18.09.2024 18:29
1855
УЕФА Чемпионлар Лигаси эволюцияси — «митти юлдузлар» дунё футболини қай тариқа забт этгани ҳақида

УЕФА Чемпионлар Лигаси — футболдаги энг катта фойда келтирувчи мусобақа ва энди у янада каттароқ марраларни кўзламоқда. Бу ҳафтадан янги формат орқали янги эрага қадам қўяётганига иддао қилаётган турнир ўтган аср аввалида амалга оширган ребрендинг орқали портлаш эффекти билан ривожлана бошлади.

1992 йил Швецияда ўтказилган Европа чемпионати вақтида УЕФА раҳбарлари янги тарих яратаётганини билмаган ҳам бўлишса керак. Улар янги мавсумдан ребрендинг қилишни мўлжаллаётган ва турнирнинг янги дизайни қандай бўлиши кераклиги ҳақида бир тўхтамга кела олишмаётганди. Ўша даврларда УЕФА билан ҳамкорлик қиладиган TEAM компанияси маркетинг бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Крейг Томпсон юлдузли лого лойиҳасини ўша вақтдаги ташкилот президенти Леннарт Йоҳанссон ва собиқ бош котиб Герҳард Аигнерга кўрсатганини шундай эслайди:

«Леннарт ва Герҳардга янги бренд суратларини олиб кирган пайтимни ҳалигача яхши хотирлайман. Биз лойиҳани кўриб, бир-биримизга қараб қолдик ва бирданига ҳамма: «Бу — ўша», деди. Янги бренд яратаётганингда бундай бўлиши мушкул, чунки ҳамманинг ўз фикри бор ва барчани бирдек хурсанд қила олмайсан. Лекин бу гал ҳамманинг фикри бир жойдан чиққан ва уларга дизайн маъқул келганди. Юлдузлар футболчиларни акс эттирарди, барча футбол юлдузлари бир жойга тўпланишлари логонинг мазмуни бўлган».

Юлдузлардан ясалган копток андазасини лондонлик дизайнер Фил Клеменц яратган ва мана 32 йилдирки, уни деярли ўзгартиришсиз сақлаб келишмоқда. Бугунги кунда мана шу «митти юлдузчалар» УЕФАга йиллик 4,4 миллиард евродан кўпроқ маблағ олиб келмоқда.

Чемпионлар Лигаси бу мавсумдан яна ўзгаряпти ва энди Европанинг 36 топ клуби битта лигада кураш олиб боради ҳамда энг камида 8 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлади. Бу Суперлига лойиҳаси билан кўпроқ катта ўйинларга эришмоқчи бўлган элита клубларига муқобил вариант сифатида тақдим этилган форматдир. Мукофот жамғармаси ҳам сезиларли даражада ошди. Мусобақада қатнашадиган 36 клуб умумий ҳисобда 2,08 миллиард еврога етадиган суммани иштирок ва натижаларига қараб бўлишиб олишади. Таъкидлаш жоизки, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан қарийб 22 фоизга яхшиланган қийматдир.

Бугунги кундаги йиллик мусобақалар орасида фақатгина Англия Премер-лигаси ўсиш шиддати нуқтайи назаридан Чемпионлар Лигасига рақобат қила олади, бироқ улар ҳам бренд курашида сезиларли даражада фарқ билан ортда боришади. Ҳеч нима УЕФА Чемпионлар Лигаси муваффақиятини рақамлардек аниқ кўрсатиб бера олмайди. 1992-1993 йилги мавсумда мусобақанинг мукофот жамғармаси умумий ҳисобда 38 миллион Швейцария франкини ташкил қилган (34 миллион фунт-стерлинг). Ғолибликни қўлга киритган «Милан» 7,5 миллион Швейцария франки ишлаб олган. Солиштириш учун, бу мавсумда Чемпионлар Лигасини ютган жамоа тахминан 136 миллион фунт-стерлингга эга чиқади. 32 йилда қарийб 20 баравар ўсиш… Қуйидаги рўйхатда Чемпионлар Лигасининг 2010-2011 йилги мавсумидан бери энг кўп мукофот пулларига эга чиққан клублар келтирилган. Бунда доим ҳам чемпион жамоа энг кўп пулга эга чиқавермайди, мусобақа давомидаги дуранг ва мағлубиятлар сони бунга таъсир кўрсатиши мумкин.

Сўнгги икки декадада Чемпионлар Лигасининг ҳомийлик маблағлари эвазига шакллантирадиган фойдаси катта сакрашни амалга оширди: 2004/2005 йилги мавсумда бу сумма 114 миллион фунт-стерлингни ташкил этган бўлса, 2022/2023 йилги мавсумда ҳомийлардан келадиган тушум 507 миллионга етган. Худди шу даврда телевизион намойишлардан келиб тушадиган фойда эса космик даражада ўзгариб кетган: 410 миллион — 3 миллард фунт-стерлинг. УЕФА янги молиявий ҳисоботларини тақдим этганда бу кўрсаткичлар яна сезиларли даражада ўзгаришига шубҳа йўқ. Сабаби, Бирлашган Қиролликда TNT Sports ва Amazon Prime Чемпионлар Лигасининг 3 йиллик ҳуқуқини 1,4 миллиард фунтга сотиб олди. АҚШ эса мусобақанинг ҳар йилига шу мавсумгача 100 миллион АҚШ доллардан тўлаб келган бўлса, бу мавсумдан эътиборан амалда бўладиган 6 йиллик шартноманинг ҳар йили учун тўлов 250 миллионга етади.

Пул маблағларининг оширилиши ва элит клублар ўртасидаги тўқнашувларнинг кўпайтирилиши 2021 йил апрелида юз берган Европа Суперлигасига ва ҳамон бу лойиҳага ишониб турган икки клуб: «Реал» ва «Барселона»га жавоб сифатида йўлга қўйилди. Бошқа тарафдан ФИФА клублар футболига кўз тика бошлади. Гап шундаки, миллий жамоалар футболи бир пайтлар тақдим этган фойдани бермай қўйган, биргина Жаҳон кубоги бундан мустасно бўлиб турибди. Қатардаги мусобақа вақтида ФИФА 7,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда қилди ва бу бир мусобақа учун Ер юзида топиладиган энг катта даромаддир. Бироқ бу — ҳар 4 йилда ўтадиган турнир, УЕФА Чемпионлар Лигаси бу маблағнинг ярмини ҳар мавсумда топиб келганди ва 4 йил якунига кўра жаҳон чемпионатидан 2 баравар кўп даромад олаётганди. Энди янги формат билан рақамлар янада каттариши аниқ. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ФИФА Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати масштабини кенгайтириш ва бу сферада айланаётган пул оқимининг бир қисмини ўзи тарафга буришга ҳаракат қиляпти. Бироқ янги форматдаги жаҳон чемпионати ҳам УЕФА Чемпионлар Лигасига рақобат қила олиши амри маҳол. Боиси, унда ўткинчи ўйинлар кўп ва «Барселона», «Ливерпул» ҳамда «Манчестер Юнайтед» каби катта аудиторияга эга клублар иштирок этмайди. Шу каби устунликларидан ўз вақтида фойдаланиб қолишни истаган УЕФА айни мана шу вақтни янги форматни фаоллаштириш учун энг мақбул фурсат, деб ўйлади. Бир пайтлар улар шунга ўхшаш жасоратли қарор билан футболни янги даражага олиб чиқишга эришган эдилар.

«Митти юлдузлар» лойиҳасини нафақат яратган, балки унинг амалга татбиқ қилинишини таъминлаш учун бир неча йил УЕФА билан ҳамкорликда ишлаган Томпсон янги дизайннинг Лондондаги тақдимотини яхши эслайди: «Биз футбол даражасини яна бир поғона кўтариб, илоҳий спортдек қилиб кўрсатмоқчи эдик. Шунинг учун, қадимги Юнонистон афсоналаридаги худолар образидан фойдалангандик. Футболчилар илоҳлар образида намоён бўлган ва бу жамоатчилик тарафидан яхши қабул қилинган. Футбол маҳсулот эди ва харидоргир бўлиши учун унга биргина яхши қадоқ етишмаётганди. Ҳатто ФИФА миқёсидаги турнирларда ҳам стадион атрофларига логолар ўрнатилмасди. Биз ареналарнинг ҳар бир бурчагини юлдузлар тасвири билан тўлдиришни режалаштирдик ва ҳатто боллбойлар киядиган нимчаларни ҳам ўз логомизни туширган ҳолда ишлаб чиқардик. Энг кичик деталларгача эътибор қаратиб чиқдик. Биз ишчилар учун ҳам юлдузлар тасвири туширилган махсус кийимлар ҳозирладик. Бир ходимим уни кўриб: «Мен буни киймайман, масхарабозга айланиб қоламанку», деганди. Нафақат у, ҳаммамиз «масхарабоз»ларга айландик.

Лойиҳанинг яна бир муҳим қисми мадҳия эди. Мен яна Лондондаги дўстларим орқали бир компанияни топдим ва Тони Бриттен исмли композиторга буюртма бердим. Бизга классик мусиқа керак эди ва у биз хоҳлаган оҳангларни маромига етказиб бир таронага уйғунлаштириб берди. Бугун ҳамма бу мусиқани билади».

Крейг Томпсоннинг айтишича, у ҳатто француз ва испан оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мусобақа номини тўғри ишлатиш (The Champions League) борасида 3-4 йил кураш олиб борган. Чунки барчалари турнирни ўз тилларига таржима қила бошлашганди ва бу бренднинг оммалашиши учун зарарли жиҳат сифатида қаралган. Ҳа, ҳанузгача улар турнирни ўз тилларига таржима қилиб келишади, лекин бренд номини ҳамма танийди ва ҳозирги кунда унинг таржима қилинишидан мусобақа имижи зарар кўрмайди.

Томпсон ва унинг жамоаси рекламаларни ҳам ғоятда дид билан тартиблаб чиқишган ва бу борасида ҳам Крейгнинг ўзига хос қарашлари бор: «Биз озгина-ю созгина принципига амал қилишга уриндик. 1980/1990 йилларда стадионларда бир неча қатор, бир неча ўнлаб компаниялар логоларини акс эттирган баннерлардан фойдаланишарди. Биз эса УЕФА Чемпионлар Лигасининг расмий ҳомийлари 8 тадан ошмаслигига келишиб олгандик. Олдинги мусобақалардаги ҳомийлар футбол учрашувларига ҳомийлик қилганлари билан бирорталарини мухлислар эслаб қолиши даргумон эди. Ҳозир эса ҳамма «Mastercard», «Lay’s» ва «FedEx»нинг турнир расмий ҳомийси эканлигини ёддан айтиб бера олади. Бундай ҳамкорликнинг нархи баландроқ ва қадрлироқ».

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар