14.10.2024 23:00
3588
Теглар
«Автомашина берилгани йўқ, аммо автомашина харидига бемалол етадиган пул мукофоти берилди». «Андижон» бош директори жамоанинг мукофотланганини айтди

«Андижон» клуби бош директори Элбек Саматов жамоа футболчилари Ўзбекистон кубоги финалидаги ғалабадан кейин катта миқдордаги пул мукофоти билан мукофотланганини маълум қилди.

«Автомобил совға қилиниши ҳақидаги гаплар? Менимча, «Андижон» бош ҳомийси «ЎзАвтоСаноат» эканлиги сабабли Ўзбекистон кубогидаги ғалаба учун автомашина совға қилиниши ҳақида хабарлар тарқалган бўлса керак. Буни ўзимиз ҳам эшитгандик, лекин автомашина берилгани йўқ, бу фейк хабар эди.

Лекин тўғрисини айтишим керак, финал учун қўйилган мукофот пуллари бемалол автомашина харид қилиш учун етадиган маблағ эди. Қайси русумдаги автомобил хариди учун етарли эди? Финалга ажратилган бу пул мукофоти эди ва унинг бир қисми тарқатиб бўлинди. «ЎзАвтоСаноат» томонидан тақдим этилган бу пуллар тўлиқ олинди.

Жамоамизнинг ютуқларида клубдаги молиявий барқарорлик энг катта омиллардан бири. Ҳозирда жамоа олдида ойлик, мукофот пуллари ва бонуслардан ҳам қарздорлик йўқ», - дейди «Андижон» клуби бош директори Элбек Саматов «Спорт» телеканалидаги «Бизнинг футбол» кўрсатувидаги чиқишида.

Кўрсатув муаллифи Абдулла Нурмонов Ўзбекистон кубоги финалидаги «Навбаҳор» устидан эришилган ғалабадан (3:2) кейин «Андижон» футболчиларига тахминан 150 миллион сўмдан пул мукофоти берилгани ҳақидаги маълумотни клуб директори рад этмади.

Эслатиб ўтамиз, «Андижон» ўз тарихида илк бор кубок соҳибига айланди. Жамоа келаси мавсумдан Осиё Чемпионлар лигаси-2 турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар