14.09.2024 12:48
3365
Лондон ва Каталонияда дерби, «Реал» учун жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

ФИФА кунлари тугаб, клублар ўртасида катта икки икки ҳафталикка кириб бормоқдамиз. Еврокубоклар ва баъзи мамлакатларда кубок ўйинлари бошланиши муносабати билан кейинги ўн беш куни ичида аксарият клублар 5 тадан ўйинда майдонга тушишларига тўғри келади. Энг муҳими, энди тайёргарликлар тугади, баъзи муваффақиятсизликларни трансферлар билан ёпиш имкони ҳам қолмади, қисқаси, ҳақиқий мавсум энди бошланмоқда. Каталония ва Лондон дербилари, қироллик клуби олдидаги жиддий синов футбол байрамимизнинг асосий безаги бўлишиги шубҳа йўқ.

РЕАЛ СОСЬЕДАД – РЕАЛ МАДРИД (14 сентябр, 23:55)

Дастлабки 4 турда Килиан Мбаппе ўйиндан атиги бир гол ургани кўпчиликда шубҳалар пайдо қилди ва ҳатто французни Азарнинг тақдири кутаётгани ҳақида айтаётганлар бор. Албатта, ҳаммаси бошқача, масалан, Жуд Беллингҳемнинг дебютидан бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Мбаппе даражасидаги футболчининг интеграцияси маълум бир вақт талаб қилинишини тан олиш лозим. Ўз вақтида Суарес ҳам машҳур учлик ҳосил бўлиш олдидан муаммоларга дуч келганини эслашимиз мумкин. Бу ерда энг муҳим жиҳат, Мбаппенинг шерикларида – Винисиус, Родриго каби футболчилар шеригига кўпроқ ёрдам бериш ва балки Европа янги супертрио ҳақида кўпроқ гапиришини истабми, кераксиз ҳолатларда ҳам Мбаппега пас бериш, одатдагидан бошқача ўйнашга уринишмоқда. Бу эса Мбаппенинг ноқулай узатмаларни кўпроқ қабул қилишига, кўпроқ тўп йўқотишига олиб келмоқда. Албатта, футболчининг ўзи ҳам баъзи вазиятларда оддий ўйнаш ўрнига, тезроқ вазиятни ҳал қилиш, ўзини кўрсатишга уриниш ҳам кўзга ташланяпти. Хуллас, ҳаммаси яхши бўлади ва хотиржамлик зарур.

Аслида, каттароқ муаммо, балки Мбаппе ҳақидаги эътирозларнинг кўпайишига ҳам сабаб, «Реал»нинг нисбатан ёмонроқ стартидир. Нисбатан, деганда албатта, «Барселона» кўзда тутилади. Ўз майдонида ҳозирча салоҳиятини қисман бўлса-да намойиш этаётган мадридликлар сафар ўйинларида ишончни оқлашмади – ҳар икки ўйин дуранг билан тугади. Сан-Себастян сафари Малорка ёки Лас-Палмасга нисбатан қийинроқ эканини эътиборга олсак, бугун ҳам ғалаба қозониш осон бўлмайди. Энг яхши спорт формасида ҳам «Реал» Басконияда муаммоларга дуч келганини қайд этиш лозим. Хусусан охирги беш ўйинда икки марта мезбонлар ишончли ғалабага эришишган.

Бундан ташқари, «Реал»да яна жароҳатлар гирдоби бошланган. Алаба, Камавинга, Себальос каби футболчилар ой охирида сафга қайтишади. Милитао ҳам миллий жамоалар йиғинида муаммоларга дуч келди. Унинг ўйинга тайёр экани айтилса-да, қай даражада экани маълум эмас. Беллингҳем ва Тчуамени ҳақида Карло Анчелотти матбуот анжуманида хабар берди – ҳар икки футболчи машғулотларга қўшилган, аммо таваккал қилмаслик учун сафардаги ўйинда асосий таркибда тушишлари даргумон. Мезбонларда ҳам йўқотишлар етарли. Амари Траоре сўнгги ўйинда хочсимон пайларидан оғир жароҳат олди ва катта эҳтимол ушбу мавсумда майдонга қайтмаса керак. Шунингдек, Захарян ва Браис Мендесларда ҳам кичик жароҳатлар бўлиб, бир неча ҳафта шерикларига ёрдам бера олишмайди.

ТОТТЕНҲЭМ – АРСЕНАЛ (15 сентябр, 18:00)

Шимолий Лондон дербиси ҳар доим, жамоалар ҳолати ва турнир жадвалидан қатъи назар муросасиз бўлиб келгани маълум. Қўшимча интригалар эса албатта, учрашув даражасини янада оширади. Ҳар икки томонда ҳам мавжуд бўлган муаммолар эса босим билан биргаликда, қўшимча ҳаяжон, хато қилиш учун шароит тақдим этади. Хатолар эса кўпроқ ҳужумлар ва голлар демакдир.

«Тоттенҳэм» мавсумни қониқарли бошлай олмади. Гап ўйинда эмас, Постекўғли шогирдлари ўзгармаган, аммо натижалар борасида омадсизлик панд беряпти. Лестерда ва Нюкаслда жамоа рақибларга нисбатан яхшироқ, ташаббускорроқ ўйин намойиш этган бўлса-да, атиги бир дурангга эришди, холос. Жамоа бир қатор кўрсаткичларда, жумладан, тўп назорати, рақиб жарима майдонидаги тегинишлар, аниқ паслар, бурчак тўплари, рақиб майдонида тўпни олиб қўйиш каби кўрсаткичларда АПЛда учликда бўлиб турганининг ўзи ҳам ўйин борасида муаммо йўқлигини ва «Арсенал»га қарши ўйинда муносиб бўла олишларидан далолат қилади. Яъни, «Тоттенҳэм»нинг айни дамда эгаллаб турган ўрни асл ҳолатни ифодаламайди.

«Арсенал» эса ўйин борасида мавсумни энг мукаммал жамоалардан бири ўлароқ бошлаган бўлса-да, кутилмаган муаммоларга дуч келди. Охирги турдаги «Брайтон»га қарши баҳсда Деклан Райс кераксиз қизил карточкани олди – бу ўша ўйинда очко йўқотилишидан ташқари, жамоани навбатдаги турлар учун муҳим футболчисиз қолдирди. Агар Мартин Эдегорнинг ҳам оғир жароҳати ва хабарларга қараганда, камида икки ой шерикларига ёрдам бера олмаслигини ҳам эътиборга олсак, «Арсенал» айнан майдон марказида, ўйинни назорат қилувчи икки муҳим ижрочисиз қолди – бу рақиблар учун айни муддао бўлиши мумкин. Айнан марказдаги футболчилар ротацияси учун сотиб олинган Мерино ҳам ҳали жароҳатидан фориғ бўлгани йўқ. Меҳмонлар таркибида Ришарлисон ва Биссуманинг жароҳати бор, шунингдек, Родриго Бентанкур ҳам сафдан чиққани ҳақида маълумотлар чиқди. Умуман олганда, миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг ҳар қандай топ-клубда муаммолар бўлиши одатий ҳолга айланган. Чунки бундай клубларда таркибнинг аксарият қисми турли терма жамоаларга жўнаб кетиб, турлича спорт формада қайтиб келишади. Жамоада тўлақонли шуғулланиш ва конкрет ўйинга тайёргарлик кўриш учун шароит бўлмайди.

Икки йил олдинги мавсум охирида «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун сўнгги турларгача курашган, ҳал қилувчи дербида эса «Тоттенҳэм» йирик ҳисобда ғалаба қозониб, ҳам жанг, ҳам курашнинг ғолибига айланганди. Аммо шундан сўнг, Артета жамоасида ўсиш кузатилди ва чемпионлик учун кураша бошлади. Ўша мағлубиятдан кейин ўтган тўрт шимолий дербининг фақат биттасида дуранг қайд этилган, уч ўйин «Арсенал»нинг ғалабаси билан якунига етган.

ЖИРОНА – БАРСЕЛОНА (15 сентябр, 19:15)

Каталония дербиси сўнгги йилларда анча жиддий тус олгани, «Эспаньол» билан ўйинлардан анча фарқ қила бошлаганини сезган бўлсангиз керак. Масалан, ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам «Жирона» бир хил – 4:2 ҳисобида устун келди, фақат сўнгги турлардагина «акасига» иккинчи ўринни бой бериб қўйди. Якунда, энди тарихда биринчи марта Чемпионлар Лигасида икки каталон клуби қатнашади.

«Жирона» бир мавсумда юқори сакраган ва оқибат ўлароқ, бир неча етакчи футболчиларидан айрилган кичик клуб тақдирини такрорлаётгандек эди гўё. Дастлабки турдаги дуранг, «Атлетико»дан йирик мағлубият ҳам табиий кўринди, зеро Савио, Довбик каби етакчиларни ўрнини тўлдириш, ишлайдиган тизимни бошқатдан қуриш маълум вақт талаб этилади. Аммо сўнгги турлар жамоада ҳаммаси жойида эканини ва бу мавсум ҳам жиддий куч бўла олишини намойиш этаётгандек. Дастлаб «Осасуна» билан 4:0, кейин эса сафарда тажрибали «Севиля» устидан 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба ҳам бу фаразларни исботлаб турибди. Айниқса, ҳисоблардан ҳам кўриниб турган омил – ҳимоя чизиғи алоҳида эътирофга лойиқ. «Осасуна» билан ўйинда меҳмонлар «Жирона» дарвозасига фақат бир марта узоқдан зарба бера олишди холос.Ўтган йили кўпроқ ҳужумкорлик ва очиқ футбол билан донг таратган жамоанинг ҳимояда ҳам ишончли ўйнай бошлаши, айниқса, Чемпионлар Лигасидаги ўйинлар олдидан муҳим.

«Барселона» ҳақида кўп ёзиш ҳам шартмас, Флик шогирдларининг Испанияда юз фоизлик натижа кўрсатган ягона жамоа бўлиб турганининг ўзи етарли. Албатта, ўйин мукаммал эмас, ўтган йили худди шу шаклда очколарни олган «Реал»нинг ҳолатига ўхшаб ҳам кетади, аммо таркибдаги кўп муаммолар билан бундан ортиғи кутилмаган ҳам. Муҳими, шу қийин даврдан йўқотишларсиз чиқиб олиш ва бу вазифа ҳозирча уддаланмоқда. Марказда ўйнаши керак бўлган Френки де Йонг жароҳатда, унинг йўқлигини билинтирмаслиги керак бўлган Гундўғанни Манчестерга қайтаришга мажбур бўлишди, илк турлар кашфиёти бўлган ёш Бернал эса оғир жароҳат олиб, мавсум охиригача сафдан чиқди. Таянч зонасига ўтказилган Кристиансеннинг ҳам жароҳати жиддий бўлиб чиқди ва унинг қайтиши камида икки ой вақтни олади. Хуллас, Флик ҳозирча, қўл остидаги янги жамоа билан ўз жамоасини қуриш ўрнига, ҳар ўйин олдидан мавжуд муаммоларни ёпиш билан банд. Буни қийин бўлса-да, ғалабалар билан амалга ошираётгани эса таҳсинга сазовор.

Хуллас, «Жирона» ўз ўйинини топгандек кўринаётгани, «Барселона»да эса янги муаммоларни пайдо бўлаётгани ушбу ўйинга бўлган қизиқишни оширади. Мезбонларнинг ФИФА кунларига кўпроқ футболчисини жўнатган рақибидан фарқли равишда, ушбу ўйинга кўпроқ футболчи билан тайёрланиш имкониятига эга бўлгани ҳам мувозанатни таъминлаб, учрашувнинг янада муросасиз кечишини таъминлашидан умид қиламиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

14 сентябр. Саутҳемптон – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (16:30), Ҳоффенхайм – БАЙЕР (18:30), ЛИВЕРПУЛ – Ноттингем Форест (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Брентфорд (19:00), Эмполи – ЮВЕНТУС (21:00), АСТОН ВИЛЛА – Эвертон (21:30), Холштейн Киел – БАВАРИЯ (21:30), МИЛАН – Венеция (23:45), ПСЖ – Брест (23:55), Борнмут – ЧЕЛСИ (23:55)

15 сентябр. Вулверҳэмптон – НЮКАСЛ (20:30), Каляри – НАПОЛИ (21:00), Монца – ИНТЕР (23:45), АТЛЕТИКО – Валенсия (23:55).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар