01.11.2024 12:15
5642
«Манчестер Юнайтед»нинг Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб

«Манчестер Юнайтед»да яна янги давр бошланмоқда ва бу гал ҳам «қизил иблислар» Европа футболида ном чиқариб улгурган катта мураббийлардан бирини эмас, нисбатан кичикроқ имкониятлардан катта натижа ясай олган мутахассисга эътибор қаратмоқда. Хўш, айнан қандай кароматлари сабаб Рубен Аморим «Орзулар театри»га «режиссорлик»ка таклиф этилмоқда?

Португал футболида кураш тарихан 3 жамоа ўртасида кечган: «Бенфика», «Порту» ва «Спортинг». Аммо асримиз аввалидан бери ушбу баҳс, асосан, дастлабки икки клуб ўртасида бўлаётганди. XX аср ўртасида «Спортинг» португал футболини бошқарган. 1941-1958 йилларда лиссабонликлар 10 карра чемпионликни қўлга киритиб, «Бенфика»нинг асосий рақибига айланиб олганди. Бироқ 80 йиллардан кейин бу курашда «Порту» анча илдам ҳаракатланиб, пойтахтликлар орасига суқулиб кирди ва «Бенфика»нинг бош рақиби сифатида намоён бўла бошлади. 90 йилларда бирор марта мамлакат бош дивизиони чемпионлигини қўлга кирита олмаган «Спортинг» йил сайин юқоридаги жуфтлик билан фарқни катталаштириб юборди. 2000 йиллар аввалида қисқа муддат клуб яна ўз даражасига қайтгандек таассурот уйғотди, бироқ кейин жамоа тарихидаги энг омадсиз — 19 йиллик «қурғоқчилик» юз берди ва бу даврда уларнинг ашаддий рақиблари барча чемпионлик кубокларини бўлишиб олишди. Жамоа шу қадар оғир аҳволга тушиб қолгандики, мухлислар футболчилар ва клуб расмийларига ҳужум қилишдан ҳам тап тортмай қолганди. 2018 йилда 50га яқин ниқобланган жиноятчилар «Спортинг» машғулот базасига бостириб кириб, футболчиларга ҳужум уюштирган ва уларни ўлдириш билан таҳдид қилган. Бу воқеа жамоа юлдузлари Руи Патрисиу ва Виллиам Карвалю, ёш иқтидор эгаси Рафаэл Леау кабиларнинг клуб билан шартномани бекор қилишларига сабаб бўлган. Мана шу воқеадан 3 йил ўтиб, бугун «Манчестер Юнайтед» мураббийлигига асосий даъвогар бўлиб турган Рубен Аморим жамоани Португалия Примераси чемпионига айлантирган.

Унинг «Спортинг»даги ютуқлари фақатгина шу чемпионлик билан якунланиб қолмайди. Португалиялик мутахассис клубни 11 йил деганда Чемпионлар Лигаси плей-оффига олиб чиқди. Европа Лигасида эса лиссабонликлар унинг қўл остида чоракфиналда ўйнашди. Ўтган мавсумда «Спортинг» яна Португалия чемпиони бўлди ва Аморим жамоаси бу ишни чемпионат якунланишига 2 та тур қолганда амалга оширибди. Бу мавсумда ҳам жамоани тўхтатиб қоладиган куч Португалияда топилмаяпти. Лиссабон гранди 9 та турнинг барчасида зафар қучиб, 27 очко билан турнир жадвали карвонбошиси бўлиб турибди. УEФА Чемпионлар Лигасида 3 та ўйин ўтказган «шерлар» 7 очко билан етакчилар қаторида бормоқда.

Лекин хавотир ҳам йўқ эмаски, «Манчестер Юнайтед»нинг бундан олдинги мураббийи ҳам жамоасини кетма-кет мамлакат чемпионига айлантирган ва сенсацион тарзда Чемпионлар Лигаси яримфиналига олиб чиққанди. Рубен Аморимнинг ўзига хослиги нимадаки, Сэр Жим Ретклифф ва Дэн Эшуорт бошлиқ спорт бўлими айнан мана шу мутахассис номзодига тўхталишди. Зеро агар бу мураббий ҳам муваффақиятсизликка учраса, «Олд Траффорд» Глейзерларни эмас, айнан Ретклифф ва INEOS'ни айблайди.

Тезкор таъсир

Истеъфога чиқарилишидан бир ҳафтагина олдин «Вест Ҳэм»га қарши беллашувда мағлубиятга учраган тен Ҳаг мухлислар ва клуб раҳбариятидан яна сабр қилишларини сўраганди. Лекин Жим Ретклифф ва клуб спорт директори унга ҳатто керагидан кўп вақт беришди. Натижада Аморим олдидаги вазифа анчайин мураккаб кўриниш олган ва ундан дарҳол реакция кўрсатиш талаб этилади. «МЮ» 4-ўриндаги «Астон Вилла»дан ҳозирда 7 очко орқада ва Европа Лигасида ҳам ўзи ўйнаган учала баҳсда дуранг қайд этиб, 3 очко жамғарган, холос. Лекин бу Рубен Аморимни ташвишга соладиган ҳолат эмас, у бундан олдинги жамоаларида тез фурсатда натижа кўрсата олган. «Брага»даги ишини олайлик. У клубда атиги 13 та учрашувда мураббийлик қилган ва уларнинг 10 тасида ғалабага эришган. Ушбу муваффақиятлар орасида «Порту» устидан мамлакат кубоги финалида эришилган ғалаба ва 65 йил деганда «Бенфика»ни ўз майдонида таслим этилиши каби катта натижалар бор. Ушбу муваффақиятли ва кичик муддат «Спортинг»ни Аморим учун 10 млн евронинг баҳридан ўтишга мажбур қилганди. 2020 йил мартида унинг Лиссабондаги саргузаштлари бошланди. Мураббийнинг трансфер нархи кўпчиликни ҳайратда қолдирган. Боиси, бу қиймат бир қатор клуб юлдузларининг трансфер нархларидан ҳам баландроқ эди. Бироқ тез орада Рубен ўзига ишлатилган пуллар зоэ кетказилмаганини исботлашга эришди. Ўзининг дастлабки тўлиқ мавсумида 19 йиллик танаффусдан сўнг «яшил-оқлар» мухлисларига лига ғолиблигини тақдим этган мураббий ўша мавсумнинг ўзида Лига кубоги финалида собиқ жамоаси «Брага»ни енгиб, яна битта титулни клуб музейига тақдим этди.

Аниқ услуб ва тактик ёндашув

Тен Ҳагнинг сўнгги икки йилдаги ўйинига мухлисларнинг энг катта норозилиги унда аниқ қурилаётган услубнинг кўзга ташланмаганлигидир. У жамоанинг қурилиш жараёнида эканлигини бот-бот таъкидлади, бироқ айнан нима устида ишланаётгани ва янгича ўйин услубининг якуний кўриниши қандай бўлиши ҳақида ҳеч кимда аниқ тасаввур мавжуд эмасди. «Аякс»далигида унинг жамоаси тўп назоратига ўйин қурганди ва барчани ҳайратда қолдирган. Бироқ у «Манчестер Юнайтед»га янги келганидаёқ «Аяксдек ўйнамоқчи эмасмиз», деб бўлганди ва амалда ҳам у «қизил иблислар» билан тўп назоратини асосий планга қўймади.

Рубен Аморимда эса футбол майдонида ўз жамоасининг қандай жойлашиши бўйича аниқ қарашлар мавжуд. У Португалия 3-дивизиони «Каса Пиа»ни бошқарган давридан бери 3-4-3 схемасида ўйнаб келади ва давомли муваффақиятларга ҳам айнан мана шу тактик жойлашув билан эришиб келмоқда.

Шу билан бирга, Аморимни биргина схемага ёпишиб олган деб бўлмайди. Айниқса, «Спортинг»даги фаолиятида 39 ёшли мураббий тактик хилма-хиллик намойиш эта олди. Дастлабки мавсумида лиссабонликлар ажойиб қарши ҳужумлари билан эътиборни тортди ва бу услуб марказида жамоа сардори ҳамда ишончли ҳимоячиси Себастиан Коатес, марказдаги тўпларни ютишдаги иқтидори билан аллақачон «Бавария»га ўтишга ҳам улгурган Жоау Палиня кабилар бўлди. Шунингдек, қанот ҳимоячилари Нуну Мендеш ва Педро Порро ҳам ҳужумга қўшилишдаги фаолликлари орқали жамоанинг ажойиб натижаларида ўз ҳиссаларини қўшиб, ҳимояда ҳам ишончли ҳаракатланишди. Буни «Спортинг»нинг лигадаги 34 та баҳсда атиги 20 бор тўп ўтказиб юборганидан ҳам билиш мумкин. Ҳужумкор яримҳимоячи Педру Гонсалвеш эса 23 та гол билан тўпурарга айланганди. Мавсум якунига икки тур қолганда чемпионликни нишонлаб бўлган лиссабонликлар ўша вақтгача лигада мағлубият нималигини билмай келишди. Бироқ ҳамшаҳарлари «Бенфика»га қарши кечган баҳсда уларнинг серияси якунига етган.

Масаллиққа қараб ўтирмайдиган ошпаз

«Спортинг»даги дастлабки мавсумида муваффақият қозонган Рубен Аморимнинг таркибидаги иқтидорлар тез фурсатда Европа грандлари кўзини ўйната бошлади ва табиий равишда бирин-кетин улар катта пуллар эвазига трансфер қилиб юборилди. Нуну Мендеш аввалига ижара, кейин эса тўлақонли трансфер билан «ПСЖ»га ўтиб кетди. Жоау Палиня («Фулҳэм») ва Матеуш Нунеш («Вулверҳэмптон») Англияга йўл олишди. Педро Порро ҳам улардан сал кейинроқ «Тоттенҳэм» сафига бориб қўшилди. Албатта, бундай йўқотишларга бирданига мослашиб, яна дивизионни ютиш қийин. Аморимнинг «Спортинг»и келгуси мавсумни 4-ўринда якунлади, бироқ шу йилнинг ўзида ҳам сенсациялар қилишга муваффақ бўлди. Чемпионлар Лигасида «Тоттенҳэм»дан 4 очко олиб қўйишга эришган «шерлар» кейинчалик Европа Лигаси чоракфиналига чиқиш йўлида «Арсенал»ни доғда қолдирди. Ва ўтган мавсумда унинг жамоаси яна ўзининг энг яхши ҳолатига чиқиб, 34 та беллашувда 96 та гол уриб ва 27 та тўп ўтказиб юборган ҳолда 10 очколик захира билан чемпионликка эришди. Мана шундай шафқатсиз ўйинни бу мавсумда ҳам давом эттириб, 9 та беллашувда 30 та гол уришга эришган жамоа мана энди мураббийини катта клубга олдириб қўймоқда.

«Спортинг»да ҳимоячилар Инасиу ва Коатес ҳимоядаги ишончли ўйиндан ташқари стандартлар вақтида рақиб тўртбурчаги ичида ҳам фаоллиги билан ажралиб туради. Бироқ уларни клуб катта нархга қаерлардандир сотиб олмаган. Яримҳимоячилардан Педру Гонсалвеш 6,5 млн еврога Португалия лигаси ўртамиёналаридан бири «Фамаликау»дан харид қилинган. Ҳужумчи Виктор Гокереш ҳақида эса жуда кўп ўқиган бўлсангиз керак. «Ковентри Сити» собиқ ҳужумчиси ўтган мавсумда 39 та учрашувда майдонга тушиб, 36 та гол уришга эришганди. Бу мавсумда эса унинг голлари сони аллақачон 12 тага етди.

Моуринионинг унга ўхшамайдиган шогирди

Рубен Аморим мураббийлик фаолиятини Португалиянинг қуйи дивизионида бошлагани билан унда Жозе Моуринионинг қўлида таҳсил олиш имкони бўлган. Буни қарангки, унинг 1 ҳафталик шогирдлик даври айнан ҳамюрти «Олд Траффорд»да фаолият олиб борган даврда юз берган.

Шунингдек, футболчилик фаолиятида унга жамоадош бўлган Криштиану Роналду унинг сўзлашиш услуби сабаб «шоир» деб таъриф берган. Дарҳақиқат, унинг ўз фикрини ифодалаш услуби Португалия оммавий ахборот воситалари орасида ҳам машҳур ҳисобланади. Бироқ унинг Жозедан фарқи шундаки, шартнома билан белгилаб қўйилганидан ташқари интервюлар бермайди. Устозидан яна бир фарқи — ғалабаларда футболчиларининг даражасини кўтариб, ўз хизматларини панага олишга ҳаракат қилишидадир.

Португалиялик мураббий тасдиқланмаган хабарларга кўра, «Ливерпул»нинг янги бош мураббийи бўлиш йўлида Арне Слотнинг асосий рақобатчиси эди. Кейинчалик у «Вест Ҳэм»да Дэвид Мойеснинг ўрнини эгаллаш учун музокара ўтказди, бироқ клуб билан қарашлари фарқли чиқиб қолди ва бунинг учун «Спортинг» мухлисларидан узр сўради. Икки кун аввал клуб Аморимнинг ўз лавозимини тарк этаётганини эълон қилганидан келиб чиқсак, унинг Манчестерга сафари деярли нақд қилинган. Юқорида фикр юритганларимиздан кўриниб турибдики, у «Олд Траффорд»га келиш учун бир мураббийдан талаб этиладиган барча ишларни қилиб бўлган, бироқ амалда нималар қўлидан келишини биргаликда кўрамиз.

Абдулбасит Валихонов тайёрлади

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар