13.10.2024 15:46
1801
Теглар
«ITicket.uz» Ўзбекистон – БАА учрашувига чиқарилган чипталар сотиб бўлинганини рад этди

ЖЧ-2026 саралаш босқич 4-тури доирасида 15 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари миллий жамоалари ўртасидаги учрашувга чиқарилган чипталар сотиб бўлингани онлайн чипта савдоси билан шуғулланадиган iticket сайти орқали маълум қилинган эди.

Хусусан, онлайн чипталар савдоси сайтида 11 октябр куни Ўзбекистон – БАА учрашувига чиқарилган чипталар савдоси бошлангач, бир неча соатдан кейин iticket.uz cайтида чипталар сотиб бўлингани маълум қилинганди. 

Iticket сайти 12 октябр куни чипталар сотиб бўлингани ҳақидаги ўз сайтида келтирган маълумотни рад этди ва «олиб-сотарларликка йўл қўйилмаслик мақсадида чипталарни маълум миқдорда сотишга қарор қилингани» ҳақида ёзди.

«Ўзбекистондаги мустақил нашрлар томонидан чоп этилган Ўзбекистон ва БАА миллий терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйини учун чипталар сунъий равишда тўхтатилиб қўйилганлиги ва чипталар тугагани ҳақидаги қатор мақолаларга жавобан қуйидагиларни хабар қиламиз.

Охирги ўйиндан сўнг iTicket.uz раҳбарияти жамоамиз мухлисларига тенг шароит яратиш, шунингдек, олиб-сотарларликка йўл қўйилмаслик мақсадида чипталарни маълум миқдорда сотишга қарор қилди. Шуни тасдиқлаймизки, ўйин учун чипталар «Бунёдкор» стадиони кассаларида мавжуд, шунингдек, ҳар куни маълум миқдорда онлайн сотувга чиқарилади. Масалан, бугун, чипталарнинг навбатдаги партияси соат 15:00да сотувга чиқарилади. Оммавий ахборот воситаларидаги тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни ва чипталарни учинчи шахслардан харид қилмасликни сўраб қоламиз», - дея iTicket.uz раҳбарияти баёнотини келтирган сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари.

Tribuna.uz сайти бугун, 13 октябр соат 15:30 ҳолатида ҳам iTicket.uz cайтида Ўзбекистон – БАА ўйини учун чиқарилган «чипталар тугаган» дея жойланган маълумот турганини қайд этиши мумкин.

Маълумот учун, учрашув чипталари 40 мингдан 500 минг сўмгача нархланган. 34 минг сиғимли ўйингоҳдаги чипталарнинг қанчаси сотилгани номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Эрон учрашувидан бир кун аввал Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари «Бунёдкор» стадиони кассаси олдидан репортаж қилиб, мухлислар ёпиқ касса олдида навбатда тургани, чайқовчилар қўлида эса чипталар бир неча баравар қиммат нархда сотилаётганига гувоҳ бўлганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар