26.09.2024 15:52
1581
Теглар
Чемпионлик курашига таъсир қилувчи жароҳат — Родрисиз «Сити»нинг титул пойгасидаги имкониятлари қанча?

«Манчестер Сити» Родрисиз ўтказган ҳар уч ўйинининг бирида мағлубиятга учрайди. Opta нашри «шаҳарликлар»нинг таянчдаги асосий футболчисисиз ўйинлари статистикасини эълон қилди ва рақамлар хавотир олишга арзирли.

«Арсенал»га қарши баҳснинг 19-дақиқасида Томас Партига тўқнашган Родри майдонга қулади ва ўша сонияларда «Этиҳад»даги ҳеч ким бу ҳолатни «Манчестер Сити»нинг мавсумини ўзгартириб юбориши мумкинлигини тахмин қилмаганди. 24 соатдан кейин эса тиббий хулоса тақдим этилиб, хочсимон пайнинг юқори қисмида узилиш ҳолати аниқланди ва испаниялик яримҳимоячи бутун мавсумни ўтказиб юбориши ойдинлашди. Манчестер «мовийлар»ининг усиз қандай кучсизланиши эса шубҳасиздир. Гвардиола ҳамюртидан ўтган мавсумда энг кўп фойдаланди, ҳатто Эдерсон ҳам Родри ўтказган ўйинлар сонига ета олмаган. Ўтган мавсумнинг 50та учрашувида иштирок этган Родриго Эрнандез 4325 дақиқани майдонда ўтказди. Кейин эса Еврода Испаниянинг 7 учрашувидан 6тасини асосий таркибда бошлади ва финалнинг биринчи таймидан сўнг жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўша жароҳат сабаб дастлабки 3 турни ўтказиб юборган футболчи 4-турда «Брентфорд»га қарши захирадан ўйинга қўшилганди. Мухлислар «Интер»га қарши Чемпионлар Лигаси 1-турини 90 дақиқа майдонда ўтказган Родрининг жароҳати ортда қолганига катта ишонч билдирган эдилар, аммо ҳафта охирида ҳеч кутилмаган тарзда улар етакчиларини бутун мавсумга йўқотишди.

2019-2020 йилги мавсумда Манчестерга келганидан бери Родри клуби ўтказган 195 учрашувнинг 21тасини ўтказиб юборган. Барча мусобақаларда у Премьер-лиганинг исталган футболчисидан кўпроқ ўйин ўтказган — 260та (238таси бошланғич таркиб). Майдонда ўтказилган дақиқалар сони (20555) бўйича ундан фақат Бруну Фернандеш (20727) олдинда. Ва буларнинг барчасига миллий жамоа сафидаги 50та беллашувни ҳам қўшиб қўйсангиз, 28 ёшли футболчининг қанчалик улкан масштабдаги ишни амалга оширганини англаб етасиз.

Ўтган ҳафтада Родри Чемпионлар Лигаси 1-тури аввалидан ташкил қилинган матбуот анжуманида ўйинлар сонининг кўплиги боисидан футболчилар «иш ташлашга мажбур бўлиши мумкин»лиги ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг ўша ҳафта охиридаёқ бу тахлит жиддий жароҳатга йўлиқиши сўзлари таъсирини каррасига ошириб юборди.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, «Сити» 2019 йил августидан бери Родрисиз 21та баҳсда иштирок этди ва уларнинг 7тасида мағлубиятга учради. Уларнинг учтаси ўтган мавсумнинг биринчи ярмида кузатилгани («Арсенал», «Вулверҳемптон» ва «Астон Вилла»га қарши) бугунги Гвардиола жамоасининг ушбу яримҳимоячига нақадар боғланиб қолганини кўрсатиши мумкин.

Умуман олганда, «Манчестер Сити»нинг ғалаба кўрсаткичлари Родри майдонда бўлганида у йўқ пайтлардагидан 12 фоизга юқори. У бор ўйинларда «шаҳарликлар» ўртача 1,70 та гол урсалар, у майдонда бўлмаган вақтда бу кўрсаткич 1,29 ни ташкил этади. Родрисиз ўйинларда клуб 1,9 очкодан қўлга киритган ва бу кўрсаткич 38 тур давом этган тақдирда, Гвардиола шогирдлари 76 очко тўплаган бўлар эдилар. Амалда эса улар 91 очко билан чемпионликни қўлга киритишди.

Бу статистикалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Родри «Манчестер Сити»нинг сўнгги мавсумлардаги муваффақиятларида асосий элемент ҳисобланади. Ўтган мавсумда фақат у ҳар бир учрашувда ўртача ҳисобда 100тадан ортиқ аниқ узатмалар амалга ошира олди — 103. Ўртача ҳисобда ҳар 90 дақиқада 126 марта тўпга тегинган испан бу борада жамоасидаги энг яқин таъқибчисидан 24та кўрсаткичга олдинда. Ҳужумкор ҳаракатлардаги иштироки борасида ҳам у Премьер-лига рейтингини бошқариб турибди. Ҳар 90 дақиқа ҳисобида Родри 8,4 маротаба ҳужум ташкиллаштиришда қатнашган.

«Арсенал»га қарши ўйинда ҳам у майдонда экан «Манчестер Сити» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. Унинг жароҳат олиб майдонни тарк этишида 43 сония ўтиб, Рикардо Калафиори ҳисобни тенглаштирди.

Ҳа, «Манчестер Сити» Родрисиз ҳам Премьер-лиганинг асосий фаворитларидан бири бўлиб қолаверади. Бироқ шундай ўйинлар келадики, таянчда ўйнаб «Олтин тўп» даъвогарига айланишга эришган бу қадар сифатли футболчининг қадри билинади ва ҳал қилувчи беллашувларда унинг йўқлиги «шаҳарликлар»га қимматга тушиши мумкин.

Opta маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар