки, бунда хатоларсиз иложи йўқ. 90 фоизга ишонч оқланди, дея олмайман. Менимча 60 фоизга тўғри танладик, 40 фоизи эса ишончимизни оқлади, дея олмайман. Бу мавсумнинг қандай кечаётгани билан ҳам боғлиқ. Айтайлик, кубокда мағлуб бўлмай турнирни тарк этган ягона жамоа бўлдик, аслида барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. Суперлигада ҳам охирги 3 ўйиндаги мағлубият бўлмаганда, биз ҳозир бошқа ўринлар учун курашаётган бўлардик. Ҳали яна учта тур бор.

- Келаси йилги режалар белгилаб олинганми? Мақсадлар ҳақида...

- Олдин ҳам айтганман, Самарқанддек шаҳар жамоаси ўртамиёна ўринлар учун эмас, совринли ўринлар учун курашишини истардим, табиийки мураббий сифатида ўзим шуни хоҳлайман. Раҳбарият футболга эътибор бермаяпти дейишдан йироқман, улардан миннатдорман, вилоятда футболдан бошқа муаммо ва ижтимоий масалалар ҳам борлигини тушунаман. Бизга база керак – машғулотлар жараёнини тўғри йўлга қўйиб олиш учун. Машғулот майдонлари орқалигина маҳаллий ёшларни таркибга жалб этишни яхшилаш мумкин. Маҳаллий ўйинчиларсиз футболда рақобатлашиш қийин. Ҳолатимиз бўйича ҳам обьектив қараш керак – биз энг бой клуб эмасмиз, биздан олдинда бўлган клублар, грандлар бор, таркиб борасида рақобатлашиш қийин.

- Анваржон Ҳожимирзаев бугун 10-голини урди, у турнирда энг яхши ўзбекистонлик тўпурар бўлиб турибди. У Про лигадан келиб «Динамо»да ўсишга эришди, ҳозир эса бошқа клублар эътиборида у. Ҳожимирзаев билан қачон шартнома узайтирилади?

- Футболчи мавсумни муваффақиятли ўтказса, унга таклифлар бўлиши табиий ҳолат, буни тушунаман. Агар қайсидир футболчи кетишни истаса, мен уни мажбурий ушлаб қолиш тарафдори эмасман. Шундай бўлиши керакки, футболчи учун ҳам бу жамоада яхши бўлиши лозим ва биз ҳам ўйинчининг талабини бажара олишимиз керак. Футболчининг фаолияти қисқа, балиқ чуқурроқ сув жойини излагани каби, футболчи ҳам ўзига янада яхшироқ жойни хоҳлайди. Ўйинчимизга таклифимизни билдирганмиз, у ҳозир ўйлаб кўрмоқда, бу унга боғлиқ. Ҳожимирзаев ақлли футболчи, у тушунади – мавсумда омади келаётган экан, бу омадни икки қўллаб ушлаб олиш керак. Чунки, жамоани алмаштириш исталган ўйинчига таъсир қилмай қолмайди, бунга мисоллар кўп, шу боис, майли ҳаммасини ўйлаб олсин.

- Қўл остингизда ўсишга эришаётган ўйинчилар талайгина, таклифлар ҳақида ҳам хабарлар бор. Айтингчи, ҳозирга келиб жамоадан кимдир кетиши ҳақида сизни огоҳлантирдими?

- Йўқ, бундай футболчилар йўқ, ҳозирча менга кимдир келиб, мавсум охирида кетиши ҳақида гапирмади. Мен ҳам сиз каби фақат миш-мишларни эшитяпман. Албатта, биз ҳам келаси мавсум ҳақида ўйлаяпмиз. Аммо такрорлайман, мен кимнидир мажбурий ўйнатиш тарафдори эмасман.

- «Динамо» дарвозасига охирги 4 ўйинда 4та пеналти белгиланди. Ҳакамларнинг қарорига тушунтириш топиб бериляпти. Аммо ўйинчиларим ҳам ҳимояланишда хатоларга йўл қўяпти деб ҳисобламайсизми, масалан бугунги Воҳиджон Оқбўтаевнинг қўполлиги...

- Биласизми, бу пеналти – борадаги мактаб йўқлиги билан боғлиқ. Болалар футбол мактабида мана шунга ўрганмаган. Шу боис буни муҳокама ҳам қилмайман, мен учун кулгули ҳатто. Ўзингиз ўйланг, жарима майдонида шундай ўйнаш мумкинми? Бу аниқ пеналти эди. Бунга ҳайрон қолмадим. Воҳид бугун ўзининг кучли жиҳатларини кўрсатмади, акс жиҳатлари билан кўринди.

- Жамоангиз ўйини яхши, ҳужумлари ҳам ёрқин. Аммо негадир барқарорлик йўқ. Бу нима билан боғлиқ?

- Сабабларидан бири – захира ўриндиғимиз нисбатан тор, яъни танлов катта эмас. Икки ўйинчимиз жароҳат олса, бу ўйинимизга таъсир этмай қолмайди. Жамоамизда етакчилар бор, аммо уларнинг ўйини чиқмай қолган пайт ҳам бўлади. Кожони назарда тутган бўлсангиз, у ҳам миллий жамоасида бўлган пайт анча вақт машғулотларимизда бўлмайди, қайтиб мослашиши учун ҳам вақт талаб этилади. Бундай вазиятда стабиллик бўлмаслиги нормал ҳолат.

Усмон Ибодов ёзиб олди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар