Эрон миллий жамоаси бош мураббийи Амир Ғалинойи ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Ўзбекистон билан ўйин олдидан матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
«Аввало, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Канатецга соғлик тилайман. Эртага бизда кўп имкониятлар бўлмайди. Аввалги икки ўйинда вазиятларни кўкка совурдик. Бу сафар минимал имкониятлардан максимал фойдаланишимиз керак.
15 октябр кунги Қатар билан ўйин қаерда бўлиши ҳақида бир нарса дея олмайман. Ҳозир бор эътиборимиз Ўзбекистонга қарши баҳсга қаратилган. Шуни айтишим мумкинки, Эрон — дунёдаги энг яхши ва тинч мамлакатлардан бири.
Ташқи нарсаларга чалғимай, бор эътиборимизни футболга қаратишимиз, томошабоп ўйин кўрсатишимиз ва Тошкентдан 3 очко олиб кетишимиз керак.
Ҳимоямиздаги йўқотишлар? Дастлабки икки турда «қуруқ ўйин» ўтказдик ва эртага ҳам бу серияни давом эттиришга уринамиз», — дейди форслар устози.
Меҳмонлар ҳужумчиси Сардор Озмун ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: «Эртанги ўйин жуда муҳим, аммо биз Ўзбекистонга қарши қандай ўйнашни биламиз. Умид қиламанки, 3 очко билан қайтамиз».