05.10.2024 14:13
2701
Теглар
«Реал» ноқулай рақибга қарши, тен Ҳагнинг тақдири тикилган ўйин, Бундеслигада пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Миллий жамоаларнинг навбатдаги ўйинлари муносабати билан танаффусга чиқиш олдидан клублар сўнгги баҳсларга киришадилар. Тен Ҳагнинг тақдири Бирмингҳемда ҳал бўлса, «Бавария» ғалабали сериясига ўтган йили йирик ҳисобда ютқазган Франкфуртда қайтишига тўғри келади.

РЕАЛ – ВИЛЯРРЕАЛ (5 октябр, 23:55)

Умуман олганда ўзаро учрашувларда «Реал»да яққол устунлик бўлса-да, сўнгги йилларни оладиган бўлсак, тахмин қилиш мумкин бўлган натижаларни кўрамиз. Бу икки жамоа ўртасидаги охирги 14 учрашувнинг атиги 5 тасида «Реал» ғалаба қозонган холос, бу ҳатто «Эл Класико»даги кўрсаткичлардан ҳам кам.  Мадриддаги ўйинларни ўзида ҳам масалан, сўнгги тўрт ўйиндан биттасида дуранг қайд этилган бўлса, бир учрашув меҳмонлар ғалабаси билан якунланган. Агар бунга «Вилярреал» мавсумни барқарор бошлаб, «Реал»дан атиги бир очко кам жамғарган ҳолда учинчи ўринни эгаллаб турганидан келиб чиқсак, мезбонларга бу сафар ҳам осон бўлмаслиги шубҳасиз. «Вилярреал» Ла Лигада вазият яратиш бўйича ҳам кучли учликдан жой олган, яъни анча ҳужумкор ва дадил жамоа – одатда, бу йилги «Реал» айнан шундай рақибларга қарши қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлаш лозим.

Гарсия шогирдлари бу мавсум сафардаги 4 ўйиннинг учтасида бир хил 2:1 ҳисобида устун келишди. Бир ўйин дуранг билан якунланди. Умуман жамоа фақат «Барселона»га ўз майдонида ютқазди холос. «Реал» эса уй ўйинларини ишончлироқ ўтказмоқда – тўрт ўйинда тўрт ғалаба. Демак бугун қайсидир серия тугаши аниқ – ё «Реал» илк марта ўз майдонида очко йўқотади ёки «Вилярреал» сафарда илк мағлубиятини тотиб кўради.

Таркибларга келсак, Килиан Мбаппе муддатидан аввал сафга қайтди ва бугун илк маротаба асосий таркибда ҳаракат қилиши мумкин. «Лилл»га қарши Чемпионлар Лигасида у иккинчи таймда захирадан майдонга туширилганди. Дарвоқе, еврокубоклар сабабли «Реал» рақибига қараганда камроқ дам олишга мажбур бўлгани ҳам ушбу учрашувга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Мезбонларда шунингдек, Куртуа ва Диас йўқ, Давид Алаба эса машғулотларга қайтгани айтилмоқда, аммо асосий таркибга қай даражада тайёр экани маълум эмас. Жароҳатлар борасида меҳмонларнинг ҳолати анчагина ёмон – Педраса, Суарес, Фойт, Морено, Переслар ҳар холда асосий таркиб футболчилари саналишади.

АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (6 октябр, 18:00)

Ҳали октябр бошланмади ҳамки, Эрик тен Ҳаг боши узра қора булутлар яна пайдо бўлди – худди ўтган мавсумдаги ҳолатни ёдга солади. Албатта, ўтган мавсумда муаммолар кўпроқ бўлгани ва жамоа жароҳатлар гирдобига илк бор тушаётгани учун мураббийга ишонч катта бўлган. Аммо ҳозир, жароҳатлар деярли йўқлиги, фаол ёзги трансферлардан сўнг ҳам вазиятнинг ўнгланмаслиги босимни кундан кунга орттирмоқда. Баъзи манбаларда «Порту» ва «Астон Вилла»га қарши ўйинлар якуний қарор чиқариш учун синов муддати экани ҳақида кўп ёзилган бўлса-да, ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ўйин тен Ҳагга бўлган муносабат учун анча аҳамиятли. «МЮ» Португалияда яна тушунарсиз бўлди – икки тўп билан устунликни бой бериш, сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолиш, Фернандешнинг навбатдаги қизил карточкаси, хуллас, ҳаммаси Бирмингҳэмдаги ўйинда кўриниши керак.

Бошқа тарафдан, Унаи Эмерининг «Астон Вилла»си негадир бу «МЮ» учун қулайдек. Охирги 4 ўзаро ўйинда Эрик тен Ҳаг ғалаба қозонган. Ҳатто ўтган йилги жуда ёмон мавсумда ҳам манчестерликлар ҳар икки ўйинда ҳам уч очко олгани жумбоқ. Унаи Эмери «Астон Вилла»га келганидаги илк ўйинлардан бири айнан «МЮ»га қарши ғалаба билан якунланган. Шундан сўнг, натижалар тўлиқ «иблислар» томонга ўтиб кетди.

Меҳмонларга умид бериши мумкин бўлган яна бир жиҳат шундаки, «Астон Вилла» бу мавсумда ҳозирча ўтган йилдаги каби даҳшатли салоҳиятни кўрсата олмаяпти. Жамоа 6 ўйиндан 4 тасини ўз фойдасига ҳал қилиб, 5-поғонадан жой олган бўлса-да, ғалабалар жуда қийинчилик билан, кўпинча ҳисобда орқада бораётиб қўлга киритилмоқда. Ҳал қилувчи голлар ҳам иккинчи бўлимда, вазият издан чиқиб, ўйин режасидан ташқарига чиқиб кетилиб бўлган паллаларда «Астон Вилла» баъзи футболчиларнинг индивидуал голлари эвазига очколар олмоқда. Айнан тактик жиҳатдан рақибларини енгишга ўрганиб қолган Эмери бу ҳолатда у қадар хурсанд эмаслиги шубҳасиз.

«Бавария»га қарши ўйин айнан шу жиҳатдан «Астон Вилла»га фойда бўлди дейиш мумкин. Ниҳоят биринчи марта жамоа маълум тактика ва режа асосида майдонга тушиб, шу орқали керакли натижани қўлга киритди. Акс ҳолда ўтган ҳафта Ипсвичдаги дурангдан сўнг футболчиларнинг кайфияти анча тушиб кетганди, Бошқа тарафдан, тилга олинган иродали ғалабалар шуни кўрсатадики, «Астон Вилла» яхши бошланмаган ўйинларда ҳам бурилиш ясаш қобилиятига эга – бу эса «Манчестер Юнайтед»га қарши айни муддао. Манчестерликлар устунликни бой бериш бўйича Англияда энг «яхши»лардан бири бўлса керак.

Жароҳатларга келадиган бўлсак, меҳмонлар таркибида икки чап қанот ҳимоячисидан бошқа ҳамма майдонга тушиши мумкин. Маунт ва Майнуда кичик жароҳатлар бор эди, аммо иккиси ҳам машғулотларда иштирок этишмоқда. Ўтган турда қизил карточка олган Бруно Фернандеш бўйича шикоят ижобий ҳал қилинди ва «Тоттенҳэм»га қарши ўйинни қайтариб бўлмаса-да, жамоа сардорининг дисквалификацияси бекор қилинди. Мезбонлар таркибида Рэмзи, Макгинн, Камара, Мингз каби футболчилар майдонга туша олишмайди. Шунингдек, Амаду Онана «Бавария»га қарши ўйинда жароҳат туфайли учрашувни тарк этганди, аммо катта эҳтимол билан у ушбу ўйинга тайёр бўлади.

БРАЙТОН – ТОТТЕНҲЭМ (6 октябр, 20:30)

«Олд Траффорд»даги ўйиннинг биринчи таймида «Тоттенҳэм» нафақат ушбу мавсумдаги, балки умуман Постекўғли қўл остидаги энг яхши ўйинини кўрсатди деб бемалол айтиш мумкин. Ўта фаол прессинг, ёввойи тезлик, футболчиларнинг ҳам тўп билан ҳам тўпсиз ҳаракатланиши ўта юқори даражада эди – идеалда мураббий «Тоттенҳэм»ни айнан ўша ўйиндаги каби кўрса ажаб эмас. Аммо бошқа тарафдан, ўша ўйиндаги ҳолатда «МЮ»нинг хатоларининг ҳам таъсир бор, яъни «Тоттенҳэм» ҳақиқий имтиҳонни айнан Брайтонда топширса ажаб эмас. Англиянинг энг яхши бил-апларидан бирига эга бўлган жамоага қарши ҳам прессинг ўша даражада иш берадими? Бу саволга жавоб топишимизга кўп вақт қолмади.

Масалан, аввалги мураббийлар қўл остида анча ҳимоявий бўлган ва қарши ҳужумларга таянган «Тоттенҳэм»нинг «Брайтон»га қарши ўйинлари муваффақиятли кечган, кўп марта айнан қарши ҳужумлар ёрдамида керакли натижани қўлга киритиб келган. Аммо янги услубга ўтгач, вазият ўзгарди – ўтган мавсумда «Брайтон» майдонида кечган ўйинда мезбонлар дастлабки соатда жавобсиз  4 гол уришга муваффақ бўлганди. Фақат сўнгги дақиқаларда меҳмонлар икки гол уриб ҳисобни қисқартиришган. Демак, бу сафар Постекўғли қандай жавоб ўйлаб топиши қизиқ. «Брайтон»да мураббий ўзгарган бўлса-да, услуб жиҳатдан деярли ҳаммаси ўз ўрнида.

Йўқотишлар борасида мезбонларда вазият оғирроқ. Марч, Адингра, Педро Жезус, ван Хакке, Милнер каби футболчилар «Тоттенҳэм»га қарши шерикларига ёрдам бера олишмайди. «Тоттенҳэм» сафида эса, етакчи футболчилардан бири Сон Хён Мин фақат терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг таркибга қайтса керак. Шунингдек, Ришарлисон ҳам тикланиб улгургани йўқ.

Пайшанба оқшомида «Тоттенҳэм» Венгрияда Европа Лигаси ўйинида майдонга тушди. Лондонликлар бу ўйинда деярли иккинчи таркиб билан ҳаракат қилган бўлишса-да, Порро, Ромеро, Сарр тўлиқ ўйнади, Меддисон, Жонсон, Кулушевски, Соланкелар иккинчи таймдан майдонга тушдилар. Ротация керакли пайтда амалга оширилган бўлса-да, бир ҳафта тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлган рақибга қарши албатта, қўшимча ўйин ўз таъсирини ўтказиши эҳтимоли бор.  

АЙНТРАХТ – БАВАРИЯ (6 октябр, 20:30)

«Айнтрахт» дастлабки турда Дортмундда мағлубиятга учраганди, шундан сўнг Бундеслигида қаторасига тўрт марта ғалаба қозонди. Европа Лигасида ҳам бир дуранг ва бир ғалабага эришди. Жуда яхши формадаги «Айнтрахт» «Бавария» учун анча хавфли рақибга айланиши мумкин. Ўтган йили Франкфуртда ўтган баҳсда мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам унутмаган бўлсангиз керак. Айни пайтда «Айнтрахт» 12 очко билан 2-ўринда бормоқда, демак бу ўйиндаги ғалаба Топмюллер шогирдларини турнир пешқадамига айлантиради.

«Бавария» эса Компани қўл остида илк мини-инқирозни бошдан кечирмоқда. Тўғри, жамоа дуранг билан тугаган «Байер»га қарши ўйинда ҳам, мағлубиятга учралган Бирмингҳемдаги учрашувда ҳам етарлича устунликни намойиш қилди, аммо ҳар ўйинда ўртача 4-5 гол уриб келган футболчиларнинг ишончига ўзига яраша зарба дейиш мумкин. Ахир «Бавария» охирги 2 ўйинда атиги бир гол уришни уддалади холос. «Бавария» бу ўйиндан кейин яна бир кучли жамоа бўлмиш «Штутгарт»га қарши ўйнайди, кейин эса Барселонада меҳмон бўлади. Айтиш мумкинки, Винсен Компани топ-жамоа мураббийи сифатида илк синовдан ўтади. «Бёрнли»да вазиятни ўнглаш осон, умуман ўнгламасдан ҳам яхши мураббий сифатида қолиш мумкин, аммо ҳар ўйинда ғалаба қозониш, кўп гол уриш керак бўлган жамоани бошқарар экансан, кичик муваффақиятсизликдан сўнг чиқиб кета олиш, шогирдларни яна аввалги жараёнга қайтариб олишни уддалашинг керак. Инқироз чўзилган сари вазиятни ўнглаш тобора қийинлашиб кетиши ҳам сир эмас, буни «Бавария»нинг аввалги мураббийлари жуда яхши билишади.

Бунинг устига, айнан ҳужумларни ташкил қилишда энг аҳамиятли фигура бўлган Жамал Мусиала жароҳат олди ва шу ойнинг охиригача сафга қайта олмайди. Мусиаласиз хавфли вазиятлар яратишни тизимга қўйиб олиш ҳам осон эмас, бу ишни кучли рақибга қарши амалга ошириш янада қийинлашиб кетиши турган гап.

Яна бир қизиқ факт. Бундеслигада ушбу мавсум «Бавария» сафардаги барча ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилди. Ўз навбатида «Айнтрахт» уй ўйинларида юз фоизлик кўрсаткичга эга.  

БОШҚА ЎЙИНЛАР

5 октябр. Кристал Пэлас – ЛИВЕРПУЛ (16:30), БАЙЕР – Холштейн Киел (18:30), Унион – БОРУССИЯ (18:30), АРСЕНАЛ – Саутҳэмптон (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Фулҳэм (19:00), ИНТЕР – Торино (23:45)

6 октябр. ЮВЕНТУС – Каляри (15:30), ЧЕЛСИ – Ноттингҳем Форест (18:00), Алавес – БАРСЕЛОНА (19:15), Монца – РОМА (21:00), Фиорентина – МИЛАН (23:45), Ницца – ПСЖ (23:45), Реал Сосьедад – АТЛЕТИКО (23:55).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар