03.11.2024 14:09
5733
МЛСдаги омадли мавсум, ЖЧ-2026 масаласи ва футболдан кейинги фаолият – Месси Романога катта интервю берди

Таниқли журналист ва инсайдер Фабрицио Романо Лионел Месси билан интервю уюштириб, унинг МЛСдаги фаолияти, ЖЧ-2026 ҳақидаги режалари ва бошқа кўплаб мавзулардаги фикрларини маълум қилди. Қуйида ушбу суҳбатнинг тўлиқ таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Фабрицио Романо: - Лео, сен билан биринчи марта учрашиб турибман. Вақт ажратганинг ва ушбу имкониятни менга тақдим этганинг учун раҳмат. Тайёрмисан? Демак, бошладик. Европа футболидан МЛСга ўтиш билан катта юришни амалга оширдинг. Америка Қўшма Штатлари ва айнан «Интер Майами»да ўйнашда нима сени ўзига жалб этди?

Месси: - Клуб янги эди ва ўзининг дастлабки қадамларини қўяётганди. Ўша пайтда менинг бошимдан ўтган воқеалар ҳам мана шу трансфер амалга ошишига замин яратди. Ушбу клубнинг ривожланишига ҳиссамни қўшиш истаги мени қизиқтирди ва қароримдан хурсандман.

Романо: МЛСнинг бошқа чемпионатлардан фарқи нимада?

Месси: - Бу ерда футболга бўлган меҳр жуда кучли ва мен келгунимча буни билмасдим. Авваллари Американи баскетбол, бейсбол ва американча футболни севувчи мамлакат сифатида билардим. Бироқ бу ердаги футболга эътибор мени ҳайратда қолдирди. Лига жуда рақобатли кечади ва меҳмонаги ўйинлар оғир ўтади: ҳар бир жамоанинг ўзига хос мухлислари бор ва улар жон-жаҳди билан клубини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатнинг исталган жойига борсангиз, стадионларни тўла ҳолатда кўрасиз. Одамлар ўз жамоалари ҳақида қайғурадилар. Умуман бошқа кутилмалар билан келган инсон сифатида буларни кўришдан хурсандман.

Романо: - Иқтидорлар, ёш футболчилар ҳақида нима дейсан? МЛСда уларнинг сони ҳам кўпайиб қолди?

Месси: - Бу лига ёш футболчиларнинг ўсиши учун ажойиб имконият бера олади. Ўз навбатида, бундай иқтидорли йигитлар билан лиганинг ўзи ҳам яхши ривожланишга эриша олади. Буларнинг барчаси янада кўпроқ ёшларнинг ўзларини кўрсатишларига хизмат қилади.

Романо: - МЛСга келганингдан сўнг ўйин услубингни бироз ўзгартирдинг, тўғрими? Камроқ дриблинг қилиб, кўпроқ узатмалар беришга ҳаракат қилаётгандексан...

Месси: - Албатта, ўйин услубимни ҳолатим ва ёшимдан келиб чиқиб бироз ўзгартиришимга тўғри келяпти. Ўзимни қайтадан кашф қилишга ва мен учун янгилик бўлган лигага мослашишга ҳаракат қилиб келяпман.

Романо: - Сенга МЛСдаги дастлабки даврларинг ҳақида савол бермоқчиман. Сен биринчи тўлиқ мавсумингни ўтказдинг, Америка Кубогига бординг, баъзи қийинчиликларга дуч келдинг, ғолиб бўлдинг, ҳозирда МЛС плей-оффида ўйнаяпсизлар. Ушбу лигадаги ҳозиргача бўлган саёҳатинг ҳақида нима дейсан?

Месси: - Менимча, эсда қоларли ишларни амалга оширишга улгурдик. Клуб ташкил қилар экансан, титуллар ютишни ва ғалаба қозонишни мақсад қиласан. Мен келган вақтимда клуб МЛС мавсумини жуда оғир ўтказаётганди. Келганимдан бироз ўтиб эса Лига кубогини ютиб, клуб тарихидаги биринчи совринни қўлга киритдик. Барчамиз учун кутилмаган муваффақият бўлганди. Ҳозир плей-оффларга ҳам жуда катта иштиёқ билан ҳозирлик кўряпмиз ва ушбу мусобақада ҳам ғалабага эришиб, мухлисларга яна бир титулни совға қилмоқчимиз. Буларни индивидуал ютуқ эмас, клубнинг муваффақияти деб биламан.

Романо: - Бу жамоа қаергача бора олади деб ўйлайсан ва «Интер Майами» футболчиси сифатида нималарга эришишни мақсад қилгансан?

Месси: - Клубнинг менталитети доим кўпроғига интилиш ва шунинг учун ҳам ўзига чекловлар қўймайди. Буни қўлга киритган ютуқларимиз билан ҳам кўрсатиб келяпмиз ва шу тахлит ривожланишда давом этамиз. МЛСда энг яхшиларидан бўлишга интиламиз ва нима учун дунёнинг энг яхшиларидан бўлиш учун курашмаслигимиз керак?!

Романо: - Энди эса сендан МЛС плей-оффида ўйнаш ҳиссиёти ҳақида сўрамоқчиман. Лекин ундан олдин МЛС давравий мавсумида энг кўп очко олиб, рекорд қўйганингиз ҳақида гапирсак. Жамоа бу ютуқни қандай нишонлади?

Месси: - Жуда ҳам яхши кайфиятда нишонладик, чунки бу жуда қийин, шу билан бирга муҳим бўлган вазифа эди. Лекин ҳозир бор эътиборимиз плей-офф баҳсларига қаратилган, чунки мана шу кубокни ютиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Унинг учун бор кучимиз билан курашамиз.

Романо: - Ушбу тарихий натижани амалга оширишингиздаги асосий факторлар нима бўлди?

Месси: - Ўтган мавсум давомида бир қатор хатоларга йўл қўйдик ва уларнинг олди олиниши мумкин эди. Жорий мавсумда ҳам бир нечта эпизодларда жуда аҳмоқона хатолар қилдик. Лекин энди плей-офф беллашувларида бундай қилишга ҳаққимиз йўқлигини биламиз. Ҳозир ҳар сафаргидан ҳам кучлироқ бўлишимиз ва устунликларимиздан унумли фойдаланишимиз керак.

Романо: - «Интер Майами»нинг МЛС кубогини ютиш имкониятларини қандай баҳолайсан?

Месси: - Ўйлашимча, биз фаворитлардан биримиз. Шу билан бир қаторда, рақобатчиларимиз жуда кучли экани ва уларни енгиш осон бўлмаслигини ҳам айтиб ўтишим керак. Уларни максимал ҳурмат қилган ҳолда майдонга чиқишимиз шарт.

Романо: - Энди 4-3-3 каналига хос қизиқарли саволлар билан сенга мурожаат қиламиз. Уйда болаларинг билан асосан нималар ўйнайсизлар?

Месси: - Доим тўп ўйнаймиз. Бир-биримизга тўпни ошириб, коптокни ҳавода ўйнатиб вақт ўтказамиз. Баъзида «PlayStation» ўйнаб турамиз. Лекин барибир кўпинча тўп тепиб вақт ўтказамиз.

Романо: - Уларга тўп билан қандай ишлаш ҳақида маслаҳатлар бериб турасанми?

Месси: - Вазиятга қараб. Болаларнинг қайси бири билан гаплашаётганимга ҳам боғлиқ. Чунки бири гапни кўтарса, бошқаси қизишиб кетади. Улар ҳам менга ўз тавсияларини беришади ва ўйинларимдан кейин мени танқид ҳам қилишади.

Романо: - Футболдан бошқа қайси спорт турлари билан шуғулланишни ёқтирасан?

Месси: - Менга падел, баскетбол, теннис каби спорт турларини томоша қилиш ёқади. Шуғулланиш борасида падел менга кўпроқ ёқади.

