02.11.2024 14:31
2172
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси

Европада кучли бешлик чемпионатлари қизғин паллага кириб, пешқадамлар сараланиб бормоқда. Ҳар ҳафта бўлганидек бу сафар ҳам бир қатор аҳамиятли ва қизиқарли учрашувлар бизни кутиб турибди. Биргина ёмон хабар — Европада вақтнинг бир соат ортга сурилгани. Энди тунги ўйинларни томоша қилмоқчи бўлсак, уйқу вақтимиз бир соатга камаяди. Лекин бунга арзийди, ишонаверинг.

НЮКАСЛ – АРСЕНАЛ (2 ноябр, 17:30)

Бу мавсум еврокубокларсиз қолгач, «Нюкасл» икки йил олдинги режимига қайтишига, юқори ўринлар учун курашиши мумкинлигига кўпчилик ишона бошлаганди. Зеро дастлабки тўрт турдан сўнг Эдди Ҳау шогирдлари 10 очко билан пешқадамлар орасида бораётганди ҳам. Аммо кейинги беш ўйинда жамоа бирорта ҳам ғалаба қозона олмади – икки дуранг ва уч мағлубият. Бошқа тарафдан, бу муваффақиятсиз натижаларни том маънодаги инқироз билан боғлаш қийин, зеро «Нюкасл» бу ўйинларда анча ҳужумкорлик кўрсатяпти, ташаббускор бўла оляпти, лекин реализация билан муаммолар, шунингдек, бир қатор муҳим футболчиларнинг жароҳати ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.

Қисқа қилиб айтганда, «Нюкасл»нинг айни дамдаги формаси «Арсенал»ни яққол фаворитга айлантирмайди. Нюкаслликлар, айниқса, ўз майдонида ҳар қандай рақибга кураш таклиф қилишга қодир. Бунга ўтган мавсумда ҳам гувоҳ бўлгандик. «Арсенал»нинг АПЛ доирасидаги илк мағлубияти роппа-роса бир йил олдин айнан Нюкаслда содир бўлганди. Бу сафар Артета шогирдлари мағлубият аламини тотиб бўлишган, айни дамда «Нюкасл» қадар бўлмаса-да, бироз муваффақиятсиз даврни бошдан кечирмоқда. «Борнмут» (0:2) майдонида аламли мағлубиятдан сўнг, «Ливерпул»ни енга олишмади ва пешқадам билан орадаги фарқ 5 очкога етди. Борнмутда қизил карточка натижага таъсир кўрсатган бўлса, «Ливерпул» билан баҳсда ҳимоячиларнинг жароҳати панд берди. Ушбу турда «Арсенал» ўз оптимал таркибига қайтишга яқин турибди – Салиба дисквалификациясини ўтаб бўлди, Габриэлнинг жароҳати ҳам жиддий бўлиб чиқмади. Фақат Калафиорининг тикланиши камида икки ҳафтага чўзиладиган бўлди. Мартин Эдегор ҳам катта эҳтимол билан миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин қайтса керак.

Юқорида ҳам айтилганидек, «Нюкасл»да йўқотишлар жиддийроқ. Ботман ва Ласселс узоқ муддатга сафдан чиқишган, Триппиер ва Уилсон ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Охирги 15 йилда «Нюкасл» рақиби устидан атиги 4 марта ғалаба қозонган. Аммо бу ғалабаларнинг 3 таси сўнгги беш йилда содир бўлганини ҳам таъкидлаш керак.

ПСЖ – ЛАНС (2 ноябр, 21:00)

Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатида ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун Жонатан Роу ва Малик Фофана билан кураш олиб бормоқда ҳамда айни дамда пешқадам. Шундай кунларни ҳам кўрдик. Бугун эса у ўзининг «Ланс»и билан энг катта имтиҳондан ўтади – лига пешқадами «ПСЖ» меҳмони бўлади. Бу ўйин Ҳусанов учун «ПСЖ»га қарши дебют бўлишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Париждаги ўтган мавсум ўйинида ўзбекистонлик ҳимоячи захирада қолган бўлса, январда у миллиф жамоа билан Осиё Кубогида бўлгани учун ўйнай олмаганди. Демак, Ҳусанов бугун нафақат Франция, балки бутун Европа қаршисида ўзини кўрсатиш имконига эга бўлади. Табиийки, бундай ўйинни ўтказиб юбормаслик керак.

«Ланс» ушбу мавсумни анча яхши ўтказмоқда ва ҳозирда еврокубоклар зонасида кетяпти. Илк мағлубият ҳам фақат ўтган турда, сўнгги дақиқалардаги голлар ҳисобига содир бўлди. «Ланс» Франция чемпионатида атиги 6 гол ўтказиб юборди – бу лигада энг яхши кўрсаткич. Шу билан бирга ҳужум чизиғида муаммолар борлигини ҳам айтиб ўтиш керак. «Ланс» 9 ўйинда атиги 9 та гол урган, холос. Айнан сафар ўйинларига алоҳида эътибор қаратадиган бўлсак, жамоа бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган – икки ғалаба ва уч дуранг. Ҳатто «Монако» майдонида ҳам ютқазмаган, демак бугунги ўйинда ҳам бемалол муносиб ўйиндан умид қилиш мумкин.

Меҳмонларга умид бериши мумкин бўлган яна бир жиҳат – «ПСЖ»ни келаси ҳафта Чемпионлар Лигасида муҳим ўйин кутиб турганидир. Энрике шогирдларининг Франция чемпионатидаги аҳволи анча яхши, ҳатто мағлубият ҳам пешқадам сифатида сақлаб қолади. Аммо ПСВ билан дурангдан сўнг, Чемпионлар Лигасидаги вазият бироз қийинлашди. Жамоа уч турдан сўнг атиги очко тўплаган. Ундан ҳам ёмон томони, парижликларга жуда қийин рақиблар рўбару келгани туфайли кейинги ўйинларда очко олиш осон бўлмайди. Кейинги турларда «Манчестер Сити» ва «Бавария»га қарши учрашувлар бор, келаси ҳафта «Атлетико» билан тўқнаш келинади. Шу туфайли Энрике таркибда бироз ротацияга қўл уриши мумкин. Табиийки, Ҳусановга рақибнинг энг яхши ҳужумчилари қаршилик қилиши ва бу баҳсда ҳамюртимиз ғолиб чиқишини чин дилдан истаб қоламиз.

ТОТТЕНҲЭМ –АСТОН ВИЛЛА (3 ноябр, 19:00)

Ўтган турда ҳар икки жамоада осон ғалабага эришиб, пешқадамлар гуруҳига қўшилиб олиш имкони бор эди. Аммо кутилмаганда омадсизлик рўй берди. «Астон Вилла» сўнгги дақиқаларда «Борнмут»дан тўп ўтказиб ғалабадан қуруқ қолган бўлса, «Тоттенҳэм» «Кристал Пэлас» майдонида мағлубиятга учради. Бу «Кристал Пэлас» учун мавсумдаги биринчи ғалаба эди. Қизиғи, инстеъфо ёқасида турган Гласнер «Тоттенҳэм»дан кейин «Астон Вилла»ни ҳам мағлуб этиб, Эмерини Лига кубогидан чиқариб юборганини ҳам таъкидлаш лозим. Дарвоқе, Лига кубоги ўйинини «Тоттенҳэм» аъло ўтказди – «Манчестер Сити»ни мусобақадан чиқариб юборди.

Услуб жиҳатидан ҳам бу икки рақиб тўқнашуви нейтрал мухлислар учун жуда томошабоп чиқиши шубҳасиз. Ҳар икки жамоа юқори прессинг қиладиган услубга эга, табиийки, бу жуда кўп хавфли вазиятларни таъминлайди, голлар ҳам кўп бўлиши мумкин. Охирги ўзаро ўйинларга қараб ҳам натижани тахмин қилиш қийин. Лондонда ўтган охирги 4 ўйиндан 3 тасида меҳмонлар ғалаба қозонган бўлса, Бирмингҳэмда сўнгги йилларда «Тоттенҳэм» икки марта 4:0 ҳисобида устун келган. Бу рақиблар ўртасидаги сўнгги 20 ўйинда бирор марта ҳам дуранг қайд этилмагани ҳам муросасизликни тахмин қилишимизга асос бўла олади. Яна бир статистик факт, «Тоттенҳэм» ўз майдонида сўнгги 5 ўйинда мағлубиятга учрамаган, «Астон Вилла» қаторасига 6 сафар ўйинида ютқазмай келяпти. Демак, ё мана шу икки сериядан бирига чек қўйилади ёки 20 ўйиндан иборат дурангсиз серия барҳам топади.

Таркибларга келадиган бўлсак, мезбонларда Ромеро, Сон, ҳамда Вернернинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Ван де Вен ҳам жароҳатидан фориғ бўлмаган. «Астон Вилла»дан эса фақат Росс Баркли кичик жароҳат туфайли бир неча кунга сафдан чиққан.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЧЕЛСИ (3 ноябр, 21:30)

Бир ҳафта ичида Манчестерда шу қадар кўп воқеалар бўлдики, ҳатто «Челси»га қарши ўйин ҳам бироз соя ортига ўтади. Атиги бир ҳафта олдин Эрик тен Ҳаг бош мураббий сифатида вазиятни ўнглай олишига ваъда бераётганди, ҳозир эса клуб Рубен Аморим билан шартнома имзолади, Руд ван Нистелрой эса бош мураббий сифатида «Олд Траффорд»да йирик ғалабага эришиб ҳам улгурди. «МЮ» «Лестер»га қарши Лига кубоги ўйинида 5 гол урди. Жамоа сўнгги марта АПЛ жамоасига Сулшер даврида 5 та гол уришга муваффақ бўлганди. Албатта, янги мураббий бир неча кунда жамоани ўзгартириб қўя олмайди, лекин кўпинча мана шундай истеъфолар футболчиларга ўзига яраша эркинлик бериб, босимдан халос қилади ва бир муддат натижаларни яхшилаши мумкин. Оддий факт, Эрик пайтида жамоа 27 марта хавфли вазият яратиб, атиги 8 гол урган бўлса, «Лестер» билан ўйинда 5 вазиятдан 4 тасини голга айлантира олди. Айтиш мумкинки, ҳар қандай ҳолатда ҳам «МЮ»да етарлича яхши футболчилар йиғилган ва ҳолатдан қатъи назар «Челси»га муносиб қаршилик қила олишади. Бундан ташқари ўйиннинг «Олд Траффорд»да бўлаётгани ҳам инобатга олиш керак. «Челси» АПЛ доирасида «Олд Траффорд»да охирги марта Алекс Фергюсон мураббийлик даврида — 11 йил олдин зафар қучган.

«Челси»нинг чемпионатдаги ҳолати у қадар ёмон эмас. Охирги турда «Нюкасл» устидан чиройли ғалабага эришилди. Лекин айнан «Нюкасл» икки кун олдин «Челси»ни Лига кубогидан чиқариб юборди. Демак, лондонликларда ҳам ўзини исботлаш учун айни муддао. «Олд Траффорд»да узоқ йиллик ғалабасиз серияни тўхтатиш Мареска учун жуда катта натижа бўлади.

Таркибларга келадиган бўлсак, доимгидек «Манчестер Юнайтед»да йўқотишлар анча кўп. Магуайр, Антони, Йоро каби футболчиларнинг қайтишига бироз вақт бор. Чап қанот ҳимоячилари Шоу ва Маласия ҳам катта эҳтимол билан ой охирларига тайёр бўлишади. Шунингдек, «Челси»нинг собиқ футболчиси Мэйсон Маунт ҳам собиқ жамоадошларига қарши майдонга туша олмайди. «Челси»да эса фақат Бен Чилуэлда соғлиқ билан боғлиқ муаммо бор, холос.

Рубен Аморим бош мураббий сифатида миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг дебют қилади. Унгача бўлиб ўтадиган «Челси», ПАОК ва «Лестер»га қарши ўйинларга жамоани Руд ван Нистелрой олиб тушадиган бўлди. Қизиғи барча ўйинлар «Олд Траффорд»да бўлиб ўтади. Ўтмишдаги афсонавий ҳужумчига мураббий сифатида ҳам ёрқин хотиралар қолдириши учун айни вақт.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

2 ноябр. БАВАРИЯ – Унион (19:30), Борнмут – МАНЧЕСТЕР СИТИ (20:00), ЛИВЕРПУЛ – Брайтон (20:00), Удинезе – ЮВЕНТУС (22:00), БОРУССИЯ Д– ЛЕЙПЦИГ (22:30), Монца – МИЛАН (3 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

3 ноябр. НАПОЛИ – Аталанта (16:30), АТЛЕТИКО – Лас Палмас (18:00), БАРСЕЛОНА – Эспаньол (20:15).

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар