04.10.2024 20:30
2725
Теглар
«Финал – мавсумдаги энг муҳим баҳс». Лушчан «Андижон»га қарши ўйин, «Навбаҳор»нинг тайёргарлиги ва Сардор Рашидовнинг ҳолати ҳақида

Ўзбекистон кубоги-2024 финали доирасидаги «Навбаҳор» - «Андижон» баҳси олдидан Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида матбуот анжумани ўтказилди. Наманганликлар бош мураббийи Сергей Лушчан финал ҳақида фикрларини билдирди.

«Икки томон ҳам финалда ғалаба қозонишни истайди. Финалга пухта тайёргарлик кўра олдик. Бу клубга келганимдан буён эътибор фақатгина кубок баҳсларига қаратилганди. Катта ҳажмдаги ишни бажардик, бунга чидаган футболчиларга раҳмат дейман. Кўриб турибсиз, финалдамиз. Финаллар одатда топишмоқдек бўлади. Кубокни кўтариш ҳар бир футболчининг орзуси. Нима бўлиши эса фақат Худога аён», - дейди Сергей Лушчан.

- Финалгача «Сўғдиёна»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлинди. Бу жамоага қанчалик таъсир қилди? Умуман, сўнгги кунларни қандай ўтказдингиз?

- Сиз Суперлига баҳси ҳақида гапирдингиз. Бу финалдан аввалги машғулот эмасди. «Сўғдиёна» билан ўйинда бизда бошқа режа бор эди. Ҳозир эса бизнинг барча эътиборимиз финалга қаратилган. Сафимизда тажрибали футболчилар бор ва улар Ўзбекистондаги энг яхшилардан бири деб айта оламан. Жамоадаги муҳит – финал олдидан бўлиши керак бўлган муҳит. Барча майдонда ўз вазифасини бажариши шарт. Ўйинга тайёрмиз.

Сардор Рашидов? Ҳа, у жароҳатидан тикланиб сафга қайтди ва энди майдонга туша олишига ишонаман. Буни ўзи истамоқда. Кўрамиз.

Ҳужумкор ўйин кўрамизми? Финалда руҳият муҳим рол ўйнайди. Ким биринчи бўлиб гол урса, ўша жамоа ғалаба қозонишини тахмин қилишим мумкин. Жамоалар бир-бирини жуда-жуда яхши танийди.

Бу финал мураббийлик фаолиятимдаги энг муҳим ўйинми? Айни дамда – ҳа. Айтайлик, 2014 йилда шу саволга бошқача жавоб берган бўлардим, 2015 йилда ҳам бошқа ўйинни айтардим. Финаллар ҳар доим ёдда қолади. Эртанги финал – мен ва оилам учун ҳам, «Навбаҳор»га алоқадор инсон борки, улар учун ҳам мавсумдаги энг муҳим баҳс», - дейди Наманган клуби бош мураббийи Сергей Лушчан.

«Бу финал Наманган аҳли учун жуда муҳим баҳс. Буни сезиб, тушуниб турибмиз. Кубокни уйимизга олиб кетмоқчимиз. Финалда ҳиссиётларимизни жиловлай олишимиз керак», - дейди «Навбаҳор» футболчиси Сиёвуш Ҳақназарий.

Маълумот учун, Фарғонадаги учрашув 5 октябр куни соат 17:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар