07.10.2024 20:30
2633
Теглар
«Бу биринчи марта эмас» – Отабек Шукуров Катанецнинг йўқлиги, Саудиядаги фаолияти ва Эронга қарши ўйин ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров ЖЧ-2026 саралаш босқич 3-4-тур ўйинлари доирасидаги Эрон ва БААга қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Саудиядаги фаолиятим? Саудия Арабистони чемпионатини ҳамма билса керак – Осиёда энг яхши чемпионат. Футбол юлдузлари ҳам бориб, ўша ерда ўйнашмоқда. Чемпионат жуда кучли. Худога шукур, янги жамоамга бориб, мослашиб олдим. Жамоамиз янги, таркиб ҳам. Натижаларимиз ҳам тобора яхшиланяпти.

Жисмоний ҳолат? Миллий жамоага барча тайёр ҳолда келади. Бу ерга келиб жисмоний ҳолатни яхшилаб бўлмайди, чунки 3 кундан кейин ўйин кутади. Ҳамма ўз клубидан тайёр бўлиб келади. Жамоамизда кайфият аъло.

Сречко Катанецнинг йўқлиги қандай таъсир қилади? Бу биринчи марта эмас. Биз бу мураббий билан 3-4 йилдан буён ишлаяпмиз, унинг қарашларини барчамиз биламиз. Бундай ҳолат бизда олдин ҳам бўлган, адашмасам буниси учинчи марта бўляпти. Ўйлайманки, мураббийнинг йўқлиги ҳеч қандай таъсир қилмайди, чунки унинг ёрдамчилари шу ерда. Футболчилар ҳам буни тўғри тушуниб турибди. ИншаАллоҳ, Катанецга соғлиқ тилаб, у ўйинлардан олдин ва учрашув давомида ёрдамчилари орқали ўз кўрсатмаларини бериб боради, деб ўйлайман», - дея Отабек Шукуровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, гуруҳда 6 очко билан пешқадамлик қилаётган Ўзбекистон миллий жамоаси 10 октябр куни Тошкентда Эронни қабул қилса, 15 октябрда БААга қарши саф тортади. Ҳар иккала учрашув «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар