17.09.2024 17:40
5018
Теглар
«Қизил иблислар», «тўпчилар», «ирисчилар» — Премьер-лига клублари лақабларининг тарихини биласизми?

Англияда футбол ҳаёт тарзининг бир қисми сифатида асрлар давомида шаклланиб келган ва ҳар бир клуб лақаби остида ўзига хос тарих ётибди. The Athletic нашри инглиз клублари лақабларининг келиб чиқиш сабаблари акс этган мақоласини эълон қилди ва уларнинг ортига яширинган ҳикоялар сизни қизиқтириши аниқ.

The Athletic футбол мухлисларига Европа топ-5 чемпионатлари клубларининг лақаблари қай тариқа келиб чиққани ҳақида бирма-бир ҳикоя қилиб чиқади ва даставвал Англия клублари хусусийда гаплашамиз.

Инглизлар футбол клублари лақаблари мавзусига келганда анчайин бой тарихга эгалар. Уларнинг кўпчилиги клуб томонидан ўзига қўшимча ном сифатида танлаб олинган ва мухлислар қўшиқларида акс этади. Уларнинг баъзилари жамоани тавсифлашга хизмат қилса, айримлари табиий равишда пайдо бўлган ва бошқалари атайин вужудга келтирилган. Лекин ҳар бирининг ўзига хос ҳикояси бор.

«Арсенал» билан бошлаймиз. «Тўпчилар» лақаби бизни клубнинг номи томон олиб боради. Клуб даставвал «Роял Арсенал» (қироллик арсенали) номи билан юритилган. Кейинчалик эса «Вулвич Арсенал» номини олган. Бундай дейилишига сабаб эса клубнинг Вулвичдаги қироллик арсеналида ишловчи 15 нафар одамлар томонидан ташкил этилганидир. Шу боисдан, клуб мухлислари ўзларини «тўпчилар» деб атайдилар. 1960 йилдан бери клуб ушбу лақабдан ўйин кунги дастурларида мунтазам фойдалана бошлаган.

«Нюкасл»нинг «зағизғонлар» деб аталиши клубнинг оқ-қора чизиқлардан ташкил топган футбол либосида майдонга тушиши билан боғлиқ. «Нюкасл» илк бор ола-була либослардан 1894 йилда фойдаланган ва ҳатто 1970-1980 йилларда клуб логосида зағизғонлар тасвири бўлган.

Инглиз клубларининг жониворлар билан алоқаси жуда ҳам кўп учрайди. «Лестер Сити» 1948 йилда янги, тулки боши расми туширилган логосини эълон қилмагунча «шаҳарликлар» номи билан чақирилган. Гап шундаки, Лестершайр шаҳри атрофида тулкилар кўплиги ва бу ерда кўп бор тулки овлари ўтказилиши билан машҳур бўлган. Шунингдек, клуб логосининг ўзгаришида 1922 йилда чизилган тулки ови акс этган суратларнинг кўпайиши сабаб бўлган. Ўз вақтида, жамоа номи «Лестер Фоссе» бўлиб, уларни «fossils» («маъданчилар») деб аташган, боиси тулкининг ўлимимакс этган суратлар кўпроқ тошларга ўйиб ишланган, бироқ бу лақаб у қадар муваффақиятли деб топилмаган ва клуб уни «тулкилар»га ўзгартирган.

«Лестер» каби «Ипсвич Таун» ҳам қўшимча номини ўзи жойлашган ҳудуднинг ҳарактеристикасидан келиб чиқиб олган. Саффолк бўйлаб бир неча соат юрган инсон клубнинг нега «тракторчилар» дейилишига гувоҳ бўлиши турган гап. Бу лақаб анчайин замонавий ҳисобланади, у ўтган асрнинг 90 йилларидан мухлислар томонидан ишлатила бошланган. Гап шундаки, рақиб жамоалар «Ипсвич Таун» жойлашган ҳудуднинг қишлоқларга хослиги ва тракторларнинг кўплигидан келиб чиқиб, уларни «тракторчилар» дея мазах қила бошлаган. Жамоаси гол ургач эса мухлислар уларга киноя қилиб: «Тракторчилар» ҳисобига 1:0» дея қўшиқлар куйлай бошлаган ва алал оқибат, бу клубнинг рамзига айланиб кетган. Жамоанинг яна бир лақаби «супер кўклар» ҳисобланади ва бу тахмин қилинишича, Бобби Робсон қўл остида олтин даврларини ўтказган жамоага нисбатан ишлатилган. Балки, Киран МакКенна қўл остида муваффақиятли ҳаракат қилиш орқали клуб бу лақабга қайтиб олар.

«Кўклар» номи билан юритилувчи яна бир клуб — «Челси». Ўтган асрнинг 50 йилларигача уларнинг лақаби «пенционерлар» бўлган. Чунки клубнинг Британия уруши фахрийлари бўлган Челси шифохонаси билан узилмас алоқалари бўлган. Кейинчалик ушбу ном ёш ва харизматик раҳбар Тед Дрейк томонидан бошқача динамикадаги клуб қуриш мақсадида бекор қилинган ва у янги, шер тасвири туширилган лого орқали жамоанинг янги имижини шакллантиришга урунган. Лондоннинг бошқа бир клуби — «Миллуол» аллақачон «шерлар» номини банд қилиб қўйгани учун бу лақабдан фойдалана олмас эдилар.

«Ливерпул» ҳам ўз лақаблари масаласида барчасини чалкаштириб ўтирмаган ва 1896 йилдан бери клубнинг асосий либос ранги бўлган «қизиллар»ни ўзига ном сифатида олган. 60 йилларнинг ўртасида клубнинг афсонавий мураббийи Билл Шенкли жамоа либосларини тўлақонли қизил рангга бўятиш орқали бу номни янада мустаҳкамлаб қўйган.

«Манчестер Юнайтед»нинг машҳур «қизил иблислар» лақаби ҳам клубнинг собиқ раҳбари Сэр Мэтт Басби номи билан боғлиқ. У Европада қизил либосларда тур ўтказиши ортидан Франция матбуотида «қизил иблислар» деган ном орттирган «Солфорд» регби клубидан илҳомланган. Унинг таклифи билан жамоа ўйинлари дастурида «қизил иблислар» номидан фойдаланила бошланган ва тез орада бу клуб логосига ҳам кўчган.

«Кристал Пэлас»нинг энг ёрқин менежерларидан бири Малколм Аллисоннинг клубни ривожлантириш йўлида кўплаб режалари бор эди. Узоқ йиллар давомида клубни «ойначилар» номи билан аташган, бу клуб номи билан бевосита боғлиқ эди. Клуб номи стадион яқинида жойлашган Ҳайд паркида 1851 йилда қурилган ойнадан қурилган қасрга ишора тарзида олинган ва жамоа лақаби ҳам ўз-ўзидан келиб чиққан. Аллисон эса бироз қўрқинчлироқ номни хоҳлаган ва бургутлар вариантида тўхтаган. У нафақат лақаб, ушбу номга хос равишда жамоа логоси ва тимсолини ҳам бургут асосига ўзгартирган. Шунингдек, либослар ранглари қизғиш-кўкдан қизил-кўкка ўзгарган.

Аллисоннинг қарори рақиблари «Брайтон»нинг маркетинг юришида ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин. Улар кўп йиллар давомида «денгизчилар» деб номланган ва қисқа фурсатга «дельфинлар» номига ҳам кўчганди. Шаҳардаги аквариумларда дельфинлар намойиши ўтказилиши сабабидан танланган ушбу рамзий ном мухлислар орасида ўрнашавермагач, 1975 йилда улар ўзларининг қирғоқда жойлашгани боисидан «чағалайлар» лақабини жорий этади. Принципиал рақибларининг «бургутлар, бургутлар» (eagles, eagles) дея янграйдиган ҳайқириқларига қофиядош равишда улар ҳам «чағалайлар, чағалайлар» (seagulls, seagulls) дея жавоб бера бошлаган.

«Ўрмончилар» номи олис 1865 йилдан бери «Ноттингҳэм Форест» клубининг рамзи бўлиб келади. Чунки, клуб дастлабки ўйинини Ноттингҳэм истироҳат ҳудудида анъанавий «ғозлар фестивали» нишонланадиган жойда ўтказган. Бу ерлар бир пайтлар Шервуд ўрмонининг жанубий қисми ҳисобланган ва шундан келиб чиққан ҳолда клуб лақабига асос солинган. Ушбу клубга Шекспир кўчасидаги Плейрайт қовоқхонасида 15 нафар ҳаваскор футболчилар томонидан асос солинган ва ўшанда асосий ранг сифатида «Гарибалди қизил ранги» танланган. Жузеппе Гарибалди италиялик озодлик курашчиси бўлиб, у ўша даврда Англияга, хусусан, Ноттингҳэмга ташриф буюрган ва унинг аҳоли орасида қизил кўйлакда тушган суратлари оммалашиб кетганди. Шундан келиб чиқиб жамоани Англияда «гарибалдилар» ёки «қизиллар» деб аташади. Жамоанинг яна бир лақаби «Tricky trees» — кесилиши кўринганидан қийинроқ дарахт деган маънони англатади. Бунга клубнинг кутилганидан кучлироқ ўйин намойиш эта олиш қобилияти сабаб бўлган ва буни ўзбек тилида биз «чақилмас ёнғоқ» ибораси билан ифодалаймиз.

Баъзи лақаблар деярли ишлатилмай қўйган бўлсада, ҳамон клубларнинг рамзи сифатида сақланган. Мисол учун, «Тоттенҳэм»ни «лили ранглилар» деб аташларини билармидингиз? Бунга сабаб сифатида клуб либосларида ишлатиладиган оқ ранг Лили гулини эсга солиши бўлган. Лондон клубининг машҳурроқ номи эса «шпорлар» (Spurs) бўлиб, бу ўрта асрларда Англияда яшаган машҳур рицер — Сэр Ҳенри Перси номи билан боғлиқ. Уни инглизлар Ҳенри Ҳотспур деб атаганлар ва ушбу жангчининг лақаби якунда жамоа рамзига айланиб кетган.

«Манчестер Сити»нинг «шаҳарликлар» деб аталишининг асосий сабаби клуб номининг иккинчи қисми билан сўз ўйини қилиш натижаси бўлса, яна бир фактор 1990-2000 йилларда клуб мухлислари, асосан, шаҳар марказида яшагани ва азалий рақиблари «Манчестер Юнайтед»нинг мухлислари узоқ жойлардан ҳам келиши ҳисобланган.

«Фулҳем» ташкил этилган дастлабки даврда «авлиёлар» деб аталган чунки уларнинг тўлиқ номи — «Фулҳем Авлиё Эндрю Черкови» бўлган. Клуб номида «Фулҳем» сўзининг ўзи қолганида эса уларнинг қисқа фойдаланилган лақаби тушиб қолган. 1896 йилда «Кревен Коттеж»га кўчган пайтларидан бошлаб уларни табиий равишда «коттежчилар» дея атай бошлашган. Шунингдек, Лондон клубини «оқлар» ёки «лили ранглилар» деб ҳам аташ ҳолатлари учрайди.

Агар «Фулҳэм» «авлиёлар» номини сақлаб қолганда «Саутҳэмптон» билан беллашувлар дербига айланиб кетарди, боиси улар ҳали-ҳануз ушбу лақабдан фойдаланадилар. Саутҳэмптондаги Авлиё Мери черковида асос солинган клуб ҳақли равишда шу кунгача ушбу номни ўзида сақлаб келади.

«Астон Вилла»ни «Вилла» ёки «виллачилар» деб аташ одат тусига кирган. «Астон Вилла Уэслейен Чепел» номли крикет клубидан сўнг, шу интитуция қошида очилган футбол клубининг бундай номланиши табиий равишда юз берган. Бугунги кунгача клуб логосида ишлатиб келинадиган катта шер тасвири ва «шерлар» лақаби 1957 йилдан бери ишлатиб келинади. Бу шер Шотландия байроғидан олинган ва клубнинг 2 нафар шотланд раҳбарлари Уилям МакГрегор ҳамда Жорж Ремсейга ҳурмат сифатида қабул қилинган.

«Борнмут» клубининг «олчалар» деб аталиши фақатгина жамоа киядиган олчаранг қизил либосларга боғлиқ эмас. Гап шундаки, бир пайтлар клуб стадиони жойлашган ҳудудда олчазор боғлар бўлган.

«Брентфорд»нинг «арилар» деб атала бошлаши буткул кутилмаган тарзда юзага келган. 19-аср охирида Бороу Роуд Коллеж талабалари йўлларда «Б’ларни қўллаб-қувватланг», деган ҳайқириқлар билан юришган. Инглиз тилида Б ҳарфини ҳам, «Bee» (арилар) сўзини ҳам [би:] тарзида талаффуз қилинади ва уларнинг ҳайқириқларини «ариларни қўллаб-қувватланг» деб талқин қилиб юборишган.

«Эвертон»нинг «ирисчилар» деб аталишига клуб ташкил этган ҳудудда азалдан 2та ирис сотувчи шаҳардаги катта дўконлар жойлашгани сабаб бўлган.

1895 йилда «Темзa темирчилари» клуби сифатида ташкил топган «Вест Ҳэм»нинг ўша даврларданоқ логосида икки бир-бирини кесишган болғалар тасвирлангани уларнинг «болғачилар» деб аталишига сабаб бўлган. Жамоани «темирчилар» деб ҳам аташади ва бунинг ҳам сабаблари ўша дастлабки ташкил қилинган даврларга бориб тақалади.

Ваниҳоят, «Вулверҳэмптон Вондерерс». Ушбу шаҳарнинг Вулверҳэмптон деб аталиши ушбу ерларга эгалик қилган Леди Волфрун номининг инглизча талаффузда «бўрилар» деган сўзга (wolves, wolverine) сўзларига яқинлигидан келиб чиққан. Ушбу клубни Англияда «эски олтинлар» деб ҳам атайдилар ва бунга 1950 йилларда улар кийган тилларанг либос сабаб бўлган. Бугунги кунда эса мана шу сабабдан тилларанг уларнинг асосий ифодаловчи рангига айланган.

The Athletic мақоласи асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар