11.08.2024 23:43
5131
Теглар
Париж-2024: Якуний жадвал, Ўзбекистон қаҳрамонлари ва аввалги олимпиадалардаги натижалар

Парижда ёзги олимпиада ўз якунига етди. Ўзбекистон спорт делегацияси ўйинларни тарихий натижа – 206 мамлакат орасида 13-ўринда якунлади. Бу – Осиё қитъасидаги тўртинчи, постсовет макони, ислом олами ва туркий дунё миқёсида эса энг яхши натижа.

Ўзбекистон ҳисобидаги 13 та медалдан иборат жамғарма таркиби – 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзадан иборат бўлди.

Бу галги ўйинларда ўзбек спорти қайд этган муҳим натижалар:

  • Тарихда илк марта ўзбекистонлик аёл спортчи Олимпиаданинг олтин медалига сазовор бўлди.
  • Эркаклар боксидаги 7 та вазн тоифасидан 5 тасида ўзбекистонликлар чемпион бўлди.
  • Олимпиадаларда илк бор ўзбекистонлик дзюдочилар 3 та, таеквондочилар эса 2 та медалга сазовор бўлди.
  • Делегациянинг бирданига уч аъзоси олимпия ўйинларининг икки карра чемпионига айланди.
  • Ўзбек спорти Париж олимпиадасида спортнинг футбол, сувга сакраш, камондан отиш ва аёллар кураши турлари бўйича дебют қилди.

Таъкидлаш керак, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда олимпиадага тайёргарлик ҳақида тўхталар экан, Парижда медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятлар борлигини қайд этганди.

Якуний медаллар жадвали

Париж олимпиадасининг умумжамоа ҳисобидаги ғолиби Америка Қўшма Штатлари бўлди: америкаликлар 40 та олтин, 44 та кумуш ва 43 та бронза (жами 127 та медал)ни қўлга киритди. Хитой ҳам 40 та олтин қўлга киритган бўлса-да, кумуш медаллар сони бўйича АҚШдан ортда қолди: 40 та олтин, 27 та кумуш ва 24 та бронза (жами 91 та медал). Учинчи ўринни Япония делегацияси банд қилди: 20 та олтин, 12 та кумуш ва 13 та бронза (жами 45 та медал).

Ўзбекистонлик совриндорлар таркиби

Олтин медал:

  • Диёра Келдиёрова (дзюдо, -52 кг)
  • Улуғбек Рашитов (таэквондо WТ, -68 кг)
  • Разамбек Жамалов (эркин кураш, -74 кг)
  • Ҳасанбой Дўсматов (бокс, -51 кг)
  • Абдумалик Халоков (бокс, -57 кг)
  • Асадхўжа Мўйдинхўжаев (бокс, -71 кг)
  • Лазизбек Мулложонов (бокс, -80 кг)
  • Баҳодир Жалолов (бокс, +92 кг)

Кумуш медал:

  • Акбар Жўраев (оғир атлетика, -102 кг)
  • Светлана Осипова (таэквондо WТ, +67 кг)

Бронза медал:

  • Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, -100 кг)
  • Алишер Юсупов (дзюдо, +100 кг)
  • Ғуломжон Абдуллаев (эркин кураш, -57 кг)

Ўзбекистоннинг ёзги олимпиадалардаги натижалари

Олимпиада Спортчи Олтин Кумуш Бронза Жами Ўрин
Атланта–1996 71 0 1 1 2 58
Сидней–2000 70 1 1 2 4 43
Афина–2004 70 2 1 2 5 34
Пекин–2008 56 0 1 3 4 62
Лондон–2012 54 0 0 3 3 75
Рио–2016 70 4 2 7 13 21
Токио–2020 67 3 0 2 5 32
Париж–2024 86 8 2 3 13 13

Бироздан кейин Париждаги “Стад-де-Франс” стадионида XXXIII ёзги олимпиаданинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг байроқдори вазифасини таэквондочи Улуғбек Рашитов бажаради.

2028 йилги ёзги олимпиада АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида, 2032 йилгиси Австралиянинг Брисбан шаҳрида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар