08.09.2024 15:28
1629
Теглар
Тата Мартино — «Интер Майами» гранд жамоага айлангани, юлдузлар билан ишлаш ва ўзгаргаётган услуби ҳақида

«Интер Майами» устози Херардо Тата Мартино «The Athletic» сайтига интервю бериб, «Барса» афсоналарини бошқаришдаги қийинчиликлар, МЛСдаги муваффақиятли мавсум ва мураббийлик услуби қай тариқа ўзгараётгани ҳақида гапириб берди.

Таркибини юлдузлар билан бойитган «Интер Майами» ўтган мавсум плей-оффга илиниб қолишга улгурмаганди. Бу йил эса флоридаликлар ўз зоналарида энг яқин таъқибчиларини 8 очкога ортда қолдирган ҳолда лигада пешқадамлик қилишмоқда. МЛСнинг энг ёш клубларидан бири бўлган Бекҳэм жамоаси доим сўнгги ўринларни банд қилган, нари борса ўрта поғоналар учун курашиш салоҳиятига эга бўлиб келарди.

Аввал ҳам клубда юлдузлар тўп тепган, бироқ уларнинг келиши ҳам жамоанинг натижаларида катта ижобий ўзгаришлар ясамасди. «Барселона» собиқ тўртлиги ва уларга бегона бўлмаган Тата Мартинонинг Майамига келиши, даставвал уларга Лига кубогида чемпионлик келтирди ва жамоа тарихдаги биринчи титул билан мухлисларини хушнуд этди. Бу мавсумдаги барқарор ўйин ҳамда ўз лигасидаги мутлақ етакчилик эса клубга Америка футболининг росмана гранди мақомини олиб келди. Фаолиятининг чўққисини ўтказиб бўлган юлдузларни океанортида янги мақсадлар сари руҳлантириш мураббийдан катта маҳоратни талаб этади. 2010 йилда Парагвайни жаҳон кубоги чоракфиналига етаклаб келиб, амалдаги чемпионларни енгиб қўйишига бир баҳя қолган аргентиналик мутахассис Майамидаги фаолияти борасида «The Athletic» саволларига жавоб берди.

Бу жамоани бошқаришдаги асосий қийинчиликлар нимада?

— Биз ўтган йилнинг июл ойидан эътиборан ҳар бир трансфер ойнасидан оқилона фойдаланган ҳолда рақобатбардош жамоа қуришимиз керак эди.

Таркибимизда шунчаки Месси, Суарес, Бускетс ва Алба бўлгани учун эмас, яхши жамоамиз борлиги учун ғалаба қозонишимиз керак эди. Албатта, уларни таркибимизда кўришдан жуда мамнунмиз, лекин жамоанинг қолган қисми ҳам бу юлдузлар даражасига мос келишига эришишимиз керак эди. Улар ҳам ўтмишдаги барча тажрибаларига қарамай, янги ва мутлақо бошқа системада ишловчи лигага мослашишлари керак эди. Бизга ҳозирги жамоани қуриш учун бир йил вақт кетди, буни биргина трансфер ойнасида уддалаш имконсиз эди. Бизда доим жароҳатлар, Америка кубоги ва Олимпиада каби мусобақалар сабаб тўлиқ таркиб билан ишлаш имконияти ҳам кам бўлди. МЛСнинг ёш футболчиларидан «Барса»нинг бу собиқ юлдузлари даражасида ўйнашни талаб қилиш имконсиз эди.

Сизда ёш футболчиларни юлдузлар даражасига олиб чиқиш жараёни қандай кечди?

— Кўплаб футболчиларимиз тажрибасиз, аммо таркибимизда Дрейк Келлендер, Юлиан Грессел, Матиас Рохас, Нико Фрейре ва Давид Мартинесдек тажрибали футболчилар бор. Барча учун юлдузли тўртлик билан бирга шуғулланиш машаққатли бўлди. Бироқ улар масъулиятни ўз бўйнига ола билди, шулар муваффақиятларимиз калити бўлди, деб ўйлайман.

Уларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш учун нима қилдингиз?

— Мавсум аввалида жамоа билан йиғилганимизда барча футболчилардан максимал тайёргарликни талаб қилгандик. Чунки йил давомида шундай вазиятлар ҳам бўладики, бирваракайига 7-8 нафар футболчининг хизматларидан фойдалана олмайсиз. Шундай экан, ҳар бир футболчига, «тайёр тур, бирор футболчи сафдан чиқса, ҳаммаси сенга боғлиқ бўлиб қолади», деб келяпмиз. Баъзида, 4-5 ой майдонга тушмаган футболчига бу гапларни айтиш ўзим учун ҳам ғалати туюлади, бироқ ишимиз шундай. Футболчилардан талабим ҳеч қачон ўзгармайди. Хайриятки, ҳозирча бу ёндашув иш бермоқда. Биз нафақат бир жамоа, балки рақобатбардош таркиб яратишга эришдик.

Месси, Суарес, Бускетс ва Алба жамоадаги ишончни шакллантиришда қандай рол ўйнашмоқда?

— Тўрталаси бутунлай бошқа-бошқа футболчилар. Бири маълум бир нуқтада сўзлари орқали жамоадошларини бошқариши мумкин, бошқаси футболдаги ҳаракатлари орқали шерикларига таъсир ўтказади. Яна бири бундай таъсир учун шахсиятидан фойдаланади. Лекин уларнинг кичик гуруҳларга бўлиниб қиладиган машғулотларимизда қандай жон куйидириб ишлашларини кўрсангиз, бу жамоага қандай таъсир қилишини дарҳол англаб етасиз.

Айниқса, ёш футболчилар жамоадаги рақобат даражасини мана шундай машғулотларда юлдузларнинг муносабатидан ўрганишади. Бу ёшларга ўзларини кўрсатиш учун ишонч керак. Юлдузларнинг майдондаги ҳаракатларини томоша қилар экансан, ўз-ўзидан оғир босимни ҳис қиласан, аммо улар билан ҳам қиладиган ишим ўзгармайди. Умуман олганда, бу йигитлар билан ишласа бўлади. Улар сен билан дўстона гаплашади ва ҳатто маслаҳат ҳам бериши мумкин. Сенинг тактик хатоларингни тузатиб кетишлари ҳам мумкин. Ёшлар шу тариқа катталардан ўрганишлари мумкин. Шу тарзда улар қўрқувни енгиб, ўзларини бўш қўйишади ва ҳаммаси ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади.

Луис Суареснинг қайси версиясини кўряпмиз?

— Олдинги ва ҳозирги Суаресни солиштира олмайман, чунки лигалар бошқа-бошқа. Рақиблар ҳам турлича. Луис доимий ва одатдаги машғулотларда қатнашиб келаётгани учун унинг кўрсатаётган ўйинлари мени ҳайратлантирмаяпти. Охирги икки ойда у Майамига келганидан бери чиққан энг яхши спорт формасида бўлиб турибди. Бу — табиий равишда содир бўлган жараён. Унинг яхши спорт формаси тиззаси билан боғлиқ муаммоларни ҳам қўзғамаяпти. «Цинцинатти» дарвозасига тўпни кўкрагида назорат қилган ҳолда урган голи унинг нима сабабдан сўнгги 15 йилликнинг энг яхши ҳужумчиларидан эканлигини кўрсатиб турибди.

Сиз Мессига аввал ҳам мураббийлик қилгансиз. Ҳозирда у жароҳатлар ва клубдаги масъулиятини қандай бошқаряпти?

— Лео миллий жамоа билан бўлди ва жароҳат билан қайтди. Унинг сўнгги бор майдонга тушганига ҳам анча бўлди. Лекин у клубда бўлган вақтида доим бор кучи билан шуғулланган ва энг юқори даражадаги рақобатни намойиш этган. Бу — ҳамма кўриб турган нарса. Унинг ўзига хослиги сезилмайдиган жамоа дунёда йўқ. У майдонда экан ўзининг бор кучи билан ўйнашда давом этади ва тугатиш пайтини ҳам, бу «Интер Майами» билан бўладими-йўқ, ўзи ҳал қилади. Барчамиз қанчалар уни майдонда кўпроқ кўришни хоҳламайлик, бизни хавотирга солаётган фаолиятни якунлаш қароригача тобора яқинроқ қолмоқда. Лекин ҳамма билиши керакки, сўнгги кун эшик қоққунича унинг клубга борини бериши ва тўлиқ куч билан ҳаракатланиши аниқ.

Юлиан Грессел ассистлар сони бўйича Мессидан кейин 2-ўринда кетмоқда. Сиз уни «Атланта Юнайтед»даги фаолиятингдан яхши билардингиз. Унинг жамоага таъсири қандай бўлмоқда?

— «Атланта Юнайтед»да мен билан бирга ишлаган штаб аъзоларимдан бири: «Биз Юлиан майдонда бўлганда яхшироқ ўйнаймиз», дейди. Бу фикрга қўшиламан. У — майдоннинг турли қисмларида ечимлар тақдим эта оладиган футболчи. У «Цинцинатти»га қарши беллашувни заҳирада бошлади, лекин Гресселнинг таркибимизда борлиги бизга хотиржамлик беради. МЛСдан кетган ва четда бўлган 5 йилим давомида ҳам уни кузатиб бордим ҳамда «Атланта»даги фаолиятим давомида ҳам у ҳақида шундай ўйлардим. Бор кучи билан ўзи ҳаракат қилаётган клубга ёрдам беришга ҳаракат қиладиган инсон. У билан ҳар бир суҳбатда нимадирларни ўрганиш мумкин.

«Интер Майами»да тактик фалсафангиз қамдай ўзгарди?

— Биз штабим билан йиллар давомида асосланган ўйин услубидан оғишганимиз йўқ, лекин тўрт юлдузнинг жамоамизда бўлиши беллашувларга маълум бир услубда тайёрланишимизга сабаб бўлмоқда. Ҳозир услубимизни рақиб танлаб ишлатяпмиз, яъни ҳар учрашувда ҳам ундан тўлиқ фойдаланмаяпмиз. Биз ихтиёримиздаги футболчилардан келиб чиқиб, тез-тез чуқур ҳимояланишга мажбур бўляпмиз ҳамда юқори прессингдан фойдалана олмаймиз. Мана шу — биз қўллаётган услуб ва у жамоамизнинг эластиклигини оширишда ёрдам бермоқда.

Қўл остингиздагилар билан ишлаш услубингиз қандай?

— Мен золим раҳбар бўлишни ёқтирмайман. Футболчилар мураббийнинг баъзан жиддий, баъзан ҳазилкаш бўлиши, баъзида у билан гаплашиш мумкин, баъзида эса сўзсиз айтганини қилиш кераклигини тушуна олиши керак. Улар риоя этилиши керак бўлган меъёрлар борлигини англаб етишлари керак. Иккала тараф ҳам ўзи кесиб ўтиши мумкин бўлмаган чизиқларни яхши англаши керак.

Томас Авилес қизил карточка олганда кийим алмаштириш хонасида жаҳлимни тўкиб сочмадим. Балки, аввал шундай қилгандирман, лекин доим ёш футболчилар ўз хатоларидан хулоса чиқариши керак, деб ҳисоблаб келганман. Баъзида мос сўзлар топилмаганда жазо қўллашга ҳам тўғри келади. Аммо қандай қилиб 21-22 ёшли футболчини бутун жамоа олдида қоралашим мумкин, ахир унинг бутун фаолияти олдинда: у ўрганиши ва тажриба орттириши керак. Барчамиз хато қиламиз. Ҳаётда футболдан ҳам қаттиқроқ муносабатда бўлишим керак бўлган кўплаб масалалар бор ва уларнинг ўзи менга етади. Ҳар бир ишда ўзаро ҳурмат муҳим.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар