13.09.2024 14:50
14213
Теглар
Унутилган Ҳоқон Шукур ёхуд қувғиндаги собиқ футболчи ҳақида

«The Athletic» нашри туркиялик футбол юлдузи ва жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг тезкор гол муаллифи Ҳоқон Шукур ҳақида катта мақола эълон қилди. Унда футболчининг номи Туркияда ўчириб юборилгани ва унинг қочқинда яшаш сабаблари ёдга олиниб, шу масалалар юзасидан Ҳоқоннинг фикрлари ҳам ҳавола қилинган.

Туркияга йўлингиз тушиб, «Галатасарой» клубининг музейига кирсангиз, клубнинг 2000 йилда қўлга киритган УЕФА Кубоги совринига бағишланган филмни томоша қилишингиз мумкин. Улар ҳанузгача Европа майдонларида титул ютган ягона турк клубилигича қолмоқда ва бундан фахрланишлари табиий. «Арсенал»га қарши финал баҳси голсиз якунланган ва пеналтилар сериясида «Галатасарой»га омад кулиб боққан. Сериянинг барча зарбалари фильмда акс этган: Эргун Пенбе, Умид Давала, Георге Попеску турклар томондан голлар урган. «Тўпчилар»дан Рой Парлоур ўз имкониятидан унумли фойдаланган бўлса, Давор Шукер ва Патрик Виейра 11 метрлик нуқтадан гол уришда адашишган. Барчаси тўлиқ акс этган, фақат… Фақат Ҳоқон Шукур киритган тўпни кўрмайсиз. Копенҳагендаги оқшомда клубининг тарих ёзишида ўз ҳиссасини қўшган, Туркия Суперлигаси ва миллий жамоа тарихидаги тўпурар фойдаланган пеналти ўчирилган, йўқ қилинган, гўё ҳеч қачон содир бўлмагандек…Шунинг ўзи ҳам Ҳоқон Шукурнинг Туркия футболи ва жамияти онгидан қанчалик «супуриб ташлангани»ни кўратиши мумкин.

Бу борадаги яна бир мисолни икки йил аввалги Қатардаги Жаҳон Кубогида кўрдик. Марокаш футболчиси Ҳаким Зиёшнинг Канадага 4-дақиқада урган голидан сўнг TRT канали шарҳловчиси Алпер Бакирчигил бу гол чемпионат тарихидаги энг тезкор гол бўлмагани ва рекорд Шукур номида эканлигини эслаб ўтди. Дарҳақиқат, Ҳоқон 2002 йилги мундиалда Жанубий Корея дарвозасини 11-сониядаёқ ишғол этганди. Унинг номини биргина нуқтада тилга олиши туфайли шарҳловчи биринчи таймдан сўнг шарҳга қайтиб кирмади. «Мен Волдеморт («Ҳарри Поттер» асари антагонисти) кабиман, мени эслаш, ёдга олиш мумкин эмас. Лекин мен унинг яхши версиясиман», — дейди Шукур «The Athletic» билан суҳбатда.

Шукур Туркияни тарк этганига қарийб 10 йил бўлди. Агар натижалар бошқача бўлганда, у ҳозир Туркия ҳокимияти вакилларидан бири бўлиши мумкин эди. Фаолиятининг асосий қисмини «Галатасарой»да, кейинчалик эса Италиянинг 3 клуби ва қисқа муддат Англиянинг «Блэкберн Роверс» клубида ўтказган Ҳоқон 2011 йилда Туркия парламентига сайланади. Худди шу вақтда у телевидениеда футбол эксперти сифатида ҳам ишларди. Унинг Туркиядан сургун қилинишига икки инсон билан алоқаси сабаб бўлган ва бу инсонлар билан ришталар анчайин чуқур илдиз отганини уларни Шукурнинг 1995 йилда бўлиб ўтган илк никоҳ тўйидан олинган суратларда кўриш мумкинлиги яққол намойиш қилиб турибди.

Уларнинг бири ўша даврда Истанбул майори бўлган ва сиёсат бобида эндигина ном чиқараётган собиқ ҳаваскор футболчи, кичик мўйлов қўйган киши эди. Уни сиз бугунги кунда Туркия Президенти сифатида танийсиз — Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Иккинчисининг исми — Фатҳулла Гулен ва уни тасвирлаш бироз қийин кечади. Аммо шуни айтиш мумкинки, у диний воиз бўлган ва ўз вақтида унинг мухлислари сезиларли даражада кўп бўлган. Уни дин етакчиси деб билганлар ҳам топилиши мумкин эди. Бошқалар эса уни Туркияда 2016 йилда бўлиб ўтган тўнтаришнинг меъмори сифатида кўрадилар. Гулен ҳаракати «Хизмат» номи билан юритилган ва бир қанча мактабларни ўз ичига олган. Ушбу ҳаракат қатнашчилари болаларга Исломий ақидалар бўйича таълим беришни илгари сурган. Фатҳулла ва унинг эргашувчилари Туркияни секуляризмдан диний давлатга айлантириш мақсадларига даъво қилган.

Ушбу таъсири юқори бўлган инсоннинг мухлислари орасида бир қатор футболчилар ҳам бўлган. Улардан, асосан, «пиар» йўлида фойдаланилган ва футболчилар, одатда, ҳаракат номидан гапиришган. Бу кампания катта аудитория йиғишга эришган ҳамда ўз вақтида Эрдўғаннинг Адолат ва Тараққиёт партияси (АКП) гуленчилар билан ҳамкорлик қилган. Шукур уларнинг ҳар иккисига яқин бўлган футболчи эди. Эрдўған унинг машҳурлигидан максимум фойдаланишга ҳаракат қиларди. Буюк Британия қироличаси ва унинг хос вакилларининг Туркияга ташрифи мобайнида у меҳмонлар ташқи ишлар котиби Девид Милибендга ҳамроҳлик қилган ҳолда Бирлашган қиролликларнинг мамлакатдаги элчихонасида кўргазмали машғулотда иштирок этган. 3 йилдан сўнг парламентга сайланганида ҳам АКП шарафини ҳимоя қилган.

2013 йиллардан эса барча можаролар бошланган. Гуленчилар ва Эрдўған ўртасидаги узоқ йиллик дўстликка дарз кета бошлаган. Ҳукуматнинг кўплаб амалдорлари коррупцияда айбланди, улар орасида гуленчи вазирлар ҳам бор эди, жумладан, унинг ўғиллари — Билол ва Бурак. Ўша йилнинг декабр ойида Ҳоқон Шукур АКПдан истеъфога чиқади ва бунга ҳукуматнинг бир нечта гуленчилик мактабларини ёпиши сабаблигини оммага эълон қилади.

Ўша даврда гуленчилар ҳаракати Туркияда, хусусан ҳокимият идораларида, «Фатҳуллоҳчилар террор ташкилоти» номи билан юритила бошланган. 2014 йилнинг декабрида Фатҳуллоҳ Гуленни «қуролланган террор гуруҳини бошқарган»ликда айблаб, ҳибсга олишга буйруқ берилади. Бу гуруҳ амалдаги ҳокимиятни тўнтаришга уринишда айбланган ва Эрдўған уларнинг ҳаракатини Гулен томонидан бошқарилувчи параллел штат, деб атаган.

Шукур Гуленни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни рад этган. У 2015 йилда Парламент сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этган, бироқ муваффақиятсизликка учраган. Шу йилнинг якунида у вазият оғирлашаётганини англаб етган ва АҚШнинг Калифорния штатига кўчиб кетган. 2016 йилда у Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни камситувчи материалларни тарқатгани учун 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Аммо ҳақиқий можаро 2016 йилда Эрдўған ҳокимиятини тўнтаришга бўлган ҳаракат пайтида юзага келди. Бир неча йиллардан бери Филаделфия штатида қочқинда юрган Гулен тўнтаришни Атлантиканинг нариги тарафидан туриб бошқарганликда айбланди ва уни қўллаб-қувватловчи барча ушбу жиноятга шерик сифатида кўрилди. Гарчи Ҳоқон бу айбловларни буткул рад этса-да, ҳозирги ача у давлат душмани сифатида кўрилади. АКПдаги дўстлари унга Гулен билан масофа сақлашга рози бўлса, ватанига қайтиши мумкин бўлишини айтишди, бироқ у буни рад этди. Унинг Туркиядаги мол-мулки ва бойликлари мусодара қилинган. Унинг номини барча ердан «супуриб ташлаш» шиддат билан старт олди ва ҳануз давом этмоқда. Энг жиддийси, унинг отаси ҳибсга олинди. Шукур эса охирги сўзларимизга қўшилмайди: «Менинг отам ҳибсга олинмаган, уни гаровда ушлаб туришибди. Улар менга, қайтсанг, отангни қўйиб юбориб, барча мол-мулкингни қайтариб берамиз, дейишган». Отаси қўйиб юборилди, бироқ мана 10 йилдирки, Ҳоқон Шукурнинг ҳаёт тарзи ўзгаргани йўқ.

«Бу 10 йилни бир неча қатор гап билан ифодалаб бериш қийин. Мен ҳам иқтисодий, ҳам эмоционал тарафдан ўта қийин даврларни бошдан кечирдим. Лекин оёқда тик туришга мажбур эдим, сабаби, ғамхўрлик қилишим керак бўлган оилам бор. Аёлим ва 3 нафар фарзандим билан қўлни қўлга бердик. Ҳеч қандай суд ҳукмисиз улар мен футбол орқали эришган барча бойликларимни тортиб олишди. Чунки мен ҳукуматдан бошқачароқ фикрда эдим ва уларга қарши бордим. Бир кеча ичида бутун ҳаётим ўзгариб кетди. Улар менинг Туркияга қайтиб, ўз режимларини тан олишимни исташди. Мен ёки мана шу қонунга бўйсунмайдиган ва менга ноқонуний нарсаларни таклиф қилаётган ҳокимиятнинг таклифини қабул қилишим ёки бу қонунни ҳурмат қилмайдиган одамлар ҳақида дунёга маълум қилишим керак эди. Албатта, уларнинг таклифини қабул қилмадим. Мен демократия учун қатъий кураш кечаётган бугунги дунёда ўзимни кучли тутишим керак», — дейди Шукур.

Ҳоқон интервюлар беришни ёқтиравермайди. Биз учун бу суҳбатни ташкил қилиш бир неча ойга тушди ва бунда бизга у каби ҳолатни бошидан ўтказган собиқ NBA юлдузи Энес Кантер Фридом ёрдам берди. Кантер турк ота-она оиласида Швейцарияда туғилган бўлса-да, баскетболдаги фаолиятини бошлаш учун ватанига қайтади ва «Фенербаҳче»да шуғулланишга киришади. 20 ёшга тўлишига яқин Қўшма Штатларга НБАда ўйнаш орзусини рўёбга чиқариш учун кўчиб ўтади. Ҳозирда Шукур каби уни ватанида қабул қилишмайди, у ҳам Гуленни қўллаб-қувватлаганлардан.

Ҳатто у қисқа муддатга исмини Энес Гуленга ҳам ўзгартирган. Ҳоқон Шукур каби у ҳам Эрдўғаннинг танқидчиларидан бўлган ва уни Адолф Ҳитлерга менгзаган. Дўстида бўлганидек унинг ҳам оиласи таъқибга учраган ва отаси қамалган. 2017 йил майда Туркия уни Индонезияда ушлаб олмоқчи бўлади, лекин у Руминияга қочиб кетади, бироқ у ерга боргач турк пасспортининг бекор қилинганидан хабар топади. Айтиши бўйича, ҳозирда фақат 29 та давлатга чиқиши мумкин, чунки қолганларида унга Туркия томонидан қўлга олиниш хавф солади. У 2021 йилда Америка фуқаросига айланган ва ўшанда исмини Энес Кантер Фридомга (Freedom — озодлик) ўзгартирган.

«Ҳоқон миллий жамоа сафида тўп тепган пайтларда мен мактабда 3-4-синфларда ўқирдим. У Жанубий Кореяга ўша машҳур голини урганида, бутун мактаб ақлдан озай деганди. Ўша лаҳзада спортчи бўлишга аҳд қилгандим. Ҳоқон сабаб футболчи бўлишни истаганман. Лекин мен жуда бўйи баланд ва секин ҳаракатланувчи бола эдим, шунинг учун бу иш бермаган. Ўзим ҳам спортчиман, рақобатни севаман, лекин Ҳоқонни нафақат Туркия тарихидаги энг яхши футболчи, балки энг яхши атлет ҳам деб ҳисоблайман. У — менинг яқин дўстим. У қилган иш жуда улкан салмоқли, ахир у Туркия футболининг биринчи рақамли юлдузи эди. Унинг пули кўп ва ҳурмати ундан ҳам зиёда эди. Якунда у одамлар ва демократия учун тик туришга қарор қилди ва юқорида санаганларимнинг барини ташлаб, АҚШга келди», — дейди Энес Кантер Фридом дўсти ҳақида гапирар экан.

Калифорнияга кўчиб ўтганига кўп бўлмасидан Шукур бу ерда бир кафе очади ва аввалига яхши ишлайди. Пало Алтодаги Стэнфорд университети яқинида жойлашган кафе «Tuts» деб номланарди. Унинг ўзи ҳам шу кафеда кофе ва ширинликлар тайёрлаб ўтирарди. 2018 йилда унинг «The New York Times»га берган интервюси айнан ўша ерда олинган. Аммо кўп ўтмай у ерга нотаниш одамлар бостириб кела бошлаган. Шукурнинг тахмин қилишича, улар Эрдўғаннинг тарафдорлари бўлган ва уни қўрқитишга ҳаракат қилишган. Улар ҳар хил қўрқитувчи хабарлар ташлаб кетишар, мижозлар ва хизматчиларга тегажоғлик қилишарди.

«Ҳар хил одамлар келиб бақир-чақир қилиб, мижозларга ноқулайлик туғдиришарди. У харидорларини ноқулай вазиятлардан қутқариш мақсадида кафени сотиб юборди», — дейди Энес Кантер.

Шундан сўнг, матбуотда унинг «Uber» компаниясида такси ҳайдаётгани ва «Амазон»да китоб сотиб кун кечираётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳикоялар тўғри, бироқ Шукурнинг айтишича «Убер»да ишлаганининг сабаби пул топишдан ҳам кўра инглиз тилисини одамлар билан суҳбатлашиш орқали ривожлантириш учун бўлган: «Америкага янги келган вақтимда жуда қийналгандим. Ўзингни нимадир билан банд қилмасанг, Туркияда бўлиб ўтган ўша ёмон хотиралар сени ўйлантириб қўяверади. Мен доим ўзимни нимадир билан банд қилиб юришга ҳаракат қиламан», — дейди Ҳоқон.

Ўтган ҳафтада 53 ёшни қаршилаган собиқ футболчи бугунги кунда болаларга футбол бўйича мураббийлик қилади. «Zoom» орқали гаплашганимизда унинг ортидаги жавонда Чемпионлар Лигаси тўпини кўрдик. Копток ҳақида қизиқиб, бу сен 2003 йилда «Ювентус» дарвозасига дубл қайд этган кунингдаги тўпми ёки 1999 йили «Милан» 3:1 ҳисобида таслим этилганида эсдаликка олиб қўйилганми, деб савол бердим. Аммо йўқ. Айтишича, у бу тўпни машғулотларида фойдаланиш учун сотиб олган экан.

Ҳоқон «YouTube»да «Галатасарой» ва турк футболи ҳақида фикр билдириш мақсадида стримлар уюштириб туради. У буни ватани билан алоқаларни сақлаб қолиш учун қилармикан ёки уни тарихидан ўчириб юборган клуби мухлисларига ҳали-ҳамон уларни ёдидан чиқармаганини эслатмоқчи бўлармикан?! «Мен «YouTube»дан Туркиядагилар билан боғланиб туриш учун фойдаланаман. Ҳар доим жонли эфирга чиққанимда, мени туркиялик минглаб одамлар кузатишади. Мен улар билан нафақат футбол, балки ватанимиздаги ҳозирги кунги муаммолар ҳақида ҳам гаплашаман. Туркиядаги одамлар менинг эфирларимга қўшилишга қўрқадилар. Улар мамлакатдан чиққанда мен билан боғланадилар ва қайтгач яна янги номер харид қилишади. Улар (ҳукумат ва унинг тарафдорлари) бизни одамлар онгидан тозалаб ташлашга қаттиқ киришган. Уларга демократия учун курашадиганларни қўллаб-қувватлайдиган оломон керак».

Ҳоқон Шукур турк жамияти онгидан қанчалар ўчириб ташланганига мисоллар етарлича. Туркия футбол ассоциацияси биносидаги унинг каттакон сурати дарҳол йўқотилгани ҳолва. Истанбул четида жойлашган Ҳоқон Шукур номидаги стадион бугун «Санчақтепа» номи билан юритилади. Булар-ку бир қарашдаёқ сезилувчи ҳаракатлар, лекин бошқа кўплаб бир мунча фикрлашни талаб этиладиган мисоллар бор. Мисол учун, 2022 йилда «Netflix» туркиялик афсонавий мураббий Фотиҳ Терим ҳақида ҳужжатли филм олди ва унда бирор нуқтада мураббий учун 100 дан ортиқ беллашувларда қатнашиб, анчайин муҳим голларни урган Ҳоқон Шукур ҳақида гап бормайди. Шу йилнинг аввалида турк журналисти Камол Белгин «Галатасарой»нинг ҳозирги таркиби, хусусан, Мауро Икарди ҳақида фикр билдираётиб, мавзуга беихтиёр киришиб кетди: «Уларнинг бир ҳужумчиси бўларди, ҳозир Америкада яшайди. Ҳозирги ҳужумчиларнинг бирортаси унинг боғичини боғлашга ҳам ярамаган бўларди». Дастур бошловчиси Ўнун Йилдиз эса шошганича унинг сўзини бўлиб, мавзуни буриб кетишга уринади.

«Галатасарой»нинг кўп йиллик посбони ва етакчиси Фернандо Муслерадан ўтган йилги чемпионлик байрамида клубнинг энг яхши футболчилари ким бўлгани ҳақида сўралганда у ҳам Ҳоқон номини тилга олишга ботина олмади: «Суат Кая, Булент Қўрқмас ва… Яна биттаси бўларди». Ҳаттоки уругвайлик посбоннинг ҳам унинг номини айтишга қўрқишиёқ Ҳоқон Шукур номига ҳозирги Туркияда қанчалик ўрин йўқлигини англатади.

«Галатасарой»нинг собиқ футболчиси Мустафо Кочабей бир неча йил аввал Ҳоқон Шукур ҳақида сўз юритар экан, янада ҳайратланарли теорияни илгари сурди: «Мен у «Олтин бутса» ютган йиллардаги дарвозабонларни ўрганиб чиқишни таклиф қиламан. Балки, улар гуленчилар бўлган ва унинг зарбаларини атайин ўтказиб юборгандир».

«Унга бу тахлит муносабатда бўлиш жирканчликдан бошқа нарса эмас, — дейди Энес Кантер Фридом. У бунга лойиқ эмас. Унга бир гал айтгандим, улар сенинг номингни клубдан, интернетдан, телевидениедан, исталган жойдан ўчириб юборишлари мумкин, бироқ юраклардан ўчира олишмайди».

Хўш, қувғиндаги қаҳрамонларимиз ҳамон Туркияга қайтишни исташадими?

«Албатта, мен оилам, дўстларим ва ватаним билан боғлиқ хотираларимга яна қайта боғланишни хоҳлаган бўлардим. Фақат Туркияга қонун кучи қайтса. Муҳимроғи, адолат, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги қайтиши керак. Улар менинг миллатимга нон, сув ва ҳаводек зарур. Мен барча бир нарсани тушунишини хоҳлайман: ватаним, байроғим ва ўз халқим билан ҳеч қандай муаммойим йўқ. Мен бу қадар жон куйдириб курашишимнинг сабаби ҳам гўзал ватанимдир. Ҳокимиятдагиларнинг алмашиши етарлими ёки бундан ҳам каттароқ нимадир ўзгариши керакми, дея берилган саволга у қуйидагича жавоб берди: «Менинг уйга қайтишим учун Эрдўғаннинг президентликдан кетиши ёки вафот этиши эмас, мен каби озодлик курашчиларига нисбатан қилинган адолатсизликлар бартараф этилиши керак. Бундан ташқари, мавжуд ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдирган журналист ва сиёсатчиларга қилинган ноқонуний босимлар тўхтатилиши лозим. Одамларимиз қандай яшаши ҳақидаги қарашларим кўп ва улар ҳозир амалга ошадигандек кўринмайди, лекин мен барибир гапиравераман. Ёшларимиз дунёга очиқ бўлишларини, Ғарбга очилишларини ва ҳар бир соҳада дунёвий жиҳатдан ривожланишимизни хоҳлайман. Ҳа, демократия ва инсон ҳуқуқлари — мен хоҳлаётган асосий нарсалар, лекин ҳаммасидан ҳам муҳими инсонларни қандай бўлса шундайлигича, хурофотга берилмай қабул қилиш ва уларга тенг шароитлар яратиб берилишидир», — дейди Ҳоқон.

«Ватанимиз билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Биз Туркияни, байроғимизни ҳамон севамиз. Бир кун барчаси ортда қолгач, ўз уйимизга, оиламизга қайтишни жуда ҳам хоҳлайман. Лекин Туркияда яшай оламан деб ўйламайман», — дейди Кантер Фридом.

Жамиятдаги Ҳоқон Шукур борасидаги фикрларга анчайин катта дарз кетган ва Эрдўғаннинг ўтган йилги сайловларда ғалабага эришиши бу кампаниянинг камида яна бир неча йил давом этишини кафолатлади. Одамлар у ҳақида очиқчасига гаплашишни исташмайди. «The Athletic» бир қатор турк журналистлари, собиқ футболчилар ва оддий халқдан ушбу мақола учун фикрларини сўради, бироқ ҳеч биридан ижобий жавоб олмади. Ҳеч ким матбуотда очиқ исм билан миллий жамоаси собиқ юлдузи ҳақида фикр билдиришни истамади.

Албатта, Шукур ҳам хатолардан ҳоли бўлмаган, аммо унинг янглиш қарорлари бу тахлит сургунда юришига етарли эмасди. У каби кўплаб футболчилар ва атлетлар ўша даврда Гулен билан алоқада бўлган, бироқ Ҳоқондан фарқли равишда 2016 йилги тўнтаришдан сўнг улар Фатҳуллоҳни рад этишди ва ҳозирда ўз фаолиятларини хотиржам давом эттиришмоқда. Ҳозир Ҳоқон Шукурдан хато қилганини тан олиб, ўз ватанига қайтишини кутиш ноўрин. У бир кун келиб суд олдида айбсизлигини исботлай олишига ишонади ва бунинг учун керакли ҳужжатларни сақлаб қўйган: «Агар нимадир хато қилган бўлсам, келинг, суд уюштирамиз. Лекин ҳозирги режим мен билан судда кўриша олмайди. Халқаро судда учрашган тақдиримизда улар мағлубиятга учраши ва бу ҳаммаёқда шов-шув бўлиб кетишини билади. Улар шунчаки одамларни мен ҳақимда гапиришга қўрқитиб қўйишга уринишяпти. Менда ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганим бўйича барча ҳужжатлар бор. Улар ютказишларини билишгани учун бу суддан қўрқишади».

Ҳоқон Шукурнинг Калифорниядаги бугунги ҳаёти анча яхши ва у бундан мамнунга ўхшайди. Унинг фарзандлари ҳам бахтли, у иккинчи турмуши — Бейданинг унга берган ёрдамини тез-тез таъкидлаб турди. Унинг сўзларидан аёлидан қанчалик миннатдор эканлиги яққол кўриниб туради: «Энг яхши давримда ҳам, энг ёмон кунимда ҳам аёлим мен билан бирга бўлди. Мен қалбан хотиржамман, чунки ич-ичимдан ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилмаганимга аминман. Ҳозирда ўзимда бор тажрибани келгуси авлод билан бўлишишга ҳаракат қиляпман. Ўйлашимча, мен анча улғайдим ва хотиржам фикрлайдиган бўлдим. 53 ёшдаман ва ҳамон ишлаяпман. Менинг қувончларим, ғам-андуҳларим ва бир умрлик тажрибаларим бор — афсусларга ҳаётимда ўрин йўқ».

«The Athletic» сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар