29.08.2024 15:49
5188
Теглар
«Реал» футболчиларининг давомий ва узоқ муддатли жароҳатлари сабаби нимада?

«Реал Мадрид»нинг даҳшатли таркибини бу мавсумда тўхтатиб қолиши мумкин бўлган биргина тўсиқ — клубдаги сурункали жароҳатлар ва уларнинг ҳайрон қоларли даражада бир хил типдалиги. Ўтган 12 ой мобайнида «қироллик клуби»нинг 6 нафар футболчиси хочсимон пайларнинг узилиши билан бутун бошли мавсумни ўтказиб юборадиган жароҳатларни орттириб олишди.

14 август санасида Мадрид клуби Варшавада УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди. Яна бир титул «қаймоқранглилар» мухлисларини хурсанд қилгани бор гап, аммо Камавинганинг ўйинолди расмий машғулотда олган жароҳати байрамнинг тўлиқ татишига йўл қўймади. Жамоадошларининг атрофига жамланиши ва ундан кейинги кадрда Анчелоттининг қўлидаги таймерни ерга жаҳл билан улоқтиришининг ўзи ушбу жароҳат қай даражада жиддийлигини кўрсатиб улгурганди. Аммо улар қўрққан нарса содир бўлмади: Камавинганинг хочсимон пайлари узилмаган экан. Бироқ барибир Эдуардо тизза пайларини чўзиб олгани сабаб камида 7 ҳафтага сафдан чиқди.

Футболчиларнинг хавотири ва италиялик мураббийнинг реакциясини тушуниш мумкин. Сўнгги пайтларда мадридликларда бу типдаги жароҳатлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Ўтган йили августда Тибо Куртуа мавсумолди йиғиндаёқ пайларини узиб олди ва мавсумнинг сўнгги учрашувларигагина қайта олди. «Атлетик Билбао»га қарши очилиш учрашувида эса Эдер Милитао худди шундай жароҳат билан майдонни замбилда тарк этди. Кейин эса навбат Давид Алабага келди ва декабр ойида у ҳам хочсимон пайлар узилиши билан мавсумни якунлайдиган бўлди. Май ойида у яна бир операцияни бошидан ўтказишга мажбур бўлди ва энди унинг қачон қайтиши номаълум. Ҳозирча октябр ойида қайтиши тахмин қилинмоқда, лекин тикланиш жараёнининг боришига қараб австриялик ҳимоячининг майдонга қайтиши чўзилиши мумкин.

Камавинганинг жароҳати август ичида юз берган кўнгилсизликларнинг охиргиси эмас. Ундан беш кун аввал АҚШ турнесидан бери «Реал» асосий жамоаси билан машғулотлар ўтказа бошлаган 17 ёшли истеъдодли ҳимоячи Хоан Мартинеснинг хочсимон пайлари узилди ва «Кастиля» таркибига Раул томонидан янги мавсум учун жалб этилиши кутилаётган футболчи бутун бошли мавсумни ўтказиб юборадиган бўлди. «Милан»га қарши ўртоқлик ўйинида ўринбосарлар вакили Сесар Паласиос, июл ойида яна бир академия тарбияланувчиси Дани Месонеро худди шундай ташхис билан касалхонага ётқизилди. Бу каби бир хил жароҳатларнинг бир клуб, унинг устига «Реал»да кузатилиши нормал ҳолат эмас. Бу клубда футболчилар билан ишлашда қандайдир хатоликка йўл қўйилаётганини билдиради.

«The Athletic»нинг клуб ичидаги ресурслари мавзу юзасидан аноним тарзда фикр билдиришган, чунки мадридликлар раҳбарияти персоналларга клуб имижига салбий таъсир кўрсатадиган баёнотлар билан матбуотда чиқиш қилмасликни қатъий сўраган. Аммо улар ҳам сўнгги 12 ой ичидаги 6 та хочсимон пайлар узилиш жароҳатини жамоадаги тизимли хато натижаси, деб ҳисобламайди. Ҳар бир жароҳат чуқур равишда таҳлил қилиб чиқилган ва «Реал» ичидаги ҳамма ушбу ҳолатдан хавотирда.

Дастлабки хулосаларга кўра, муаммолардан бири футболчилар ўйнаётган майдонларнинг турфа хиллиги билан боғлиқ. Янги авлод чимлари бутсиларнинг майдонга чуқурроқ ботишига сабаб бўлмоқда ва бу кескин ҳаракат йўналишини ўзгартирганда тиззага ортиқча босим юзага келишига олиб келяпти. Турфа хил майдонларда ўйнашига тўғри келаётган футболчилар уларга мослашишда қийналмоқда. Мисол учун, клубдаги манбаларнинг таъкидлашича, Маллоркадаги майдон чими Валдебебасдагидан қаттиқроқ бўлган. Ёш футболчиларнинг жароҳатига эса уларнинг жисмоний ҳолати катталар бажарган машқларга дош бермагани сабаб сифатида кўрсатилган. «Биз исталган бирорта жамоа ҳақида эмас, «Реал» ҳақида гаплашяпмиз. Бу ерда асосий жамоада ҳақиқий «махлуқлар» шуғулланади. Бизни қайсидир клуб майдонда мағлуб этиши мумкин, аммо жисмоний жиҳатдан бу йигитлар бошқа даражада», — деган клуб вакили «The Athletic» билан суҳбатда.

Таъкидланишича, клубда ҳар бир футболчининг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб машғулот дастурлари ишлаб чиқилган ва уларни жароҳатдан ҳимоя қилиш учун максимал ҳаракат қилинади. Қайсидир футболчининг мускулларида чарчоқ сезилса, у дарҳол умумий гуруҳ машғулотларидан чиқарилади ва ҳимояловчи-фаоллаштирувчи машқларни бажара бошлайди.

Мадрид грандлари хочсимон пайлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида футболчиларнинг овқатланиш рационини ҳам махсус нутрициологлар билан ишлаб чиққан. Бунда менюда мускул массасини оширувчи таомларга урғу берилмоқда. Хусусан, коллаген қўшимчалар футболчиларнинг рационида кескин оширилган. Бундан аввал ҳам «қироллик клуби»да ушбу типдаги маҳсулотлари рационда бор эди, лекин энди уларнинг рациондаги ҳиссаси бир неча баробар оширилган. Бу аспектда клуб четдан мутахассислар ҳам жалб этган ва жиддий илмий ўрганишларни амалга оширмоқда.

Уйқу ва мускуллардаги чарчоқ даражаси бир неча йиллардан бери мунтазам ўлчаб келиняпти. 3 йилдан бери Бенямин Фулко — Анчелоттининг куёви мадридликларда ушбу масала билан шуғулланиб келяпти. Ушбу мавсумда ҳам у асосий жамоанинг мураббийлар штаби билан ишлашда давом этади. Фулко футболчиларнинг ўз вақтида ва меъёрида дам олишига жиддий эътибор қаратади. Ҳозирги тиғиз тақвим туфайли футболчиларнинг уйқу вақтини меъёрига келтириш қийин бўлмоқда ва айни мана шу жиҳат клуб вакилларининг кўп жароҳат олишига сабаб бўлаётгани тахмин қилинмоқда. Фулко штаби ўз футболчиларидан 7-9 соат қатъий уйқу вақтини талаб қилади.

Хочсимон пайлар узилиши кузатилганда клуб четдан мутахассис жалб этиб келади ва энг кўп маротаба Валдебебасга чақирилган инсон доктор Мануэл Лейес бўлиб турибди. У Мадриддаги Олимпия тиббий жарроҳлик марказида ортопедик жарроҳлик ва травматология бўлими бошлиғи ҳисобланади. Одатда футболчилар жароҳатдан бир неча кун ўтиб айнан ушбу мутахассис қўл остида жарроҳлик амалиётини ўташади. Операциядан сўнг эса «Реал» тиббиёт бўлимининг физиотерапевтлари футболчини тиклаш ишларига старт беришади ва бу тахминан 4 ой вақт олади. Кейинчалик эса футболчи реабилитолог ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар назорати остида босқичма-босқич майдонга қайтарилади.

Клубнинг ўзида бу борада тажрибали бўлган мутахассислар бор. Хусусан, жисмоний тайёргарлик бўйича масъул мураббий — Пинтус 1996 йилда хочсимон пайларнинг узилишидан қандай тикланиш бўйича китоб ёзган. У Жузеппе Беллистри ва Себастиан Девиллаз, фитнес бўйича мураббий Хосе Парралес билан асосий таркиб машғулотларини ўтказади. Уларнинг соҳадаги тажрибаларига қарамай кузатилаётган жароҳатларни клубдаги манбалар «шунчаки омадсизлик» дея таърифлаган. Уларнинг таъкидлашича, қандай мукаммал ишланмасин элита футболида бу каби жароҳатлар хавфи доим мавжуд.

«The Athletic» сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар