04.10.2024 14:41
2197
Клублар ўртасидаги ЖЧ — майдонлари ва иштирокчилари аниқ, келажаги эса ноаниқ турнир

Жанни Инфантино ўз ваъдасига мувофиқ сентябр ойининг якунида янги форматдаги жаҳон кубогини қабул қилувчи стадионлар рўйхатини эълон қилди. Мусобақа логоси ва брендинг лойиҳасидан сўнг, АҚШда икки йилдан кейин катта мундиални ўтказувчи стадионларда янги турнирнинг старт олиши дабдабали эшитилмоқда. Бироқ бу борада ечимини кутаётган саволлар талайгина.

Узоқ вақтдан бери конфедерациялар, клублар ва ФИФА ўртасидаги мунозара маркази бўлиб турган клублар ўртасидаги жаҳон кубогининг янги форматдаги илк мусобақасига тобора яқинлашиб боряпмиз. Ўтган ҳафтанинг шанбасида ФИФА турнир беллашувларини қабул қилувчи АҚШнинг 12 шаҳри ва ундаги стадионларни эълон қилди. Ню-Йорк шаҳридаги марказий боғда ҳар йили ўтказиладиган «Global Citizen Festival»да дунё юлдузлари билан кўриниш берган Жанни Инфантино мундиал майдонларини катта дабдаба билан эълон қилди. Келгуси йилнинг 15 июнидан 13 июлига қадар ўтказилиши режалаштирилган янги форматдаги турнирга ФИФАнинг 9-президенти катта умид боғлагани кўриниб турибди. 13 июлдаги финални Ню-Жерсидаги «МетЛайф» ўйингоҳи қабул қилади ва у яна бир йилдан сўнг катта мундиалнинг ҳам ҳал қилувчи тўқнашувини ўтказиши ҳам режалаштирилган.

Аммо олдиндаги қарийб 250 кун вақт давомида ташкилот томонидан жуда катта қадамлар ташланишига тўғри келади. Ҳалигача турнирнинг медиа ҳуқуқларини ҳеч бир компания харид қилмади ва шу боисдан ҳанузгача иштирокчи жамоалар турнирда қатнашгани учун қанча молиявий фойда олишини билмайди. Икки ҳафта аввал Инфантино шошилинч равишда трансляция ҳуқуқлари учун даъвогар компаниялар билан учрашув ўтказганди. Видеоқўнғироқ форматида ўтказилган йиғилишда швейцариялик расмий клублар ўртасидаги жаҳон кубогининг янги форматдаги версиясига компанияларни ишонтиришга ҳаракат қилган. Унда Инфантино турнир медиа ҳуқуқига даъвогарларга сентябр охиригача стадионлар номи маълум қилинишини ваъда берганди ва у ростдан ҳам ой охирида сўзининг устидан чиқди.

Шунингдек, ФИФА раҳбари Марказий боғдаги байрамда ташкилотнинг турнир масаласида «Global Citizen Festival» вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ва клублар ўртасидаги жаҳон кубоги финалининг танаффусида улар мухлисларга шоу ташкиллаштириб беришини эълон қилди. Бу амалиёт — Америка спорт тадбирлари учун анъанавий, бироқ дунё футболи учун у қадар таниш бўлмаган янгилик. Бу ҳаракат орқали Инфантинонинг Америка бозорига бўлган улкан қизиқиши яна бир карра намоён бўлди. Клублар ўртасидаги жаҳон кубоги янги версиясининг айнан АҚШда старт олиши ҳам бежиз эмас. У ушбу давлат аҳолисини келгуси йилда бўлиб ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон кубогига тайёрлаб бормоқчи. Ўз навбатида, келгуси мундиал ҳам янги форматдаги илк турнир бўлишини назарда тутган ҳолда, Жаннининг ушбу икки турнирга катта умид билдирганини тахмин қилиш мумкин. Чунки айнан мана шу икки турнир келгусида Инфантинонинг ФИФА раҳбарлигидаги фаолиятининг кўзгуси бўлади, уни мана шу икки мундиалнинг муваффақиятидан келиб чиққан ҳолда эслашади. Бунда ФИФА раҳбари ва унинг қўл остидагиларда жуда катта тўсиқлар мавжуд. Футбол биринчи рақамли бўлмаган ва ҳатто футбол деганда бошқа спорт турини тушунадиган давлатда бундай катта масштабдаги икки мусобақани ўтказиш — катта таваккал. Ҳатто Америка Қўшма Штатлари миллий жамоасининг ўйинларида доим ҳам трибуналар тўлмайди. Ҳа, жаҳон кубогига иштирокчи давлатлардан минглаб мухлислар келиб, стадионларни тўлдириб юборишлари мумкин, лекин бунга Америка қонунчилиги йўл қўядими, деган масала ҳам кун тартибида турибди. 48 та давлатнинг камида ярмидан келадиган мухлислар орасида АҚШда ноқонуний равишда қолиш истагидагилар бўлиши аниқ ва бу мамлакат раҳбарларини хавотирга солаётгани табиий. Лекин шуниси ҳам аниқки, ФИФА жаҳон кубоги чипталарини фақат америкаликларга сотиб тугата олмайди.

Гап фақат мухлислар, медиа компаниялар ва Америка ҳукуматида ҳам эмас. Футболнинг бевосита ижрочилари — футболчилар ҳам янги турнир масаласида тўлиқ ижобий кайфиятда эмас. Яқиндагина бутун мавсумни ўтказиб юборадиган жароҳат билан майдонни замбилда тарк этган Родри ушбу кўнгилсиз ҳодисадан бир неча кун аввал футболчиларнинг эҳтимолий иш ташлаши ҳақида огоҳлантириб чиққанди. Дарҳақиқат, клублар ўртасидаги жаҳон кубоги футбол тақвимини элита клублари учун нафас олиб бўлмайдиган даражага олиб келиб қўйди. Хусусан, агар «Манчестер Сити» янги форматдаги турнир финалига чиқадиган бўлса, клуб футболчилари 11 ой давомида футбол ўйнаган бўлиб чиқади. Дам олишга қанча вақт олишлари номаълум, боиси август аввалида яна янги мавсум учун машғулот базасида ҳозир бўлишлари шарт.

Ла Лига президенти Хавиер Тебас эса агар футболчилар клублар ўртасидаги жаҳон кубогининг янги формати юзасидан иш ташлаш эълон қилишса, уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Шунингдек, Европа топ-5 чемпионатларининг учтасида футболчилар уюшмалари ФИФАни ўзбошимчалик билан футбол тақвимини ўзгартиришда айблаб, халқаро судга ариза топширган. Бундан ташқари, FIFPro ҳам уларнинг бу ҳаракатларини қўллаб-қувватлаяпти.

Албатта, бу каби хатти-ҳаракатлар нафақат янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон кубоги, балки бутун бошли ФИФА имижига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Лекин Инфантино ўзи учун белгилаб олган йўлдан оғишмай одимлаб бормоқда. Кўрайлик-чи, балки Қатардаги аввал бошидан шубҳа остига олинган мундиал каби бу лойиҳалар ҳам муваффақиятли кечар.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар