30.08.2024 11:31
3842
Паралимпиада кутилмалари. Ўзбекистон Риодаги рекордини янгилайдими?

28 августдан Франция пойтахти Парижда ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланди. Беллашувлар 8 сентябргача давом этади.

Бу галги турнирга Ўзбекистон 9 та спорт туридан 65 нафар пара атлет — жами 113 та лицензия билан борган. Бу Ўзбекистон учун Паралимпиада тарихида рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Навбат медаллар сони ва сифати бўйича ҳам рекордни янгилашгами?

Тарих

Ўзбекистон ёзги Паралимпия ўйинларида 2004 йилда дебют қилган ва Афинада бир спортчи билан қатнашган — Юсуф Қодиров (пауэрлифтинг). 2008 йилда йўлланмалар сони иккитага етган. Дастлабки медал эса Лондон-2012да қўлга киритилган. Пара дзюдочи Шариф Халилов кумуш медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон тарихидан ўрин олган.

Рио-2016 — Ўзбекистон учун энг муваффақиятли Паралимпиада. 32 пара атлет билан борган делегация 31 та медал билан қайтган — 8 олтин, 6 кумуш, 17 бронза. Умумий рейтингда 16-ўрин эгалланган.

Токио-2020да олтинлар сони бўйича рекорд такрорланган, аммо умумий медаллар бироз камроқ бўлган — 8 олтин, 5 кумуш, 6 бронза ва якунда 21-ўрин. Япония пойтахтидаги мусобақада натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди, аммо коронавирус пандемияси ўз таъсирини кўрсатган. Ўзбекистонлик 25 нафар спортчига нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўлланган. Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева каби медал келтириши кутилган дзюдочилар карантинга олингани сабаб мусобақада иштирок эта олишмаган.

Биринчи кундан медаллар

Парижда биринчи кундаёқ икки медал қўлга киритилди. Пара сузишда S13 классида 100 метрга баттерфлaй усулида Муслима Одилова бронза билан Ўзбекистон учун медаллар ҳисобини очди. Бу Муслима учун Паралимпия ўйинларидаги илк муваффақият эмас. У Риода иккита кумуш медал олганди.

Биринчи кундаги иккинчи медални Зиёда Исоқова келтирди. Пара таэквондочи финалгача етиб бориб, якунда кумуш медал соҳибига айланди.

Бу — фақат бошланиши. Олдинда медаллар шодаси кутаётгани, шубҳасиз.

Қайси спорт турларидан медаллар кутилмоқда?

Ўзбекистон делегацияси таркибида энг кўп лицензия пара енгил атлетика спорт туридан қўлга киритилган — 47. Таркибда жаҳон ва Олимпиада чемпионлари Ҳусниддин Норбеков ҳамда Сафия Бурханова, жаҳон ва олимпиада чемпиони Бобур Омонов, икки карра жаҳон чемпионлари Асила Мирзаёрова ва Нурхон Қурбонова, Токио-2020 чемпиони Моҳигул Ҳамдамова, жаҳон чемпионлари Қудратулла Маъруфхўжаев, Иззат Турғунов ва Ёқутхон Холбекова, Пара Осиё ўйинлари чемпионлари Дониёр Салиев ва Кубаро Ҳакимова, Токио Олимпидаси совриндори Элбек Султонов бор.

Пара дзюдода 8 та йўлланма қўлга киритилган. Паралимпиада чемпионлари Учқун Қуронбоев ва Шерзод Намозов яна медаллар учун курашади. Шунингдек, жамоада жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Кумуш Ходжаева ва Токиода кумуш медал қўлга киритган Довурхон Кароматов ҳам бор.

Пара таэквондода жаҳон чемпиони Зиёда Исоқова кумуш медал билан починни очиб берди. Олдинда Олимпиада чемпиони Гулжаной Наимова, жаҳон чемпиони Асад Тоштемиров, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Жавоҳир Алиқулов ва Зуҳриддин Тоҳировнинг чиқишлари кутмоқда.

Пара пауэрлифтингда Ўзбекистон ўзи учун рекорд лицензиат билан борган — 8. Аввалги Паралимпия ўйинларида 3 нафардан ошмаганди. Пара Осиё ўйинлари ғолиби, Токио-2020 кумуш медали соҳиби Рўза Қўзиева, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Рухшона Ўктамова, жаҳон кубоги ғолиби Ақидахон Ахтамова медал тақдим этиши кутилмоқда.

Пара сузишда 7 спортчи 25 та лизенция қўлга киритган. Таққослаш учун, Токиода лицензиялар 20 та эди. Муслима Одилова бронза билан делегация ҳисобига дастлабки медални тақдим этиб бўлди. Рио-2016 чемпиони Фирдавс Мусабеков, уч карра Пара Осиё ўйинлари ғолиблари Дмитрий Хорлин ва Кирилл Панковни ҳам Париж шоҳсупаларида кўрсак, ажабмас.

Пара каноэда эшкак эшишда жаҳон ва Осиё ўйинлари чемпиони Шаҳноза Мирзаева, Осиё ўйинлари ғолиби Ҳасан Қўлдашев, Ҳайитмурод Шерқўзиев, Азизбек Абдулҳабибов, Шаҳноза Мамадалиева ва Ирода Рустамова Парижга йўл олишган. Академик эшкак эшишда эса Пара Осиё чемпионлари Муҳайё Абдусатторова ва Холмурод Эгамбердиев совриндорлар қаторидан жой олишга ҳаракат қилиб кўришади.

Шунингдек, Паралимпиадада илк бор ўзбекистонлик велоспортчилар иштирок этишади. Ғолиббек Мирзаёров ва Азимбек Абдуллаев дебютда медал олишга уринишади.

Делегация юлдузлари

Париж Паралимпия ўйинларида делегация таркибида шундай спортчилар борки, улардан олтиндан бошқа медал кутмайсиз.

Ҳусниддин Норбеков — Рио ва Токио Паралимпиадалари чемпиони, жаҳон чемпиони, Пара Осиё ўйинлари ғолиби бежиз делегация байроқдори эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. 37 ёшли ядро улоқтирувчида Ўзбекистон тарихида 3 карра Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлган илк спортчига айланиш имкони бор.

Асила Мирзаёрова — икки карра жаҳон чемпиони, Токио Паралимпиадаси кумуш медали соҳиби, Пара Осиё ўйинлари ғолиби. 25 ёшли атлетга фақат Олимпиада чемпионлиги етишмаяпти ва бу сафар кумуш олтинга айланиши керак. Асила Парижга рекордлар билан келмоқда — у 2024 йилги жаҳон чемпионатида узунликка сакраш дастурида бир йил аввал ўрнатган рекордини такрорлаб, ғолиб бўлди.

Сафия Бурханова — Токио Паралимпиадаси чемпиони, жаҳон чемпиони, Пара Осиё ўйинлари ғолиби. 34 ёшли ядро улоқтирувчи Риодаги кумушини Токиода олтинга айлантирганди ва бу сафар чемпионликни ҳимоя қилади.

Бобур Омонов — жаҳон ва Олимпиада чемпиони, Пара Осиё ўйинлари ғолиби. 23 ёшли атлет ҳам чемпионликни ҳимоя қилади.

Нурхон Қурбонова — икки карра жаҳон чемпиони, Пара Осиё ўйинлари ғолиби, Токио Паралимпия ўйинлари кумуш ва бронза медаллари совриндори. Нурхонга ҳам Асила каби фақат Паралимпиада чемпионлиги етишмаяпти. 30 ёшли спортчи уч ой аввал Кобеда ўтган жаҳон чемпионатида найза улоқтириш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.

Моҳигул Ҳамдамова — диск улоқтиришда Токио Паралимпиадаси ғолиби, Пара Осиё ўйинлари ғолиби. Делегациянинг 28 ёшли байроқдоридан яна бир чемпионлик кутилади.

Учқун Қуронбоев — пара дзюдочи Токиода кўпчилик кутмаганида чемпионликни қўлга киритганди. Бу гал унга фаворит сифатида қарашади ва Учқун тенгсизлигини яна бир бор исботлаши лозим.

Гулжаной Наимова — Токио Паралимпиадаси ғолиби. 23 ёшли пара таэквондочи икки карра чемпионлик учун даянга чиқади.

Шаҳноза Мирзаева — пара каноэ бўйича жаҳон чемпиони, Пара Осиё ўйинлари ғолиби. 25 ёшли спортчига Паралимпиада медали етишмаяпти.

Рўза Қўзиева — Пара Осиё ўйинлари ғолиби, Токио Паралимпиадаси кумуш медали соҳиби. 30 ёшли атлет пара пауэрлифтинг бўйича жамоанинг етакчи аъзоси саналади.

Алоҳида эътироф этилмаган бошқа паралимпиадачилар ҳам Парижда ўзларини кўрсатиб, Риодаги тарихий натижани яхшилаш йўлида бор имкониятларини ишга солишларига умид қиламиз.

Аъзамжон Иззатиллаев

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар