02.09.2024 16:23
2066
Севги ҳақида шеър ёзади, фортепиано чалади ва архитектурани тушунади — Шеснининг сиз билмаган қирралари

Шеснининг серқирралиги сизни лол қолдиради: севги ҳақида шеър ёзган, фортепиано чалишни қойиллатади ва фаолиятини архитектура соҳасида давом эттирмоқчи.

Бир неча кун аввал полшалик машҳур дарвозабон Войцех Шесни футболчилик фаолиятини якунлади. Дарвозабонлар учун 34 ёш жуда эрта, бироқ унинг ҳаёти биргина футболга боғланиб қолмаган ва серқирра қаҳрамонимиз бундан буён ҳам ўзини зериктирмаслигини ишонч билан айта оламиз.

У «Ювентус»га керак бўлган тақдирда фаолиятини давом эттиришга қарши эмасди. Бироқ туринликлар полшалик дарвозабон билан хайрлашиш пайига тушиб қолди ва Шесни клубга ортиқча муаммо туғдирмаслик учун шартномасида кўрсатилган 8 миллион евро маошидан ҳам воз кечди. Саудия Арабистонидан жиддий таклифлари борлиги айтилаётганди, аммо Шесни кутилмаганда футболчилик фаолиятини тугатиб юборди: «Танам ҳали футбол ўйнашга яроқли эканини айтяпти, лекин юрагим бунинг аксини. Энди бор эътиборимни оиламга қаратишим кераклигини ҳис қиляпман», — деди собиқ посбон.

Мусиқа ва балет

Войцехнинг футболдан бошқа севимли машғулотлари ва иқтидорлари борлигини инобатга олган ҳолда, футболсиз ҳам зерикиб қолмаслигини тахмин қилишимиз мумкин. У — гавжум жойларни у қадар ёқтирмайдиган, бўш вақтини оиласи билан уйда ўтказишни яхши кўрадиган инсон. У мусиқа тинглашни севиши билан бирга ўзи ҳам фортепиано чалишни яхши билади. Унинг аёли Марина — қўшиқчи. У турмуш ўртоғига бир неча қўшиқларни ёзишда ёрдам бергани маълум.

Шесни 7 ёшдан 9 ёшгача балет рақси билан ҳам шуғулланган. «Ҳозир буни эсласам, бироз уяламан, бироқ ростдан ҳам балет рақси — мен шуғулланган дастлабки спорт. Бўйим баланд эди ва шунинг учун ҳам ҳаракатларим бесўнақайроқ чиқарди. Кейинчалик секин-асталик билан ҳаракатларимни яхшилашга эришгандим», — деб эслайди полшалик футболчи.

4 йил аввал «Ювентус»нинг «YouTube» саҳифаси учун берган интервюсида Войцех футболдан кейинги ҳаётини қай тариқа тасаввур қилиши ҳақида гапириб, аёлининг албомларидан бири учун қўшиқ ёзиб берганини айтганди: «Ишонинг, қўшиқчилик фаолияти умуман осон эмас. Оиламизда биттаси бор ва шунинг ўзи етарли. Менга бошқача ишлар ёқади. Лекин футболдан сўнг барибир ҳаммасини нолдан бошлашимга тўғри келади. Бундан қўрқаман, деб айтолмайман, лекин мавҳумликни ҳис қиламан. Аёлим учун қўшиқ ёзиб берганманми? Ҳа, шундай бўлган. Ёмон чиқмаганди. Очиғи, буни ҳазил сифатида ёзмаганман. Аёлим менга мусиқанинг минус вариантини, сўзларсиз ташлаб берганди. Мен уйда эдим ва бутун оқшомни ушбу мелодияга мос сўзлар билан мусиқа яратишга бағишлагандим. 3-4 соат вақт сарфлагандим. Кейин унга қўшиқ сўзларини шунчаки бир вариант сифатида юборгандим. У эса менга сўзлар ёққанини айтди. «Бу матндан фойдаланмасанг керак», деб сўраганимда, у қўшиқни ёзмоқчи экани ҳақида гапирди. Бироз уялгандим — ахир мен санъат одами эмасман. Лекин у буни ўз албомига қўшди ва бу биз учун жуда унутилмас воқеа бўлиб қолганди.

Қўшиқ муҳаббат ҳақида бўлган: анча позитив мусиқа эди. Бундай вазиятларга доим ҳам дуч келавермайсиз: биринчидан, мен санъаткор эмасман, иккинчидан, икки метр бўйли эркакман. Мендан муҳаббат ҳақида сатрларни ҳеч ким кутмаслиги табиий. Бир марта ўхшаб қолган ва шу билан тамом (кулади)».

«Арсенал»далигида Шесни ортиқча стресс сабаб кийим алмаштириш хонасидаёқ сигарета чеккан ва кейинчалик бу борада ўз устида ишлай бошлаган. «Мен 3-4 йилдан бери медитация билан шуғулланяпман. Бу менга психологик тарафлама кучли бўлишимга ёрдам беради. Бундан ташқари мен худди ҳақиқий ўйинда ҳаракат қилаётгандек шуғулланаман. Учрашувлардан сўнг ҳар бир вазиятда тўпга қандай реакция қилганимни видеолар орқали кўриб чиқаман. Бу менинг ривожланишимга ёрдам беради», — деганди дарвозабон «Рома»да ўйнаб юрган кезларида.

«Мен психологик машғулотларимда ўзимни ҳозирги лаҳза билан яшашга ўргатиш учун қаттиқ ҳаракат қиламан. Мия доим тоза ишлаши ва аллақачон содир бўлиб улгурган ишлар ҳақида ўйламаслиги керак. Фақат шундай қилиб майдондаги 90 дақиқани сифатли ўтказиш мумкин. Мен фақат тўп келаётган томонга, жамоадошларимнинг жойлашувига ва хавф қаердан келаётганига концентрациямни қаратаман. Ёшлигимда футболдан сўнг уйга боргач, нима қилишим ва қайси компютер ўйинини ўйнашим ҳақида ўйлардим. Бу — нотўғри. Тажриба ва медитация менга катта ёрдам берган».

Шеснининг ҳоббиларидан бири — архитектура

«Фаолиятим якунлангач, уйда ўтирган ҳолда ишлайдиган нимадир билан шуғулланишни хоҳлайман. Шу тариқа, оилам атрофида кўпроқ вақт ўтказишим мумкин бўлади. Архитектура ва интерьер дизайн билан шуғулланишни кўп ўйлайман, чунки булар менга жуда ёқади. Мен доим уйлар дизайни ва уларни жиҳозлашни ўзим амалга ошираман. Лондонга кўчиб келган вақтим ёлғиз яшардим ва жуда ёш эдим. Архитектор учун пулим йўқ эди ва барчасини ўзим бажаришимга тўғри келган. Бу эса менга жуда ёққанди. Ҳозир эса ҳар йили ёки Лондон ёки Варшавадан биттадан уй сотиб оламан ва уларнинг меъморий хусусиятларини ўрганишни ёқтираман. Уларнинг жиҳозланиш услуби ва дизайнини диққат билан кузатаман. Компютеримда уйларнинг 3D кўринишини тақдим этадиган иловалар бор. Полшада эса архитектор ёллаганман ва унинг ёрдамида уйларнинг қурилишини ўрганаман. Келажагим мана шу соҳада, деб ўйлайман».

Июнь ойида берган интервюларидан бирида Войцех келажак бўйича режалари ҳақида тўхталганди. «Бир нечта режаларим бор. Уларнинг барчаси девелоперлик билан боғлиқ. Баъзилари архитектура, баъзилари риэлторлик билан боғлиқ. Лойиҳаларим бир-бирига алоқадор бўлишини хоҳлайман.

Архитектурани ўрганиш — менда ёшликдан бўлган ният. Грохувдаги 10-қаватдаги уйимиз ойнасидан Варшавани кўра олмасдим. Зина олдида кичик ойна бўларди ва у ердан бутун пойтахт кафтдек кўриниб турарди. Ўша деразадан қарар эканман, шаҳар кўринишини ўзгартириб юборувчи дизайндаги бинолар қуришни орзу қилардим. Ҳозир ҳам шуни хоҳлайман: уйлар қуриш ва уларни сотиш. Албатта, бу осонликча бўлмаслиги аниқ. Табиийки, фаолиятимни якунлашим билан 5 йил ўтибоқ 150 қаватли уй қура олмайман. Аммо бу — менинг мақсадим ва унга қадамма-қадам етиб бораман. Доим менинг шахсий ва профессионал лойиҳаларим секинлик билан ўсиб борган. Тайёрланиш мақсадида ҳар йили янада кўпроқ инвестицияни шу соҳани ўрганишга сарфлаяпман. Бир куни орзум амалга ошишига умид қиламан. Балки, ҳеч нарса ўхшамас, лекин доим кичик қадамлар билан бўлса-да, ўз мақсадинг учун юришда давом этишинг керак».

Sports.ru’дан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар