23.10.2024 15:26
2720
Теглар
Тони Кроос: «Реал»да ҳамма кетишимдан хафа эди, аммо ўзим айнан шундай ҳолатда клубни тарк этишни хоҳлагандим»

Шу йилнинг ёзида футболчилик фаолиятини якунлаган Тони Кроос «The Athletic» нашрига катта интервю берди. Унда собиқ футболчи фаолиятини якунлашининг асосий сабаби, мураббий бўлиш эҳтимоли ва ҳозирда у банд бўлган лойиҳалар ҳақида гапириб берди.

- Айнан қачон фаолиятингни тугатиш қарорига келдинг ва бу ҳақда айтган биринчи инсонинг ким эди?

— Қарорни аёлим билан бирга қабул қилдик ва бу ҳақида энг аввало, болаларимга айтдик. Бу бир кунда бўлиб қолган воқеа эмас. Ойлаб бу мавзуда гаплашиб келдик. Аёлим мени энг яхши тушунадиган инсон ва кўпинча фақат унинг фикрига қулоқ тутаман. У менинг фикримни олдиндан ўқий олади. Шундай экан, бу қарорни биргаликда қабул қилдик. Май ойидан аввал эди, адашмасам. Март охири ёки апрел ойида шундай тўхтамга келгандик, чамаси. 3-4 ой давомида иккиландим, лекин мен бир қарорга келса, шуни бажарадиган инсонман. Биринчи навбатда болаларга айтганимизнинг сабаби шуки, уларнинг бу ҳақида медиада ёки мактабларида кимдандир эшитган бир ҳолда хабар топишларини хоҳламадик. Кейин эса ўзимга яқин бир неча инсон билан бу хусусида гаплашдим.

- «Реал»да бу ҳақда ким биринчи бўлиб хабар топди?

— Ўзаро муносабатимиздан келиб чиқиб, биринчи бўлиб Карлога айтдим. У мен клубга келган биринчи йилда ҳам (2014) жамоа бош мураббийи эди. У қарорим ҳақида биринчи бўлиб эшитишга ҳақли эди. Худди шу кунда президент Флорентинога ва Хосе Анхелга (клуб бош директори ва Перезнинг ўнг қўли) қўнғироқ қилдим. Сўнгра мен билан узоқ йиллардан бери бир жамоада ўйнаб келаётган футболчиларга бу ҳақида хабар бердим. Мен клубга бу ҳақида бир неча ойлардан бери айтиб келаётгандим. Аммо якуний қарор ҳақида аввал Карло, бир соатдан кейин эса Флорентино билан гаплашганман.

Бу суҳбатимиз расмий баёнотдан (21 май) 3 кун олдин бўлганди ва шунинг ўзи ҳам уларнинг қанчалик ишончли инсонлар эканлигини кўрсатади. Баъзида маълумотни сир сақлаш жуда қийин ва айни мана шу ҳолатда бу мен учун жуда муҳим эди, боиси, гап менинг бутун бошли фаолиятим ҳақида кетаётганди. Улар барча учрашувларимизда ушбу қарорни қачон хоҳласам ўшанда қабул қилишим мумкинлигини айтишарди.

- Улар агар хоҳласанг, шартномани янгилашинг ҳам мумкинлигини айтишган, тўғрими?

— Ҳа, бу сир эмас. Қарорим билан боғлиқ воқеа қайғули, шу билан бирга қувончли эди. Бу яхши инсонлар билан дунёнинг энг яхши клубидаги муваффақиятларга тўла бир даврнинг якуни эди. Лекин мен одамларнинг, хусусан, «Бернабеу»нинг хайрлашуви орқали нималарга эришганимни ҳис қилиб қувондим. Буни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Ҳа, хайрлашув маросимини кутгандим, бироқ ҳеч ким бу даражадагисини кута олмасди. Сўнгги кунингдаги қайғуларингга қарамай, бу сени хурсанд қила оладиган бир ҳолатдир. Балки, бу ўша 10 йил ва унда содир бўлган кўплаб қувончли хотиралар сабабдир. Нима бўлса ҳам ўзимга ўзим: «Қара, нималарга эришдим», дедим ва бу кайфиятим хафагарчиликларимдан устунроқ келди. Мен айнан шундай кетишни хоҳлардим. Ҳеч ким мени қолишга ҳам, кетишга ҳам мажбурламади. Бу менинг қарорим эди ва ўша кундан шунчаки завқ олдим.

- Нимадир сенинг фикрингни ўзгартириши мумкинмиди? Мисол учун, «Манчестер Сити»га қарши ўйинда пенальтидан гол ура олмаганингда. Ёки «Боруссия Дортмунд»га қарши финал бошқача натижа билан якунланганда?

— Йўқ-йўқ, бу натижалар ва ўйинларга боғлиқ қарор эмасди. Ҳеч ким хурсанд эмасди. Мен ўйнаётган даражамда фаолиятимни якунлаганим учун кўпчилик бу вақтни энг мақбул палла деб ҳисобламади. Фикримни ўзгартиришга уринаётганларида ҳам улар бунга эриша олмасликларини билиб турар эдилар.

- Ҳозирги ҳаётингдаги одатий кунинг қандай ўтяпти?

— Ҳаммаси ўзгариб кетди, кунларимни режалаштиришга кўпроқ вақтим бўляпти ва мен буни доим хоҳлаганман. Менинг лойиҳаларим бор: академия, Германиядаги лигамиз (Афсоналар лигаси), 4 йилдан бери укам билан подкастлар ёзиб келяпмиз ва менинг 3 нафар фарзандим бор…

- Энди уларни мактабга олиб бориб, кўплаб оталар қиладиган машғулотлар билан шуғулланяпсанми?

— Мен доим улар билан шундай вақт ўтказганман. Мен Эденни (Азар) мактабда кўриб тураман ва у ҳам «Реал»да ўйнаб юрган кезларида ҳам шундай эди. Жуда кўплаб фаолиятини давом эттираётган футболчилар бунга етарли вақт ажратишмайди, лекин иккимиз доим бу масалага жиддий эътибор қаратганмиз.

Кейин эса академиядаги мураббийлар билан тонгги машғулотларни ташкил этамиз. Барчасини аввал бошдан ўз ўрнига солиб олишимиз керак ва шу тариқа барча ишлар мен хоҳлагандек ривожланади. Бу мен учун катта ва муҳим лойиҳа ҳисобланади. Унинг муваффақиятли бўлишини истайман.

Биз академия ва ундан келиб чиқувчи клуб яратмоқчимиз. Ушбу клуб Мадриддаги жамоаларга рақобат кўрсата оладиган даражада бўлиши керак. Мен бу лойиҳага шунчаки исмимни ёзиб, ўзим четда юрганим йўқ. 5 ҳафтадан бери фаолият юритаётган бўлсак, атиги 3-4 кун у ерга бора олмадим, холос. Мен бу ишдан роҳат оламан. Мен қандайдир ишни бошласам, уни юрагимдан бажараман. Бу иш ҳозир бутун хаёлимни ўғирлаган. Олдимда вариантлар кўп эди ва мен ушбу лойиҳа билан ишлашга қарор қилдим.

- Хоселу ва Начо ўтган ёзда Қатар ва Саудия Арабистони клубларига бориб қўшилишди. Сенинг Габри Веига трансферига билдирган муносабатинг (Кроос ушбу трансферни «шармандали» деб атаган) ва Испания Суперкубогида саудиялик мухлисларнинг сенга ҳуштакбозлик қилганидан келиб чиқсак, уларнинг трансфери ҳақида ҳам шундай фикрдамисан?

— Бу икки, бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган ҳолатдир. Чемпионлар Лигасини ютган футболчи ва яхши футболчи бўлишга ҳаракат қилаётган 21 ёш боланинг (Габри Веига шу ёшда «Селта»дан «Ал Аҳли»га ўтган) кетиши ўртасида фарқ бор. Бундай ёш вақтингда бундай лигага борсанг, бу сени яхши футболчи бўлиш ва совринлар ютишдан маҳрум қилади. Мана гап нима ҳақида эди. Умуман, мен учун исталган футболчининг у ерларга бориши ёқмайди. Лекин Мадрид ва Европада афсонага айланган Начо ва Криштану Роналду каби футболчиларнинг у ерларга бориши — мутлақо бошқа масала.

- Мураббий бўлиш режангда борми?

— Йўқ, мен мураббий бўлмоқчимасман. Ўйлаб ҳам кўрмайман.

- Карло сени Мадриддаги штабига таклиф қилса-чи? Мисол учун, Давиде Анчелотти (Карлонинг ўғли ва ассистенти) бошқа клубга мураббий бўлиб ўтиб кетса..?

— Йўқ, бу — имконсиз. Қачондир у (Карло Анчелотти) хоҳласа, мен унга ўз фикримни беришга тайёрман. Лекин у нима учун фаолиятимни якунлаганимни билади. Бунинг энг катта сабаби тинимсиз сафарлар, меҳмонхоналар ва ҳоказо. Бунда майдонда ўтказадиган 90 дақиқамнинг заррача таъсири йўқ эди. Агар гап футболнинг ўзида бўлганида, билмадим неча ёшгача фаолиятимни давом эттирардим.

Биз тез-тез гаплашиб турамиз, алоқаларимиз узоқ йиллик, бироқ Карло мендан бу ҳақида сўраб ҳам ўтирмайди, чунки жавобимни билади. Валдебабасдаги кун футболчилардан ҳам кўра мураббийлар учун оғир кечади. Футболчи бўлсанг, келасан, ишингни қиласан, кетасан. Мураббий эса биринчи келадиган одамдан, охирги кетадиганигача маъсулдир. Уларнинг сафарлари эса тугамайди. Мен ўзимни академияда яхши ҳис қиламан.

- Мураббийлик ҳақида гап кетар экан, Томас Тухелнинг Англия миллий жамоаси бош мураббийига айланганидан ҳайратландингми?

— Мен ҳайрон қолмадим. У буни хоҳлаганми ёки йўқ, билмадим, лекин уни танлашганидан ҳайратда эмасман, чунки у жуда яхши мутахассис. Менга унинг Англияда қилган ишлари ёқади, инглиз тилини яхши билади, «Челси» билан Чемпионлар Лигасини ютган ва Англиядаги имижи ҳам яхши.

- Спорт директори бўлишга қандай қарайсан?

— Спорт директори бўлиш ёмон фикр эмас: сен эркинроқ бўласан. Кўп ишингни телефонда битказиш мумкин бўлади. Лекин ҳеч қачон мураббийлик қилмайман. Мен бир клубнинг эмас, кўплаб болаларнинг мураббийи бўлишни афзал биламан.

«The Athletic» сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар