28.08.2024 16:36
6423
Теглар
Осиё Кубогининг энг яхши футболчиси, Париж-2024 тўпурари, «Реал» тарбияланувчиси — Элит ОЧЛ доирасида Тошкентга келадиган юлдузлар

Элит Чемпионлар Лигаси – Осиё футбол конфедерациясининг янги форматдаги, клублар ўртасида энг нуфузли турнирга айланиши кутилаётган мусобақаси. Бу лига ўзида кўплаб жаҳон юлдузларини бирлаштиради. Қувонарлиси, унда Ўзбекистон номидан «Пахтакор» ҳам иштирок этади ва дунё футболи таниқлилари Тошкентда ҳам тўп тепишади.

16 август санасида Куала Лумпур шаҳрида ОФК Элит ЧЛнинг лига босқичига қуръа ташланди ва «шерлар» қитъа чемпионлиги учун курашнинг дастлабки босқичида ўзларига рақиб бўладиган 8 жамоа номини билиб олишди. Қуръа олдидан ўзбек футболи мухлислари иккига бўлинганди: юлдузли Саудия жамоаларини Тошкентда кўрмоқчи бўлганлар ва имкон қадар осонроқ рақибларга қарши баҳслар орқали «шерлар»ни плей-оффда кўришга умид боғлаганлар. Якунда на уй ўйинларида, на сафарда амалдаги Ўзбекистон чемпионларига Саудия жамоалари тўқнаш келадиган бўлди. Аммо бу Тошкентдаги ўйинларга юлдузлар келмайди, дегани эмас. «Пахтакор» стадионида реконструкция ишлари кетаётгани боис «Бунёдкор»да ўтиши режалаштирилаётган уй ўйинларида «сариқ-кўклар» «АсҳСадд», «Ал Айн», «Ар Райян» ва «Ал Васл» билан тўқнаш келади. Бу клубларда эса футбол мухлисларини бефарқ қолдирмайдиган юлдузлар талайгина. Қуйида уларнинг энг ёрқинларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мешал Баршам – «Ас Садд»

Ҳа, бироз аламли хотира билан бошлашга мажбурмиз. Гарчи юлдузли бўлмаса-да, бу исм ўзбек футболи мухлислари учун принципиал аҳамият касб этади. Шу йилнинг аввалида ўтказилган Осиё Кубогида миллий жамоамиз юришини чоракфиналда тўхташида асосий ролни ўйнаган Мешал Баршам Тошкентга келади. Албатта, уни миллий жамоаси билан ҳам пойтахтда кутамиз. Аммо унгача ҳам Баршамга уни эслаб қолганимизни кўрсатиб қўйишимиз мумкин.

Акром Афиф – «Ас Садд»

Осиё Кубогининг энг яхши тўпурари Ўзбекистонга қарши ўйинда зарарсизлантирилган ва турнирдан кейин унинг ўзи миллий жамоамизга қарши баҳс энг қийин беллашув бўлганини эътироф этганди. «Эспайр» академиясининг энг омадли топилмаларидан бири лойиҳа доирасида «Вилярреал»га юборилган бўлса-да, «сариқ сувости кемаси»да унга жой топилмади. Кейинчалик Испанияга кетишдан аввал бир мавсум ўйнаган Белгиянинг «Эйпен» клубига яна қайтди, аммо у ерда ҳам асосий таркибга киролмади. Шундан сўнг «Ас Садд» Афифни аввал ижара, кейинроқ эса трансфер эвазига ўз таркибига қўшиб олди ва клуб тарбияланувчиси ўз юртида асосий юлдузга айланди.

Софиан Раҳими – «Ал Айн»

Марокаш футболи сўнгги йилларда бутун дунёни ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Жаҳон чемпионатидаги эртакдан кўп ўтмай, Олимпиадада ҳам уларнинг иштироки шов-шувларга сабаб бўлди. Аргентинага қарши можароли баҳс ва ғалаба, жамоанинг бронза медалларигача бўлган сермаҳсул йўли ҳамда 8 та гол билан турнир тўпурарига айланган Софиан Раҳими. Олимпиадада Марокаш билан йўлларимиз кесишмади, аммо «Пахтакор»да кўплаб олимпиячиларимиз тўп тепмоқда ва уларнинг Олимпиада тўпурари билан қарама-қаршилигини кўриш қизиқ бўлади.

Давид Гарcиа – «Ар Райян»

«Осасуна» тизимига 2003 йилда келган Давид Гарсиа деярли бутун фаолиятини ушбу клубга бағишлаган ва ҳақли равишда уни Памплонада клуб афсоналаридан бири сифатида кўришади. 30 ёшли ҳимоячининг трансфери учун қатарликлар 8,5 млн евро тўлади ва яна 2,5 млн евро миқдоридаги бонуслар бор. Қатар грандининг ҳимояга айнан Гарсиани танлаши бежиз эмас. Гап шундаки, у 2018 йилда ярим мавсум Испаниянинг «Културал Леонеса» клубида ўйнаган ва бу клуб қатарликларга тегишли. Испаниянинг Леон шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи клуб «Эспайр» академиясининг бир қисми сифатида ёш тарбияланувчиларнинг Испания дивизионларида тажриба орттиришига хизмат қилади.

Софиан Буффал – «Ар Райян»

Қатар майдонларидаги мундиалда, юқорида тилга олинганидек, Марокаш миллий жамоаси ҳақиқий эртак ёзишга эришди ва Софиан Буффал Африка тарихида илк бор Жаҳон Кубоги яримфиналига борган жамоанинг асосий қисмларидан бири эди. Ғалабаларини оналари билан майдонда нишонлаган марокашлик қаҳрамонлар бутун дунё эътиборини ўзига торта олганди ва айнан мана шу мусобақадан сўнг қишки трансферлар ойнаси вақтида Буффал ўзи таҳсил олган ва таркибида кўплаб йилларни ўтказгани — «Анже»дан «Ар Райян»га кўчиб ўтди. «Лилл», «Саутҳэмптон» ва «Селта» каби Европа клубларида ўйнаган юқори савияли чап қанот вингери миллий жамоамизнинг асосий ўнг қанот ҳимоячиларидан бири Ҳожиакбар Алижоновга қарши тўқнаш келади.

Родриго Морено – «Ар Райян»

Европа футболи ихлосмандлари Родриго Моренони жуда яхши танийдилар. У «Валенсия» ва «Лидс» клубларидаги фаолияти билан анча машҳур, бироқ унинг «Реал» тарбияланувчиси эканлигини биладиганлар кўп бўлмаса керак. Профессионал футболчига айланишдан аввалги икки мавсумни Испания ва Бразилия фуқаролигига эга футболчи «қироллик клуби» ўринбосарлари билан ўтказган. 2010 йилда эса «Бенфика» уни 6 млн еврога харид қилган. Испания миллий жамоаси либосида 30га яқин учрашувда қатнашган 33 ёшли футболчи ўтган йилнинг ёзида, «Лидс» Чемпионшипга тушиб кетгач, «Ар Райян» билан шартнома имзолади.

Юқорида номлари тилга олинган юлдузларсиз ҳам «Бунёдкор» стадиони мухлислар билан тўлиб, «Пахтакор»ни қўллашга минглаб мухлислар шундоқ ҳам келишига ишонсак-да, ёш таркибга эга «шерлар»нинг жаҳон юлдузларига қарши баҳсини кўриш имконияти қўшимча мотивация бериши шубҳасиз. Ғарбий минтақада 12 жамоа лига босқичида иштирок этади ва уларнинг 8таси нимчоракфиналга йўл олади. Албатта, улар орасида «Пахтакор» ҳам бўлишига умид қиламиз.

Абдулбасит Валихонов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар