Кечагина еврокубоклар тугаб, Европада миллий чемпионатларнинг навбатдаги турлари ҳам бошланиб кетди. Бугундан бошланадиган катта футбол оқшомларидан эса Италиянинг марказий ўйини, Милан ва Истанбул дербилари, шунингдек Англиянинг энг муҳим тўқнашуви ўрин олган.
ЮВЕНТУС – НАПОЛИ (21 сентябр, 21:00)
Шубҳасиз, А Сериянинг энг марказий ўйинларидан бири. «Наполи» ўтган мавсумни муваффақиятсиз ўтказган бўлса-да, ҳозиргиси бошқа – Антонио Конте факторининг ўзи ҳам неаполликларнинг жиддий амбициясидан дарак беради. Жамоа мавсумни Веронадаги йирик мағлубият билан бошлаган бўлса-да, кейин ўзига келди. Қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонди. «Наполи» ҳозирда фақат «Торино» ва «Удинезе»дан орқада – «Торино» бир ўйин кўпроқ ўйнаб бўлди, «Удинезе»ни эса бу турда «Рома» майдонига сафар кутиб турибди. Демак, агар «Наполи» ғалаба қозонса, шу ҳафтадаёқ турнир жадвалида 1-ўринга чиқиб олади.
«Ювентус» ҳам узоқда эмас, рақиби билан фақат бир очко ажратиб турибди холос. Туринликлар ҳам агар ғалаба қозонишса, 1-ўринга чиқиб олиш имконига эга. Эътиборлиси, «Наполи»дан фарқли равишда Мотта шогирдлари ҳали мағлубиятга учрагани йўқ, умуман, ҳали бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормаган кучли бешликдаги ягона жамоа ҳисобланади. Мавсумни бир хил – 3:0 ҳисобидаги икки ғалаба билан бошлаган «Ювентус» қаторасига икки ўйинда голсиз дурангга имзо чекди. Аммо Чемпионлар Лигасида ПСВ билан ўйинда яна 3 голли режимга қайтилди – 3:1. Дарвоқе, «Ювентус»нинг ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида ўйнагани меҳмонларга қўл келиши мумкин. «Наполи»нинг бу мавсум еврокубокларда қатнашмаслиги чемпионатда Контега устунлик берадиган муҳим факторлардан бирига айланиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ўзаро ўйинларга қарасак, сўнгги йилларда «Наполи»нинг бироз устунлигини кўришимиз мумкин. Чемпионлик мавсумида «Наполи» ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган бўлса, ўтган йили «Ювентус» фақат Туриндаги ўйинни минимал ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди. Умуман, айнан Туринда кечган охирги 3 ўйинда фақат бир марта мезбонлар ғалаба қозонганини эътироф этиш лозим.
Таркиблар борасида икки томонда ҳам деярли йўқотишлар йўқ. Аркадиуш Милик «Ювентус»га ўзинининг собиқ жамоасига қарши баҳсда ёрдам бера олмайди. Шунингдек, мезбонларнинг янги хариди Франсишку Консейсауда ҳам кичик жароҳат бўлиб, яна камида икки ҳафта майдонга қайта олмаса керак. Ҳар икки жамоа охирги 5 ўйинда 9 тадан гол уришга муваффақ бўлди. Демак, бу ўйиндан ҳам кўпроқ гол кутишга ҳақлимиз.
ФЕНЕРБАҲЧЕ – ГАЛАТАСАРОЙ (21 сентябр, 22:00)
Одатда, кучли бешликдан ташқаридаги ўйинлар ҳақида батафсил тўхталмаймиз, аммо бу — бошқа масала. Гап фақат Туркия даражасидаги энг катта ўйиннинг бўлиб ўтишида ҳам эмас. Эътибор беринг, Тадич, Фред, Суюнжу, Сен-Максимен, Ан-Носири, Жеко, Амрабат, Ундер, Тосун, Муслера, Торрейра, Мертенс, Батшуайи, Санчес, Осимҳен – саналганларнинг ҳаммаси Туркия Суперлигасининг марказий ўйинида майдонга тушиши мумкин. Ахир бу номлар аввалроқ тилга олинган А Серия марказий ўйини қатнашчиларидан ҳам жаранглироқ эмасми?
«Фенербаҳче»га Жозе Моуринионинг келгани ҳам бу сафарги дербига ўзгача муҳит тақдим этса ажаб эмас. Гап шундаки, «Фенербахче» сўнгги беш йилда Туркия чемпионатида энг кўп очко тўплаган, гол урган, ғалаба қозонган жамоа саналади. Лекин қизиғи, «сариқ-қоралар» шу беш йилда бирорта ҳам соврин ютмаган. Бундай аномалликни бартараф қилиш учун эса Жозе Моуринио айни муддао. Зеро португалиялик мураббий мусобақаларга стратегик ёндашишни, айнан керакли ўйинларда ғалаба қозонишни яхши билади. «Фанерликлар» бу сафарги мавсумга ўзгача умидлар билан қараётгани бежиз эмас.
Турнир жадвалидаги ҳолат доимгидек: «Галатасарай» беш ўйиндан сўнг юз фоизлик натижа кўрсатган ҳолда пешқадам бўлиб турибди. «Фенербаҳче»да шунча ўйиндан бир дуранг бор – демак, ҳар қандай ғалаба мезбонларни турнир жадвалида 1-ўринга олиб чиқади. Шу ўринда атиги бир дуранг ўйнаган, аммо бир ўйин кам ўтказган учинчи дев – «Бешиктош»ни ҳам унутмаслик керак.
Юқорида дербида қатнашадиган юлдузларни санаганимизда Мауро Икардининг йўқлиги ажаблантирган бўлиши мумкин. Аргентиналик ҳужумчи шу ой бошида жароҳат олганди ва камида бир ойга сафдан чиққан. Мезбонлардан нигериялик ҳимоячи Осайи-Самуэл шерикларига ёрдам бера олмайди.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – АРСЕНАЛ (22 сентябр, 20:30)
Нафақат турнинг, Англиядаги мавсумнинг марказий ўйинларидан бири бироз ноўрин вақтга тўғри келганини эътироф этиш керак. Айниқса, меҳмонлар сафида жароҳатланганларнинг етарли экани, айниқса, Эдегорнинг йўқлиги кучлар мувозанатига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Сўнгги вақтларда Артетанинг янги қирралари очилмоқда. Уни энди нафақа Пепга, балки Моуриниога ҳам қиёслашяпти. Гап шундаки, «Арсенал» ўзи муаммоларга дуч келиши мумкин бўлган катта ўйинларда ўта ҳимоявий ўйнашдан, ўз услубидан воз кечишдан чекинмаяпти. Ўтган мавсум «Этиҳад»даги ўйин эсингизда бўлса керак, лондонликлар бутун ўйин давомида ҳимояланишдан мастер-класс ўтиб, ўз мақсадига эришган, Артетанинг қўлёзмалари ҳатто «Реал»га ҳам фойда бериб, мадридликлар Чемпионлар Лигасида «Сити»ни доғда қолдирганди. Бу турнир нуқтайи назаридан мажбур бўлинган режа эмас, «Арсенал»нинг «арсенали»даги муҳим қурол эканини ўтган турда «Тоттенҳэм»га қарши баҳсда гувоҳи бўлдик. Эдегордан ташқари, Деклан Райссиз ҳам қолган «Арсенал» шимолий дербида жуда сифатли ҳимоя қурғонига эга бўлди ва стандарт вазиятдан урилган гол эвазига ғалаба қозонди. Ғирт Жозе Моуриньо услуби.
Лекин бу сафар Пеп Гвардиола ҳам дурангга унча қарши бўлмаслиги мумкин. Айни дамда эҳтиёткорлик муҳим эканини жамоа «Интер»га қарши ўйинда ҳам намойиш қилди. Ҳар ҳолда «Манчестер Сити» турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди, дуранг ҳам жамоага ўша ўринда қолишга имкон яратади. Таваккал қилиш кўпроқ «Арсенал»га эҳтиёж, қарши ҳужумда эса, айниқса, бу мавсумда Эрлинг Ҳоланд қанчалик хавфли эканини кўрмоқдамиз. Жароҳатлар борасида «Сити»да ҳам жиддий йўқотиш бор – Кевин де Брюйне «Интер» билан ўйинда майдонни эрта тарк этганди. Пеп Гвардиола якшанба кунги ўйинга белгиялик футболчи тайёр бўлишини айтиб ўтган бўлса-да, катта эҳтимол етакчининг соғлиғи билан таваккал қилинмайди ва у захира ўриндиғидан жой олса керак. Кевиндан ташқари мезбонларда Натан Аке, меҳмонларда эса Зинченко, Тирни, Томиясу каби ҳимоячиларда жароҳат бор. Лекин Артета ўзи учун оптимал ҳимоя тўртлигини топиб олгандек, зеро Тимбер сўнгги ўйинларда анча ишончни оқламоқда. Янги трансфер бўлмиш Микел Мерино яна бир ойдан кейин тикланади.
Яна бир муҳим жиҳат — «Манчестер Сити» ўз ўйинини чоршанба оқшомида ўз майдонида ўтказди. «Арсенал» эса бир кун кейин сафарда «Аталанта»га қарши ўйнади. Бир кун ортиқча дам олиш куни, бунинг устига лондонликлар учун ўйин анча қийинроқ кечганини эътиборга олсак, мезбонларда жисмоний томондан устунлик бўлиши ҳам табиий.
Юқорида эслаб ўтилган дуранг «Арсенал»нинг «Этиҳад»да охирги 8 йилдаги илк очкоси эди. Умуман сўнгги йилларда бу стадион «Арсенал» учун энг омадсизи саналади. Жамоа охирги марта Манчестерда 2015 йилда «кўклар» устидан ғалабага эришган. У пайтда Артета «Арсенал» сафида футболчи сифатида тўп сурарди, Пеп Гвардиола эса «Бавария»ни бошқариб юрарди.
ИНТЕР – МИЛАН (22 сентябр, 23:45)
Классик футбол ихлосмандларини ҳафта якунида Милан дербиси кутиб турибди. Албатта, ижрочилар савияси, таркибдаги номлар борасида айни дамдаги дерби аср бошларидаги, бутун Европани экран қаршисига михлаган даврдан анча фарқ қилади, аммо мухлислар ўша-ўша, камида ўша муҳитни бемалол сизга ваъда беришлари мумкин. Бунинг устига, «Милан»нинг Чемпионлар Лигасидаги аламли мағлубияти ҳеч бўлмаса чемпионатда ниманидир исботлашга ундайди. Айниқса, бу ўйин Фонсека учун муҳим. Мухлислар йиллар давомида Пиолидан норози бўлиб келишди ва Миланнинг қизил тарафига ҳам ўз таниш услубига эга бўлган замонавий мураббийни орзу қилишди. Фонсека номдор бўлмаса-да, айнан шу талабга қисман жавоб беради. Аммо мавсум старти кўнгилдагидек кечмаяпти – миланликлар дастлабки уч турни икки дуранг ва бир мағлубият билан бошлашди. Ниҳоят «Венеция» билан ўйинда йирик ғалаба, «Ливерпул» дарвозасига тезкор гол Фонсеканинг ўз ўйинини топганига ишора қилаётган эди. Лекин «Ливерпул»га қарши ўйиннинг қолган дақиқалари сўнгги йиллардаги «Милан»нинг энг ёмон ўйини бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Ҳатто Фонсеканинг истеъфосини талаб қилаётганлар пайдо бўлди. Тўғри, ҳали истеъфо ҳақида гапиришга эрта, аммо агар Милан дербисида ҳам ижобий чизгилар сезилмаса, бундай фикрлар янада кўпайиши ва кераксиз босим халақит беришни бошлаши мумкин. Бундай жараён оқибатда истеъфо билан тугаши сир эмас.
«Интер» эса, албатта, фаворит. Жамоа бир неча йилдан бери бир мураббий қўл остида шуғулланиб келмоқда ва ҳар томонлама мукаммал услубга эга. Айниқса, тактик жиҳатдан Индзаги услуби яшаётганини Манчестердаги учрашувда ҳам гувоҳи бўлдик. Сўнгги 15 дақиқани айтмаса, «Интер» жуда салобатли кўринди. Узоқ йиллардан бери Гвардиола дарвозасига бир бўлимдаёқ 10 маротаба зарба бера олган илк жамоага айланди. А Серияда ҳам ишлар жойида — агар «Наполи» ва «Ювентус» ўйинида неаполликлар ғалаба қозона олишмаса, «Интер» шу турдаёқ турнир жадвалида пешқадам бўлиб олиши мумкин. У жойдан жамоани тушириш ниҳоятда қийин эканини охирги мавсумлардан яхши биламиз. Хуллас, ҳар томонлама жуда фарқли шароитда бўлган ва фарқли жараёнларни бошдан кечираётган икки жамоанинг тўқнашуви нейтрал мухлислар учун ҳам ўта қизиқарли бўлиши шубҳасиз.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
21 сентябр. Вест Ҳэм – ЧЕЛСИ (16:30), Вердер – БАВАРИЯ (18:30), Фулҳэм – НЮКАСЛ (19:00), АСТОН ВИЛЛА – Вулверҳэмптон (19:00), ЛИВЕРПУЛ – Борнмут (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Брентфорд (19:00), Кристал Пэлас – МЮ (21:30), РЕАЛ – Эспаньол (23:55), Реймс – ПСЖ (23:55)
22 сентябр. БАЙЕР – Волфсбург (18:30), Штутгарт – БОРУССИЯ Д (20:30), РОМА – Удинезе (21:00), Вилярреал – БАРСЕЛОНА (21:30), Райо Валекано – АТЛЕТИКО (23:55)
Қаҳрамон Асланов