24.10.2024 17:21
9395
Теглар
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси яна икки поғона юқорилаб, сўнгги 8 йилдаги энг яхши натижасини қайд этди

ФИФА расмий сайти октябр ойидаги миллий жамоаларнинг ўйинларидан кейин рейтингни янгилади.

Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси Эрон (0:0) ва БААга қарши ўйиндан (1:0) кейин бу сафар икки поғонага юқорилаб, 58-ўринга кўтарилган. Вакилларимиз сентябр ойида 60-ўринни банд этганди. Қайд этиш жоиз, 58-ўрин миллий жамоамизнинг сўнгги 8 йилликдаги энг яхши натижа саналади. Бунгача «Оқ бўрилар» Самвел Бабаян мураббийлигида 2016 йилда ФИФА рейтингида 48-ўринни қайд этганди.

Сречко Катанец шогирдлари 2023 йилни 68-ўринда якунлаган бўлса, Қатарда ўтган Осиё кубогидан кейин 66-ўринга кўтарилганди. Март ойидаги ФИФА кунлари доирасида Ҳонгконгга қарши ЖЧ-2026 2-саралаш босқичидаги ғалабалардан кейин (2:0, 3:0) Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқичи ва Осиё кубоги-2027га йўлланмасига эга чиқиб, рейтингда 64-ўринга юқорилаганди. ЖЧ-2026 2-саралаши доирасидаги Туркманистон (3:1) ва Эрон (0:0) билан ўйинлардан кейин вакилларимиз яна икки поғона юқорилаб, 62-ўриндан жой олган, июл ойида эълон қилинган рейтингда эса 61-ўрин, сентябрда яна бир поғона юқорилаганди.

ФИФА рейтингида Аргентина миллий жамоаси 1-ўринда бормоқда, Франция 2-ўринда қолди. Европа чемпионига айланган Испания ўтган ойда 8-ўриндан 3-поғонага кўтарилганди. Англия 4-ўрин, Бразилия 5, Белгия 6-ўринда бормоқда. Португалия (7), Нидерландия (8), Италия (9) ва Колумбия ўнликдан жой олган.

Осиё жамоалари топ-10лик орасида эса вакилларимиз Саудия Арабистонини ортда қолдириб, 7-ўринга кўтарилган. Япония уч ўрин юқорилаб, қитъада пешқадам саналади – 15-ўрин, Эрон (19) ва Жанубий Корея (22) учликда. Австралия (24), Қатар (46), Ироқ (56), Ўзбекистон (58), Саудия Арабистони (59), Иордания (64) ва БАА (68) ўнликка кирган.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг яхши натижаси – 45-ўрин бўлиб, вакилларимиз 2006-2007 йилларда ушбу ўринда қайд этилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар