Ўзбекистон – Эрон учрашуви олдидан форслар ҳужумчиси Сардор Озмун Элдор Шомуродовнинг сўзларига жавоб қайтарди.
Элдор Шомуродов сешанба кунги машғулот олдидан интервью бериб, «Эронга қарши учрашув Қирғизистонга қарши кечган ўйиндан кўра осон бўлади», - дея фикр билдирган эди.
Бугун ўтказилган ўйин олди матбуот анжуманида Сардор Озмун дўсти Элдор Шомуродовнинг сўзларига жавоб қайтарди.
«Ўзбекистон миллий жамоасини ҳурмат қиламиз. Уларга қарши кўп маротаба ўйнадик. Бу сафарги ўйинда 3 очкони қўлга киритиш жуда муҳим. Аммо рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, Ўзбекистон сўнгги марта бизга жиддий чақирув ташлаб, муаммо туғдирганига 12 йил бўлди, 2012 йилдан буён Эронни мағлуб эта олмаяпти», - деди Эрон миллий жамоаси ҳужумчиси.
Қайд этиш жоиз, Озмуннинг бу сўзлари матбуот анжуманидаги таржимон орқали таржима қилинмади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ЖЧ-2026 3-саралаш босқич 3-тури доирасидаги ўйин 10 октябр куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида соат 19:00да бўлиб ўтади.