Романо: - Сенинг майдондаги унутилмас лаҳзаларингга кўп гувоҳ бўлганмиз. Ундан ташқарида эса сени у қадар яхши билмаймиз...

Месси: - Одамлар билан жуда кўп қизиқарли ҳолатлар бўлиб туради, баъзида улар ақлдан озар ҳолатга келишади. Мен аргентиналикман ва бизнинг одамлар жуда эҳтиросга бой, ким биландир саломлашиш ва суратга тушиш учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр. Билишимча, Италияда ҳам шундай, тўғрими?! Аниқ бир вазиятларни айтиб беришим қийин, лекин жуда кўп кўчаларда ҳам жуда кўп воқеаларга дуч келаман.

Романо: - Ўйинлардан аввал енгиллашиш учун қандайдир машғулотинг борми?

Месси: - Менга кийим алмаштириш хонасида мусиқа эшитиб ўтириш ёқади. Ўйинлардан аввал, куннинг қайси вақтилигига қараб, мате (Лотин Америкасида машҳур ичимлик) ичишни ёқтираман. Аммо ҳеч қандай ўзига хос, қолганлардан ажралиб турадиган иш қилмайман.

Романо: - Қандай таомларни ёқтирасан?

Месси: - Менга музқаймоқлар жуда ёқади. Ўзимни жуда ҳам таомсевар дея олмайман, лекин дессертлар жону-дилим.

Романо: - Биламизки, суперқаҳрамонларнинг ҳаракатлари билан голларингни нишонлаб турасан. Лео Месси, имкони бўлганда, қайси суперкучга эга бўлишни хоҳларди?

Месси: - Ух, қийин танлов. Менимча, кўринмас бўлиб қолиш. Учиш ҳам бўлиши мумкин. Кел, кўринмас бўлишни танлай қолай.

Романо: - Кел, энди бироз миллий жамоа ва жаҳон чемпионати ҳақида гаплашамиз. Лео, 2026 йилги мундиалида ўйнайсанми?

Месси: - Билмасам. Мендан кўпчилик бу ҳақида доим сўрашади. Ҳозир мана шу мавсумни яхши тугатиб олиш ҳақида ўйлаяпман. Кейин эса яхши мавсумолди тайёргарлик қилишни хоҳлайман. Жорий мавсум олдидан бунга имконим бўлмади, чунки сафарларимиз кўп эди. Ўша вақтдаги ҳолатга қараймиз. Футболдаги вақтим кўп қолмаганини яхши англаб турибман. Бу дунёда кўп нарсалар кутилмаганда содир бўлади. Узоқдаги келажак ҳақида ўйламай кунма-кун яшаб боришни афзал кўраман.

Романо: - Фаолиятингдаги кейинги қадам қайси бўлади, мураббий бўлишни истайсанми ёки бошқача режаларинг борми?

Месси: - Очиғи, билмайман, ҳозир нимадир дейишим қийин. Лекин мураббий бўлишни хоҳламайман. Лекин келгусида нима билан шуғулланишим мумкинлиги ҳақида ҳам аниқ гап айта олмайман. Бугун фақат ҳозирги лаҳза билан яшашни, футбол ўйнаш, машғулот ўтказиш ва бу даврларни мамнуният билан яшашни ўйлаяпман.

Романо: - Лео, сўнгги савол. Сени қандай эслашларини хоҳлардинг? Яхши оиланинг яхши отаси дебми? Ғалабаларга тўймайдиган кучли футболчи? Ёки Росариодан чиқиб, дунёни забт этган оддий болакай сифатидами?

Месси: - Билмайман, одамлар мени қандай хоҳласа, шундай эслаб қолади. Ўтказган фаолиятим учун Яратгандан миннатдорман. Мен омадли инсонман: энг катта орзум — Жаҳон Кубогини ютишга эришдим, «Барселона» билан барча совринларни ютдим ва жуда чиройли оилам бор. Шундай экан, одамлар мени истаганларича эслаб қолишлари мумкин.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар