04.08.2024 10:43
2639
Теглар
Бокс. Исроил Мадримов Кроуфордга қарши жангда очколар бўйича мағлуб бўлди

Бугун, 4 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга «BMO Stadium» аренасида бокс кечасининг марказий жангида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA йўналиши чемпиони Исроил Мадримов ва америкалик Теренс Кроуфорд тўқнаш келди.

Ушбу баҳсда ўзбекистонлик 29 ёшли боксчи ўзига тегишли WBA камарини ҳимоя қилиши лозим эди, ўртага WBO Interim камари ҳам қўйилганди.

Жанг олдидан Теренс Кроуфорд «Pound-for-pound» рейтинги етакчиси ҳисобланарди. У проф боксда жами 40та жангида 40та ғалабага эришган эди. Енгилмас Кроуфорд тахаллусини олган чарм қўлқоп устаси мутлақ жаҳон чемпиони, WBC ва WBA камарлари эгаси саналарди.

Исроил Мадримов эса супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби саналиб, профессионал боксдаги 10та жангидан 9тасида ғалабага эришган, фақат битта жангда дуранг қайд этган. 7та жангни нокаут билан якунлаган.

Жангнинг дастлабки 5та раундидан кейин мустақил таҳлилчилар Исроилнинг очколар бўйича 3:2 ҳисобидаги устунлигини қайд этган бўлса, 6-раунддан бошлаб Кроуфорд раундларни ўз фойдасига ҳал қила бошлади. Шунга қарамай, Мадримов 12 раунд давомида рақиби билан тенгма-тенг жанг олиб бориб, бир қатор аниқ ва кучли зарбалар йўллади. Аммо ҳакамлар қарорига кўра, устунлик мезбон боксчига берилди ва у очколар бўйича ғалаба қозонди. Ҳакамлар очколар эвазига (116-112, 115-113, 115-113) Теренс Кроуфорднинг ғалабасини эълон қилди.

Шу тариқа, Мадримов 11-жангига келиб илк мағлубиятга учради, Теренс эса 41-жангида ҳам ғалаба қозонди ва 4та вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар