08.10.2024 18:19
961
Теглар
“Шахматдан чалғимаслик учун телефон ҳам ишлатмайман” – Шамсиддин Воҳидов

Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар жамоаси 189 давлат орасидан учинчи ўринни эгаллади. Жамоа аъзоларидан бири 22 ёшли Шамсиддин Воҳидов тахталар кесимида олтин медални қўлга киритди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда олимпиада таассуротлари, ўйинларга тайёргарлик жараёни ва муваффақиятли шахматчи бўлиш ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Ҳиндларга қарши баҳс қийин кечди”

Будапештда бўлиб ўтган халқаро шахмат олимпиадасида дунёнинг энг яхши шахматчилари қатнашди. Мусобақада тўртинчи тахтада ўйнадим. 10 та турдан 8 балл жамладим, 6 ғалаба, 4 дурангбилан олтин медални қўлга киритдим. Тринидад ва Тобаго, Молдова, Хитой, Ҳиндистон, Ветнам, Миср, Хорватия каби давлатлардан келган рақиблар билан кураш олиб бордик. Энг қийин беллашувлар ҳиндистонлик шахматчилар билан бўлди. Улар билан 4 та дуранг натижа қайд этилди. Энг қизиғи, ҳиндистонлик ўйинчилар фақат бизнинг мамлакат шахматчилари билан дуранг натижа кўрсатди, қолган барча давлатлардан келган иштирокчиларни мағлубиятга учратди.

Умумжамоа ҳисобида 8 марта ғалаба қозондик, 1 та дуранг, 2 та мағлубият бўлди. Шу тариқа 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида рейтинг бўйича АҚШ, Ҳиндистон ва Хитойдан кейин 189 давлат орасида учинчи ўринни қўлга киритдик. Ўзбекистонга қайтганимизда бизни тантанали кутиб олишди. BYD автомобили ва пул мукофотлари совға қилинди. Меҳнатимиз шу тарзда рағбатлантирилганидан барчамиз чексиз хурсанд бўлдик.

Крамникдан катта тажриба олдим”

Олимпиададан олдин Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи Владимир Крамник билан машғулотлар ўтказдик. Бу биз учун катта маҳорат мактаби бўлди. Хусусан, ўйин стратегиялари, тактикалар, комбинациялар, ўйин жараёнида тезкор таҳлил қилиш қобилиятларини ривожлантириш устида ишладик. Рақиб билан танишиш, унинг ўйин услублари ва заиф томонларини билиб олиш бўйича мураббийдан лайфҳаклар олдик.

Шахматда, одатда, тез ва тўғри қарор қабул қилиш, ҳиссиётларни бошқариш, концентрацияни сақлаш, стресс ва босим остида самарали ўйнаш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу сабабли, нафақат ақлий жиҳатдан, балки психологик ва жисмоний жиҳатдан ҳам пухта тайёргарлик кўрдик.

Чарчоқ туфайли ютқазиб қўйиш мумкин”

Шахмат ўйинлари 3 соатдан 5-6 соатгача давом этиши мумкин. Бу каби жараёнларда диққатни бир нуқтага йўналтириш муҳим ҳисобланади. Агар ҳаёлингиз бошқа нарсага бирозга бўлса-да чалғиб қолса, битта нотўғри юриш орқали 3-4 соат давомида қилган меҳнатингиз натижасини нолга тенглаштиришингиз ва мағлубиятга учрашингиз мумкин.

Шунингдек, кучли жисмоний тайёргарликсиз шахматчи ғалабага эриша олмайди, 5-6 соатлаб давом этадиган ўйинларда чарчоқ туфайли ютқазиб қўйиш ҳолатлари учрайди, шахсан ўзимнинг тажрибамда ҳам бундай вазиятлар бир неча марта бўлган.

Чалғитувчи нарсалардан узоқлашганман”

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайман. Фақат Instagram саҳифам бор, унга ҳам деярли кирмайман. Сабаби улар одамнинг вақтини ўғирлаб қўяди. Кўп ҳолларда телефон ҳам ишлатмайман, шахматга бор эътиборимни қаратишни мақсад қилганман. Мобил қурилмалар интерактивлиги боис сизни ўзига жалб қилиб, ўз устингизда ишлашдан узоқлаштиради. Бор кучимни юқори натижаларни қайд этишга йўналтиряпман ва шу сабабли мақсадимга эришишимдан чалғитувчи барча нарсадан воз кечганман.

Тўлиқ интервюни Kun.uz’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Маматжонов.
Монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар