21.08.2024 19:20
4354
Теглар
Суперлига 16-туридаги баҳсли вазиятлар бўйича комиссия хулосаси: «Наманганда 90+8-дақиқада белгиланган пеналти – нотўғри қарор»

Суперлигада 16-тури якунига кўра, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 10та баҳсли вазият юзага келди. 

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1-вазият. «Металлург» - «Нефтчи» қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.

«Металлург» - «Нефтчи» учрашувининг 90+4-дақиқасида меҳмонларнинг 17-рақамли футболчиси мезбонларнинг 15-рақамли аъзосининг оёғига бутсасининг таг қисми билан жиддий зарба берди. Бош ҳакам Тўрабек Суюнов дастлаб фол қайд этди, аммо карточка кўрсатмади. ВАР ҳаками реферини монитор ёнига чақиргач, футболчига қизил карточка кўрсатилди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи рақибига нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилган. Бу каби ҳолларда тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилиши лозим. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

2-вазият. «Олимпик» - «Сўғдиёна» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Олимпик» - «Сўғдиёна» учрашувининг 90+8-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди. Дарвозага қараб кетаётган майдон эгаларининг 16-рақамли футболчисига нисбатан қўполлик ишлатилди. Бош ҳакам Никита Мустафин дастлаб пенальти белгилади, аммо ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери 11 метрлик жарима зарбасини бекор қилди ва қоидабузарлик сифатида меҳмонлар дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Қўполлик ишлатилган вақтда ҳужум қилаётган футболчи ҳали жарима майдони ичига кирмаган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб топди.

3-вазият. «Динамо» - ОКМК қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.
«Динамо» - ОКМК учрашувининг 16-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди. Дарвозага қараб кетаётган майдон эгаларининг 99-рақамли футболчисига нисбатан рақиб жарима майдонида қўполлик ишлатилди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев пенальти белгилади, ВАР ҳам унинг қарорини маъқуллади.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи рақибига нисбатан қўпол ҳаракат қилган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

 4-вазият: «Динамо» - ОКМК ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси

«Динамо» - ОКМК учрашувининг 47-дақиқасида меҳмонларнинг 10-рақамли футболчисига нисбатан рақиб жарима майдонида тўп учун курашда қўполлик ишлатилди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев нуқтага ишора қилди, ВАР ҳам унинг қарорини маъқуллади. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи қулай имкониятга эга бўлган ҳужумчига қарши фол ишлатган. Пенальти белгилаш учун асос етарли. Комиссия ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб топди.

5-вазият: «Динамо» - ОКМК ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Динамо» - ОКМК учрашувининг 90+1-дақиқасида мезбонларнинг 8-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида дарвозабон билан тўп учун курашди ва майдонга йиқилиб тушди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев ВАР орқали вазиятни ўргангач, пенальтига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади ва ҳужумчига симуляция учун сариқ карточка кўрсатди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи йиқилиш учун ҳаракат қилган. Пенальти белгилаш учун асос етарли эмас. Комиссия ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

6-вазият. «Андижон» - «Сурхон» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Андижон» - «Сурхон» учрашувининг 45+4-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва майдон эгалари жарима майдонида тўп қўлга теккан ёки тегмаганлиги борасида баҳсли вазият юзага келди. Бош ҳакам Достон Мирзарайимов ўйинни давом эттирди, аммо ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, термизликлар футболчисининг қоидабузарлик ишлатганини қайд этди ва унга сариқ карточка кўрсатди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Ҳужумчи рақибига нисбатан қўполлик ишлатган. Бу каби ҳолларда фол қайд этилади. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

7-вазият: «Андижон» - «Сурхон» ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Андижон» - «Сурхон» учрашувининг 48-дақиқасида мезбонларнинг 17-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида дарвозабон билан тўп учун курашди ва майдонга йиқилиб тушди. Бош ҳакам Достон Мирзарайимов пенальтига асос етарли эмас, деб топди ва баҳсни давом эттирди. 
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўпга дарвозабон ёки ҳужумчи биринчи етиб борганини исботлайдиган кадр мавжуд эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси камера ракурсидан ҳолат яхши кўринмаганини маълум қилган ҳолда ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди ва уни тўғри, деб ҳисоблайди.

8-вазият. «Навбаҳор» - «Бунёдкор» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Навбаҳор» - «Бунёдкор» учрашувининг 53-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди. Тўпга қараб кетаётган тошкентликларнинг 41-рақамли футболчисини майдон эгаларининг 13-рақамли ҳимоячиси қўполлик билан тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов ВАР орқали вазиятни ўргангач, нуқтага ишора қилди ва ҳимоячига сариқ карточка кўрсатди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи рақибига нисбатан қўполлик ишлатган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

9-вазият. «Навбаҳор» - «Бунёдкор» қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.

«Навбаҳор» - «Бунёдкор» учрашувининг 64-дақиқасида меҳмонларнинг 6-рақамли футболчиси мезбонларнинг 10-рақамли аъзосини қулай имкониятга чиқиб бораётган пайтда қўполлик ишлатиб тўхтатиб қолган. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов дастлаб ҳимоячига карточка кўрсатмади. Аммо ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи қулай вазиятга чиқиб бораётган рақибига нисбатан  охирги умид фолини ишлатган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

10-вазият: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Навбаҳор» - «Бунёдкор» учрашувининг 90+8-дақиқасида мезбонларнинг 71-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида дарвозабон билан тўп учун кураш олиб борди ва майдонга йиқилди. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов нуқтага ишора қилди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда иккита баҳсли ҳолат юзага келган ва ВАР ҳакамни монитор ёнига чақириш керак эди. Кадрлар орқали тўп қўлга теккан ёки тегмаганлигини аниқлашнинг иложи йўқ. Иккинчи вазиятда дарвозабон ва ҳужумчи ҳавода кетаётган тўп учун кураш олиб борган ва бу ҳолат тўп учун кураш сифатида қайд этилади. Пенальти белгилаш учун асос етарли эмас. Комиссия ҳакамларнинг қарорини нотўғри, деб топди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар