06.08.2024 08:35
7270
40 ёшли Ассакалов, илк аёл курашчи, Абдураҳмонов ўрнига доғистонлик — Ўзбекистон кураш жамоасининг Париждаги таркиби ва рақиблар ҳақида

Париж Олимпиадасида спорт курашлари бўйича баҳслар ҳам бошланди. Мусобақага Ўзбекистон 7 нафар курашчи билан келган.

Юнон-рум кураши

Юнон-рум курашида 5-8 август кунлари эркаклар ўртасида 6 та вазнда беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистондан 3 та вазнда иштирокчи бор эди:

-60 кг: Ислом Баҳромов

-77 кг: Арам Варданян

-97 кг: Рустам Ассакалов

Беллашувларни -60 кг вазнда Ислом Баҳромов бошлади. Рио Олимпиадаси совриндори Элмурод Тасмуратовнинг шогирди бўлган самарқандлик курашчи 1/8 финалда қочоқлар жамоаси вакили Жамол Вализодани 9:0 ҳисобида енгди, аммо чоракфиналда КХДР аъзоси Се Унг Рига мағлуб бўлди ва мусобақани медалсиз якунлади.

6 август куни -77 кг вазнда Арам Варданян Олимпиададаги дебютини ўтказади. Ереванда туғилган курашчи 2010 йилдан бери Ўзбекистон жамоаси номидан мусобақаларда қатнашади. Арам 2019 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган, икки бор Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.

Варданян 1/8 финалда мисрлик Маҳмуд Абдулраҳмонга қарши гиламга чиқади. Агар чоракфиналга чиқса, 1-рақамда сараланган, япониялик Осиё чемпиони Нао Кусакага дуч келиши мумкин. Бу вазнда жаҳон ва уч карра Европа чемпиони Малхас Амоян (Арманистон), Токио Олимпидаси кумуш медали соҳиби Акжол Маҳмудов (Қирғизистон), Европа чемпиони Санан Сулайманов (Озарбойжон) ҳам бор.

-97 кг вазнда жамоа «оқсоқоли» Рустам Ассакалов учинчи Олимпиадасида иштирок этади. Краснодарда туғилган спортчи 2012 йилдан бери Ўзбекистон кураш жамоаси аъзоси. У қитъа чемпионатларида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиққан. Жаҳон чемпионатларида эса кумуш ва бронза медаллари соҳиби бўлган. Катта эҳтимол билан Париж-2024 40 ёшли курашчи учун сўнгги йирик мусобақа бўлади.

Ассакалов 6 август куни гиламга чиқади ва унинг дастлабки рақиби ҳондураслик Кевин Мехия бўлади. 1/4 финалда эса жиддий рақиб — тўрт карра жаҳон ва етти карра Европа чемпиони, Рио Олимпиадаси ғолиби Артур Алексанян қарши олиши мумкин. Бу вазнда жаҳон ва Осиё чемпиони, Токио-2020 совриндори Муҳаммадҳоди Сарави (Эрон), жаҳон чемпиони Габриэл Росилло (Куба) ҳам бор.

Эркин кураш

Беллашувлар 6 августдан бошланади ва 11 августгача давом этади. Эркаклар ва аёлларда 6 тадан — жами 12 та вазн тоифаси бор. Ўзбекистон 4 нафар курашчи билан қатнашади.

-50 кг: Актенге Кеунимжаева

-57 кг: Ғуломжон Абдуллаев

-74 кг: Разамбек Жамалов

-86 кг: Жавраил Шапиев

Ўзбекистон тарихида Олимпиадада илк бор аёл курашчи — Актенге Кеунимжаева (-50 кг) иштирок этади. Қорақалпоқ қизи 2017 йилдан бери миллий жамоа аъзоси. Актенге — ёшлар ўртасида Осиё чемпиони, катталар ўртасидаги қитъа биринчиликларида эса уч марта бронза медалини қўлга киритган. Шунингдек, 24 ёшли спортчи Осиё ўйинларида совриндор бўлган биринчи ўзбекистонлик аёл курашчи саналади.

Кеунимжаева 6 август куни 1/8 финалда 8-рақамда сараланган, Европа чемпиони Оксана Ливачга (Украина) қарши тўқнаш келади. Чоракфиналга чиқа олса, катта эҳтимол билан Токио-2020 ғолиби ва тўрт карра жаҳон чемпиони Юи Сусаки (Япония) рақиб бўлади. Актенгени оғир йўл кутмоқда.

-57 кг вазнда гиламга чиқадиган Ғуломжон Абдуллаев учун бу иккинчи олимпиада бўлади. Хоразмда туғилган 25 ёшли курашчи 2018 йилда миллий жамоага қўшилган. У ёшлар ўртасида икки карра қитъа чемпиони ҳисобланади.

Бу вазнда ҳозирча қуръа ташланмаган. Фаворитлар — Рио-2016 кумуш медали соҳиби, Осиё ва жаҳон чемпиони Реи Ҳигучи (Япония), аслида доғистонлик бўлган, икки карра жаҳон чемпиони Зелимхан Абакаров (Албания), тўрт карра Европа чемпиони Арсен Арутюнян (Арманистон).

-74 кг вазндаги Разамбек Жамалов Олимпиадага Бекзод Абдураҳмонов қўлга киритган лицензия орқали келган. Эркин курашда лицензиялар спортчига эмас, жамоага берилади. Абдураҳмонов апрел ойида Қирғизистонда ўтган лицензион турнирда йўлланма тақдим этганди. Аммо мураббийлар штаби атлетларнинг спорт формасига қараб, Бекзодни Разамбекка алмаштиришди. Бу аслида Россиядан бўлган ва шу йили Ўзбекистон таркибига қўшилган 26 ёшли курашчига катта масъулият юклайди. Агар у совриндор бўлолмаса, Токио-2020да бронза медалини қўлга киритган Абдураҳмоновнинг олиб кетилмагани муҳокамаларга сабаб бўлади.

Жамалов Доғистонда туғилган. У — катталар ўртасида 2020 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, ёшлар ўртасида эса жаҳон ва Европа чемпионидир. Курашчи июн ойида Ўзбекистон номидан Будапештдаги рейтинг турнирида қатнашиб, олтин медални қўлга киритди. У турнирда Париж-2024 лицензиати Энтони Монтеро (Венесуэла), Гиорги Элкабидзе (Грузия), Али Аббос (Эрон) ва Мурад Курамагомедовни (Венгрия) мағлубиятга учратишни уддалади.

Олимпиадада Жамаловнинг вазнида икки карра жаҳон ва тўрт карра Европа чемпиони, аслида кубалик бўлган Франк Маркес (Италия), тўрт карра жаҳон чемпиони, Токио-2020 бронза медали совриндори Дуглас Кайл (АҚШ), Токио-2020 кумуш медали соҳиби, Европа чемпиони Магомедҳабиб Кадимагомедов (AIN — нейтрал), Шимолий Осетияда туғилган, тўрт карра Европа чемпиони Таймураз Салказанов (Словакия) ғолибликка даъвогарлардир.

-86 кг вазнда Ўзбекистон номидан Жавраил Шапиев иштирок этади. Доғистонлик спортчи 2017 йилдан бери таркибда. У Россия сафида ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб бўлган. Ўзбекистон номидан эса Осиё чемпионатида кумуш, Осиё ўйинларида бронзага сазовор бўлган. Шапиев Токио Олимпиадасида ҳам қатнашган ва бешинчи натижани қайд этган.

Парижда Шапиевнинг вазнида Олимпия ўйинлари олтин ва кумуш медаллари соҳиби, уч карра жаҳон ҳамда икки карра Осиё чемпиони Ҳасан Яздони (Эрон), икки карра Европа чемпиони, доғистонлик Даурен Куруглиев (Греция), уч карра Осиё чемпиони Азамат Даулетбеков (Қозоғистон) бор.

Маълумот учун, Ўзбекистон кураш жамоаси олимпиадалардан доим медал(лар) билан қайтган. Энг яхши натижа Афина-2004га тўғри келади — 2 та олтин, 1 та кумуш.

Аъзамжон Иззатиллаев

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар