28.09.2024 12:02
4223
Теглар
«Уйим тўловини ҳамон ойма-ой тўлаб келаман – қаердан чиққанимни унутмаслик учун». Давид Луизнинг ҳаёт йўли

Бразилия миллий жамоаси собиқ футболчиси Давид Луиз «The Players Tribune» нашрига интервью бериб, болаликдаги қийинчиликлар, Мюнхендаги эртакнамо финал ва Париждаги 7-дивизион клубини шуғуллантириб юрган даврлари ҳақида гапириб берди.

«Мен ҳақимда кўп гапларни эшитганингиз ва ўқиганингизни биламан. Лекин, балки, ҳали ҳам мен ҳақимда ҳеч нарсани билмаслигингиз мумкин. Чунки мен бир кундан, биргина ўйиндан ёки биргина голдан иборат оддий футболчи эмасман. Мен одамлар тасаввур қилган ва баъзида шундай бўлишга мажбур этган одам эмасман. Шунинг учун, ўзим ҳақимда бир марта бўлса ҳам ўзимдан эшитишингизни хоҳладим. Ўз сўзларим билан… Ҳеч қандай чалкаштиришларсиз…

Мен икки бразилиялик ўқитувчининг фарзандиман. Ва мени ич-ичимдан билмоқчи бўлган одам бу бизнинг мамлакатимиз учун нимани англатишини тушуниши керак. Қадриятларим, принципларим, орзуларим, ғояларим, ҳаётга қарашим ва унда ўзимни қай алфозда тутишим, доим позитив кайфиятда бўлишга уринишим — барчаси мана шу нарсага бориб тақалади. Ҳар куни ўзим етишиб чиққан жой ва олган тарбиям учун Яратганга шукроналар айтаман.

Оиламиз билан Сан-Пауло яқинидаги Диадема деган жойдан кичик уйни ижарага олиб яшардик. Ота-онам эрталаб соат 7дан кечги соат 11гача ишлар эдилар. Шунинг учун, 7 ёшимдан бери ўз кирларимни ўзим ювардим. Кир машинага солишдан аввал оқ рангли кирларни бироз сувда чайиб қолиш ва уларни ювишда кир ювиш кукунини кўп қўшиб бўлмаслигини яхши биламан. Онам доим мени кўп кукун ишлатганим учун койир эди, бироқ мен футбол либосларимдан ширин ҳид келиб туришини ёқтирардим. 11 ёшимда «Сан-Пауло» машғулотларига қатнаш учун мактабда юк туширишга қараша бошлаганман. Анча узоқ масофага бориб келишимга тўғри келарди: 3та автобус алмаштириб борардим, худди шунча автобус билан ортга қайтардим. Ҳафта охирида отам менга газетадан мақолалар танлаб ўқитарди ва саволлар берарди: Нимани тушундинг? Ўзингнинг фикринг қандай? Буни қандай қилиб ҳаётингга татбиқ этишинг мумкин, деб ўйлайсан?

Мени қўллаб-қувватловчи, ҳимоя қилувчи, ҳаётда доим тўғри йўлни кўрсатувчи отам, онам, опаларим билан яшаш ҳақиқий бахт эди. Мен улар қилган меҳнатнинг самарасиман. Болалигим ва ёшлигимда бироз қийинчиликда катта бўлган эрсам-да, меҳнатим туфайли кўп нарсаларга эришдим, кўплаб давлатлар ва маданиятларни кўрдим, сон-саноқсиз инсонлар билан танишдим. Ночор шаҳар харобалари орасида ҳам, футбол олами қасрлари аро ҳам ўзимга ёт бўлган кўп нарсаларни кўрдим. Лекин ҳеч қачон уларнинг ўзлигимдан устун келишига йўл қўймадим. Мендаги воқеаларга нисбатан бефарқ бўлолмаслик, ўрганишга ва тушунишга бўлган ҳаракат ҳамда барчасини яхши тарафга ўзгартириш хоҳиши ҳеч қачон йўқолмади. Баъзилар воқеаларга худди барчаси шундай бўлиши керак ва буни ўзгартиришнинг имкони йўқ, деб қарайдилар. Мен эса ҳамма нарсанинг иложи бор, деб ҳисоблайман.

Бир гал қизларимни мактабдан олгани борганимда бошқа бир ота биз мағлуб бўлганимиз ҳақида ўта қўпол ҳазил қилди. Даставвал, ўзимни эшитмаганга олдим. Унга эътибор бермоқчи эмасдим ва қизларим билан тезроқ уйга бориш ҳақида ўйладим. Лекин йўқ, бундай қилсам мен бўлмай қоламанку! Мен ёмон вазиятларни яхшилаш учун доим ҳаракат қилиш керак, деб ўйлайман. Футболда бу кўп марта иш берган. Мен ўша йигитга бир нечта саволлар бердим: «Кел, гаплашамиз. Кеча мен ўйинни ютқаздим, тўғрими? Балки, сенга ҳам бу мағлубият оғир ботгандир. Лекин бугун қизларимизни мактабдан олгани келдик. Мен ҳар қандай ғалабадан ҳам шуни кўпроқ қадрлайман. Сенчи?».

Футбол — ажойиб нарса, боиси, инсонлар ўртасида мана шундай боғланишларни юзага келтиради. Дунёдаги энг муҳим нарса эса бу — одамлар. Уйнинг нархи бор, машинанинг нархи бор, хусусий мактабнинг нархи бор. Лекин энг катта қиймат — одамлар ва уларнинг ўзини қандай тутиши. Футбол инсонларни боғлаш билан бирга ҳаёт ҳақидаги тасаввурларимизни буткул ўзгартира олади. Албатта, мухлисларнинг ғалабаларни нишонлашини томоша қилишни ёқтираман. Лекин уларнинг мағлубиятлар билан келадиган сабоқларнинг ҳам қадрига етишини хоҳлайман. Мағлубиятдан ғазабнок бўлган мухлиснинг муаммоси жамоанинг мағлубияти, менинг расво ўйиним, хуллас, футбол билан ҳеч бир алоқадор нарса эмас. Гап унинг ўз ҳаётидаги чигалликларда. Футбол эса уларнинг енгиллаб оладиган жойи. Бу худди улар учун барча муаммоларидан қутулиш нажоти ва биз билан улар бошқа жойларда ҳеч қачон очиқламайдиган жаҳлларига эрк берадилар.

Бу ўринда мен ҳеч кимни камситмоқчи эмасман, мен шунчаки шахсий тажрибамдан келиб чиқиб гапиряпман. Мен воқеаларга ўзим ўстирилган қадриятлар асосида, инсон сифатида, спортчи сифатида ва энг аввало, барчасини ўзгартириш мумкинлигига ишонадиган одам сифатида қараяпман. Албатта, бу тажриба менда туғилишим билан пайдо бўлиб қолмаган. Гарчи, оилам мени яхши тарбиялаган бўлсада, буларнинг барчасини англаб етиш мендан кўп йиллик тажриба талаб қилган.

Ёшлигимда кунларимни ҳамма тенгқурларим каби бесамар кетказганман. Энг катта хатоларимдан бирини «Сан-Пауло»да шуғулланиб юрган кезларимда қилганман ва бундан етарлича хулоса олганман. Ниманидир ўргансам, унга урғу беришни яхши кўраман ва шундай экан, сизга нима бўлганини айтиб бераман. Мен «Сан-Пауло»га сохта бутсилар билан келдим, уларни кўчадаги сотувчидан олгандим, қолган йигитларнинг ҳаммасида «Adidas», «Nike» ва ҳоказо. Бир гал ҳафта охирида жамоадошимнинг уйида ётиб қолишга қарор қилдим ва дам олиш кунида унинг онаси янги бутсилар олиб берди: кумушранг «Nike». Ўша пайтда Роналдиньо ва Денилсон кийиб юрадиган бронза ранглиси ва кумуш ранглиси бўларди. Дўстим кумушрангини танлади. Ҳозирги пулда 600 фунт-стерлинг турадиган оёқ кийимлар. Мен ҳайрон қолдим. Унинг онасидан уйга қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўрадим. Кейин ўзимни ташқарига чиқиб гаплашгандек тутдим-да, қайтиб келиб: «Хоним, менга ҳам онам рухсат бердилар. Менга ҳам бир жуфт худди шу бутсилардан олиб беринг. Онам сизнинг кредит картангизга пулни ой охирида ўтказиб юборар эканлар». Ўшанда онам мендан алдаганим учун кўпроқ хафа бўлганми ёки шунча пул тўлашга мажбур қилганим учунми — билмайман. Лекин ўзим ҳам билардим: бу оёқ кийимлар мени яхшироқ футболчи қилиб қўймайди. Оиламизнинг эса бу каби қиммат бутсиларга қурби етмайди. Лекин ўша пайтда мен жамият каби фикрладим ва хато қилдим: «Мен ҳамма билан бир хил бўлишим керак, бошқалар қандай бўлса, мен ҳам шундай бўлишим керак. Ҳаёт шундай ва буни ўзгартириб бўлмайди».

Ижтимоий тармоқлар билан юқорида айтганларим янада авж олди. Балки, шунинг учун ҳам одамлар кўпроқ аламзада ва тушкунликка тушган. Биз кунига 8 соат эмас, 15 соат ишлаяпмиз. Овқатимизни бошлиғимизга ҳисобот берган кўйи еймиз, ваннада ҳам бемалол чўмила олмаймиз, болаларимизга уйқуси олдидан эртак айтиб беришга ҳам вақтимиз йўқ. Биз ҳаммага етиб олиш учун тиним билмаяпмиз, қолиб кетмаслик пайидамиз. Бундай яшаш қийин, ўзинг бўлиб яшашга уриниш янада мушкул. Бунинг учун сендан мислсиз куч ва сабр-тоқат керак. Агар барчасига бардош бера олсанг, якунда кинолардагидек ғолиб бўласан.

Онам ўшанда бутсиларга пул тўлаш учун узоқ вақт кечалари билан ишлашга мажбур бўлганди. Орадан бир неча йиллар ўтиб, дунёнинг ишларини қаранг, «Nike» менинг ҳомийимга айланди. Мен ўшанда улардан кумушранг бутси олиб, рамка ичига осиб, онамга бердим. У эса шу бутсиларни ҳамон хонасидаги деворга осиғлиқ ҳолда сақлайди. Бу менинг онам олдидаги айбимга иқрорлигим ва хатойимни англаб етганим ифодаси эди. Шу орқали уларсиз бу даражага етмаган бўлардим, демоқчи бўлдим. Рамкадаги ўша кумушранг бутсилар оиламизнинг муваффақият томон йўли рамзига айланди.

Яна бир эслатма — Лиссабондаги уйим. Бу ота-онамга уй олиб берганимдан сўнг харид қилган илк хонадоним. Мен дастлабки яхши шартномамни «Бенфика»да ўйнаб юрган кезларимда олдим ва шу квартирани олиш учун бироз қарз олдим. Уни ўзим жиҳозладим, суратлар чиздирдим, деворларига шарлар расми туширилган гулқоғозлар ёпиштирдим. Арзон пардалар, диванлар сотиб олдим ва барчасини ўзим қилдим. Ҳалигача ўша уйнинг ипотекасини тўлайман. Ҳанузгача тўловидан қутулмаганман, чунки мана шу тўловларни ойма-ой амалга ошириб боришимнинг ўзи менга қаердан чиққанимни эслатиб туради. Уй ҳалиям менинг номимда туради: на сотаман, на ижарага бераман. Фақат ора-орада дўстларим вақтинчага сўраб туришганда унинг калитини бераман.

«Бенфика»даги биринчи шартномам ҳақида гапирар эканман, унгача бўлган жараён ҳақиқий сериалга айланиб кетганини эслашим керак. Лиссабонга келиш тарихим ҳам қизиқ кечган: клубнинг агентимдан кичик қарзи бўлган ва уни тўлашнинг ўрнига мен билан шартнома имзолаш вариантини қабул қилган. Ўша пайтда мен Бразилиянинг 3-дивизионида ўйнаб юрардим. Қиш ўртасида енгсиз футболкаларда Португалияга қўнганим ҳалиям эсимда. Лекин ҳали у пайтларгача бор, келинг бир бошидан сўзлаб бераман.

«Сан-Пауло»даги бир неча йиллик фаолиятимдан сўнг, клуб менинг у ерда ўсишимга ишонмади ва «Америка Минейро» клубига бериб юборди. Бу клубдаги инфраструктура анча ёмон даражада эди. У ерда оч қолганман деёлмайман, лекин 3 кун овқат масаласида анча қийналгандим. Нонуштага 150 нафар болага 40 палла нон бериларди. Тушликка бир стакан ловия пюреси егандик, кечги овқатга яна бир стакан пюре беришган. Биз болалар билан дарахтзорларни кезиб, авакадо топиб ердик. У ерда 3 ой аранг кун кечириб, қочиб кетганман.

Диадемага қайтганимда «Виториа»да ўйнайдиган дўстим бизнинг ёшдаги жамоа учун яримҳимоячилар кераклигини айтганди. Ўша вақтда ҳалиям чап қанот яримҳимоячиси бўлиб ўйнардим. Мен иккинчи жамоа билан шуғулланардим ва умуман асосий таркибга киритилмасдим, нари борса захирага қўйишарди. Жуда ҳам ўйнагим келарди. Мавсум ўртасида барча марказий ҳимоячилар жароҳат олди ва мураббийдан мени ҳимояга қўйиб кўришни сўрадим. У менга «Ақлдан озмаганмисан», деди. Лекин мен сўзимда туриб олдим ва мураббий ноилож рози бўлди. Ўша мавсум якунига кўра, энг яхши ҳимоячи бўлгандим.

Бир неча ойдан кейин агентим нимадир қилиб, Белгиянинг «Андерлехт» клубидан скаутларни чақириб, мени кўрсатган ва уларга менинг ҳаракатларим ёққанди. «Сен деярли сотиб бўлиндинг, Давид. Бор, нарсаларингни йиғ», — деганди у менга. 2006 йил эди. Бразилия 3-дивизионида ўйнардим, Б серия масаласини деярли ҳал қилиб қўйгандик. Сўнгги тур баҳсида «Крициума» майдонига сафар қилишимиз керак эди. «Андерлехт» президенти, мураббийи, директори — умумий ҳисобда 5 нафар бельгияликлар Сан-Паулога қўниб, 12 соат автобусда йўл босиб, Санта Катаринага биз билан борганди. Жуда қаттиқ ёмғир ёғганди. 10-дақиқа: «Крициума» 1:0 ҳисобида ютяпти. Биринчи таймни 0:3 ҳисобида бой бердик, 70-дақиқада ҳисоб 0:6 эди. Белгияликлар ивиган кўйи ортига қайтиб кетганди. Мен деярли сотиб бўлинган футболчидан буткул рад этилган болага айлангандим. Улар мен билан бир оғиз ҳам гаплашмадилар. Ҳозир ўшанда «Андерлехт»га ўтганимда фаолиятим қандай кечиши мумкинлигини билмайман. Кейинги мавсумда чаноқ суягимдан жароҳат олиб, анча муддат ўйнай олмадим. Бир куни кечаси агентим қўнғироқ қилиб, паспортим ёнимдами-йўқлигини сўради. Ҳужжатларим Диадемада қолганини билмай, «ҳа, ҳаммаси клуб офисида», дегандим. Агентим менга Баианинг асосий шаҳри Салвадордан Сан-Паулога, у ердан эса Лиссабонга чипта олиб қўйганди. Мен эса паспортимни топа олмаганман. Ўшанда жуда ҳам асабийлашгандим, соат 10:30да Сан-Паулодаги рейс Лиссабонга учади, мен эса соат 8да ҳамон Салвадордан кетолмаётгандим: бошидан айрилган товуқдек уёқдан буёққа бориб келардим. Агентим ҳозир бошқа йўлини топишга ҳаракат қилишини айтди. У баиалик қўшиқчи Ивете Цангалога қўнғироқ қилиб, шахсий самолётини сўраган экан. У эса рози бўлган ва мен Сан-Паулога вақтида етиб борганман. Бордга чиқар эканман учувчи менинг асабийлашишдан буришиб кетган юзимга табассум билан қараб: «Хотиржам бўл, болакай, Ивете мен билан ҳеч қачон концертларга кеч қолмаган. Биз вақтида етиб борамиз. У ҳеч қачон мени деб кеч қолмаган, ўзи кечикиб юрарди», — деб кулганини эслайман. Биз парвозда эканимизда агентим ёллаган мотоциклчи уйимиздан паспортимни олиб, мени аэропортда кутиб олганди. Мен учишга тайёр ҳолатда эдим. Аэропорт ходимаси менга қараб: «Ҳамма ҳужжатларингиз ва юкларингиз жойида. Фақат биргина муаммо шундаки, сизнинг самолётингиз униси», дея аллақачон ҳаракатланиб кетаётган самолётни кўрсатди. Ҳафсалам пир бўлганича агентимнинг Сан-Паулодаги офисига бордим ва ўша ерда у билан гаплашдим. Агентим менга телефон тутқазди, бу «Бенфика» президенти эди. У ўзининг мен ўрганганимдан бироз фарқ қилувчи португалчаси билан гапирарди:

— Бор экансан-ку! Мен сени йўқ одам, деб ўйлабман. Ҳафта охирида майдонга туша оласанми?

— Албатта, жаноб президент.

Жароҳат туфайли зўрға юра олардим. У эса мендан айнан шу масалада сўраб қолди:

— Айтганча, жисмоний ҳолатинг қандай? Жароҳатинг борми?

— Йўқ, жаноб президент. Мен яхшиман.

— Яхши, унда сени эртага кутаман.

Мен Лиссабонга етиб бордим ва тўғри клуб базасига бордим. Текширувлардан ўтиш олдидан 6 ойлик шартнома имзоладим. Докторлар менда жароҳат борлигини аниқлашди ва физиотерапевтни чақиришди. Бир нечта шифокор мен ҳақимда қўшни хонада гаплашар ва мен уларни эшитиб турардим:

— Қандай қилиб бу болани машғулотга олиб чиқамиз? У аллақачон шартнома тузиб бўлди. У «Бенфика» футболчиси.

— У ҳар куни машғулотдан 3 соат олдин келиб, муолажа олиши ва машғулотдан кейин ҳам 3 соат қолиб, биз билан ишлашига тўғри келади.

— Яхши, лекин буни на мураббий, на президент билмаслиги керак.

Мен мана шу тарзда Европа футболига ёриб кирдим ва бу ҳақда доим кулиб эслайман. Жамоага Нуну Гомеш, Симао Самброза, Луизау ва бошқа катта футболчилар билан шартнома имзолаганди. Ўша пайтдаги мураббий кейинчалик Португалияни Европа чемпиони қилган Фернанду Сантуш эди. У машғулотларда менга кўп бақирарди: «Бразилиядан олиб келган футболчилари шуми? У Копакабанага қайтиши керак, қўлидан ҳеч вақо келмайди». У мени сўкаверарди, мен эса оғриқ сабаб ҳеч нарса қилолмасдим. Тўпни амаллаб тўхтатсам ҳам, йигитлар уни мендан олиб қўярдилар. Ортларидан югурмоқчи бўлиб йиқилиб тушардим. Барчаси менинг муваффақиятсизлигим томон олиб борарди. Лекин жароҳатим кунма-кун ўша 6 соатлик муолажалар ёрдамида яхшиланди, мен ҳам ўз ҳолатимни ўнглай бошладим. Шунда ҳам таркибга киритилишимни умид қилолмасдим. Захирага қўйишса ҳам, ота-онамга қўнғироқ қилардим: «Якшанба куни захирада ўтираман. Ўйинни кўринглар, балки телевизорнинг бир бурчагида мени ҳам кўрсатишар».

Бир куни исмимни Европа Лигасида ПСЖга қарши ўйнайдиган футболчилар рўйхатида кўрдим. Кўплаб ҳимоячиларимиз жароҳат сабаб сафдан чиққанди. Бу биринчи маротаба костюм кийишим эди, ваниҳоят, Эйфел минорасини кўришимдан хурсанд эдим. 5 дақиқагина ўйнай олсам ҳам мен учун катта ютуқ бўларди. Ўйин давомида Луизао, менинг яхши дўстим, асосий ҳимоячи, сардор ва қайсидир маънода жамоа эгасининг эски жароҳати хуруж қилиб қолди. Унинг ўрнига тушадиган грециялик кучли ҳимоячимиз шамоллагани сабабли меҳмонхонада қолганди. 35-дақиқа, 1:0 ҳисобида ютяпмиз, Луизау майдонни тарк этиши керак, Сантуш захира ўриндиғига қараб у ерда ҳимоячилардан биргина мени кўрди ва ноиложликдан: «Майли, сени майдонга туширишга мажбурмиз».

Мен майдонга тушдим ва фожиавий 10 дақиқа бошланди. Биринчи ҳужумнинг ўзидаёқ рақиб жарима майдонимизга кросс амалга оширди, мен оёғимни олиб қочдим, тўп эса ерда бир сакраганча дарвозамиздан жой олди. 2 дақиқадан сўнг, улар менинг зонам орқали ёриб кириб, мени алдаб ўтиб, ҳисобда олдинга чиқиб олишди — 1:2. Майдонда ётганимча ўзимга ўзим дейман: «Ҳа, Давид, орзунг шу ерда ўз поёнига етди. Эртага болалар сени еб ташлайди».

Биринчи тайм тугаб, кийим алмаштириш хонасига кирганимизда ҳамма менга қарарди: айримлар ғазаб билан, баъзилар эса ачиниш кўзи билан. Фернанду Сантуш мени ёнига чақирди ва сўради: «Захирага олишимни хоҳлайсанми?» У менга ачиниш билан қараганларнинг бири эди. Менимча, бу фаолиятимдаги энг ҳал қилувчи лаҳзалардан бири эди. Миямдан бир сонияга ҳам: «Ҳа, бўлди, мени захирага олинг», дейиш фикри ўтмади. Мен аллақачон ўлган одамдекман, нимадан қўрқаман, йўқотадиган нимам қолди? «Йўқ, йўқ, йўқ. Мен иккинчи таймга қайтишни хоҳлайман». Бир ўзим четга ўтдим ва юзимдаги лойларни ювиб ташлаб, Яратганга ибодат қилдим.

Иккинчи таймга чиқдик ва 1:2 ҳисоби ўзгармади. Бироқ мен учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилдим. Уйга қайтгач, «Лейриа»га қарши ўйнадик, 2:0 ҳисобидаги ғалаба ва мен яна энг яхшиси бўлдим. Шундан сўнг, мен бошланғич таркиб футболчисига айландим. Барча мени ёқтириб қолганди: мухлислар, мураббий, президент, журналистлар… Ҳимоя марказида Луизау билан ажойиб жуфтликка айландик.

Лекин эсингиздами шартномам фақат 6 ой учун мўлжалланганди. Бир ойлик шартномам қолган бир вақтда қўлимда иккита таклиф бор эди. Мен ўша вақтда 2000 евро маош олардим. Биринчи таклиф «Бенфика»нинг ўзидан бўлди: 5 йиллик шартнома ва ойига 5000 евро маош. Яна бир таклиф «Порту»дан: 5 йиллик битим ва 100 000 евро маош. Жуда ҳам оғир аҳволга тушиб қолгандим. Ота-онам ҳамон ўша Диадемадаги ижара уйида кечасигача мактабда дарс бериб, кун кечирар эдилар. Отамга қўнғироқ қилдим ва у иккиланиб ўтирмай: «Бенфика» билан ҳозироқ шартнома имзола. Улар сенга жароҳатланган ҳолингда ҳам имконият бердилар. Улар ҳаётингни ўзгартитиб юборадиган имкониятга эга бўлишинг учун барча имкониятни тақдим этдилар. Сенга нон берган қўлларни тишлашга ҳаққинг йўқ. «Бенфика» билан шартнома имзолашинг шарт».

Мен отамдан бу гапларни эшитишимни билардим. Мен бундай қийин вазиятларда менга энг тўғри маслаҳатни бера оладиган ягона инсон бу отам эканлигини яхши билардим. Унинг сўзлари мени яна ҳаётимнинг моҳияти томон яқинлаштирди: у мени ўсиш, воқеаларга муносабат билдириш, улардан ўрганиш, қилаётган ишларимнинг натижалари ҳақида ўйлаш ва қабул қилган қарорларим юзасидан виждон хотиржамлигини тақдим этди. Чунки, бу каби ҳолат менинг ҳаётимда бир муддат аввал ҳам бўлганди. Гап шундаки, 10-11 ёшлигимда «Энгенеирос де Пиритуба» деган ҳаваскор жамоа кўча футболи бўйича ҳар ҳафта якунида бўлиб ўтадиган ўйинларга мени чақирарди ва «Сан-Пауло»дан яширин равишда улар билан футбол ўйнардим. Бир гал шанба куни уларнинг ўйинида қўлимни синдириб олдим, эртасига эса мени «Сан-Пауло» сафида «Сантос»га қарши финал ўйиним кутиб турганди. Қўлимни осилтириб уйга келганимда отам мени саволлар билан кўмиб ташлаганди: «Энди нима қиласан? Муваффақиятга эришиш учун оғриқларга чидай оласанми? Бу воқеадан қандай хулоса чиқардинг? Эртага нима қиласан?» Мен эса эртага барча оғриқларга қарамай майдонга тушишимни айтдим ва у менга ёрдам беришини айтди. Отам кечаси билан муз, иссиқ ванна билан қўлимни муолажа қилган ва охирида гипс билан қўлимни боғлаб қўйганди.

Эрталаб отам гипсни ечиб ташлади ва мен ўйинга бордим. Биз финални бой бердик ва кейин мен шифохонага бордим. Эсимда касалхонага ҳам финалдаги либосимда кириб борганман ва у ерда ўтирарканман қўлимдаги оғриқдан ҳам, мағлубият аламидан ҳам кўра ўша яширин ўйинларда иштирок этиб қилган хатойим менга алам қиларди. Бу воқеа менга оғриқларга дош бериш ва тартиб-интизомга доим қатъий амал қилиш кераклигини ўргатди. Балки, одамлар мени масъулиятсиз бўлганликда айблар ва мен ростдан ҳам шундай бўлгандирман. Лекин мана шу хатолар туфайли ўргандимки, ҳеч бир оғриқ орзуларингиздан юқори тура олмайди.

15 йилдан сўнг Чемпионлар Лигаси финалида сон мушакларимда 8 сантиметрли ёриқ билан ўйнаганимда ҳам худди шуларни ўйлаганман. Балки, ўшанда финал майдонига чиқиб келишга 12 ёшимда ўрганган сабоқларим ёрдамида куч топгандирман. Ўша 2012 йилги «Бавария»га қарши ўйин ҳам фильм олишга арзийдиган воқеа эди. Менинг ўйинга тайёргарлигим руҳий ҳолатимни қандай изга солишдан тортиб, Роббен, Рибери, Марио Гомез каби «Бавария» ҳужумчиларини ҳозирги жисмоний ҳолатим билан қандай тўхтатиб қолиш мумкинлигини ўрганиш мақсадида уларнинг видеоларини тинимсиз томоша қилганимни ўз ичига олади. Бундан ташқари, майдонга тушиш учун шифокордан, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассисдан, бош мураббийдан ва клуб президентидан рухсат олишим керак эди. Чемпионлар Лигасини ютиш «Челси»нинг энг катта мақсадларидан бири эди. Бу 4 йил олдинги финални «Манчестер Юнайтед»га бой берган клуб учун ҳамон забт этилмаган марра бўлиб қолаётганди.

Финалдан олдин енгил машғулотлар ўтказдик ва ҳар бир тепган тўпимдан сонимга пичоқ урилгандек оғриқ ҳис қилардим. Югурганим сари оғриқдан кўз ёшларим тўхтовсиз қуйилиб келаётганини сезардим. Лекин мен сабр қилдим. Машғулотдан кейин жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий билан гаплашиш учун пиёда сайрга чиқдик.

— Бу иш бермайди, Давид. Сен тайёр эмассан. Сен бундай жароҳат билан юрмаслигинг ҳам керак.

— Иш беради, оғайни. Шундай бўлиши шарт.

Террида қизил карточка бор, Иванович дисквалификацияда, мен эса жароҳат олганман. Таркибимиз у қадар катта эмасди ва ҳимояда фақат Кэҳиллнинг ўзи қолганди. Мен ўйнашим шарт эди. Мана шу сабаблар ва мураббийга айтган ушбу гапларим учун:

«Қулоқ сол, дўстим, дунёда 200 миллиондан ортиқ бразилияликлар бор. Эртага мен Чемпионлар Лигаси финалида майдонга туша оладиган ягона бразилиялик бўлишим мумкин. Бизда Рамирес ҳам четлатилган. Уларнинг таркибида Луиз Густаво ўйнамайди. Рафиня захирада қолади. Мен ватаним шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлган ягона футболчиман. Мендан бу учрашувни тортиб олишинг мумкин эмас. Мен ва оилам бу ерга келгунимизча қандай қийин йўлни босиб ўтганимизни тасаввур ҳам қилолмайсан. Шундай экан, илтимос, бориб мураббийга менинг ўйнай олишимни айт ва шуни етказки, биз, албатта, чемпион бўламиз».

Ва биз ростдан ҳам чемпион бўлдик. «Бавария» бизни ўйин давомида эзиб ташлади, бироқ пенальтиларда ғалабага эришдик. Ҳатто битта пенальтини мен тепдим ва гол урдим. Бу ҳаётимдаги энг муҳим титуллардан бири ва энг ёрқин хотираларнинг ҳам навбатдагиси бўлганди. Биз туни билан Мюнхенда, эртасига кун бўйи Лондонда парадлар билан чемпионликни нишонладик ва фақат кун якунида мен оёғимда оғриқ борлигини эсладим. Оёғимнинг орқасига қарасам, жароҳат ўрни даҳшатли даражада кўкариб кетганди. Мушакларим буткул йиртилиб кетганди ва шу тарзда финални ўйнагандим.

Футбол менга «Челси» билан Чемпионлар Лигасини ютишдек кўп хотиралар берди, аммо ҳеч бири ПСЖда қилган бир «ахмоқона» ишимчалик менга хурсандчилик бахш этмаган. Парижга кўчиб ўтганимдан бир неча ой ўтиб бразилиялик икки дўстим менинг уйимга меҳмонга келишди. Парижни айланиб юриб, бошқа бразилияликларни топиб олишди ва 7-лигада ўйнайдиган жамоа сафида улар билан шуғуллана бошлашди. Ҳар куни улар ҳафсалалари пир бўлиб қайтарди, чунки жамоалари доим ютқазарди. Бир гал юзимни тўсиб турадиган қалпоқ ва кўзойнакларда улар билан бирга ўйинларини томоша қилиш учун бордим. Йигитлар мағлуб бўлишди ва мен уларга: «Хоҳлайсизми, мен сизларни шуғуллантираман», дедим. Улар хурсанд бўлиб кетишди. Мен ҳар душанба кечги 10дан ярим тунгача уларни шуғуллантирардим. Сешанба кунлари баъзида Чемпионлар Лигасида ўйиним бўлса ҳам, ушбу машғулотларни канда қилмасдим. Шундай юрган кезларимда сешанба кунги ўйинларнинг бирида «Барселона»га гол ҳам ургандим. Улар билан машғулотларда гаплашиш, ҳикояларини эшитиш ёқарди. Улар турли юмушлар билан шуғулланарди: баъзилари капоэира ўйнаб пул топарди, баъзилари мотоциклда озиқ-овқат етказиб бериш билан пул топарди, баъзилари ресторанда идиш-товоқ юварди… Хуллас, улар билан аввалига ҳафтасига бир марта, кейинроқ 2 мартадан машғулотлар ўтказадиган бўлдик.

Бразилияга қайтганимда онамдан йигитлар учун саёҳат кийимлари, ўйин футболкалари ва футболчилар кийиб юрадиган баъзи кийимларни тайёрлаб бера оладими-йўқ сўрадим. У қилиб беришини айтди ва мен Парижга 21та чемодан билан қайтгандим. Йигитлар ҳам ишимизга жиддий қарай бошладилар. Ваниҳоят, биз юқори лигага чиқдик. Мен ўз ҳисобимдан Блез Матюиди туғилган кунини нишонлаган барни банд қилиб, уларга байрам ташкиллаштириб бергандим.

Анча аввалдан ПСЖ учун видеолар тайёрлаб берадиган йигитларни ёллаб, бизнинг ўйинларни ҳам тасвирга тушириб беришни сўрагандим. Ўша видеолардан байрамда катта экранда кўрсатиш учун энг чиройли гол, энг яхши сейвларни йиғдирдим ва йигитларга махсус номинациялар бўйича совғалар ҳам тайёрлаб қўйдим. Улардан байрамга кийиб келиш учун костюм-шимлари борми ёки йўқлигини сўрадим. Бу содда йигитларнинг ҳеч бири костюм-шим кийиб, бундай базмларга бормаганди ва мен уларнинг ҳар бирига бир хил либос олиб бердим ва дўкондалигимда уларнинг хотини, болалари эсимга тушди. Уларнинг қандай ўлчамдаги кийим кийишини билмаганим сабабли байрамда ҳар бирига оиласига совға олиб бориш учун бироз пул бергандим. Балки ишонмассиз, лекин 6-дивизионга чиққанимиз учун қилган байрамимиз унча-мунча жамоаларнинг Чемпионлар Лигасини ютгандаги байрамидан дабдабалироқ бўлганди. Рақс майдони, кечги таом, қизил гилам ва интервьюлар учун орқа фонга баннерларни ҳам тайёрлатгандим. Мен йигитлар ва уларнинг оиласи қанчалик хурсанд эканини кўзларида кўрдим ва барча қилаётган ишларим бесамар эмаслигини тушундим. Бу соф қувонч ҳисси эди ва барчамиз ўзлигимизни хижолат чекмай намойиш қилаётганимиздан хурсанд эдик. Биз умумийликнинг бир бўлаги эканлигимизни ҳис қилдик. Буларнинг барчасини четдан томоша қилаётган кошона раҳбари мени ёнига чақирди: «Давид, мен сендан ушбу байрам учун бир цент ҳам олмайман. Мен ҳам бу яхшиликнинг бир қисми бўлишни истайман. Бу менинг байрамга қўшган ҳиссам бўла қолсин».

Бу унутилмас мавсум бўлганди. Улар менсиз бунга эриша олган бўлармиди? Балки, йўқ. Лекин мен 100 фоиз ишонч билан айтаманки, уларсиз бундай ажойиб хотираларга эриша олмаган бўлардим. Бу ҳар иккала тараф томонидан ҳам чин дилдан қилинган меҳнат эди. Бу воқеа орқали бугунги кунда катта-катта компанияларга эгалик қилиб, самарадорлик, чин дилдан ишлаш, компания ривожи учун жон куйдириб меҳнат қилиш кераклиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб, амалда, қўл остидагиларга паст назар билан қарайдиганларга бирдамлик қандай катта муваффақиятлар олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқчиман.

Йигитлар, ҳамма қандайдир яхши ишнинг бир қисми бўлишни ва қилаётган меҳнати муносиб баҳоланишини хоҳлайди. Барчамиз бир-биримизга муҳтожмиз. Инсон ўзини қуча олмайди, унга бағрини очадиган кимдир керак. Шундай экан нутқлар ва талабчанликнинг ўзи етарли эмас. Сиз ўз мисолингизда қолганларга ўрнак бўлишингиз керак. Бахтли инсонлар яхшироқ ишлайдилар. Бахт — оддийликда. Айнан мана шу мен бугун қидираётган нарса — оддийлик. Мен пул ҳақида эмас, туйғулар хусусида гапиряпман. «Челси»да ўйнаб юрганимда титулларимиз бор эди, голлар урардим, 60000 мухлис исмимни айтиб ҳайқирарди, уйга қайтсам, мени бағрига босадиган ҳеч ким йўқ эди.

Сен шахсий самолётда истаган томонингга учишинг, қасрларда байрамлар уюштиришинг, Лиссабонда квартиранг бўлиши, дунёнинг барча давлатларига саёҳат қилишинг мумкиндир, лекин оламдаги энг ажойиб жой — уйингдаги диван. Бу ҳар қандай шубҳалар, саволлар, ташвишлардан ҳоли ягона жой. Ўша диванда ўзинг севган инсонлар атрофида ўтирсанг, росмана яшашни бошлайсан. Уйингда сен иккиланиб ўтиришинг, вазиятни таҳлил қилишинг ва ўзингни атроф муҳитга хос тутишинг шарт эмас. Бу ошиёнда сендан сўраладиган ягона нарса — ўзинг бўлиш. Сен қачонки ўзинг севган инсонлар учун яшай бошласанг, доим сени қучишга тайёр икки қўл бўлади.

Бизнинг ижтимоий тармоққа муккасидан кетган жамиятимизда одамлар оддий нарсалардан бахт топиш мумкинлигига шубҳа билан қарайдилар. Ва улар ўзларини ҳамма бир хил бўлган оламга отиб, роҳатланганиданда кўпроқ вақтни бекорга сарфлайдилар.

Менимча, етади. Кўп ёзиб юбордим-а? Умид қиламанки, буни фақат ота-онам охиригача ўқиб чиқмайдилар. Лекин мен шундайман. Икки ўқитувчининг оёғида тўпи ва ҳаётида ҳамма нарсаси бўлган ўғли.

Барчангизни қучиб қоламан ва Яратган сизга ёр бўлсин. Давид».

Абдулбасит Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар