08.10.2024 15:54
4990
Теглар
«Офсайд бор-йўқлигини аниқловчи чизиқ техник муаммо сабаб ишламаган» – «Пахтакор» - «Динамо» ўйини бўйича Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси

6 октябрда Суперлига 2024 йилги мавсумнинг 21-тури доирасида «Пахтакор» - «Динамо» ўйини бўлиб ўтди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашув тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувда жами 4 та баҳсли вазият юзага келди.  

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1-вазият. «Пахтакор» - «Динамо» тўқнашуви: мезбонларнинг голи.

«Пахтакор» - «Динамо» учрашувининг 9-дақиқасида мезбонлар гол уришга муваффақ бўлди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев ВАР билан мулоқотдан сўнг офсайд йўқлигини қайд этди ва голни инобатга олди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган. Боиси, офсайд бор-йўқлигини аниқловчи чизиқ техник муаммо сабаб ишламаган. ВАРда етарли исбот бўлмагани учун ВАР ҳаками ҳолатга аралаша олмайди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси бош ва ВАР ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди, аммо биринчи ёрдамчи ҳакамни хато қилган, деб ҳисоблайди.

2-вазият. «Пахтакор» - «Динамо» тўқнашуви: мезбонларнинг голи.

«Пахтакор» - «Динамо» учрашувининг 33-дақиқасида мезбонлар ўзининг иккинчи голини урди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев мазкур ҳолатни монитор орқали кўргач, фол қайд этди ва голни бекор қилди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мезбонларнинг 10-рақамли футболчиси тўпни дарвозага киритиш учун рақибига нисбатан қўлини ишлатган ҳолда ўйин қоидасини бузган ва гол урган. Айнан шу каби вазиятларда ВАР ҳолатга аралашиши керак ва ВАР ҳаками тўғри қилган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

3-вазият. «Пахтакор» - «Динамо» қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Пахтакор» - «Динамо» учрашувининг 41-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп меҳмонларнинг 4-рақамли футболчисига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев тўп қўлга текканини қайд этди ва нуқтага ишора қилди.   

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда қўл нотабиий турибди ва узатмадан сўнг ҳимоячи тўпга нисбатан қўли билан ҳаракат қилган. 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли асос мавжуд. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб ҳисобланди.

4-вазият: «Пахтакор» - «Динамо» ўйини: баҳсли пенальти.

«Пахтакор» - «Динамо» учрашувининг 70-дақиқасида мезбонларнинг 22-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонига ёриб кирди, сўнг шериклари томон узатма амалга оширди. Айни шу пайтда тўп ҳимоячига тегиб, майдон ташқарисига чиқди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев бу вазиятда тўп қўлга текканини маълум қилди ва нуқтага ишора қилди.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда қўл нотабиий турибди ва узатмадан сўнг ҳимоячи тўпга нисбатан қўли билан ҳаракат қилган. 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли асос мавжуд. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб ҳисобланди, - дейилади Ўзбекистон ҳакамлар маркази хулосасида.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар