Ўзбекистон миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Владо Радманович ЖЧ-2026 саралаши 4-туридан ўрин олган БААга (1:0) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Қийин ва қизиқарли баҳс бўлди. БААни уйда аввал мағлуб этмагандик, шу нохуш анъана ҳам бироз таъсир қилди. Биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик қовушмади. Аммо иккинчи бўлимда ўзимизни кўрсата олдик. Мухлисларга раҳмат айтаман. Шифокорларга ҳам ташаккур — улар қўлдан келганича жароҳатланган футболчиларни тайёр қилиб беришди.
Реализация борасида муаммоларимиз бор. Буниси футболчиларнинг даражасига боғлиқ. Баъзан сония ичида қарор қилишга тўғри келади.
Иккинчи ҳужумчини туширганимиз? Вазиятдан келиб чиқиб, мантиқан шундай қарорга келдик. Катанец билан ҳам алоқада бўлиб турдик. Бош мураббий четлатишдан кейиноқ қўнғироқ қилди ва биз билан маслаҳатлашди.
Жаҳон чемпионатига яқинлашганимиз сари футболчиларда босим кучаяётгани тўғри. Руҳий тайёргарлик борасида ҳам ишлаймиз.
Аббос Файзуллаевнинг хатоларига сабаб руҳим жиҳат эмас. У жисмоний томондан 100 фоиз тайёр эмасди. Машғулотда оғир зарба қабул қилиб олганди. Шу боис ўзини тўлиқ кўрсата олмади, деб ўйлайман.
4 ўйинда 10 очко? Барча ўйинларда максимал очко олишга ҳаракат қилишни режалаштиргандик. Ноябрдаги ўйинларни бўйича гапирсам, бош мураббий режа тузади», — дейди Радманович матбуот анжуманида.