06.09.2024 18:34
510
Теглар
Президент Шерзод Намозов ва Ҳусниддин Норбековни табриклади

Бугун, 6 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Парижда бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларининг кейинги кунларида муваффақият қозонган спортчиларимиз билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Дзюдочи Шерзод Намозов финалда рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритган эди. Бу ҳамюртимизнинг Паралимпия ўйинларидаги иккинчи чемпионлиги бўлди.

Енгил атлетика бўйича ядро улоқтириш баҳсларида Ҳусниддин Норбеков 16.82 метр натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, у учинчи бор Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.

Давлатимиз раҳбари суҳбатда уларнинг иродали курашларини ҳаяжон билан кузатганини, Ватанимизга навбатдаги олтин медалларни келтирганидан хурсандлигини таъкидлади. Халқимиз номидан спортчиларни самимий қутлаб, уларнинг мураббийлари ва ота-онасига ташаккур айтди.

Чемпионлар юксак эътибор ва доимий қўллов учун миннатдорлик билдирди», - дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси ёзги Паралимпия ўйинларида медаллар сифати бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини янгилади. Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинлари якунига етмаган бўлса-да, Ўзбекистон делегацияси айни пайтнинг ўзидаёқ 9та олтин, 6та кумуш ва 5та бронза медал билан ўз тарихидаги энг яхши натижани янгилаб улгурди. Вакилларимиз сўнгги икки турнирда 8тадан олтин медалга эга чиқишганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар