05.09.2024 18:16
6539
Теглар
«Бошқа баҳона йўқ». Мундиалга олиб чиқадиган 4 сабаб

Бугун, 5 сентябр куни Шимолий Кореяга қарши ўйин билан Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун саккизинчи уринишни бошлайди. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Сречко Катанец аввалги мусобақаларда бизга халақит берган омилларни тилга олар экан, керагидан ортиқча «ёниб кетмаслик» кераклигини қайд этди.

Албатта, миллий жамоа футболчиларини ортиқча ҳаяжондан холи қилиш, ўйинларга тўғри баҳо берилишини таъминлаш мураббийнинг вазифаси. Катанец бу факторга аҳамият беришининг ўзи бу борада муаммо бўлмаслигига умид беради.

Лекин журналистларда, йиллар давомида мундиал орзусида яшаб келаётган мухлисларда бу сафар муваффақиятни қаттиқ исташга асослар етарли. Камида бизга аввалги саралаш ўйинларида халақит бериб келган бир қатор тўсиқлардан озодмиз. Қуйида мана шулар ҳақида сўз боради ва умид қиламизки, жамоамиз бу сафар уддалайди ва Сречко Катанец муваффақиятсизлик учун янги турдаги сабабларни ўйлаб топган эмас, ўзбекларни мундиалга илк марта олиб чиққан мураббий сифатида тарихда қолади.

Тақвим

Ушбу босқичда дастлабки турларда очко тўплаш жуда муҳим саналади, зеро рақиблар савияси бир-бирига яқин бўлганидан, илк ўйинлардаги ғалабалар жамоага қўшимча ишонч бериб, босимни камайтиради ҳам. Айнан шу борада шу пайтгача омадимиз келмаганди. Дастлабки уринишимизда (ЖЧ-98) илк уч ўйинни сафарда Япония, Корея ва Қозоғистонда ўтказганмиз ва бу ўйинларда олинган атиги 1 очко кейинги тақдиримизни белгилаб берган.

Кейинги саралашда сафарда БАА дан 1:4, ЖЧ-2010 саралашида Қатарда 0:3 ҳисобида мағлубиятлар қайд этилган. ЖЧ-2006 саралаши сўнгги босқичи илк турида Тошкентда Саудия Арабистони билан дуранг ўйнаганмиз. ЖЧ-2014 да анча кучли жамоага эга бўлсак-да, Эронга қарши илк турда Тошкентдаги мағлубият бутун мусобақа давомида панд берган. Эсингизда бўлса, бир қатор етакчи футболчиларимиз аввалги ўйинларда атайлаб сариқ карточка олгани туфайли дисквалификация қилинган, ўйинда эса, ҳаққоний гол ҳисобга олинмаганди.

Айнан ёмон старт туфайли биз ЖЧ-2010 ва ЖЧ-2014 саралаш ўйинларида мураббийларни алмаштирганимиз ҳам якунда фойда бермаганини ҳам эслаб ўтиш лозим. Умуман, шу пайтгача Ўзбекистон бирор марта бутун саралаш босқичини бир мураббий билан бошлаб, якунламаган.

Фақат ЖЧ-2018 саралашида охирги босқични яхши бошлай олганмиз, Қатар ва Сурия мағлуб этилиб, 6 очкони қўлга киритганмиз. Қаранг, ўша турнирда биз кўп ўйинларда панд еганмиз, Сурия ва Хитой билан кутилмаган очколар йўқотилган, аммо шунда ҳам, охирги ўйинда Тошкентда Кореяни мағлуб этсак, тўғридан тўғри мундиалга чиқиш имконияти сақланиб қолганди. Аксинча, ЖЧ-2014 саралашида юқорида эсланган Эрондан мағлубиятдан сўнг, Ливанда ҳам дуранг ўйнаганимиз, кейинчалик қаторасига ғалабаларни қўлга киритсак ҳам, якунда етарли бўлмаган. Яъни барибир дастлабки турлардаги очколар деярли сўнгги ўйинларгача бизни курашда олиб қолади, даъвогарлар сафидан чиқариб юбормайди. Шу жиҳатдан жуда муҳим.

Демак, дастлабки икки турда гуруҳнинг қоғоздаги аутсайдерларига қарши ўйнашимиз бизга қулайлик тақдим этади. Шимолий Кореяни Тошкентда мағлуб этишимизга ишонамиз, кейинги тур ҳам, айтайлик, ҳар қандай сюрприз (Фаластинни эсланг) кутилиши мумкин бўлган узоқ сафарда эмас, қўшни Қирғизистонда бўлиб ўтади. У ерда ҳам ўзимизни уйдек ҳис қилишимиз, ортиқча ҳаяжонланмасак, керакли очколарни қўлга киритишимиз шубҳасиз.

Бундан ташқари, октябрга белгиланган 3-4 тур ўйинлари Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам қўшимча совға дейиш мумкин. Эрон ва БАА сентябрдаги рақибларимиздан кучлироқ бўлса-да, ўз майдонимизда муносиб ўйин кўрсатишимиз, ҳамда кузни пешқадамлардан бири сифатида якунлашимиз мумкин.

Япония ва Корея йўқ. Австралия ҳам

Биз қатнашган ҳамма ЖЧ саралаш сўнгги босқичларида бизга ё Япония ё Жанубий Корея рақиб бўлган ва шарқлик қитъадошларимиз бизга доим ноқулай бўлиб келади. Учта саралашда Жанубий Корея, биттасида Япония ва яна бир марта ҳам Япония, ҳам Корея билан бир гуруҳдан жой олганмиз. Ўтказилган жами 12 ўйиндан 5 тасида дуранг ўйнаган бўлсак, 7 марта мағлубият аламини тотганмиз. Тўғри, бир марта Японияни сафарда 1:0 ҳисобида мағлуб этганимизни ҳам эслашингиз мумкин, аммо ўша ўйинлар 3-саралаш босқичида бўлганди. Ҳал қилувчи паллаларда биз на Японияни, на Жанубий Кореяни мағлуб этишни уддалаганмиз.

Фақат ЖЧ-2002 саралаш ўйинларида биз Япония ё Корея билан тўқнаш келмагандик. Аммо ўшанда ҳам улар бизга панд берган – айнан шу икки давлат мундиалга мезбонлик қилгани учун Осиёга бериладиган йўлланмалар сони камайганди. Натижада фақат гуруҳ ғолибига йўлланма тақдим этиладиган босқичда имкониятни Хитойга бой берганмиз.

Турли йилларда жамоалар турли даврларни бошдан кечиришади, масалан, Эрон ҳам доимий фаворит саналса-да, 2012 йилда сафарда ғалаба қозонганимиз ёки саудлар устидан Осиё кубогида устун келганимизни эслаш мумкин. Умуман, араб ё форсларга қарши муносиб ҳаракат қилишимиз янгилик эмас. Аммо уч жамоа борки, бизга доимий ноқулай саналади ва ҳеч қачон уларни жиддий ўйинда мағлуб эта олмаганмиз. Юқорида тилга олинган Япония ва Кореядан ташқари, Австралия миллий жамоаси ҳам бор. Хайриятки, бу сафар улар билан ўйнамай туриб ҳам, чемпионатга чиқиш имконияти туғилди.

Сўнгги босқичдаги гуруҳлар сони иккита эмас, учтани ташкил этгани учун қуръада бу жамоалар бизни четлаб ўтди. Балки, омад ҳам мана шунинг остида яширингандир?

Таркиб

Номлар борасида, айтайлик, 2008-2013 йиллардаги жамоа кучлироқ кўринади. Осиёнинг энг яхши ўйинчиси Сервер Жепаровдан тортиб, Одил Аҳмедовнинг энг яхши даври, умуман, «Бунёдкор» ва «Пахтакор»да тобланган, кўп вақт бирга тўп сурган, анча тажрибали жамоага эга эдик.

Аммо бир муҳим нуқта бор. Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари юклама ва босим жиҳатидан анча юқори даражадаги мусобақа ҳисобланади. Ҳал қилувчи ўйинларни Ўзбекистон чемпионатига қиёслаб бўлмайди. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўша даврларда анча кучли жамоага айланган бўлса-да, йил давомида ички чемпионатдаги рақибларга нисбатан анча енгил учрашувларда ўйнаб келишган.

Айни дамда Европада тўп суриб, машғулот қиладиган футболчиларига эга бўлган Корея ёки Австралияга нисбатан ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан енгилиб қолардик. Бутун мавсум давомида фарқли юклама, енгил учрашувлар ўйнаб, бир нечтагина ўйинда ҳар томонлама тайёр бўлиш жуда қийин. Миллий жамоа мураббийлари йиғинларда ҳар қанча тайёргарлик кўриб, ҳар қанча тактика ва режалар ишлаб чиқмасин, жуда қисқа вақтга эга бўлишади, яъни футболчиларнинг умумий ҳолати, клублардаги юкламалари барибир ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан, нисбатан олганда кўнглимиз тўқроқ бўлишга асослар бор. Биз ҳеч қачон бу босқичда таркибимизда кучли бешлик чемпионатлари вакили билан қатнашмаган бўлсак, бу сафар нақ икки шундай футболчимиз бор. Туркия чемпионати ҳам сўнгги йилларда анча ривожланди, шунингдек, гуруҳдаги рақибимиз Эроннинг ички чемпионатида тўп сурадиган футболчиларга эгамиз. Яъни бу борада камида гуруҳдаги рақибларимиздан кам эмасмиз ва бемалол тўп суришимиз мумкин. Футболчиларнинг даражаси, тайёргарлиги борасидаги фарқларни балким аввалги турнирларда тилга олиш асосли бўлгандир, аммо бу сафар бу баҳона ҳам кетмайди.  

Йўлланмалар сони кўпроқ

Бу энг муҳими. Мундиал иштирокчилари сони ошиши натижасида Осиёга бериладиган йўлланмалар сони ҳам қарийб икки баробар ошди. Агар, шу пайтгача қатнашган саралаш ўйинларимиздаги эгаллаган ўринларимизга қараб, аввалдан мана шундай форматни тасаввур қилсак, бир неча марта жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Чунки аксарият ҳолларда йўлланмани қўлга кирита олмаган бўлсак-да, кучли саккизликда бўлганмиз.

Форматни қисқача айтиб кетадиган бўлсак, биз бу босқичда 6 жамоа 2 йўлланма учун курашамиз. Икки жамоа тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритса, учинчи ва тўртинчи ўринни олган жамоаларда ҳам имконият бўлади. Ҳозирги уч гуруҳдаги 3-4 ўринларни олган жами 6 жамоа яна икки гуруҳга бўлинади ва гуруҳ ғолиблари ҳам тўғридан тўғри финал босқичига чиқишади. Ҳатто шу босқичда ҳам гуруҳда бўлолмаган, аммо иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар қитъалараро плей-офф орқали мундиалга чиқиш имкониятини сақлаб қолади. Бундай шароитда чиқмасликнинг ўзи қийиндек.

Аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Эътибор берсангиз, Европа чемпионати финал босқичи учун жамоалар сони оширилгач, барибир баъзи кучли жамоалар қолиб кетиб, масалан, Венгрия, Албания, Гуржистон каби жамоалар ҳам чиқиб келишяпти. Сабаби, йўлланмалар сони ошиши аксарият ўртамиёна рақибларда ҳам имконият ҳосил қилгач, энди улар ҳам бошқача иштиёқ билан тайёргарлик кўриши мумкин. Авваллари Япония, Корея ёки Австралия шундоғам кам бўлган йўлланмаларни брон қилиб қўяр, кўп жамоалар дастлабки мағлубиятлардан кейин эътиборни камайтириб юборар эди. Энди, йўлланмалар етарли бўлгач, мисол учун, БАА каби жамоалар ҳам бор имкониятини ишга солиши ва асосий рақибимизга айланиши мумкин.

Қисқаси, тўрт йўлланма учун курашиб, олтинчи бўлишдан кўра, саккиз йўлланма учун курашиб, саккизинчи бўлиш қийинроқ – чунки иккинчи вариантда вазифани уддалаш турибди, бу доим осон бўлмайди. Бугун бошланадиган мана шу бир қарашда хатарли бўлмаган, аммо қаердадир сюрпризлар ҳам кутиб туриши мумкин бўлган йўлда жамоамизга муваффақият тилаймиз.

Қаҳрамон Асланов 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар