21.09.2024 13:06
4173
Теглар
«Матрасчилар», «бодринглар», «сариқ сувости кемаси» — Ла Лига клубларининг лақаблари тарихини биласизми?

Европа клублари ўзларининг кўп йиллик тарихлари билан бир қаторда ўтмиш давомида шаклланиб келган ҳамда муомалада бўлиб келаётган рамзий номлар — лақабларга эга. Ла Лига клублари лақабларининг юзага келиш тарихи сизни қизиқтириши аниқ.

Пиреней яримороли ва Испания — узоқ тарих ҳамда анъаналарга макон бўлган ер ва бу мамлакат футбол билан нафас олади. Испаниялик ким биландир танишиб қоладиган бўлсанг, унга бериладиган саволлар орасида қайси клубга мухлислик қилишини сўраш — нормал ҳолат ва бунга баъзида улар жамоаси номини айтиб, баъзида эса шунчаки лақабини эслаш орқали жавоб беради. Чунки клублар уларнинг яшаш тарзининг бир қисмидек бўлиб кетган ва қайсидир клубга мухлислик кишиларнинг мансубиятини ҳам аниқлашда ёрдам беради.

Мисол учун, «Барселона»ни олайлик. Бу клубга мухлислик каталонияликлар учун миллий озодлик курашининг бир қисмидек гап. Клубнинг «кўк-анорранглилар» лақаби ўзбек аудиториясига яхши таниш. Бироқ «Барселона» мухлислари ўзларини «Culers» деб аташади. Бу лақаб жуда машҳур ва унинг ўзига хос тарихи бор. 1909-1922 йиллар мобайнида «Барса» уй ўйинларини «Лескопидора» стадионида ўтказган. Йиллар ўтган сари клуб таркибидаги Паулинио Алкантара, Жосеп Самитиэр ва Рикардо Замора каби юлдузлар кўпайиб, натижалар яхшилана боргач, ушбу стадионга мухлислар оқими ошиб кетади. 1916 йилда трибуналарга иккинчи қават қўшилиб, сиғим 6000га етказилса-да, бу мухлислар учун етарли бўлмаган. Жамоа ўйинига чипта ололмаган мухлислар арена деворларига тирмашиб чиқиб, унинг устида ўтирганча ўйинларни томоша қилишган ва шу тариқа, клубнинг ашаддий мухлислари «Culers» — тепадагилар дея номлана бошланган.

Ла Лигани энг кўп марта ютган «Реал»нинг ҳам бир неча лақаблари бор. «Los Blancos» — «оқлар» деган маънони билдиради ва бу — клубнинг оқ либосидан келиб чиққан табиий номланиш. Ўзбек аудиторияси учун таниш бўлган «қаймоқранглилар» лақаби ҳам асоссиз эмас. Испанияда «Реал»ни «Los merengues» деб ҳам аташади ва бу — қаймоқ кремидан тайёрланувчи французча дессертнинг номи. Ундан биринчи бўлиб, 1950-1960 йиллар оралиғида испаниялик телерадиошарҳловчи Матиас Пратс Канете фойдаланган ва ўз-ўзидан бу мухлислар тилига ўрнашиб кетган. Ҳатто Испанияда ҳам ишлатилмай қўйган ва кўпчилик билмаса-да, Мадрид грандларини «викинглар» деб ҳам аташади. Бу масалада 2 та теория мавжуд. Биринчиси, 1960 йил кетма-кет 5-маротаба Чемпионлар Кубогини ютган пайтда «The Times» газетаси улар ҳақида ишлатган иборадан келиб чиққандир: «Реал» Европада бир пайтлар Викинглар қилганидек йўлида учраганини маҳв этди». Яна бир қарашга кўра, бу номни уларга «Атлетико» мухлислари берган. 70 йилларда «Реал» таркибида Гюнтер Нетцер, Пол Брайтнер ва Ули Штилике каби узун бўйли, малласоч йигитлар тўп тепган. Қўшнилар эса уларни «викинглар» деб атай бошлаган.

Ўша даврда «Атлетико»нинг ўзини «ҳиндулар» деб аташарди. Чунки уларнинг таркибида бир қатор жанубий америкаликлар — Рубен Айяла, Рубен Диаз, Луис Перрейра, Леивиня бор эди. Иккала Мадрид клуби ҳам бу номлар билан ўзларини аташмаса-да, бу лақабларни буткул ўчиб кетган, деб бўлмайди. «Бернабеу»да викингларга хос шохли дубулға кийиб олган мухлисларни учратиш мумкин, «Атлетико»нинг тимсоли эса «Инди» номли енот ҳисобланади.

«Атлетико» мухлислари ўзларини «матрасчилар» деб аташни маъқул кўришади. Даставвал бу ном рақиб мухлислари томонидан уларни ҳақорат қилиш учун ишлатилган. Сабаби — жамоа ўша даврда арзон матраслар ишлаб чиқишда фойдаланилган қизил-оқ йўлли либосларда ўйнаган.

Ўз навбатида «Атлетико»нинг «Атлетик Билбао»нинг филиали сифатида фаолият бошлаганини эслатиб ўтиш керак ва шу сабабдан ҳам уларнинг либослари ўхшаш. Аммо билбаоликларни «шерлар» деб аташади. Бу уларнинг стадиони номидаги Сан Мамес — Авлиё Мамес билан боғлиқ ривоятлар натижасида келиб чиққан. Афсонага кўра, ҳозирги Туркия ҳудудидан бўлган Мамес болалигида шерлар галасига ташланади ва нажоткор фаришта уни қутқариб қолади.

«Атлетик» стадионига борсангиз, музлатилган шер тулупига кўзингиз тушади. Бу шер клубга 1984 йилги Ла Лига ва Қирол кубогидаги ғалаба шарафига ҳамкор клуби «Алавес» президенти Хуан Аррехи томонидан тирик ҳолича туҳфа қилинади ва вафот этгач, уни музлатилган ҳолда музейда сақлаб қолишга қарор қилишади.

Испаниянинг яна бир тарихий клуби «Валенсия» ҳам антиқа лақабга эга — «кўршапалаклар». Бу нафақат клуб, балки шаҳарнинг ҳам рамзи ҳисобланади ва унинг Валенсия шаҳри тимсолига айланишини XXIII асрда шаҳарга келган Хауме I номи билан боғлашади. Унинг қўшинлари кўршапалак рамзли либослар кийишгани айтилади ва шаҳар гербида ҳам шу жонивор тасвири туширилган.

«Реал Валядолид»нининг лақабида ўзига хосликларни кўрмайсиз. Жамоани «албивиолетас» — «оқ-сапсарлар» деб аташади ва бу улар киядиган либосдан келиб чиққан. Шунингдек, Валядолид шаҳри жойлашган макон бир пайтлар Пуселя деб аталган ва уларни пуселяликлар ҳам дейишади. Худди шундай топономик лақабни «Депортиво Алавес»да ҳам учратамиз. Уларни бабазорроликлар деб аташади ва ва бу — Басклар юртидаги Алава шаҳрининг қадимги номларидан бири. Баск тилида бу сўз «нўхатчилар» деган маънони англатади ва бунга сабаб сифатида тарихан бу ер одамлари кўп ловия етиштиришган.

«Эспанёл»ни Испанияда «тўтилар» лақаби билан аташади. Сабаби, улар 1923-1997 йилларда фойдаланган «Эстадио де Сарриа» атрофида ва томларида узун думли, маҳаллий тилда «паракито» деб номланувчи тўтилар кўп бўлган.

Канар ороллари жамоаси «Лас-Палмас»ни «El Pio-pio» деб аташади, бу оролдаги кенг тарқалган канарейкаларнинг овозига тақлид тарзида шаклланган ва жамоа ҳам шу боисдан сариқ либос кияди.

Мадрид вилоятининг чекка ҳудудида, асрлар давомида бодринг етиштириб, Европага етказилган жойларда ташкил топган «Леганес»ни «бодринглар» дейишади ва жамоа ўйинларида бодринг либосини кийиб олган маскотни кўришингиз мумкин бўлади.

Қуйидаги Ла Лига жамоалари шунчаки либоси рангини лақаб қилиб олган ва бунда ҳеч қандай алоҳида маъно йўқ: «Реал Сосиедад» — «кўк-оқлар», «Маллорка» — «қизиллар», «Селта Виго» — «мовийлар», «Осасуна» — қизғишлар, «Хетафе» — «кўклар» ва «Райо Валекано» — «қизил чақмоқлар».

Андалусиянинг икки клуби «Севиля» ва «Реал Бетис»ни либослари ранги (мос равишда, «қизил-оқлар ва «яшил-оқлар») билан аташ одат тусига кирган. Бироқ Нервион даҳасида жойлашган «Севиля»ни нервионликлар, икки мингйиллик аввал Рим империяси давридаёқ Баэтика деб номланган ҳудудда ташкил топгани учун «Бетис»ни бетиколиклар ҳам деб аташади.

«Вилярреал» азал-азалдан «сариқлар» деб аталган, бироқ ўтган асрнинг 60 йилларида «Битлс» гуруҳининг қўшиғидан клуб мухлислари «Сариқ сувости кемаси» номини ишлата бошлашади ва бора-бора бу клубнинг асосий лақабига айланиб кетади.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар