22.09.2024 19:35
1385
Теглар
Испания 5-дивизионидан Чемпионлар Лигасигача — «Жирона»нинг энг нуфузли турнир томон сафари

Aтиги уч мавсум илгари худди шу вақтда «Жирона» Испания Сегундасида 3 ўйинлик мағлубиятли серия қайд этаётган ва Ла Лигага қайтиш орзусини буткул мураккаб вазифага айлантириб қўяёзганди. Бугун эса Каталониянинг катталиги жиҳатидан 11-шаҳри бўлган Жиронада клублар миқёсидаги энг нуфузли турнир шабадаси эсмоқда.

Дарҳақиқат, 2021-йилнинг сентябрига келибоқ «Жирона»нинг аҳволи ўта оғир ҳолатда эди. Тайинланганига 2 ой бўлган янги мураббий Мичел дастлабки 5та турнинг атиги биттасида ғалаба қозонган ва 3та ўйинлик мағлубиятлар серияси билан қарийб жар ёқасига келиб қолганди. 6-турдаги рақиб Ла Лигага тез-тез чиқиб-тушиб турадиган ва Сегунда миқёсида анча кучли саналган «Реал Валядолид» эди ҳамда бу тўқнашув унинг учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Ўша ўйинда «Жирона» 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мураббийини ҳам, Ла Лигага чиқиш умидини ҳам сақлаб қолди. Мавсумнинг қолган қисми ҳам осон кечмади ва каталонияликлар плей-оффга йўлланма берувчи сўнгги поғона — 6-ўринга атиги биттагина гол устунлиги эвазига «Реал Овиедо»ни ортда қолдириб илиниб қолишди. Плей-оффда эса «Ейбар» ва «Тенерифе»ни мағлуб этган ҳолда юқори дивизионга равишда қайтишди. Ушбу ҳафтада эса улар Чемпионлар Лигасида дебют амалга оширишди. 1999-йилда 5-дивизионда, 2007-йилда 3-дивизионда ўйнаб юрган жамоанинг бу қадар тез фурсатда Европанинг энг нуфузли мусобақасигача чиқиб келиши — росмана қаҳрамонлик. Спортдаги натижалари билан тарихан мақтана олмайдиган Каталониядаги бу кичкина шаҳарнинг ҳеч қандай юлдузларни жалб этмай бу йўлни босиб ўтиши мақтовга сазовор.

«Жирона аҳолиси болалигимдан «Барселона», «Реал Мадрид» ва ҳатто «Эспанйол»га мухлислик қилиб келганлар. Болалигимда «Монтиливи»даги трибуналарда ҳатто 200 нафарга яқин одамлар билан клуб ўйинларини томоша қилган даврларимизни яхши эслайман. Биз кичкинагина гуруҳимиз билан элита футболини орзу қилардик. Баскетбол жамоамиз юқори дивизионда ўйнарди, лекин футбол… Юқори дивизион футболини кўриш учун бошқа шаҳарларга боришингга тўғри келарди», — деб эслайди клубнинг бугунги кундаги президенти Делфи Жели.

Хўш, банкрот бўлиш арафасида бўлган ушбу камтарона клуб қандай қилиб 5-дивизиондан Чемпионлар Лигасигача чиқиб келди?

2013 йилда клуб Испания Сегундасида ўйнарди ва ўшанда умумий ҳисобда 3,1 миллион евро қарзи бор эди. Жироналикларнинг бундай суммани тўлашга лаёқатлари йўқ эди ва клубга қарши суд иш очиши кутилаётганди. Шунда клубнинг энг катта улушига эгалик қилувчи маҳаллий тадбиркор Жосеп Делгадо вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини излай бошлади. Ва Пеп Гвардиоланинг акаси Пере унга ёрдамга келди. У Франциянинг TVSE Football компаниясини клубнинг 80 фоиз акцияларини сотиб олишга кўндирди. Франсузлар клуб учун 2,6 миллион евро тўлашди ва жамоанинг футболчилар олдидаги 380000 минг евролик қарзини ҳам тўлаб берди. Бу «Жирона»ни буткул банкрот бўлишдан сақлаб қолди, бироқ бу ҳамкорлик шунчаки вақтинча ечим бўлиб чиқди. 2013, 2015, 2016 йилларда плей-оффда енгилиб, Ла Лигага чиқиш орзусини амалга ошира олмаётган клубни яна ўша Пере Гвардиола ўртага тушиб, «City Football Group» ёрдамида сотиб олади ва каталонияликлар ушбу компаниянинг тармоқ клублари қаторига киради.

Янги, бой ҳомийлар қўлига ўтганига қарамай, «Жирона» оламшумул трансферларга қўл урмайди. Бироқ ўша ёздаёқ харид қилинган Кристиан Стуани ҳанузгача «қизил-оқлар» ҳужумидаги асосий футболчилардан бири бўлиб қолмоқда ва сўзсиз клуб афсонасига айланиб улгурган. Унинг ҳисобида «Жирона» сафидаги 251та ўйин ва 132та гол мавжуд. 2018-2019-йилги мавсумда «Жирона» Ла Лигадан тушиб кетгач, уругвайлик ҳужумчига бир нечта таклифлар келиб тушди, бироқ у Каталония жамоасида қолишни афзал билди ва ҳатто клубга ёрдам бериш мақсадида бир неча маротаба маошини қисқартиришга ҳам рози бўлди. Унинг бу фидокорликларини ҳеч ким эсдан чиқара олмайди. Шунинг учун ҳам, клубда Испания билан Олимпиадани ютган Aбел Руиз ва ёш ҳужумчи Боян Миовски кабилар бўлса-да, Уругвай миллий жамоасининг собиқ футболчиси ПСЖга қарши баҳсни асосий таркибда бошлади.

ПСЖга қарши ўйин нафақат клуб, балки бутун бошли шаҳар учун жуда катта тарихий воқеа эканини жамоа футболчиларининг Парижда Каталониянинг ҳудудий ҳокимияти раҳбарлари томонидан тантанали равишда кутиб олинганидан ҳам англаш мумкин. Ушбу мартабали меҳмонлар учрашув олдидан ПСЖ раҳбарияти билан кечги овқатда иштирок этган бўлсалар, Жирона шаҳри маёри 1000га яқин клуб мухлислари жамосини қўллаб турган «Парк де Пренс»дан ўйинни томоша қилди.

«Жирона» ўтган мавсумнинг том маънодаги кашфиёт жамоасига айланди. Клуб ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, 81 очко билан Ла Лигани 3-ўринда якунлади. Улардан 4 очко кўп жамғарган қўшнилари — «Барселона» иккала даврада ҳам 4:2 ҳисобида таслим этилди. Умумий ҳисобда 85та гол урган жироналиклар бу борада фақат чемпионлар — «Реал»дан ортда қолишди (87). Клубнинг ҳужумга қўрқмай ўтиши ва анчайин жозибадор футболи мухлислар армиясининг кенгайишида катта ўрин тутди.

Бироқ энди клубда янги тарих ёзиш вақти йетган, боиси, ўтган мавсумдаги таркиб асосини топ клублар тортиб олишди. Якунига етган мавсум Примерада 24та гол билан тўпурарга айланган Aртём Довбик 40 миллион евро евазига «Рома»га йўл олди. «Байер Леверкузен» Aлейш Гарсиа учун 18 миллион евро тўлади. «Сшен Аўўеифдд Пкўгз»даги ҳамкор клуб бўлган «Труа»дан ижарага олиб келинган Савинйо «Манчестер Сити»га кетди. Бевосита «шаҳарликлар»дан ижарага келган Ян Коуто манчестерликлар томонидан «Боруссия Дортмунд»га трансфер қилинди. «Барса»дан ижарага олиб келинган Эрик Гарсиа эса Мичелнинг уринишларига қарамай «кўк-анорранглилар» сафига қайтди.

Йўқотилган футболчилар ўрнини тўлдириш борасида клуб спорт директори Кике Карсел қаттиқ меҳнат қилди ва умумий ҳисобда 44 миллион еврога нақ 11 нафар футболчини жамоага олиб келди. Якунига етган ёзги трансферлар ойнасининг ўзида жироналиклар клуб тарихидаги рекорд трансфер сумма — 8 миллионлик евролик маррани (Довник учун тўланган) 3 маротаба кесиб ўтишди. Келганларнинг аксариятини эркин агент сифатида қўлга киритилишида клуб лойиҳасининг анчайин ёрқин еканлиги асосий ўрин тутгани аниқ.

Келганлардан энг ёрқини «Уотфорд»дан 18 миллион евро (+6 миллион евро бонуслар) евазига харид қилинган яримҳимоячи Ясер Aсприлядир. У ва оиласи шартнома имзолаш олдидан Жиронанинг машғулот базасида бўлиб, шароитлар билан таништирилди ҳамда унинг учун тайёрлаб қўйилган лойиҳа намойиш этилди. Шу тариқа, Премьер-лигадан анча яхшироқ таклифлари борлигига қарамай, колумбиялик яримҳимоячи Испания жамоаси билан Чемпионлар Лигасида ўйнашни танлади. Браян Хил ва Aрно Данжума ижарага таклиф этилган бўлса, Донни ван де Беек эркин агент сифатида «Монтиливи»га келди. Ўз навбатида, Браянга болаликдаги клуби «Севиля» ҳам қизиқиш билдирганди, Данжума эса яна бир Чемпионлар Лигаси клуби «Лилл» таклифини рад этиб, Жиронага келди.

Ўтган сентябрда «қизил-оқлар»нинг маош лимити 52 миллион евро эди ва бу борада Примерадаги 14-жамоа бўлиб турган эдилар. Жорий мавсумда бу сумма 94 миллионга етиб, клубни Испаниянинг 8-жамоасига айлантирди. Ушбу лимит жамоаларнинг йиллик даромадларига асосланган ҳолда берилишини инобатга олсак, «Жирона»да катта ўсиш кузатилганига гувоҳ бўламиз. Aммо келинг, рақамлар билан ҳам танишиб чиқамиз. Каталонияликлар 2022-йилда 55 миллион, 2023-йилда эса 60 миллион евро даромадни рўйхатдан ўтказганди. Жорий мавсумда еса клубнинг даромади 100 миллион еврони ташкил қилгани Ла Лига рўйхатида қайд этилган.

Дарвоқе, жорий мавсум аввалида клуб структурасида яна ўзгаришлар бўлганини эслаб ўтиш жоиз. УЕФA қоидаларига кўра, битта мусобақада тармоқ клублардан фақат биттаси қатнашиши мумкин, агар уларга эгалик қилаётган компаниянинг жамоадаги улуши 30 фоиздан ортиқ бўлса. Шу сабабдан «City Football Group» «Жирона»нинг 17 фоиз улушини сотиб, ҳозирги кунда 30 фоиз аксиялар эгасига айланди. Шунингдек, ёзда клуб бошқарувида ишлаб келган 3 нафар CFG ходими истеъфога чиқарилишига тўғри келди.

Ваниҳоят, жамоа раҳбарияти олдида Чемпионлар Лигасида қатнашиш учун стадион муаммосини ҳал қилиш вазифаси ҳам турганди. «Монтиливи» ўйингоҳи 1970-йилда қурилган ва тоғ чўққисига қурилгани ҳамда атрофида университет бинолари бўлгани учун кенгайтириш имконига эга эмас. Ла Лигадаги баҳсларга мухлислар оқимига мослашиш учун клуб 6000 нафар томошабинга мўлжалланган вақтинчалик трибуналар ўрнатган ва улар билан қўшганда умумий сиғим 15000га етади. Бироқ УЕФA низомига кўра, жамоалар фойдаланадиган стадионларида вақтинчалик трибуналардан фойдаланишга рухсат этилмайди. Улар бир муддат «Монжуик» ёки «Еспанёл» стадиони «Корнеля Ел Прат»да Чемпионлар Лигасини қабул қилиш масаласини муҳокама қилишди, бироқ якунда ўз ашаддий мухлисларига ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида камтарона стадионларида қолишга қарор қилишди.

Aлбатта, Европа ва Испания гигантларига қарши бундай чекланган имкониятлар билан курашиш анча қийин кечади. Бироқ Мичел жамоасининг Чемпионлар Лигасида бир мавсум ўтказишининг ўзи ҳам уларнинг янги даражага кўтарилишлари учун етарли бўлади.

The Athletic маълумотлари асосида Aбдулбасит Валихонов тайёрлади.

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар