07.10.2024 17:38
6417
Теглар
Зидан, Хави, Тухел, Клопп ёхуд эркин агент мураббийлар топ-10лиги

Мавсумнинг атиги 1,5 ойи ортда қолганига қарамай, аллақачон айрим жамоаларда мураббийларнинг курсиси қимирлай бошлаган. Балки, бунга мураббийлар бозоридаги танлов имкониятларининг юқори эканлиги сабаб бўлаётгандир. Қуйида ҳозирги кунда ҳеч бир клубни бошқармаётган мураббийлар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.

10. Дэвид Мойес

«Эвертон»даги 11 йиллик фаолияти билан ҳатто Сер Алекс Фергюсоннинг назарига тушиб, «Манчестер Юнайтед»да ҳамюртининг ўрнини эгаллаган Дэвид Мойес элита футболи жамоалари билан ишлашда муваффақиятга эриша олмади. Орада «Реал Соседад»да ҳам бир мавсум ишлаб Англияга қайтган мутахассис «Вест Ҳем»га икки маротаба мураббий этиб тайинланди ва «болғачилар» мураббийи сифатида умумий ҳисобда 6 мавсумни ўтказди. 2022/2023 йилги мавсумда УЕФА Конференциялар Лигасида жамосининг Европа майдонларидаги иккинчи титулини ютиб берди. Бироқ, ундан кейинги мавсумда жамоа анчайин беқарор ўйнади ва мавсум якунида лондонликлар у билан хайрлашишди.

9. Грэм Поттер

Грэм Поттернинг шотландиялик ҳамкасбидан ёши анча кичик, бироқ у ҳам катта клубдан ҳайдов ейишга улгурди. «Брайтон»даги ажойиб иши билан Тодд Боэли эътиборини тортган мураббий клубидаги лойиҳасини ташлаб, Лондонга борди. Бир мавсум аввал Чемпионлар Лигасини ютиб берган Томас Тухелни ҳайдашдан тап тортмаган «аристократлар», табиийки, уни ҳам муваффақиятсиз мавсуми учун кечиришмади. Инглиз матбуоти бир муддат унинг миллий жамоадан кетган Гарет Саутгейт ўрнини эгаллаши масаласини ҳам муҳокама қилишди. Бироқ ҳали-ҳануз Поттер ишсиз, Англияни эса вақтинчалик мураббий бошқариб келмоқда.

8. Йоаҳим Лёв

Германияни жаҳон чемпионати чемпионига айлантирган мураббийнинг рейтинги анча баландроқ бўлиши ҳам мумкин эди, бироқ унинг муваффақиятлари фақат миллий жамоа миқёсида кузатилган. Устига-устак, 2021 йилдан бери ишсиз бўлиб қолмоқда. 64 ёшли мураббий ўтган аср охирида, аниқроғи, 1997 йилда «Штутгарт» билан Германия Кубогида зафар қучган. 2001/2002 йилги мавсумда эса Австрия Бундеслигаси вакили «Тирол Инсбрук»ни лига чемпионлигига етаклаб келган ва бу ушбу клуб учун ҳозирча сўнггиси бўлиб келмоқда.

7. Оле-Гуннар Сулшер

Норвегиялик мураббийнинг «Манчестер Юнайтед»даги даври борасида икки хил тасаввур бор. Бир тарафдан асримиз аввалидан энг юқори рейтингга эга бўлган клублар қаторида бўлиб келган жамоанинг у бош мураббий бўлган даврда ҳам ўзига муносиб ўйин намойиш эта олмагани билан боғлиқ салбий хотиралар мавжуд. Бошқа тарафдан ҳозирги кунда Эрик тен Ҳаг қўл остидаги жамоанинг муваффақиятсиз, шу билан бирга нурсиз ўйини фонида Сулшер даврини қўмсайдиганлар ҳам кўплаб топилади. Дарҳақиқат, собиқ ҳужумчи клубни ҳозиргидан анча чекланган ресурслар билан Европа майдонларида ушлаб юрганди. Унга пул ва трансферларга имкон берилган дастлабки мавсумнинг ярми ҳам ўтиб улгурмай, ишдан бўшатилганди.

6. Сержиу Консейсау

«Порту» мураббийлигида 9 мавсум ўтказиб, бу вақт ичида 379та учрашувда иштирок этишга эришган португалиялик мутахассис бугунги кунда эркин агент мақомида. Таъкидлаш жоизки, унинг «аждарлар» постидаги илк даврлари Португалия футболида «Бенфика» ҳукмронлик қилаётган даврга тўғри келганди. Унинг «Эстадиу ду Драгау»даги дастлабки мавсуми осон кечмаган. 2017/2018 йилги мавсумда миллий жамоа собиқ футболчиси лиссабонликларнинг кетма-кет 4 мавсумлик чемпионлик сериясига чек қўйди ва буни 7 очколик фарқ билан, ўзига хос ёрқинлик билан амалга оширди. 9 йиллик фаолиятда у «Порту»га 4та мамлакат кубогини ҳам олиб келди. Ҳа, унинг Европа майдонларидаги юриши у қадар муваффақиятли кечмади, бироқ унинг келгуси фаолияти қаерда давом этишини кузатиш қизиқ бўлади.

5. Массимилиано Аллегри

Массимилиано Аллегри ва «Ювентус» «ишқий ҳикояси» хотимасига етди, бу гал муносабатларга росмана якун ясалгандек туюлмоқда. Ўтган мавсум Италия Кубоги финалидаги унинг ўзини тутиши клуб билан муносабатлари ўнгланмас бир ҳолда бузилганини кўрсатиб берди. Лекин унинг «кекса сеньора» билан эришган ютуқларига кўз юмиб кетиш ҳам инсофдан бўлмайди. Туриндаги дастлабки даврини 2014-2019 йилларда ўтказган италиялик мураббий ушбу даврда бирорта А Серияни ютмай қолмади. 2 маротаба жамоасини Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқди. Афсуски, носталгия кайфиятига берилиб, унинг жамоага қайтарилишидан ҳеч бир тараф ютмади ва 2021 йилда «Юве»га қайтган мураббий баҳордаги истеъфосигача бир маротаба Италия Кубогини ютиб бера олди, холос.

4. Хави

Хавининг мураббийлик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмади, бироқ унинг натижалари ва ўйин услуби ўзига хослиги шу кичик фурсат ичида барчага намоён бўлиб улгурди. Қатарнинг «Ас-Садд»идан тўғри Барселонага парвоз қилган мураббийдан ҳамма ҳам бу қадар юқори маҳорат кутмаган бўлиши табиий. Боиси, Лапорта уни мавсум ўртасида, ўзи билан муносабатлари яхши эмаслиги етмагандек, клубдаги натижалари ҳам яхши чиқмаётган Роналд Куман ўрнига олиб келганди. Келганида Ла Лиганинг 9-ўрнини банд этаётган «Барса»ни у ўша мавсумнинг ўзида чемпионатни 2-ўринда якунлашгача олиб кела олди. Келгуси мавсумда эса каттагина фарқ билан чемпионликни қўлга киритди. Бугун Ҳанси Флик билан ёрқин старт амалга оширган каталонияликларга қараб уларнинг азалдан кучли бўлганини даъво қилиш осон, бироқ айнан Хави мана шу «мактаб болалари»ни катта футболга олиб ўтиб, «Барса»ни яна катта титуллар учун номзод жамоага айлантирганини унутмаслик керак. Унга бир қатор клублардан таклиф бўлаётганига қарамай, Хави ўзи олдин айтиб ўтганидек ушбу мавсумни оиласига бағишлаб, дам оляпти.

3. Томас Тухел

Томас Тухел ўзи борган сўнгги клубларнинг барчасида титул ютишни уддаламоқда, бироқ ҳар гал ундан норози бўлиб, истеъфога чиқармоқдалар. ПСЖни ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси финалига айнан мана шу мутахассис гипсланган оёғи билан етаклаб келганди. 2021 йилда «Челси»нинг Чемпионлар Лигасида зафар қучиши клубнинг ашаддий мухлислари учун ҳам ақлбовар қилмас натижа бўлганди. Аммо якунда германиялик мураббий клубни мавсумнинг аввалидаёқ ҳеч кутилмаган ҳолда тарк этди. Унинг «Бавария»га Нагелсманни алмаштириш учун келиши ҳам Лондондан кетишидан кам бўлмаган тарзда ҳайратланарли бўлганди. Дастлабки мавсумида «Боруссия Дортмунд»нинг сўнгги турлардаги «касали» сабаб Бундеслигани ютган бўлса, келгуси мавсумда мюнҳенликларда 11 йилдан бери кузатилмаган совринсиз мавсумга сабаб бўлди. Лекин барибир Чемпионлар Лигасида ғалабага эришган бундай мураббийнинг харидорлари кўп бўлиши аниқ.

2. Юрген Клопп

«Ливерпул»даги эртакнамо фаолиятидан сўнг Англия Премьер-лигасини буткул тарк этганини эълон қилган мураббий камида бир йилга ҳеч қайси клубда ишламаслигини ҳам таъкидлаганди. У ҳатто фаолиятини якунлаган ҳам бўлиши мумкин, бироқ ҳақиқат шундаки, у — эркин агент. Унинг кўп йиллик рақиби Гвардиоланинг тахмин қилишича, Юрген тез орада футболга, мураббийликка қайтади. Америка Қўшма Штатлари миллий жамоаси Маурисио Почеттино билан музокараларга киришиш олдидан унга алоқага чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо ҳозирча у ўз сўзи устидан чиқиб, росманасига дам олмоқда. Мерсисайдликларга узоқ йиллар кутилган Премьер-лига ва Чемпионлар Лигаси ғолиблигини ютиб берган, сўзсиз афсонавий мураббийни яна қайси жамоа заҳира ўриндиғида кўришимиз қизиқ.

1. Зинедин Зидан

Франциялик афсона футболчилик даврига монанд равишда мураббийлик карьерасини ҳам юқори савияда олиб бора олди. Ҳозирча фақат «Реал» бош мураббийи сифатида ишлаган мутахассиснинг салоҳиятига тўлиқ баҳо беришга «Қироллик клуби»нинг мислсиз кучи бироз тўсиқ бўлиши мумкиндир, бироқ унгача на «Реал»нинг ва на бошқа бирор клуб мураббийи Чемпионлар Лигасини кетма-кет 2 марта ютишни уддалаганди, у эса буни қаторасига 3 марта бажаришга эришди. 2021 йилда «Реал»дан кетар экан ўзига нисбатан етарли ишонч ҳиссини туймаётганини айтганди. Яқиндагина «RMC Sport» нашрига берган интервьюсида эса мураббийликка қайтишига жуда оз фурсат қолганини айтиб ўтди. Демак, «Зизу»ни тез орада янги жамоа бош мураббийи сифатида кўрамиз ёки уни яна «Реал»га қайтади, деб ўйлайсизми?

«Squawka» рейтинги асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар