10.09.2024 15:24
6533
Теглар
«Жамоалар ўртасидаги фарқ барчага маълум» – Жоэл Кожо Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида 

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи 3-саралаш босқич 2-тури доирасида А гуруҳида Марказий Осиё дербиси кузатилади. Ўзбекистон миллий жамоаси Бишкекда Қирғизистон меҳмони бўлади. Бугунги учрашувдан олдин Самарқанднинг «Динамо» клуби ҳамда Қирғизистон миллий жамоаси фоварди Жоэл Кожо фикрлари билан ўртоқлашди.

- Жамоам учун ҳар ўйинда боримни беришга одатланганман. Рақиб қайси жамоа бўлишининг фарқи йўқ, жамоага ёрдам бериш учун ҳар доим тайёрман. Одатдагидек бор кучимни сарфлайман. Барчамиз майдондаги вазифамизни яхши биламиз.

- Ўзбекистон миллий жамоасининг аксарият ўйинчиларига қарши Суперлига доирасида майдонга тушгансиз. Қирғизистон миллий жамоаси етакчиларидан бири сифатида айтингчи, Ўзбекистоннинг кучли жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?
- Бу жамоалар ўртасидаги фарқ барчага маълум. Мен бу ҳақда гапирган биринчи футболчи бўлмайман. Кўрамиз, ўйинда нима бўларкан, - дейди қирғизистонликлар ҳужумчиси Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Асли ганалик бўлган 26 ёшли ҳужумчи 2023 йилда «Динамо» сафида Про лига тўпурарларидан бири бўлгач, илк бор Қирғизистон миллий жамоасидан таклиф олганди. Ушбу мамлакат фуқаросига уйланган Кожо қўшниларимиз сафида Қатарда ўтган Осиё кубогида ҳам иштирок этиб, жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. У саралаш босқичида ҳам Қирғизистон миллий жамоасининг энг яхши тўпурарларидан бири ҳисобланади. 

Кожо Эронга қарши 1-тур ўйинида (0:1) ҳам қўшнилар сафидаги энг яхши ўйинчилардан бирига айланган ва ўйин охирида ҳисобни тенглаштиришга яқин келганди, аммо форслар дарвозабони Али Ризо Бейрованд яккама-якка вазиятда жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолган эди.

Маълумот учун, Жоэл Кожо жорий мавсумда Суперлигада 6та голга муаллифлик қилиб, тўпурарлар қаторида бормоқда. У шунингдек, Ўзбекистон кубоги-2024да ҳам «Андижон» (2:2), «Насаф» (3:3) ва Ўткир Юсупов қўриқлаган «Навбаҳор» (1:1) жамоалари дарвозасини ҳам ишғол этганди. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон – Ўзбекистон ўртасидаги баҳс бугун Бишкекда соат 19:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар