19.09.2024 15:58
3479
Теглар
Англияда футболчиларнинг иш ташлаши хавфи: Родри ҳаммани жиддий огоҳлантирди

Бундан аввал ҳам бир неча маротаба тиғиз тақвим борасида шикоятлар билан чиқиш қилган «Манчестер Сити» етакчиси Родри УЕФА Чемпионлар Лигаси 1-тури доирасидаги «Интер»га қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида футболчилар оммавий иш ташлашга яқин келаётганликлари билан огоҳлантирди ва бу шунчаки қуруқ таҳдид эмас.

Матбуот анжуманида Родри Эрнандес ихтиёрий равишда мавзуни кўпайиб кетаётган ўйинлар миқдори масаласига бурди. Янги форматдаги Чемпионлар Лигаси ҳақидаги саволга испаниялик яримҳимоячи шу тахлит жавоб берди: «Биз иш ташлашга яқин турибмиз. Бу — барча футболчиларнинг фикри. Агар барчаси шундай давом этса, бизда бошқа чора қолмайди».

Футбол тақвимининг зичлашиб бораётгани ҳар йилги муҳокама мавзуси, бироқ Родрининг бу гаплари огоҳлик қўнғироғидек жаранг сочди. Премер-лиганинг энг ёрқин юлдузларидан бири, «Олтин тўп» ғолиблиги учун номзод ва етакчилик қобилиятига эга бўлган футболчининг индустрия келажаги учун реал хавф ҳақида огоҳлантиришини беэътибор қолдириб бўлмайди.

FIFPro — Халқаро профессионал футболчилар ассоциацияси тавсияларига кўра, профессионал футболчи бир йил давомида 55 тагача ўйин ўтказиши керак бўлади. Аммо элита даражасида фаолият юритаётган ҳар қандай футболчи бугунги кунда ушбу чегарани муқаррар босиб ўтади. Бу мавсумдан эса ўйин лар сони янада кўпайди. Родри ва унинг жамоадошлари эҳтимолий 75 та баҳсда иштирок этишлари мумкин.

«Бу жуда кўп. Ҳамма нарса пул ва маркетингдан иборат эмас-ку. Шоунинг сифатига ҳам эътибор бериш керак. Мен чарчамаган бўлсамгина яхши ўйин намойиш эта олишим мумкин», — дейди Евро-2024 ғолиби.

Родри матбуот анжуманидаги кичик фикрлари билан футболчилар қўлида барчасини остин-устин қилиб юбориши мумкин бўлган «тугма» борлигини эслатиб қўйди. Чунки на УЕФА, на ФИФА ва на клублар қандайдир мусобақалар ёки турнелар ташкиллаштириш олдидан ўз футболчиларининг олдидан ўтмаяпти ҳамда уларнинг матбуотдаги давомий эътирозларини эътиборсиз қолдиряпти. Сўнгги 6 ойда эса футболчилар ҳам ўз юришларини бошлади. Англия ва Франция футболчилари иттифоқи ФИФАни тақвимни ўзбошимчалик билан ўзгартиришда айблаб, тафтиш ишларини бошлади. Бир ой ўтиб Европанинг 30 та миллий футбол лигалари ФИФА устидан қитъавий комиссияга шикоят аризасини киритди. Уларнинг барчаси бир мавзу — клублар ўртасидаги Жаҳон кубогининг янги форматини қабул қилиб бўлмас лойиҳа сифатида кўрмоқда.

Хўш, Родри айтаётган иш ташлашнинг эҳтимоли қанчалик?Албатта, бу бугун ёки эртага бўлиб қоладиган воқеа эмас, шу билан бирга керакли эҳтиёт чоралари кўрилмаса, бир зумда содир бўлиб кетиши ҳам мумкин. Англия профессионал футболчилар ассоциацияси умумий ҳисобда 5000 нафарга яқин футболчиларни ўз ичига олади ва уларни бирлаштиришга эришилса, бунинг иложи бор. Лекин яна қайтарамиз, бунинг олдини олса бўлади. Профессионал футболчилар ассоциацияси ижрочи директори Маҳета Моланго ҳам худди шундай фикрда: «Биз бу борадаги маъсулларга бир неча маротаба алоқага чиқишга ва уларни музокаралар ўтказишга чақириб кўрдик. Муаммога дипломатик ечим топиш учун қилган барча уринишларимиз зое кетди. Энди бу борада қонуний чораларни қўллашга ўтишимизга тўғри келади. Агар икки катта одам ўзаро келиша олмаса, баъзида учинчи тараф ўртада вазиятни ҳал қилиб бериши адолатдан бўлади».

2001 йилда ушбу ассоциациянинг саъй-ҳаракатлари билан Англиядаги барча футболчилар оммавий иш ташлашига бир баҳя қолганди. Ўшанда улар Англия футболининг намойишчилари билан ўзаро олди-берди масалаларида 3 ой давомида музокара ўтказган ва ўзлари хоҳлаган келишувга эришишга кўзлари етмаган ассоциация футболчиларни иш ташлашга тарғиб қилганди. Ўшанда ташкилотга аъзо футболчиларнинг 99 фоизи бунга рози бўлган ва бу Англия футболи имижи учун катта хавф туғдирган.

Профессионал футболчилар ассоциацияси президенти Гордон Тэйлорнинг таъкидлашича, уларнинг ҳаракатларини «Манчестер Юнайтед» собиқ бош мураббийи сэр Алекс Фергюсон, собиқ футболчилар — Рой Кин, Гари Невилл ва Раян Гиггз ҳам қўллаб-қувватлаган. Иш ташлаш борасидаги қонуний юришлар бошланган, лекин Манчестерда ўтказилган 8 соатлик музокаралардан сўнг Премер-лига уларни тўхтатишга эришган. Гарчи Тэйлор ўзи хоҳлаган товон пулини олмаган бўлса-да, 17,5 миллион фунт-стерлинг миқдоридаги компенсация пули барчани қаноатлантирадиган маблағ эди. 1960 йилда эса худди шу ассоциациянинг собиқ раҳбари Жимми Ҳилл футболчилар маошини ҳафталик 20 фунт-стерлингдан ошиқроқ бўлишини талаб қилиб, қўзғолон кўтарган ва 1961 йилда иш ташлаш таҳдиди фойда бериб, Англия футбол ассоциацияси ён беришга мажбур бўлган.

Родригача ҳам кўплаб футболчилар тақвимдан шикоят қилиб, матбуотда чиқишлар қилганди. Бироқ испаниялик яримҳимоячининг сўзларида қолганлардан фарқли равишда очиқ таҳдид сезилиб турибди ва ПФА ижрочи директорининг айтган сўзлари бу борадаги ишлар аллақачон анчайин чуқур илдиз отиб бўлганини кўрсатади. Бу жараённинг Англиядан старт олаётгани ҳам бежизга эмас. Чунки айнан Англия — Лига Кубоги мусобақасидан воз кечмай келаётган Европа топ-5 лигаларидаги ягона мамлакат. «Манчестер Сити» каби барча титуллар учун кураш олиб борадиган клублар учун эса бу — ортиқча юклама.

Бу тарафда эса ФИФА Клублар ўртасидаги жаҳон кубогини янги форматга ўтказиб, 32 та клубни ёзги таътилдан маҳрум этаётгани етмаганидек, эски форматдаги клублар мундиалини ҳам қитъалараро кубок номи билан ўтказишда давом этмоқчи. Уларнинг устидан Европанинг барча етакчи лигалари Брюсселдаги Халқаро иқтисодий судга шикоят киритган ва ушбу иш юзасидан қабул қилинадиган қарор футбол тақвимида яна катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар