2024/25 йиллар мавсуми Европа футболида — тарихий бўлади. Афсонавий Чемпионлар лигаси янгича форматда дебют қилади: бу қандай бўлади?
Иштирокчилар
Бугун, 29 август куни, Тошкент вақти билан 21:00 да Чемпионлар лигаси учун қуръа ташлаш маросими бошланади. Авваллари бу гуруҳ босқичи деб аталарди, аммо энди гуруҳлар йўқ.
Янги мавсумда иштирокчилар сони ошган — энди 32 клуб ўрнига биринчи босқичда 36 клуб қатнашади.
Йўлланмалар тақсимоти сон ошиши ҳисобига бироз ўзгарган. Янги мавсумдан математика қуйидагича:
— 25 ўрин — миллий чемпионатлардаги тўғридан тўғри йўлланмалар;
— 2 ўрин — «еврокубоклардаги натижалар учун йўлланмалар» деб аталади. Бу квоталар ҳар мавсумда лигаларнинг еврокубоклардаги сўнгги натижалардан келиб чиққан ҳолда уларнинг вакилларига берилади. Бу мавсумда бу ўринлар «Болоня» (Италия) ва «Боруссия» (Германия)га насиб қилган;
— 2 ўрин — ЕЧЛ ва ЕЛ ғолибларига. Улар миллий чемпионатлардаги ўринлари эвазига сараланган тақдирда, йўлланмалар қайтадан тақсимланади. Бу мавсумда вазият айнан шундай бўлди, шу туфайли «Шахтёр» ва «Бенфика»га ўтди;
— 7 ўрин — саралаш босқичидан ўтганларга («Янг Бойз», «Спарта», «Ред Булл Залцбург», «Слован» Братислава, «Црвена Звезда», «Лилл», «Динамо» Загреб).
Умумий босқич формати
Саккиз квартетдан иборат гуруҳ босқичи энди йўқ. Унинг ўрнига 36 клуб УЕФА рейтингига қараб тўрт саватчага ажратилган:
— энг кучлилар;
— кучлилар;
— ўртамиёналар;
— кучсизлар.
Саватчаларнинг ҳар бирида — тўққизтадан жамоа ўрин олган. Энди фақат Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолибигина биринчи саватчага жойлаштирилади (аввал Европа Лигаси ғолиби ва етакчи лигаларнинг чемпионлари ҳам биринчи саватчада бўларди). Қолган клублар еврокубоклардаги сўнгги беш мавсумдаги коэффициентларига кўра жойлашади. Саватчалар қуйидагича кўринишда:
Бу сафар клублар дастлабки босқичда уч рақиб эмас, балки саккиз рақибга қарши ўйнайди — ҳар саватчадан иккитадан жамоага қарши биттадан ўйин. Барча клублар тўрт ўйинни ўз майдонида, яна тўрттасини сафарда ўтказади. Ҳар бир жамоа ҳар бир саватдан биттадан рақибни ўз уйида қабул қилади. Айтиш мумкинки, энди биринчи саватчадан ўрин олиш олдингидек фойдали бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар бир саватдан иккитадан рақибга қарши ўйнашга тўғри келади.
Қуръада шарлардан фойдаланишдан воз кечилмаган (энди уларнинг сони 1296 та бўлади), аммо энди рақибларни компютер аниқлаб беради. Биринчи саватчадаги клублар бирин-кетин қўлда тортилади ва уларнинг ҳар бири дарҳол ўз рақибларини махсус дастур орқали билиб олишади. Кейин иккинчи саватчадаги клублар барча рақибларини билиб олишади. Кейин — учинчидагилар. Охири — тўртинчидагилар ҳам. Ким ким билан уйда, ким билан меҳмонда ўйнаши ҳам дарҳол аниқ бўлади.
Компютерда фақат икки чеклов бўлади:
- бу босқичда бир мамлакат вакиллари ўзаро учрашмайди;
- бир клуб бир мамлакатнинг иккитадан ортиқ вакили билан ўйнамайди.
Яна иккита муҳим нюанс бор. Биринчидан, қуръа якунларига кўра клублар қуръада фақат рақибларини ва ким билан уйда, ким билан сафарда ўйнашини аниқ қилади, ўйинлар тартиби ва кунлари эса икки кун ўтиб — 31 августда қўшимча маълум қилинади. Фақат бир нарса олдиндан маълум бўлади: клублар бир саватдан бўлган рақибларга қарши қаторасига икки ўйин ўтказмайди (УЕФА топ-ўйинларни тенг тақсимлашни режалаштирган).
Иккинчидан, сўнгги икки тура январ ойида бўлиб ўтади, бунақаси эса аввал кузатилмаган. 1-тур эса уч кунга бўлиб юборилади (сешанба, чоршанба ва пайшанба). Қолган деярли барча турлар одатдагидек икки кун давомида (сешанба ва чоршанба) ўтказилади. Фақат 8-турда барча чоршанба куни бир вақтнинг ўзида ўйнайди.
1-тур: 2024 йил 17/18/19 сентябр.
2-тур: 2024 йил 1/2 октябр.
3-тур: 2024 йил 22/23 октябр.
4-тур: 2024 йил 5/6 ноябр.
5-тур: 2024 йил 26/27 ноябр.
6-тур: 2024 йил 10/11 декабр.
7-тур: 2025 йил 21/22 январ.
8-тур: 2025 йил 29 январ.
36 жамоада умумий жадвал бўлади. Саккиз тур якунларига кўра топ-8 клуб аниқланади, улар дарҳол ЕЧЛ 1/8 финалига чиқишади. Бу босқичда ўйнайдиган яна 8 жамоа 9-24-ўринларда вакиллари ўртасида ўтиш ўйинлари ўтказиш орқали аниқланади. Охирги 12 ўринда қолган жамоалар учун евромавсум якунланади.
Умумий жадвалда очколар сони тенг келиб қолган тақдирда қуйидаги кўрсаткичларга қаралади:
1. Тўплар нисбати
2. Урилан голлар сони
3. Сафардаги голлар сони
4. Ғалабалар сони
5. Сафардаги ғалабалар сони
6. Рақиблар ишлаган очколар сони*
7. Рақиблар урган ва ўтказиб юборган голлар нисбати*
8. Рақиблар урган голлар сони*
9. Интизомий балллар
10. Клуб коэффициенти.
*гап ҳар бир клубнинг барча саккиз рақиби ҳақида бормоқда. Масалан, шартли «Ливерпул» ва «ПСЖ» 17 тадан очко жамғарса ва дастлабки беш пункт бўйича ҳам бир хил кўрсаткичга эга бўлса, унда «Ливерпул» ва «ПСЖ»нинг саккиз рақиби натижаларига қаралади. Рақиблари яхшироқ иштирок этган клуб юқорироқда жойлашади.
Ўтиш ўйинлари 11-12 ва 18-19 феврал кунлари ўтказилади.
Плей-офф одатий форматда давом этади - рақиблар уйда ва сафарда ўйнашади. 1/8 финал 4-5 ва 11-12 март, 1/4 финал 8-9 ва 15-16 апрел, 1/2 финала 29-30 апрел ҳамда 6-7 май кунларига, финал 31 майга белгиланган.
Бу УЕФАга нега керак бўлди?
Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси Суперлига билан совуқ урушнинг бир қисми. Албатта, футбол иттифоқи буни очиқчасига айтмаган, доимий ривожланиш зарурати ҳақидаги умумий сўзлар билан чекланган, аммо айнан топ-клубларнинг 2021 йилдаги кутилмаган қўзғолони УЕФАни шундай радикал ўзгаришларга ундади.
«УЕФА биз спортнинг асосий қадриятларини ҳурмат қилиш ва спорт қадриятлари асосида ўтказиладиган мусобақаларимиз очиқлигининг асосий тамойилини ҳимоя қилишга тўлиқ содиқ эканимизни аниқ билдирди», — деганди ташкилот президенти Чеферин.
Бу ёпиқ элита клуби сифатида режалаштирилган Суперлигага аниқ ишорадир. Энди барча рози бўлиши керакдек — топ ўйинлар кўпроқ бўлади, пуллар кўпроқ бўлади, ўйинлар кўпроқ бўлади. Исён кўтаришга сабаб йўқ, мустақил равишда параллел турнир ташкил этиш қимматга тушади — УЕФА энди етарлича пул тўламоқда.
Пул мукофотлари кўпроқ бўлади. Янги Чемпионлар лигаси бюджети — ўтган мавсумдаги 2 ўрнига 2,4 миллиард евро.
Бу формат яхшироқми?
УЕФА турнирнинг янги форматида номига ўтказиладиган ўйинлар камроқ бўлишига ваъда бермоқда. Катта эҳтимол билан, чиндан ҳам шундай бўлади. Ва гап кўпчилик охирги турга қадар кучли саккизлик ёки топ-24 дан жой олиш-олмаслигини била олмаслигида эмас. Жадвалда имкон қадар юқорироқда жойлашиш ҳам муҳим. Бу кейинги босқичда нисбатан кучсизроқ рақиб тушишига имкон беради. Биринчи ва иккинчи ўриндаги жамоалар финалгача учрашмайди. Учинчи ва тўртинчи ўриндаги жамоалар яримфиналгача ўзаро ўйнамайди.
ESPN жадвал симуляциясини қилиб кўрган. Унга кўра, етти турдан кейин фақат икки клуб топ-8 га киришини кафолатлаган, қолган олти ўрин учун яна 17 клубда имконият сақланиб қолган. Ва фақат уч жамоа еврокубокни муддатидан олдин тарк этиши маълум бўлган.
Бу янгиликлар Европа Лигасига ҳам, Конференциялар лигасига ҳам тааллуқли. Аммо учинчи даражали турнирда саватчалар сони кўпроқ ва ўйинлар сони камроқ бўлади — олтитадан.