13.10.2024 10:34
4521
Теглар
«Ўзбекистон – Эрон ўйинида пеналти бекор қилинди, «Динамо»нинг ўйинида қўйилганди» – Абрамов ВАР фаолияти ва Кожонинг йўқлиги ҳақида

Суперлига 14-турининг қолдирилган ўйини доирасидаги «Динамо» - «Навбаҳор» (0:1) учрашувидан кейин Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Афсуски, бугун нотўғри ўйнадик. Ҳаммасидан ҳам мени безовта қилаётгани – кетма-кет иккинчи учрашувимизда ҳам ўйинимиз чиқмагани ва биз вазият яратишда оқсаяпмиз. Ўйинни голсиз якунладик, анчадан буён бунақа бўлмаганди. Бугун гол ўтказиб юборганимизда ҳам хотиржам эдим, сабаби аввалги ўйинлардагидек гол уриб, вазиятни ўнглай олишимизга одатланганман. Аммо ғалати гол ўтказиб юборганимиздан кейин гол ура олмадик. Ўйлайманки, биз нотўғри ўйнадик ва айтарли голли вазият ярата олмадик. Рақиб эса бутун жамоа бўлиб, ҳимояда ўйнади ва бундай ўйинда гол уриш қийин эди. Биринчи бўлимда жуда ёмон ўйнадик, иккинчи бўлимда эса босим уюштириб, ҳужум қилдик, бироқ ҳал қилувчи узатмалар бўлмади. Афсуски, якунда мағлуб бўлдик. Стадионга келган мухлислардан узр сўраган бўлардим, уларнинг ишончини оқлай олмадик. Бугун ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозонишимиз талаб этиларди, аммо олдиндан ғалаба қозониш ҳақида ўйлаганингда мана шундай бўлади.

- Анваржон Ҳожимирзаев 1-голдаги хатодан кейин концентрацияни бироз йўқотгандек бўлди...

- Бу футбол. Бу хато эмас, тўп унга келганда узоқлаштирмоқчи эди. Бу вазиятда ҳимоячилар ҳам диққат эътиборни йўқотишди. Рикошетдан кейин эса вазият гол билан тугади. Бу қанчалик унга таъсир қилганини билмайман, аммо у бетоблиги сабабли бунгача бир қанча машғулотларни ўтказиб юборган эди. Шу боис, у баъзида ўйин ритмидан чиқиб қолгандек бўлди. Бугун унинг ҳам, жамоанинг ҳам куни бўлмади.

- Кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам Кожонинг йўқлиги таъсир қилдими? Ҳар ҳолда Кожо бўлганда Анварга кўпроқ ҳудуд очилар ва вазиятлар яратиларди...

- Мағлубиятга учраганда кўп сабабларни келтириш мумкин. Албатта, Кожо сингари ҳужумчига ҳимоячилар кўпроқ эътибор беришади ва бу Анварга ҳам эркинлик пайдо қилган бўлиши мумкин. Аммо ҳозир гап Кожонинг йўқлиги ёки бошқа масалада эмас – биз охирги ўйинларда нотўғри ўйнаяпмиз. Ҳамма гап шунда. Ўйинимиз устида ишлашимиз керак.

- Бугун Суперлигада дебют қилган Фирдавс Абдураҳмонов Андрей Пятницкий қўл остидаги ўринбосарлар жамоасида ўзини кўрсатишни бошлаганди. Ёшлар жамоаси ва унинг ўйинидан қанчалик қониқдингиз?

- Ёшларимиз юқори ўринларда бораётгани қувонарли ва улар сафидан бугун Фирдавсни синаб кўрдик. У дебютида ёмон ҳаракат қилмади, унинг келажаги бор. Энг асосийси – Абдураҳмоновнинг буёғига ўз устида қандай ишлаши. Чунки Абдураҳмонов ва қолган ёшлар – Самарқанд футболининг келажаги. Ёш ўйинчиларни жалб этиш устида ишлаймиз.

- Келаси турда турнир пешқадами «Насаф»га қарши учрашув кутиб турибди...

- Ҳа, орада катта танаффус юзага келади ва 28 октябр кунги «Насаф» билан ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Мени ҳайрон қолдирадиган жиҳати – «Насаф» 30та гол уриб пешқадам, биз эса 30та гол билан 7-ўриндамиз...

- Кеча ўйин олди машғулотларда футболчиларнинг «Динамо» стадионида шуғулланиши масаласида муаммо борлигини кўрдик...

- Очиғи, бу ҳолат мен учун кулгули. Бизга бемалол тайёргарлик кўриш учун майдонни беришмаса, «Динамо» стадионидаги майдонни ўзи ким учун тайёрлашди, буни билмаймиз. Бунга ҳаттоки изоҳ ҳам бера олмайман, чунки нега бундай бўлаётганини билмайман. Бу менга боғлиқ бўлмаган масала, менимча, буни раҳбарият бизга тушунтириши керак. Агар бу майдон биз учун бўлмаса, бизга айтишлари керак, биз бу ерда шуғулланмасдик. Ўйингача бошқа майдонда шуғулланамиз, ўйинда эса бу ерда тўп сурамиз, бу ҳам таъсир қилади.

- «Пахтакор»га қарши ўйинда ҳакамликдаги хатоларга қарамай, ўша ўйинда VAR ҳаками бўлиб ишлаган ҳакам бугун яна «Динамо» ўйинида VAR ҳаками сифатида ишлади. Буни қандай тушуниш мумкин, ўша вазиятлар бўйича нима дея оласиз?

- «Пахтакор» билан ўйинда рақибнинг 1-голи инобатга олинган вазиятда уларда бу техника ишламагани ҳақида эшитдим. Аммо менга телефондан кўрсатишгандаёқ, бу техника ёрдамисиз ҳам “ўйиндан ташқари ҳолати” экани яққол кўриниб турганди. Телевизор орқали шунчаки такрорини кўрганда ҳам офсайд экани кўриниб турганди. VARда улар бир неча дақиқа бу вазиятни кўриб чиқишди. Ўша вазиятда биз Чераннинг голи бекор қилинишига шубҳа қилмагандик. Ҳакамлар эса афсуски, голни инобатга олишди.

Кейин эса тўп қўлга теккан пайтда дарвозамизга белгиланган пеналти ҳақида. Мана, Ўзбекистон миллий жамоасининг ўйинида тўп қўлга текканда, пеналти бекор қилинди, бизнинг дарвозамизга эса қўйилди.

Ҳакамликни муҳокама қилишни истамайман, аммо мени ҳакамларнинг хатосидан ҳам кўра, VARнинг иши кўпроқ ўйлантиради. Мана, масалан, Ўзбекистон кубоги финалида, миллий жамоамиз ўйинида хорижлик ҳакамлар ишлашди. Кўрдик, VARга боғлиқ вазиятларда жуда тез қарор қабул қилишди. Очиғи, бизда интернет шунақа ишлагани учун, VAR ҳам шундай ишласа, керак деб ўйлардим. Аммо хорижлик ҳакамлар ҳам Ўзбекистонда туриб VARда шундай ишлашди. Бизнинг ўйинларда тўп майдондан чиқиб кетса ҳам, VAR қайсидир вазиятни кўриши учун кутамиз, тушунарсиз тўхталишлар юзага келаверади. Бу эса ҳар қандай ўйиннинг ритмига таъсир қилади. VAR бизда вазиятларни нега узоқ кўриб чиқиши мен учун тушунарсиз ва мени ўйлантиради, - деди Вадим Абрамов журналистларнинг саволларига жавобан.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар